Бош саҳифа » Жадидчилик » 2-қисм. Туркистон Мухторияти ва унинг қонга ботирилиши тарихидан

2-қисм. Туркистон Мухторияти ва унинг қонга ботирилиши тарихидан

Мухторият олиш учун ишни нимадан бошламоқ керак? Мулоҳазали кишилар “Олдин Петербургнинг бу ишга муносабатини аниқлаб, сўнгра ҳаракат бошламоқ керак”, деб йўл кўрсатдилар. Бир қанча масковчи бойлар, “закунчилар” ва жадидлар Петербургга бордилар, Уларнинг Муваққат Ҳукуматдаги танишлари бу масалани яқин ўртада ўтказилиши мўлжалланган, Россиянинг келажаги ва тақдирини ҳал этишга ваколати бўлган Таъсис Мажлиси кун тартибига қўйишни маслаҳат бердилар. Агар Таъсис Мажлиси чақирилса, мажлис Россиянинг келажак идора усули учун Оврупо ва Американинг илғор мамлакатлари ижтимоий тузуми ва идора усулини танлаган бўлар, пролетариат диктатураси хақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмаслиги аниқ эди. Буни яхши тушунган Ленин бошлиқ большевиклар ҳамда социалист-революционерлар (эсерлар) фирқалари Таъсис Мажлиси чақирилишидан олдинроқ ҳокимиятни қўлга олиш учун ҳаракат бошладилар ва 1917 йил 25 октябрда (янгича йил ҳисоби бўйича 7 ноябрда) давлат тўнтариши ясаб, ҳокимиятни қўлга олдилар. Таъсис Мажлиси ташаббускорлари ва тарафдорлари жисман йўқ қилинди.

Ишчи-деҳқон ҳукумати – Халқ Комиссарлари Совети (Совнарком)нинг энг дастлабки ҳужжатлари: Сулҳ ва Ер ҳақидаги Декретларидан сўнг Россия Халқ Комиссарлари Совети раиси В.И. Ленин ҳамда Миллатлар ишлари бўйича Халқ комиссари И.В. Сталин имзо чеккан “Россия халқлари хуқуқлари Декларацияси” эълон қилинди. Унда шундай сатрлар бор эди: “Халқ Комиссарлари Совети Россия миллатлари хақидаги масала бўйича ўз фаолиятига қуйидагиларни асос қилиб олишга қарор қилади:

1. Россия халқларининг ажралиб чиқиш ва мустақил давлат ташкил этишгача бўлган ўз тақдирини ўзи белгилаш хуқуқи;

2. Барча миллий ва миллий-диний имтиёзлар ва чекланишларни манъ этиш хуқуқи…”

Бу ҳужжатларга ишониш мумкинми? Ишонганлардан ишонмаганлар кўпроқ бўлди. Лекин, нима бўлганда ҳам, бу қонуний имкониятдан фойдаланиб қолиш керак. Бундай имконият яна бўладими-йўқми, Худо билади. 12 ноябрда Тошкентда турли мусулмон фирқалари, уюшмаларининг бирлашган маслаҳат қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой “Ҳокимиятнинг аскар, ишчи ва деҳқон депутатлари Совети қўлига ўтиши муносабати билан Туркистон ўлка мусулмонлари съезди бутун Туркистоннинг тўқсон саккиз фоизини ташкил қилувчи ўн миллион жон мусулмонлар Россия инқилоби ваъда этган озодлик, тенглик ва биродарлик асосида миллий-маданий ўз тақдирини ўзи белгилаш хуқуқига эга деб топади” деган мазмунда қарор қабул қилди. Шу тариқа Туркистон ўлкасида мухториятли ҳукумат барпо этиш ҳаракати бошланиб кетди. Бироқ, юқори идораларида бирорта маҳаллий миллат вакили бўлмаган Тошкентдай шаҳри азимда большевикларнинг таъсири кучли эди. Шу туфайли эрксевар кучларнинг нигоҳи Хўқандга – бир вақтлар йирик бир хонлик пойтахти бўлиб турган, олти юздан зиёд масжид, олтмишдан ортиқ мадраса, олтита марказий бозор, ўнлаб тармоқ бозорлар, ўттиздан ошиқ саноат корхонаси, ўнлаб банк, савдо уйлари, ширкат ва молиявий уюшмалар, энг асосий божхона жойлашган, темир йўллар чорраҳаси ҳисобланган, адабиёт, санъат ва ҳунармандчиликда ўз муҳит ва мактабларини яратган, аҳоли нуфуси юз мингдан ошган Хўқанди латифга қаратилди. 1917 йил 26 ноябрда Хўқанднинг Пахта биржаси (эски театр, ҳозирги мусиқа мактаби ўрнида) биносида Тўртинчи ўлка мусулмонлари фавқулодда съезди бўлиб ўтди. Съездда пойтахти Хўқанд бўлган Туркистон Мухториятли ҳукумати ташкил топганлиги эълон қилинди. Мухторият идораси Туркистон халқ бошқаруви (54 киши), Туркистон вақтли Кенгаши (32 киши) ва ҳукуматдан (45 киши) иборат деб белгиланди. Бу оламшумул (ҳа, оламшумул, зеро, у дунёда биринчи мухториятли ҳукумат эди) воқеага бағишлаб шоирларимиз томонларидан бир қанча тарихлар битилди. Бу ерда улардан фақат иккитасини келтириб ўтамиз:

Дар тарихномаи Мухторияти Туркистон (Туркистон Мухторияти хақида тарихнома)

Ҳалос ўлди мусулмонлар олибон лутфи субхона
Йўқолсун зулм аҳли, эмди бизга бўлди бегона.

Яшасун аҳли Ислом, ҳам адолат барқарор ўлсун
Гулистони жаҳон пурнур бўлди файзи Раҳмона.

Тамом аҳли миллат бўлдилар мухтор ҳам мумтоз
Етушти оҳи мазлумон жаноби қудси Яздона.

Баҳодирлик билан бир неча олий жамъ ўлуб
Киришдилар Хўқанд шаҳрида субронияда жавлона.

Ажойиб сарфи ҳиммат айлашиб, Хаққдин мадад олиб
Чиқордилар қўюбон муддаони суйи майдона.

Сафар ойи йигирма беш, кеча соат ўн иккида
Қилинди Афтўнумия халойиқ ичра эълона.

Муаттар бўлди олам, очилибон ғунчаи мақсуд
Худойим лутф қилди давлати жовид шоҳона.

Илоҳи оқибат маҳмуд ва ҳам соҳиб камол ўлсун
Чироғ шаъри доим ёндурулсун рўйи даврона.

Хўқандлик Назирий Аълам сано айтиб баён этти
Ривожи давлати ислом эрур тарихи Фарғона.

Ривожи давлати ислом “ жумласи тарих моддаси бўлиб, абжад ҳисоби билан 1336 сана ҳижрий (милодий 1917) келиб чиқади.

Туркистонда янги давлатни ибтидои зуҳуриға тарих Чустлик Домулло Саъдуллохон Аъламдан

Уйғонинг аҳбоблар, точанд ўлурсиз масти хоб
Кўрсатур Хаққ охири бедорға роҳи савоб.

Етди бир айём Хаққ инъомидин Фарғонаға
Қилғон эрди дабири оқил ҳаргиз китоб.

Тобқуси оройиш – у тазмин ила кўб интизом
Одатан обод бўлур ҳар мулкким, бўлди хароб.

Бўлди Туркистон элидин муслимин жамъияти
Ҳар бири Туронзамин арбобидин бир интихоб.

Марказ Фарғона, дорулмулки Хўқанди латиф
Ул жамоат ақлидин тобти зиё – и офтоб.

Ройизан бўлди ҳама бу мулкни тадбири учун
Кайқубод ўрнига қўймоқчи бу кун Афросиёб.

Дониши арбоб савол айлади ҳар бобдин
Бир тарафдин раҳм эли айтур эди рангин жавоб.

Мустабид шоҳи муваққат азлини сўйлар хатиб
Янги давлатни асосидин қилур эрди хитоб.

Бор эдим ман ҳам ўшал мажлисда бир курсинишин
Бир жамоатдин бўлуб эрдим у кун ноиб маоб.

Мажлиси саргарм нотиқлар бари ширин мақол
Элни ҳайратға солур бу касрати баҳсу жавоб.

Афтўнумия ароға солдилар эълонини
Учр. собранийя мустаҳкам қилур ҳозо жавоб.

Иттифоқ ўлди ҳама мажлис эли берди қарор
Ерли Мухториятиға учр. да бир сўз жавоб.

Ушбу ижмои саодат тавоми матлубимиз
Қўлға келғуси дурур валлоҳи аълам биссавоб.

Хатми мажлис ояти Қуръон ила тобти камол
Бўлғумиз Аллоҳи акбар бу мақосидға мужоб.

Шаҳар халқи ул куни озодлик байроқини
Кўрсатиб жамъ бўлдилар, онларда йўқ ҳадди ҳисоб.

Жомеи Жаннатмаконда Хаққа айлаб илтижо
Такбир айтиб кўб дуолар қилди, бўлғай мустажоб.

Аълами Чустийи Саъдий ном тахаллусим мани
Янги давлат ибтидосин айладим назми китоб.

Маркази Фарғона бу давлат била бўлғай рафиъ
Лафзидин тарих олинди, бўлди беранжу ҳисоб.

Истадим пири хираддин янги давлат тархини
Зоҳир ўлғуси деюб Фарғонадин берди жавоб.

Улуғ маърифатпарвар ва жадид, шоир ва адиб, санъатшунос ва журналист Абдулҳамид Чўлпон томонидан ёзилган ва Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий томонидан куйга солинган, болалар учун яратилган қуйидаги Шарқий (марш, оммавий тарзда ижро этиладиган тантанали қўшиқ) Мухториятга бағишланган ёшлар мадҳиясига айланиб кетди:

Озод турк байрами!

Кўз очинг, боқинг ҳар ён!
Қардошлар, қандай замон
Шодликка тўлди жаҳон!
Фидо бу кунларга жон!

Ҳуррият байроғимиз,
Адолат ўртоғимиз,
Ҳурсанд бўлган чоғимиз,
Мевалансун боғимиз!

Турк бешиги Туркистон!
Ери олтун, тоғлари кон!

Болалари қаҳрамон!
Ватан учун берур жон!

Ўший – Абдулҳамид Сулаймон

Ҳукумат таркибига қуйидаги арбоблар кирдилар:

  1. Муҳаммаджон Тинишбоев – Бош вазир ва ички ишлар вазири;

  1. Ислом Султон ўғли Шоаҳмедов – Бош вазир ўринбосари;

  2. Мустафо Чўқаев – ташқи ишлар вазири;

  3. Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев – ҳарбий вазир;

  4. Ҳидоятбек Юрғули Агаев – ер-сув ва ер бойликлари вазири;

  5. Обиджон Маҳмудов – озиқ-овқат вазири;

  6. Абдураҳмон Ўразаев – ички ишлар вазири ўринбосари;

  7. С.А. Герцфельд – молия вазири, ва бошқалар.

Бир мунча вақт ўтгач, М. Тинишбоев Оренбургда ташкил топган “Алаш Ўрда” мухториятли ҳукуматига раис вазифасига ўтиб кетгач, ҳукумат таркибида ўзгаришлар юз берди: Мустафо Чўқаев Бош вазир, И. Шоаҳмедов молия вазири, Р. Потеляхов озиқ-овқат вазири, Обиджон Маҳмудов адлия вазири, Носирхон Тўра маориф вазири, Саидносир Миржалилов ҳукумат хазиначиси лавозимларини эгалладилар.

Ҳукумат ташкил топган кунидан эътиборан ўз фаолиятини бошлаб юборди. Ҳозирча бўш бўлган хазинани тўлдириш мақсадида ўттиз миллион сўм миқдорида ички заём чиқаришни йўлга қўйди. Миллатпарвар бойлар ортиқча ташвиқотсиз заём сотиб ола бошладилар. Конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш учун таниқли хуқуқшунослар таклиф этилди. 1917 йил 26 декабрда Туркистон Мухториятининг Миллий байроғи қабул қилинди. “Эл байроғи”, “Бирлик туғи”, “Свободний Туркестан”, “Тирик сўз”, “Известия Временного Правительства Автономного Туркестана” каби газеталар нашр этилди. Мазкур газеталарни чоп этиш учун Обиджон Маҳмудов ўз босмахонасини ҳукумат ихтиёрига бериб қўйди. Ҳукумат миллий қўшинни шакллантириш ишига жиддий киришди. 1918 йил бошига келиб қўшин сафи икки минг кишига етди. Бундан ташқари шаҳарда яна шу миқдорда миршаблар ҳам бор эди. Озиқ-овқат таъминоти энг муҳим масала даражасига кўтарилди. Маълумки, XIX аср охиридаёқ Фарғона водийсида пахта монополияси шаклланган, ғўза экини даладан ғаллани сиқиб чиқара бошлаган эди. Ҳукумат четдан ғалла олиб келиш ҳаракатига тушади. Оренбург орқали ғалла олиб келиш мақсадида ўша пайтда бу шаҳарни эгаллаб турган Атаман Дутов билан музокаралар олиб бориш учун Оренбургга вакиллар юборилади. Оғзаки маълумотларга кўра Обиджон Маҳмудов ғалла сотиб олиш учун Эронга ҳам борган.

Мухторият ташкил топган кунлардан бошлабоқ советлар унга қарши шафқатсиз кураш бошлади: Туркистон Халқ Комиссарлари Совети мухториятга алоқадор ва унга ҳайриҳоҳ бўлган бойларнинг мол-мулкларини мусодара этиш, уларнинг банкдаги маблағларини музлатиш хақида фармойиш чиқарди. Қўқон Совети раиси Бабушкин мухториятни бешикдаёқ буғиб ташлаш мақсадида Скобелев (Фарғона) ва Тошкентга мурожаат қилиб, “шаҳарни ҳимоя қилиш” учун ҳарбий ёрдам сўради. Скобелев Совети раиси Дориомедовнинг қаршилигига қарамай, совет қарори билан ҳарбий дружина бошлиғи К. Осипов 120 аскар, тўртта тўп, тўртта пулемёт билан Хўқандга етиб келди. Кўп ўтмасдан Самарқанд, Қизилқия дружиналари ҳам шаҳарга кириб келди. Шаҳар ичида мухториятчилар билан большевиклар ўртасида жанглар бошлангач, Туркистон ўлкаси ҳарбий комиссари Е. Перфильев шаҳар айланма темир йўлига ўн бир эшелон пиёда, отлиқ ва артиллерия қисмлари билан кириб келиб, шаҳарни қуршовга олди. Конибодом бекатида уларга арман дашноқлари дастаси қўшилган эди. Бу қисқа давр ичида мухториятчилар ичида ихтилоф чиқиб улгурди. Бир гуруҳ руҳонийлар Мустафо Чўқаевни советларга қарши курашда сусткашликка йўл қўйганликда ва бошқа айблар билан айблаб, қумондонликни Эргаш Қўрбошига топширадилар. 19 февралда советлар Эргаш Қўрбошига ультиматум юбориб, уч соат ичида қурол-яроғни ташлаб, таслим бўлишни талаб қилади. Эргаш Қўрбоши рад жавобини беради. Шундан сўнг қўмондон Перфильев барча тўплардан Хўқанд устига ўт очиш, шу жумладан, ёндирадиган снарядлардан ҳам фойдаланиш хақида буйруқ беради. Эски шаҳар тамомила вайрон бўлиб, ўт ичида қолади. Масжидмадрасаларнинг минора ва гумбазлари тўпчилар учун жуда яхши нишон бўлади. Эргаш Қўрбоши уламоларнинг талаби билан тўплар ўт очишни бошлашидан бироз олдин шаҳардан чиқиб кетади. 20 февраль куни вайрон бўлган шаҳарга пиёда аскарлар ва дашноқ жангарилари бостириб кирадилар. Халқнинг ўша кунги аҳволини тасвирлашга қалам ожизлик қилади. Хонадонлар таланди, аёллар зўрланди, эркаклар ўлдирилди. Дашноқлар милтиқ ўқини “аяб”, одамларни қилич билан чопиб, пичоқ билан бўғизлаб, бешикда ётган гўдакларни ечиб олиб, чотидан йиртиб ташлар эдилар. Эртаси куни бир ҳовлидан чоти йиртилган бола, арман жангариси ва она мурдаларини топдилар. Онанинг қўли жангарининг томоғида қотиб қолган эди. Яхшиси, кейинчалик “Қўқон воқеаси” деб ном олган мазкур воқеаларнинг гувоҳларига сўз берайлик. Шаҳар ичида юриб, ўша пайтдаги воқеаларни ўз кўзи билан кўрган журналист Борис Ольгинский “Қўқон воқеалари” сарлавҳали репортаж ёзиб, “Знамя свободи” газетасининг 1918 йил 23 февраль сонида чоп эттирган. Қуйида ундан айрим парчаларни келтириб ўтамиз. Воқеалар санаси эски ҳисоб билан берилган.

Рус муаллимининг ҳикояси

Рус-тузем мактабининг муаллими, уруш давомида ўз оиласи билан Эски шаҳарда яшаб турган киши урушаётган мусулмонларнинг тинч рус аҳолисига муносабатлари хақида шундай ҳикоя қилади:

Бизнинг уй, яъни, менинг оилам ва муаллималар яшаб турган уй Эски шаҳар ҳудудида эди. Сартлар (ўзбеклар) бизнинг хонадонимизга уч марта кирдилар ва бу ерда рус солдатлари ёки арманилар бор-йўқлигини текширдилар. Бизнинг бетараф эканлигимизга ишонч ҳосил қилгач, сартлар бизни безовта қилмай қўйдилар, бизда егулик қолмаганини билганларидан сўнг бизга сут ва обинонлар келтириб бердилар”.

Доктор Домогаровнинг фожеали ўлими

5 февраль туш пайтида Эски шаҳарга рус “Қизил хоч экспедицияси” ташкил этилди. Унинг таркибига врачлар, санитарлар ва шафқат ҳамширалари кирар эди. Ушбу даста ҳарбий-инқилобий қўмитадан рухсатнома олди ва вақтинча яраш муддатидан фойдаланиб, Эски шаҳарга кириб борди, ҳамда, унинг четида кўп сонли ярадор сартларга ёрдам кўрсатишни бошлади. Бу даста келгунга қадар ярадор сартлар тиббий ёрдам йўқлигидан аянчли аҳволга тушган эдилар. Мазкур санитар дастасининг иш фаолияти даврида улар жойлашган бино Эски шаҳар томон ҳужумга ўтган рус солдатлари томонидан шиддатли тарзда ўққа тутилди. Доктор Домогаров бир қўлида қизил хоч байроғини, иккинчи қўлида рухсатномани баланд тутган ҳолда солдатлар қаршисига чиқди ва шу заҳотиёқ ўлдирилди.

Тўс-тўполон

7 февраль – Қўқон тарихида энг даҳшатли кун. Ўз бошлиқларига бўйсунмай қўйган солдатлар ва қизилгвардиячилар, авбошлар ва майда буржуазия нимани олиб кетиш мумкин бўлса, талон-тарож қилишга отилдилар. Талончиликда, айниқса, арман дашноқлари алоҳида жонбозлик кўрсатдилар. Эски шаҳарда барча дўконлар, савдо фирмалари, расталар, банклар, уйлар талон-тарож қилинди. Банклар ва савдо фирмаларидаги темир сандиқлар бузиб-пачоқланиб, пуллари ўғирланди. Талончилар нарсаларни араваларга юклаб, қалъага ва вокзалга юборар эдилар…

Фожеа манзаралари

Қўқонда даҳшатли манзара… Эски шаҳарнинг учдан бир қисми том маънода яксон этилган. Барча ерда тўп-тўп мурдалар. Уларнинг кўпчилиги куйиб кетган. Қўқоннинг руслар яшайдиган қисми ҳам анчагина вайрон бўлган.

Келтирилган барча зарарларнинг умумий миқдорини аниқлаш, албатта, қийин. Қўқонда бир неча ўн минг одам бошпанасиз, кийим-кечаксиз қолган. Шаҳарнинг ярмидан кўпроқ қисми ёниб кулга айланган.

9–10 февраль кунлари мурдаларни йиғиштириш бошланди, бироқ, ҳали тугаллангани йўқ. Эски шаҳардан арава-арава мурдалар олиб чиқиб кетилди. Қурбонлар сонини ҳисоблаб чиқиш имкони бўлгани йўқ. Хомаки ҳисобларга кўра, руслардан юз нафаргача киши ўлган, юздан ортиқ киши ярадор бўлган. Сартлардан бир неча минг киши ҳалок бўлган…

Аҳоли ўртасидаги хавотирлик

Уруш тамом бўлди. Ғолиблар жўнаб кетдилар. Мағлублар эса шаҳар кўчалари ёки қишлоқлар бўйлаб дайдиб юрибдилар ёхуд култепалар узра маъюс изғиб юрибдилар. Русларга мансуб аҳоли хотиржам бўлиши мумкин эди, аммо улар таҳлика ва хавотирлик остидалар. Қўқонда истиқомат қилувчи руслар бу ерда қолиш хавфли эканлигини ҳис этмоқдалар. Қўқондан жўнаган дастлабки поездлар тўлибтошиб кетган, кейинги поездлар ҳам шу аҳволда жўнайдилар. Қўқон энди мурдалар шаҳридир. У худди моғор ва мурда ҳиди анқиб турган лаҳадга ўхшаб қолган…”

Ҳа, маҳаллий халққа, унинг ҳурриятига Огинскийга ўхшаш хайриҳоҳлар ҳам йўқ эмас эди. Скобелев думаси бошлиғи В.Д. Дориомедов Қўқонга ҳарбий куч юборишга қарши чиққан эди. У “Знамя свободи” газетасида эълон қилинган мақоласида шундай ёзади: “Рус большевиклари ҳеч қандай мухториятни тан олмади ва мазлум халқлар ўз хуқуқлари ва тақдирларини ўзлари белгиламоқчи бўлганларида бунга йўл қўймади”. Тошкент Совети меньшевик-байналмилалчилар фракцияси бошлиғи Х. Ванштейн “Қизил Армиянинг Қўқондаги қилмиши инқилоб қизил байроғига тушган доғ” деб ҳисоблаб, айбдорларни қаттиқ жазога тортишни талаб қилган эди.

Мухториятли ҳукумат тўққизинчи февралдаёқ сулҳ тузиш таклифи билан чиқиб, музокаралар бошланган эди. Аммо, Перфильев катта қўшин тортиб келганлигидан руҳланиб кетган советлар музокарани тўхтатиб қўйдилар. Мухториятли ҳукумат янчиб ташлангандан кейин эса, советларга сиёсий ўйин учун сулҳ шартномаси керак бўлиб қолди. Сирасини айтганда, улар билан сулҳ тузадиган томоннинг ўзи йўқ эди, илло, мухториятли ҳукумат аъзоларининг бир қисми отиб ташланган, бир қисми эса, қочиб улгурган эди. Советлар, сулҳ зарур бўлиб қолгач, мухториятга умуман алоқаси бўлмаган оқсоқолларни зўрлик билан бир жойга тўплаб, сулҳ тузишга киришиб кетдилар, тўғрироғи, ўзлари тайёрлаб қўйган сулҳ шартномасини имзолашга мажбур қилдилар. 1918 йил 22 февралда Розенбах кўчасидаги Рус-Осиё банки (ҳозирги пахта банк) биносида сулҳ конференцияси бошланди. “Қўқон ҳарбий-инқилобий қўмитаси” раиси Месхи; Қўқон шаҳар бошқаруви идораси делегатлари Некора ва Юрьевский; Скобелев Совети ва думаси делегатлари Антонов ва Дориомедов; Андижон Советидан Салаев ва Данишевский; Ўлка Совети делегати Толован; Хўқанд шаҳрининг мусулмон аҳолиси вакиллари: Сармозор даҳасидан Муҳаммад Амин Нормуҳаммедов, Эшонбобо Охунжонов; Қатағон даҳасидан Файзимуҳаммад Дўстмуҳаммедов, Қурбонхўжа Ёдгорхўжаев, Тешабой Юнусбоев; Марғилон даҳасидан Каромиддин Ғиёсиддинов, Миробиддин Мирҳамзаев, Эшонхонбой Хўжаев; Хўжанд даҳасидан Мулло Абдуқодир Мулло Аҳмадмирзаев, Абдурраҳмон Ҳамроқулибоев, Раҳмонали Юсуфалимирзаевлар иштирокида, Юрьевский раислигида, Дориомедов котиблигида қуйидаги сулҳ муоҳадаси тузилди:

1. Аҳоли Ўлка Халқ Комиссарлари Совети ҳамда барча маҳаллий совет муассасаларини тан олади.

2. Совет ҳокимиятининг ёзма рухсатномасига эга бўлмаган барча аҳоли: мусулмонлар ҳам, руслар ҳам қуролсизлантириладилар.

3. Тортиб олинган қуроллар Фарғона вилоятининг қўшинлари қўмондони белгилаган муддатда ва белгилаган жойга топширилади.

4. Аҳоли қонли воқеаларнинг ўзларига маълум бўлган барча ташкилотчилари, шунингдек, қуролланган тўдаларнинг бошлиқлари ва аъзоларини ҳукуматга ушлаб бериш мажбуриятини олади.

5. Ўлкага махфий равишда қурол олиб келиш ва тарқатиш, қуролли қўзғолонга тайёрланиш сифатида баҳоланади ва инқилобий қонунлар асосида қаттиқ жазоланади.

6. Аҳоли, ҳарбий ва совет ҳокимияти талабларига мувофиқ, бутун имконияти билан ҳаётни изга туширишга кўмаклашадилар.

7. Ўлка Халқ Комиссарлари Совети фуқаролар уруши пайтида хонавайрон бўлган энг қашшоқ аҳолига ёрдам кўрсатади.

8. Мазкур муоҳаданинг амалиёти Туркистон ўлкасининг барча ерига даҳлдордир.

Ушбу муоҳадани имзолаш билан сулҳ конференцияси фаолияти тўхтамайди.

Унинг барча ҳужжатлари ишчи-деҳқон депутатлари Қўқон Советига берилади.”

Туркистон Мухториятининг йўқ қилиниши Жаҳон айвонида катта шов-шув ва муҳокамага сабаб бўлди. Совет раҳбарлари Туркистонга мухторият беришга мажбур бўлдилар, бироқ, Туркистон халқи хоҳлаган хақиқий мухториятни эмас, балки, марказга юз фоиз бўйсунадиган сохта мухторият бердилар. Сталин Туркистоннинг ўша вақтдаги раҳбари, ашаддий шовинист Тоболинга телеграф орқали мусулмонлар ичида иш олиб боришни кучайтириш, мусулмон пролетариатини мусулмон буржуазиясидан тозалаб, ажратиб олиш, шундан сўнг мухторият сўрашни топширди.

1918 йил апрель ойида Тошкентда Туркистон Ўлка Советларининг бешинчи съезди бўлиб ўтди. Съездда Туркистон Мухтор Республикаси тузилганлиги эълон қилинди. Ленин ва Сталин съездга қуйидагича телеграмма юбордилар: “Советлар асосидаги сизнинг ўлка мухториятингизни Халқ Комиссарлари Совети қўллаб-қувватлайди”.

Съезд, шунингдек, Қўқон воқеалари иштирокчиларига авфи умумий – амнистия бериш хақида қарор қабул қилди. Бироқ, бу амнистия қочувдаги, ҳамда, яшириниб юрган кишилар учун қўйилган тузоқ эди. Яширинган кишилар хонадонларига хатлар юборилди. Шуниси ажабланарлики, хатлар сиёсатдан мутлақо узоқ туриши керак бўлган, ҳукумат органи бўлмаган Мусулмон меҳнаткашлари союзи номидан, бунинг устига, мусулмонлар ташкилотидан рус тилида ёзиб юборилган. Бу пайтда Шўройи Ислом ташкилоти раҳбарларидан бири, мухторият фаолларидан бўлмиш Мўйдинхон Тўра ҳам яширинган эдилар. У кишининг хонадонларига ҳам шундай хат юборилади. Ушбу хатни рус тилидан ўзбекчага ўгириб, эътиборингизга ҳавола этамиз:

Гражданин Мўйдин Хўжа Улуғ Хўжаевга

Ушбуни Сизнинг эътиборингизга ҳавола қиламизким, ишчи, солдат, деҳқон ва мусулмон деҳқон Депутатлари бешинчи Ўлка съезди томонидан Туркистон Мухтор Совет Федератив Республикаси тузилганлиги, ҳамда, барча Қўқон Мухториятини нотўғри тушунганлар учун амнистия берилиши Декларатив тарзда эълон қилинди. Яширинманг, халқ фаровонлиги учун ишлашни бошланг. Аҳоли очликдан жуда ҳам толиққан. Аҳолига Қўқон мусулмон ишчи ва меҳнаткашлар Иттифоқи орқали маҳсулот ва пул билан эҳсон қилинг.

Қўқон мусулмон меҳнаткашлар Иттифоқи
Бошқаруви раиси: Назир Иброҳимов
Саркотиби: Абдураҳмонов
1918 йил 10. 05

173 (ушбу хат Мўйдинхон Тўранинг авлодларида сақланади)

Қўқон давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими Муҳаммад Яҳёхон Хўқандийнинг “Хўқанди латиф тарихи (тазкира)” асаридан

Ўхшаш мақола

Туркистон Мухторияти ва унинг қонга ботирилиши тарихидан (1-қисм)

Post Views: 200 1917 йил ёз ойларида Давлат думасига бўладиган сайлов олдидан номзодлар кўрсатиш учун …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *