Бош саҳифа » Жадидчилик » Туркистон Мухторияти ва унинг қонга ботирилиши тарихидан (1-қисм)

Туркистон Мухторияти ва унинг қонга ботирилиши тарихидан (1-қисм)

1917 йил ёз ойларида Давлат думасига бўладиган сайлов олдидан номзодлар кўрсатиш учун сайловчилар рўйхатлари тузилди. Большевикларга ҳайриҳох сайловчилар тўртинчи рўйхатга, мустақиллик тарафдорлари эса саккизинчи рўйхатга қайд этилдилар. Рўйхатлар тузилгач, сайловолди йиғилишлари бўлиб ўтди. Хўқанд Жомеъ масжиди ҳовлисида бўлиб ўтган йиғилишларнинг бирида мазкур икки рўйхат тарафдорлари ўрталарида бошланган мунозара жанжалга айланиб, қон тўкилиши билан якунланди. Шу кундан эътиборан болшевиклар тарафдорлари “тўртинчилар”, мустақиллик тарафдорлари эса “саккизинчилар” деган ном олдилар. Вақтлар ўтиши билан “саккизинчи” деган ном унутилиб кетди, бироқ, “тўртинчи” деган ном одамлар хотирасида узоқ вақтлар сақланиб келди.

Туркистонни мустақил давлатга ёки ҳеч бўлмаганда мухториятли давлатга айлантириш орзуси ва фикри XX аср бошларидаёқ жадид ва маърифатпарварларнинг “гап зиёфати” кўриниши остида ўтадиган йиғинларида асосий мавзуга айланган эди. Бироқ, “гапчилар” подшоҳ сиёсий полицияси айғоқчиларидан чўчиб, кўпчилик ичида бу хақда оғиз очмас, бу фикрларни қоғозга туширмасдан, мияларида пишириб юрган эдилар. Февраль инқилобидан сўнг улар бу хақда жиддий бош қотира бошладилар. Оврупо ва Россияни кезиб келган бойлар, Россия ва Истанбулда ўқиб келган зиёлилар, шариат илмини яхши билган фақиҳлар, турли давлат маҳкамаларида хизмат қиладиган таржимон ва “закунчилар” (қонунларни яхши биладиганлар) Обиджон Маҳмудов ва бошқа маърифатпарвар бойларнинг шаҳар ташқарисидаги чорбоғларини ўзларига макон тутиб, мустақилликка чиқишнинг турли режалари ва дастурларини тузиш учун ҳаракат бошладилар. Бу дастурларнинг энг машҳур ва мукаммали “Турк адами марказият (федералчилар) фирқаси” нинг маромномаси (дастури) эди. Маромномани тузишдан олдин истиқлолга эришиш ҳаракатининг режасини тузиб олдилар. Режага кўра, олдин Мухториятли ҳукумат тузишга ҳаракат қилинади. Бу иш амалга ошган тақдирда, аста-секин, босқичма-босқич мустақил Туркистон давлатини барпо этишга киришилади. Мазкур маромномада бўлажак мухториятли ҳукуматнинг тузилиши, фаолияти аниқ белгилаб берилди. Бу дастур замонасининг, нафақат ўз замонасининг, балки барча даврларнинг энг халқчил, демократик, ҳар томонлама мукаммал дастурларидан бири эканлиги жаҳон тадқиқотчилари томонидан эътироф этилган. Дастурни тузишда Хўқанд шаҳридан Камолиддин Қози Раҳмонберди ўғли, Муҳиддинхон Тўра Улуғхон Тўра ўғли, Миён Қудрат ва Миён Юнусхон Соҳибзода Ҳазрат ўғиллари, Обиджонбой Маҳмудов, Сирожиддин Аълам Низомиддин ўғли; Андижондан Мулло Нуриддин Аълам, Мирзо Абдуқодирбек; Искобилдан Миродил Мирзо Аҳмад ўғли; Тошканддан Мунавварқори Абдурашидхонов; Самарқанддан Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқа кўпгина кўзга кўринган кишилар иштирок этган бўлсалар-да, унинг охирги талқинини имзолашни уни тузишда энг фаол иштирок этган зотларга ҳавола этганлар. Қуйида мазкур маромноманинг матнини муҳтарам китобхонларимиз диққат-эътиборларига ҳавола этамиз:

Турк адами марказият (федералист) фирқасининг маромномаси Ихтори махсус

Туркистонда мухторият ва федерасия идорасини вужудга чиқармоқ учун бирдан бир чора Туркистонда қувватли бир адами марказият (федералист) фирқаси ясамоқ эдувгунда шубҳа йўқдур. Мана шул адами марказият фирқаси ҳар ерда ташкил қилинуб, аъзо қабул эта бошлади. Туркистон учун миллий ва маҳаллий мухторият истағон ҳар бир мусулмоннинг шул фирқаға аъзо бўлуб кирмоғи ва қўлдан келгунча шулни тақвия ва таъмиясиға хизмат қилмоғи лозимдур.

I. Давлат ва мухторият ташкилоти

Фирқанинг мақсади:

1 – Русияда маҳаллий ва миллий адами марказият (федерасия) асоси узра халқ жумҳурияти ташкил этмакдур.

2 – Фирқа Туркистон, Қирғизистон (ҳозирги Қозоғистон назарда тутилмоқда), Қофқоз ва Бошқирдистон қитъалари (ўлкалари) учун ва бошқа миллий ва маҳаллий мухторият, Идил бўйи ила Қрим тоторлари учун ва бошқа, Русияда яшайдургон турк қавмлари (халқлари) учун миллий мухторият талаб қиладур.

Қайд: Бошқа мусулмон ватандошлар ҳам ўзларига мухторият талаб қилсалар, фирқа онларға ҳам ҳар жиҳатдан ёрдам берадур.

3 – Мухториятли қитъаларда очиладурғон мажлис мабъусонға (депутатлар палатаси) маҳаллий идораларга ва бошқа бутун ташкилотга сайланадурғон аъзолар умумий, баробар, ёширин ва бевосита сайлов усули ила сайланадур.

4 – Миллатнинг йигирма ёшига етуб, аҳлият пайдо қилғон ҳар бир фарди: эр бўлсун, хотун бўлсун – синф, дин ва мазҳаб айирмасиға боқмасдан сайламак ва сайланмак хақина моликдур.

Қайд: Мусулмон хотунларнинг сайловга иштироклари доираи шаръия доҳилинда (шариат доирасида) бўлур.

5 – Юқорида мазкур барча мухториятли қитъалар марказий ҳукумат ила ватан мудофааси, пул чиқармақ, бож ва хорижий ҳукуматлар ила муносабатда бўлмақ хусусларида алоқа ва иртиботини (боғлиқликни) муҳофаза қилур.

6 – Мухториятли қитъалар дохилий масъалалар (идора, миллий, шаръий, маданий, адлий ва маориф ишлари) да мустақилдур.

7 – Ҳар бир мухториятли қитъанинг марказида, қонун ясайдургон бир мажлиси мабъусон ва ул қонунни ижро қиладурғон бир ҳайъати вукало (вакиллар ҳайъати) бўлур.

8 – Ҳар бир мухториятли қитъалар маҳаллий ишларда кенг имтиёз ва хуқуқларга молик вилоят (обдасть), санжоқ (уезд) ва ноҳия (участка) ларга бўлинур.

9 – Ҳар бир мухториятли қитъанинг расмий тили аксар халқнинг сўйлағон тили ва шеваси бўлмақ ила баробар вилоят ва санжоқларда ерли халқнинг сўйлашадурган тил ва шевалари ҳам истеъмол қилинур.

10 – Ҳар бир мухториятли қитъаларда ватан муҳофазаси учун халқ милитсияси ташкил қилинуб, ҳозирги ташкилоти аскария (ҳарбий ташкилотлар) усули битирилур.

II. Миллий масъалалар

1 – Русияда турк миллати нажибасининг (туб миллатнинг) борча қавмларига оид умумий масъалаларни ҳал ва тавсия қилмақ учун миллий ва маданий иттифоқ ташкил қилинур.

2 – Бу иттифоқнинг қаю тариқада ясалмоғи, хуқуқ ва вазифалари мухториятли қитъаларнинг биринчи қурултойида таъйин қилинур.

III. Диний масъалалар

1 – Ҳар бир мухториятли қитъада холис диний ишларни қарамоқ учун марказда маҳкамаи шаръия (шариат маҳкамаси) ва вилоятларда онинг шўъбалари ва ҳар бир шаҳар, қишлоқ ва элларда қозихоналар очилур.

2 – Русияда яшайдурган бутун мусулмонларнинг қавмият ва мазҳабларини айирмасдан, диний масъалаларини ҳал ва тавсия қилмоқ учун сайланмиш бир шайхулислом таҳти раёсатинда борча мусулмон қитъа ва миллатларининг вакиллари мураккаб бир ҳайъати диния қурилур. Бу ҳайъатга турк бўлмағон мусулмонларнинг ҳам вакиллари иштирок қилур.

3 – Вакиллар сайлангонда ҳар қитъанинг нуфуси (аҳолиси) эътиборга олинуб, вакилларининг адади нуфусиға қараб таъйин ўлинур.

IV. Мухториятли қитъаларда аҳлият (фуқаролик) хуқуқи

1 – Жумла аҳоли, қайси дин ва қайси мазҳабда бўлса ҳам, қонун қошида баробар саналур.

2 – Ҳуррияти виждон (виждон эркинлиги) том маъноси – ла ижро қилинуб, аҳолидан ҳеч ким дини, мазҳаби ва эътиқоди учун таъқиб ва тазйиқ қилинмас.

3 – Дин ва мазҳаблардан ҳеч бири ҳукумат тарафидан бошқаларига таржиҳ қилинмас (ортиқ кўрилмас).

4 – Ҳар ким ўз фикрини, хаёлини сўйламакда, матбуот ва бошқалар воситаси ила нашр ва эълон қилмоқда ихтиёрлидур.

5 – Уй ичларида бўлсун, очиқда бўлсун, истагон масъалаларини музокара ва ҳал этмак учун ҳар кимнинг йиғилиб, ижтимоъ ясамоқға (йиғилмоққа) хаққи бордур.

6 – Жамъият ёки бир иттифоқ ясамоқ учун ҳеч кимдан рухсат сўрамакға эҳтиёж йўқдур.

7 – Ҳуррияти шахсия ва муҳофазати байтия (оила муҳофазаси) тамомила татбиқ қилинуб, тевушли маҳкамаларнинг қароридан бошқа, бировнинг уйига кируб тинтимақ, хат ва китобларни қарамақ мумкин эмасдур.

8 – Қамалгон ҳар кишини йигирма тўрт соат ичида тевушли маҳкамага топширулмоғи лозимдур.

9 – Поспорт усули битирилуб, ҳоҳ мамлакат доҳилинда ва ҳоҳ хорижинда ўлсун, ҳар ким ҳоҳлагон ерига ҳеч кимдан сўрамасдан кетмоқға хақлидир.

10 – Юқорида, мазкур борча аҳлият хуқуқи асосий қонунға доҳил бўлуб, мудофаа ва муҳофазаси маҳкамаи олияларға ҳавола қилинур.

V. Иқтисод ва молия масъалалари

1 – Фирқа борча солиғларни битируб ва барҳам беруб, фақат ер, сув ва тижорат (савдо – сотиқ) даромадлари ва бошқа шаръий йўллардан солиғ пули олмак тарафдоридур. Бу солиғнинг миқдори даромаднинг ортмоғига қараб миқдор ва ҳам фойдада ортуб борадур.

2 – Фирқа ҳунар ва деҳқончилиқға кераклик асбоб ва мошиналарнинг ва аҳоли тарафиндан ишлатиладурғон биринчи зарурий нарсаларнинг кўп ва арзон бўлмоқлиғи учун бож солиғининг озайтирмоғини талаб қилур.

VI. Ер масъаласи

1 – Фирқа подшоҳлик мулкларини ва подшоҳнинг хусусий ерларини ва кнозлар хонадони махсус ерларини(нг) борчасини бадалсиз (хақ тўламай) мусодара қилинуб, ҳосил мажмуъидан лозим миқдорича экинчилик ила машғул бўлғон маҳаллий халқға сотмак ёки ижорага бермак тариқи ила тақсим этилуб, ер берилишини лозим топадур.

Хусусий ерлар тўғрисида

2 – Туркистон қитъасидан бошқа бутун Русия вилояти ўзларига махсус қандай бир қонун қабул этса, мухтордурлар. Аммо Туркистонда ҳаддан зиёда хусусий мулкига молик, пайшчик ва олповитлар кўп бўлмағон сабабли Туркистондаги хусусий мулклар, ҳозирда ўз эгаларининг тасарруфида қолуб турурлар.

3 – Баъзи ҳаводислар (ҳодисалар) сабабли (Мингтепадаги Эшон воқеаси каби)жамоат қўлидан жабран мусодара қилинуб, бошқаларға тақсим қилинғон ер ва қишлоқларни аввалги эгаларига қайтармоқға ҳаракат қилинур.

4 – Ҳукумат ёки жамоат тарафидаги мусодара қилинғон вақфларнинг борчасини вақфномага мувофиқ аслига қайтармоқ учун тевушли тадбирларға ҳозирдан бошлаб киришур.

VII. Ишчилар масъаласи

1 – Фирқа ишчиларнинг иттифоқ ва жамъиятлар барпо қилмоқлариға ва, лозим кўрилганда, умумий ва хусусий суратда иш ташламоқ воситаси – ла ўз хуқуқларини мудофаа қилмоқлариға монеъ бўлинмас.

2 – Ишчиларға махсус қўйилмиш қонун ва имтиёзларнинг хусусий хизматкорларға ҳам шомил (тегишли) бўлмоғини ва ишчиларнинг хуқуқини мудофаа қиладурғон қонунларнинг ижросиға боқадурғон доирада ишчи вакилларининг ҳам иштирок этмақларини талаб қиладур.

3 – Ишчи хотун ва болаларнинг хуқуқларин муҳофаза этмақ ва сиҳҳатлариға зарарли ишлардан бутун ишчиларнинг хусусий қонун ва қоидалари ила идора этилмоғи матлубдир.

4 – Хусусий қонун ва қоидалар таҳтиға (таркибига) киритилмаган сармоядорлар била ишчилар орасида чиқадурғон баъзи бир жанжал ва низолар ҳар икки тарафнинг вакилларидан ташкил этилмиш ҳайъат тарафидан ҳал қилинур.

5 – (1) Ўз ишчиларини истоховойт (страхование – социал суғурта) қилдурмоқға сармоядорларнинг ҳукумат тарафидан мажбур қилинмоғини, (2) қарилик ва заифликдан мудом ожиз қолғон ишчиларнинг давлат ҳисобидан истроховойт қилдурулмоқлиғини ва (3) ишчиларга махсус қонунларнинг бузилмаслигини қонун ила муҳофаза қилинмоғини талаб қиладур.

VIII. Адлия масъаласи

1 – Маҳкамаларнинг ёлғиз қонун ва шариъатға тобеъ бўлуб, ҳар хил мудохилотлардан ва ташқари кишиларнинг халали ва анга қатнашмоқларидан (аралашмоқларидан) холи бўлмоғи лозимдур.

2 – Тевушли маҳкамаларнинг қарори қонунан тасдиқ этилмасдан ҳеч бир киши жазоланмас.

3 – Ҳайъати ижроия тарафидан ҳакамларнинг таъйини, азли (бўшатилиши), насби (тикланиши) ва ҳам табдилига (алмаштирилиши), хусусан маҳкамалардаги ишларнинг боришиға ҳеч бир баҳона ила мудохила (дахл) қилинмас.

4 – Жазолар машрута (конституция) усули ила, яъни мажлиси мабъусон тарафидан чиқарилган қонунга мувофиқ бўлур.

5 – Истинтоқ (тергов) асносинда мудофаа вакил (адвокат) тутмоқ усули қабул этилур.

6 – Жиноят маҳкамалари ёлғиз иккига айрилур. Бири бидоят (бошланғич) маҳкамасини, ҳакамлари халқ ва жамоат тарафидан сайланур. Дигари мумаййиз (бошқа ажратилган) ҳакамларга молик истиноф маҳкамасики, бидоят маҳкамасининг ишларин хақиқат ва тамйиз (ажрим) этар.

IX. Маориф ишлари

Маориф ишлари адами марказияти аном усулиға мувофиқ қонун узра таъсис ва ташкил қилинур.

1 – Илм ва маориф ишларида жумла аҳоли, дин ва миллатга ойирилмасдан, эркак ва хотунлар баробардур.

2 – Макотиб (мактаб)ишларинда хусусий шахсларнинг ғайрати ва маҳаллий идораларнинг ташаббуси ила ишланмиш ишларда ҳеч важҳ (сабаб) ила таҳдид қилинмас.

3 – Тадрисот (дарслар) нинг озод ва сарбаст (эркин ва боғлиқ) ўлмоқлиғи лозимдур.

4 – Макотиб орасида иртибот (боғлиқликлар) бўлуб, ибтидоийлардан (бошланғич мактаб) рашидийларга (тўлиқсиз ўрта мактаб), рашидийлардан аъдодийларга (ўрта мактаб) ва аъдодийлардан олийларга (олий мактаб) қулайлиқ ила талабалар қабул қилинадурғон усулда бўлур.

5 – Дорулфунун ва бошқа олий мактаблар жумласи дохилий (ички) ишларида ихтиёрли ва тадрисотда озод бўлурлар.

6 – Олий мактабларнинг авом орасида илм ва маданият хусусиндаги ҳаракат ва ташаббуслариға мумонеъат (монелик) қилинмаюр.

7 – Маҳаллий идораларнинг таълим ва тарбия хусусиндаги ғайрат ва ҳаракатлариға мумонеъат кўрсатилмайдур.

8 – Таълими ибтидоийнинг умумий, мажжоний (бепул) ва мажбурий бўлмоғи керакдур.

9 – Маҳаллий идоралар тарафидан катта ва буюклар учун очиладурғон мактаб, кутубхона ва қироатхона ишларига кенгчилик берилур.

10 – Ҳунар ва саноеъ (санъатлар) тараққийсиға ғайрат ва ташаббус этилмоғи керакдур.

11 – Ибтидоий ва аъдодий мактабларда тадрис тили (дарс ўтиладиган тил) ҳар бир мухториятли аёлат (мухтор вилоят) нинг аксарият аҳолисининг сўйлайдурғон тили ва шевасида ўлур.

12 – Рашидий ва аъдодий мактабларда рус тили ва умумий турк шеваси лисон ўлунуб, дарс берилмоғи мажбурий ўлур.

13 – Олий мактабларда жумла туркларнинг умумий адабий тили ва шеваси илан дарс берилур.

14 – Қирқ бола йиғилса, ақаллиятда (озчиликда) қоладурғон миллатлар учун очилмиш ибтидоий (усул) мактабларда дарс ўз тилларида ўқулмоғи мажбурийдур.

15 – Етарлик даражада талаба бўлур эса, ақаллият ташкил қилғон миллат болалари учун тадрисот (дарслар) ўз тилларида бўлмоқ шарти ила рашидий ва аъдодий мактаблари очилур.

***

Маромномада баён қилинган жумла мақсадларға етишмак учун фирқа аввалам Ҳақға ва сониян (иккинчидан) тамоми меҳнаткаш ва миллатпарвар ватандошларға суялиб ва такя қилур.

Сўнг (тамом).

Турк адами марказият фирқасининг Низомномаси

1 – Турк адами марказият фирқасининг мақсади Русияда мухторияти маҳаллий ва миллий асоси узра жумҳурият аном (халқ жумҳурияти) ташкил этмакдур.

2 – Фирқанинг мақсадиға хизмат этмакни ҳоҳлаган хар бир мусулмон, ҳоҳласа эркак, ҳоҳласа хотун, ҳар қайси маслак ва синфдан бўлса бўлсун, шифоҳий (оғзаки) ёки таҳририй (ёзма) суратда аъзолиқни ҳоҳласа, ушбу вақт фирқанинг икки аъзосининг шаҳодати (гувоҳлиги) ваҳайъати идоранинг тасдиқи ила қабул қилинур.

Қабул қилинган аъзолар фирқанинг низомномасиға ва жамъиятларининг қарорларина тобеъ ўлур.

3 – ҳар бир қитъадаги идораи марказиялар, вилоят идоралари, фирқанинг бошқа шўъбалари ва лозим топса, идораи марказия тарафидан кўндирилмиш вакиллар ҳар бирлари аъзо қабул қила олурлар.

Қайд: Фирқанинг мақсади маълум бўлғон ҳар бир жойда, майл ва орзуси бир тўдалар мавжуд бўлганда, у ердан ташкилот қўмитасини таъсис этуб, марказий идорага эълон қилиб, марказий идора орасида алоқа ва иртибот амалға келтирилсун.

4 – Фирқанинг зарариға ва зиддиға тўғридан тўғри ва ё восита илан иш кўрғон аъзолар ҳайъати марказия тарафиндан қатъ ва қарор ила фирқа аъзолиғидан чиқарилур. Агар чиқарилмиш аъзо ҳайъати марказия қарориға рози бўлмаса, умумий қурултойга арз қила олур. Надванинг (умумий мажлис) қарори қатъийдур.

5 – Ҳар аъзо муайян вақтларда жамъиятнинг таъйин этдиги миқдорда фирқа сандуқиға аъзолик хақи верур.

Қайд: Аъзо ёзилмоқни ҳоҳлаган киши аъзолиқға кирмак учун бир сўм бермоғи лозимдур.

6 – Фирқанинг умумий йиғин (надва) лари йилда бир мартаба идораи марказиялар (марказий идоралар)тарафидан чақирилур.

7 – Қитъа дохилида чақириладурғон умумий налвалар фирқанинг қилар ишларини таъйин этур, идораи марказия интихоб қилур (сайлар), мадохил ва масориф (кирим ва чиқим маблағларини) тасдиқ этур ва фирқага оид бошқа масъалаларни ҳал қилур.

8 – Умумий қурултойлар ҳайъати марказия аъзоларидан вилоят қўмиталари ва бошқа маҳаллий ташкилот намоёндаларидан ва надванинг маслаҳати ила идораи марказия тарафидан чақирилмиш аъзолардан ташкил қилинур.

9 – Намоёндаларнинг адади ҳайъати идора тарафидан таъйин қилинур. Ҳайъати идора маърифати илан чақирилган аъзоларнинг адади қурултойға иштирок этган умумий намоёндаларнинг ўндан биридан ортиқ бўлмаслиги лозимдур.

10 – Қитъа дохилинда фирқа ишларига ва матбуотиға назорат этмоқ бутун фирқа номидан расмий эълон ва баёнот бермақ, хазина идораси бу важҳ (маблағ) лойиҳасининг тартиби идораи марказияга тевушлидур.

11 – Ҳайати марказиялар қитъа қурултойлари тарафиндан ёширун товуш ила жамъиятда мавжуд аъзолардан бир йил муддатиға сайланур. Ҳайъати идора аъзоларининг ададини надва таъйин қилур.

12 – Ҳайъати марказияни надваларнинг таъйин этган шартлари ила ёки идора аъзолари чақирмоқға мухтордур.

13 – Маҳаллий ташкилот қандай суратда иш кўрмакларини ва қайси йўлда идора ташкил этмакларини қурултойлар тарафидан манъ қилинмағон усуллар ила ўзлари таъйин қилурлар.

14 – Вилоят доҳилинда фирқа аъзоларини, фирқа ишларини идора этмак учун вилоят қўмитаси ташкил қилурлар.

15 – Вилоят қўмитаси аъзолари вилоят қурултойи тарафиндан бир йил муддатиға сайланур.

16 – Вилоят дохилинда надвалар чақирмак маҳаллий қўмитаға тевушлидур.

17 – Вилоят қўмитасининг муносиб ва салоҳ кўрўшиға шаҳар, санжоқ ва ноҳия қўмиталари ташкил этмак мумкиндур. Бу қумиталарнинг орасидаги муносабат вилоят қурултойи тарафидан таъйин қилинур.

18 – Фирқа аъзоларнинг одати (адади) юзға қадар етгунча фирқа ташкилот ҳайъати тарафидан идора ўлинур. Юз нафар аъзо йиғилғондан сўнгра мажлиси муассисон (таъсисчилар мажлиси) чақирилуб, ёширун сайлов ила идора ҳайъати таъйин қилинур.

Қайд: Биринчи идора сайловида ҳайъати идора аъзоларининг ярмиси ташкилотлардан ўлмоғи керакдур.

19 – Бутун Русияда мавжуд фирқаларнинг фаолият ва вазъиятини таъйин ва тасдиқ этмак учун йилда икки мартабадан кам бўлмаслик шарти ила жумла қитъада ва идораи марказия вакилларидан ташкил бир қўнғра (зўр жамъият) (конгресс) лар чақирилур.

20 – Биринчи қўнғра Тошканд идораи марказияси тарафидан чақирилуб, кейин воқеъ бўладурғон ижтимоъларнинг даъвати қўнғра тарафидан иккинчи идораи марказиялардан бириға ҳавола қилинур.

21 – идораи марказиялар қўнғраси лозим билар эса, бутун Русияда мавжуд фирқанинг умумий ишларини идора этмак учун умумий бир идораи марказия таъсис қилур.

22 – Ушбу маромнома ва низомномани такмил ва такҳиҳ этмакға умумий қурултойнинг ихтиёри вордур.

Сўнг.

Давоми бор…

Қўқон давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими Муҳаммад Яҳёхон Хўқандийнинг “Хўқанди латиф тарихи (тазкира)” асаридан

Ўхшаш мақола

Жадидлар. Абдулмажид Қодирий (Қодиров)

Post Views: 3 039 Мажид Қодирий (Қодиров) (Абдул-Мажид Қодирий), ҳақиқий исми Абдул-Мажидхон Қори Абдул Қодирхон Қори …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *