Бош саҳифа » Алломалар » Абу Бакр Шоший (1038-1114)

Абу Бакр Шоший (1038-1114)

Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший ҳижрий 429, милодий 1038 йили дунёга келади. У Ибн Сино вафотидан (1037) бир йил кейин туғилади. Шоший Бағдодда таълим олади. Тенгдош талабалардан зийраклиги ва билимдонлиги билан фарқ қилган Шоший устодлари наздида ҳам катта обрў қозонади. Шунинг натижаси бўлса керак, Шоший мадрасани тугатгач, Бағдодда мударрислик қилиб қолиб кетади. У пайтларда Бағдодда Низомия мадрасаси қурилган бўлиб, Шоший шу мадрасага мударрис қилиб тайинланади. Бу мадраса ўша кезларда энг муҳташам ва йирик саналар, бу ерга араб мамлакатлари марказларидангина эмас, ҳатто Ўрта Осиёнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби қатор шаҳарларидан, Ҳуросон ва Шомдан ҳам талабалар келиб таълим олар эди. Мадраса икки қаватли бўлиб, ҳар қаватида 365 тадан ҳужраси бўлар, бу ерда бир йўла тўрт юз талаба дарсга қатнашар, мантиқ, калом, луғат илми, сарфу наҳв (грамматика), одоб каби фанлар ўқитилган. Низомия мадрасасида Шоший кўп таниқли олим ва алломалар билан мулоқотда бўлади. Йирик файласуф Абу Хомид Ғаззолий (1059-1111), Абу Исҳоқ Шерозий (вафоти 1083), Абу Бакр Шошийлар бир вақтда мана шу Низомияда дарс берганлар.

Абу Бакр Шоший ҳижрий 507 йил 15-шаввол ойи шанбада, милодий 1114 йил 25 март чоршанба куни Бағдодда вафот этади.

Қабри ҳам Бағдоднинг Боб ал-Шероз мақбарасида, устози ва машҳур олим Абу Исҳоқ Шерозий қабри ёнида.

Шоший таниқли фиқҳшунос бўлган. У бу соҳага оид бир неча асарлар ёзган. Унинг асарлари ичида энг машҳури «Хилят ал-уламо» («Олимлар чиройи») деган китобдир. Абу Бакр Шоший бу асарини аббосийлар халифаларидан Мустазҳир (вафоти 512/1118) даврида ёзиб, халифаликка бағишлаган. Ана шу китоби туфайли Абу Бакр Шоший «Мустазҳирий», яъни Мустазҳир тарафдори деган ном таратган ва тарихий манбаларда унинг тахаллуси ёнида бир унвон сифатида ёзиб келинади. Бу китобига шарҳ сифатида Шоший «ал-Муътамад» («Ишончли») китобини ёзган. Шошийнинг яна йирик асарларидан бири «аш-Шофий» («Шифо берувчи»)дир. Бу асари ҳам фиқҳшуносликка бағишланган бўлиб, араб олими Абу Иброҳим Исмоил ибн Яҳё ал-Мўзаний (791-878)нинг «ал-Мухтасар («Қисқача») деган асарига ёзилган шарҳ бўлиб, манбалар кўрсатишича, бу шарҳ йигирма жилддан иборат. Шоший буни беш йил давомида ёзиб тугатган. Ундан ташқари, бу унинг «аш-Шофия шоҳобчасининг устуни», «Талоққа оид масала» каби асарлари бўлган. Шоший ўз даврида араб адабиёти ва, хусусан, шеъриятини жуда яхши билган кишилардан бўлган, қуръон, ҳадис, қонун-қоида, йўл-йўриқларини жуда яхши билган. Тилшунослик, хусусан, араб адабиёти ва грамматикасининг нозик томонларигача эгаллаган. Шунинг учун бўлса керак, унинг синтаксисга оид асари ўрта аср ва ундан кейинги даврларда ҳам кўп мўътабар китобларда тилга олинади. Фиқҳшуносликдаги билими, тутган мавқеи жиҳатидан уни барча арабийнавис энциклопедик китобларда бу аллома номи зикр қилинганда «Ислом мамлакатларининг фахри» деб атайдилар.

Устоди вафот этгач (1111 й.), Шоший унинг ўрнига мударрис қилиб тайинланади. Манбалар кўрсатилишига кўра, у дастлаб дарсга киргач, устод ўтирадиган жойга ўтириб араб шоири Абу Таммом (788- 846) шеърларидан ушбу мазмундаги байтларни ёздирибди:

«Жойлар бўш қолганида ҳеч ким мени катта қилиб сайламаса ҳам, ўзим катта бўлиб қолибман. Аммо катталардан якка ўзим қолганим менинг учун оғир мусибат бўлди», у бу байтни қайта-қайта ўқиб, шогирдларга ўқитиб, «Улар кетиб, курсига ўтириш навбати менга келдими», деб ўзини тутолмай кўзига ёш олибди, чунки бу курсида олдинлари устоди ўтириб, талабаларга дарс берган.

Абу Бакр Шоший халифа ва унинг саройида катта обрў ва ҳурматга эга бўлган кўринади. 1094 йили аббосийлар халифасига Мустазҳир тахтга ўтиргач, уни муборакбод этишга саройга борган олимлар ичида Шоший номи ҳам эслаб ўтилади.

Тарихчи Ибн ал-Асир ўзининг «Комил фи-т-тарих» асарида Шоший ҳақида қуйидагиларни ёзади: « … Шоший ва бошқа олимлар ва яна баъзи аҳли фозиллар ҳозир бўлиб, Мустазхир Биллоҳга итоат қилдилар ва яна мазкур амир ва олимлар халифанинг отаси Муктадий Биамриллоҳ учун таъзия ва мотам тутиб ўлтирдилар.

Тарихчи Ибн ал-Халликоннинг (1211-1282) келтиришича, Шоший шогирди Маъдан ибн Касир ал-Балисий устозига бағишлаб қасида ёзган. Қасидада шоир устози Шошийни «фазлларнинг каъбаси» деб атайди. Шоир тасаввурида теварақ-атрофдан Абу Бакр Шоший зиёратига келган одамларни худди Каъбага зиёратга борганларга таққослайди. Шуларни назарда тутиб у шеърида шундай дейди:

Эй фазилатлар каъбаси, қани бизга изоҳ берингчи,
Нима учун сизни зиёратингизни бажо келтирмоқчи бўлганларга
Ўз ўзингиз атрини аямай сепасиз, ахир
хожилар кийимига атир сепиш ҳаромку.

Бу билан шоир ҳар бир келган зиёратчига дур-гавҳарга тенг гапларингизни айтаверманг, улар бунинг қадрига етмайди, ундайларни толиби илм бўлганларга айтинг, демоқчи бўлади.

Бу хил сатрларнинг ёзилишига қараганда, Шоший илми жуда ўткир, мўътабар киши саналган, шогирди Маъдан шундай улуғ одамнинг азиз вақти бекор кетмаслигини назарда тутган кўринади.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Лутфий (Лутфийи Шоший)

Post Views: 1 058 ЛУТФИЙ (1366–1465), Мавлоно Лутфий – ўзбек шоири, ориф ва мутафаккир. Ўз замонининг …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *