«Турон» кутубхонаси

«ТУРОН» КУТУБХОНАСИ, Тошкент вилояти «Турон» илмий универсал кутубхонаси – республикадаги энг йирик кутубхоналардан бири, илмий-маърифий муассаса. 1918 йил Тошкент шаҳрида мустақил оммавий кутубхона сифатида очилган. 1919 йилда «Турон» номи берилган (1928–93 йилларда «Октябрь» номи билан аталган). Кутубхона жойлашган бино (Махсидўзлик кўчаси, 25)да дастлаб 1913 йилда маърифатпарвар Абдулла Авлоний бошчилигида «Турон» театр труппаси тузилган. Тошкент шаҳри маърифатпарварларининг «Турон» жамияти ташаббуси билан ва уларнинг шахсий китоблари ва совға қилган жамғармалари заминида шу бинода кутубхонага ҳам асос солинган (1913). «Турон» кутубхонаси Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Fулом Зафарий, Шокиржон Раҳимий, Маннон Уйғур каби тараққийпарвар зиёлиларни бирлаштирган ҳамда Ватан, миллат озодлиги учун курашда юксак ўрин тутган маънавий муҳит шу ерда шаклланган.
Тошкентнинг эски шаҳар қисмини қайта қуриш муносабати билан «Турон» кутубхонаси биноси бузилиб, кутубхона 2008 йил янги бинога кўчган (Матбуотчилар кўчаси, 32). Дастлаб 4 минг китоб бўлган кутубхона фондида 400 мингдан зиёд асар мавжуд (2009). Ноёб нашрлар орасида Октябрь тўнтаришига қадар нашр этилган асарлар, 1918 йилдан нашр қилинган газеталар жамғармаси бор; ҳозирги кунда чоп этилаётган 100 га яқин даврий нашрлар ва бошқа асарлар билан кутубхона фонди тўлдириб борилади. «Турон» кутубхонасида 8 бўлим – илмий методик, китоб фондини бутлаш, адабиётларга кутубхона усули билан ишлов бериш, китоб сақлаш, маълумот-библиография, китобхонларга хизмат кўрсатиш (ўқув заллари билан), алмашув фонди, ахборот ва замонавий технология бўлимлари бор. Кутубхона китоб кўргазмаларини, маданият меросига бағишлаб турли тадбирлар, таниқли олимлар, адиблар билан ижодий учрашувларни мунтазам ташкил қилади, библиография методикаси бўйича қўлланмалар нашр этади. 1938 йилдан вилоятдаги 500 дан ортиқ кутубхоналар учун методик марказ ҳисобланади, вилоят кутубхоналари ходимларининг малакасини ошириш курслари ташкил этади, семинар-тренинглар ўтказади.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *