Бош саҳифа » Тошкентнома » Тошкентнома. Бешёғоч даҳаси. Камолон, Самарқанд дарвоза

Тошкентнома. Бешёғоч даҳаси. Камолон, Самарқанд дарвоза

Камолон — Бешёғоч даҳасидаги маҳалла. Дархон, Эшонгузар, Янги маҳалла, Самарқанд дарвоза, Гулистон маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Хўжакўча ва Фуқаро кўчаларига бўлинган. Хўжа Аъламбардор мақбараси ва қабристони бор. Новза, Қозиробод, Дўмбиробод, Қонқус мавзеларида деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланганлар. Асли «Камонгарон» яъни «Камонсозлар» кейинчалик оғзаки тилимизда Камолон талаффузида етиб келган.

Ривоятларга кўра фотиҳ Қутайба ибн Муслим ва унинг сафдошлари исломни ёйиш мақсадида VIII асрнинг бошларида Шош мулкига кириб келадилар. Унинг сафдошларидан бир гуруҳи – яъни комил кишилар Шошнинг ҳозирги Камолон маҳалласи деб аталувчи қисмига жойлашадилар. Камолон, яъни комиллар деб аталувининг боиси шундан, деган фикрлар ҳам бор. Муҳаммад Солиҳ «Тошкентнинг янги тарихи» асарида эслатиб ўтган хиёбон дарвозаси рус ёзма манбаларининг айримларида «Камолон» дарвозаси деб тилга олинган. «Тошкентнинг янги тарихи» асарида эса Камолон маҳалла номи сифатида учрайди.

Хўжа Аъламбардор мақбараси Камолон дарвозаси ёнидаги Хўжа Аъламбардор қабристонида жойлашган. XIX асрда нураб қолган мақбара ўрнига қурилган. Ривоятларга кўра мақбара Ўрта Осиёда Ислом динининг дастлабки тарғиботчиларидан бири имом Абубакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал—Қаффол Шоший сафдошларидан бири, минг йил илгари вафот этган Хўжа Аъламбардор (байроқдор) шарафига қурилган. Ислом тарихида ислом байроқдорлари энг ҳурматли ва иззатли инсонлар ҳисобланганлар. Ҳозирги мақбара XVIII асрда унинг тахмин қилинган Камолон дарвозаси ортидаги қабри ўрнига қурилган. Энциклиопедик маълумотларга қараганда Ислом фотихлари Шошга келганда лашкарнинг байроқ кўтарувчиси, яъни аламбардори Абдул Азиз Камолон дарвозаси ташқарисига ислом туғини қадаган. Ўша жой ҳозирда Хожа Абдул Азиз Аъламбардор қабристонининг ўртасида бўлиб, кейинроқ ўша жойга сағана қурилган. Аслида Хожа Аъламбардор умрининг охирида Сайрамда яшаб, ўша ерда вафот этган. Демак, мазкур мақбара рамзий бўлиб, унга Хожа Аъламбардор қўйилган эмас. Мақбара ичида ўша вақтда қўйилган ислом байроғи туғи ҳамон сақланади. Туғда “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” сўзлари ёзилган.

Самарқанд дарвоза даҳанинг қадимий маҳалларидан бири. Зангиота, Чақар, Захариқ, Kамолон маҳаллалари билан чегарадош бўлган, бир чеккаси Чақарариққа ёндашган. Ҳудyдида шаҳарнинг 12 дарвозаларидан бири – Самарқанд дарвозаси жойлашган (номи шундан келиб чиққан). Мустақиллик йилларида дарвозанинг рамзий кўриниши ҳозирги замон транспорт ҳаракатини ҳисобга олган ҳолда қайта тикланди. Ўзбек романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирий шу маҳаллада яшаб ижод этган. Самарқандга бориладиган карвон йўли шу ердан бошланган. Чилонзор туманидаги Қатортол шохкўчаси Самарқанд дарвоза кўчасининг давоми сифатида вужудга келган. Кўча Қатортол қишлоғи ҳудудидан ўтганлиги сабабли кейинчалик Қатортол номи билан атала бошланган. Кўча катта карвон йўли бўлиб қадимда Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва яқин шарқ мамлакатларига карвонлар қатнаган. Ўтган асрнинг 70-йилларида кўчанинг ҳар икки томонига кўп қаватли бинолар қурилган. Кўчада “Илонлиқтепа”, “Нуғойқўрғон” каби қабристонларнинг бир қисми сақланиб қолган.

Давоми кейинги мақолаларда

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Шайхонтоҳур. Хадра, Дархон, Баландмасжид, Занжирлик, Ўқчи маҳаллалари

Post Views: 139 Хадра маҳалласи Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги қадимги мураккаб чорраҳаларидан бири ҳисобланади. Шаҳристон …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *