Бош саҳифа » Тошкентнома » Тошкентнома. Бешёғоч даҳаси. 1-қисм

Тошкентнома. Бешёғоч даҳаси. 1-қисм

Бешёғоч (туркийча) бешта дарахт маъносида. Муҳаммад Солиҳнинг “Тошкентнинг янги тарихи” номли асарида Бешёғоч қабила номи билан боғлиқлиги қайд этилган. Қўлёзма манбаларда Зангиота даҳаси деб ҳам юритилган.

Даҳада шаҳарнинг уч дарвозаси (Самарқанд, Камолон ва Бешёғоч), беш йирик мадраса, 75 масжид, 76 маҳалла ва 36 мавзеси бўлган. Энг қадимий шоҳкўчаси Бешёғоч (ҳозирда бу кўча деярли йўқ бўлиб кетган). Кўчадан 1903 йилда кўнка, 1913 йилдан трамвай қатнай бошлаган. Кўча Чорсу майдони билан Бешёғоч майдонини боғлаб турган. Ҳозирги миллий боғ дарвозаси ўрнида Ҳалимтой мадрасаси, таҳминан ҳозирги Ёшлар саройи атрофида халқ амалий санъатига ихтисослаштирилган Муҳаммадкаримҳожи мадрасаси (мадраса 1924 йилда бузиб юборилган) бўлган. Бугунги кунда ёшларга халқ амалий санъатини ўргатишда изчиллик билан фаолият кўрсатаётган Халқаро «Олтин Мерос» хайрия жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими жойлашган Абулқосим мадрасасидир. Шунингдек, Кўкалдош ва Хожа Аҳрор мадрасалари ҳам шу даҳага тегишли бўлган. Асосий майдони Бешёғоч бўлган.

Бешёғоч майдони. ХIХ асрнинг 70-йилларида бу ердан ўтган шаҳар мудофаа девори бузиб юборилгач, ўрнида Бешёғоч майдони барпо бўлган. 1972 йилгача бир муддат Беруний, 1986 йилгача бир муддат яна Бешёғоч майдони, 1991 йилгача Комсомол майдони деб аталган. Фурқат, Бобур, Туроб Тўла (собиқ 9- Январ) ва Олмазор кўчалари шу майдонга туташган. Ўзбекистон Миллий боғи билан ёнма-ён жойлашган.

XIX асрнинг 70-йилларида бу ҳудуддан ўтган шаҳарнинг мудофаа девори бузилиб ташлангач, очилиб қолган жой шу ердаги шаҳар номи билан Бешёғоч майдони деб аталган. Ўтган асрнинг 30-йилларида ҳозирги Миллий боғ дарвозаси ўрнидаги Ҳалимтой мадрасаси бузиб юборилган. Даҳа ўзининг сифатли ғиштлари билан машхур бўлган. Ҳозирги Ўзбекистон миллий боғи ўрнида катта ҳудудни эгаллаган ғишт ҳумдонлари бўлган. Бу ерда тайёрланган ғиштлар ўтган асрнинг 20-йилларигача шаҳарни ғишт билан таъминлаб турган. 1939 йилда ғишт хумдонларининг лой тайёрланадиган каръерлари ўрнида суннъий кўл (ҳозирги Миллий боғ) ташкил қилинган. 1935 йилда Бешёғоч бозори ташкил қилинган. Олмазор ва Арпапоя кўчалари туташган жойда 1943 йилда Муқимий номидаги театр биноси қурилган.

Занги ота маҳалласи Сузук ота, Чуқур кўприк, Чақар ва Захариқ каби маҳаллалар билан чегарадош бўлган. Қадимий маҳалла. Кўп асрлардан, аниқроғи 1258-йилдан бери шу ном билан аталиб келинган. Маҳаллада XVI аср архитектура ёдгорлиги Ҳўжа Нуриддин мақбараси сақланган. Ўрта Осиёлик авлиё, “подачилар пири” Зангиота шу маҳаллада яшаган. Номи шундан. Шунинг учун бўлса керак қўлёзма асарларда Бешёғоч даҳаси Занги ота номи билан юритилган.

Зангиотанинг таваллуд топган жойи ҳозирги Тошкент шаҳрининг Самарқанд дарвоза кўчасидаги “Зангиота” маҳалласидир. Зангиотанинг туғилган йили номаълум, вафоти эса 1258 йил. Зангиотанинг ҳақиқий номлари Ойхўжа ибн Тожхўжадир. “Занги” ибораси билан нисбат берилиши, у кишининг ранг-рўйлари қора бўлишининг рамзий ифодасидир.

Зангиота турк-ислом оламидаги улуғ мутафаккир ҳамда мутасаввиф донишмандларидан бири бўлиб, унинг номи фақат Мовароуннаҳрдагина эмас, балки Хуросон халқлари орасида ҳам маълум ва машҳурдир. Зангиота (Ойхўжа) ёшлик пайтидан падари бузруквори Тожхўжадан таълим олади. Отаси вафотидан сўнг, Хожа Аҳмад Яссавийнинг тўртинчи халифаси ва содиқ шогирди бўлмиш Ҳаким ота ҳузурига боради. Бир неча йил ул зотнинг мулозиматида бўлиб, ул кишидан “Яссавия” тариқатининг сир-асрорларини, одобларини ўрганади ҳамда илми зоҳирий ва ботиний йўриқларидан воқиф бўлади. Зангиотанинг бутун онгли ҳаёти Мовароуннаҳр халқларининг энг оғир ва даҳшатли даврига тўғри келади. Зотан, XIII асрнинг 20-йилларида мўғул истилочилари Мовароуннаҳрнинг энг йирик шаҳар ва қишлоқларини култепага айлантириб, оддий меҳнаткаш халқ оммасини қуллик исканжасига солган эдилар. Ана шундай оғир вазиятда Зангиота ва унинг ўндан ортиқ халифалари ва шогирдлари бўлмиш буюк мутасаввиф зотлар халқ оммасини қаҳрамонлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, адлу инсоф, поклик, яхшилик, тўғрилак, меҳр-шафқат, художўйлик каби энг олий умуминсоний ғоялар билан озиқлантириб, уларни руҳан ва маънан тетик тутиб, уларга илоҳиёт ва иршодот йўлларини кўрсатиб турганлар.

Зангиота 656 ҳижрий – 1258 милодий йили вафот этган ва ҳозирги “Зангиота” деб аталаётган қишлоқда дафн этилади. Бу жой нафақат Шош вилояти, балки бутун Мовароуннаҳр ҳамда Хуросондаги туркий, форсий ва бошқа халқлар учун муқаддас маскан ҳисобланади. Ҳозир эса бутун туман “Зангиота” номи билан аталади.

Зангиота мақбараси Тошкент шаҳри яқинидаги шу номли қишлоқда жойлашган бўлиб, зиёратгоҳлари мақбара ва унга кираверишдаги кичик бир масжиддан иборатдир. Уни Амир Темур қурдирган ва 1420 йилда Мирзо Улуғбек унинг устига ҳозирги пештоқни бино қилдирган. Унинг амри билан пештоқ тошга ушбу “ҳадиси Қудсий” ёзиб қўйилган: “Менинг заминимдаги уйларим масжидлардир. Менинг зиёратчиларим эса уни обод қилувчилардир. Ҳар ким ўз уйида таҳорат қилиб, менинг уйимда зиёрат қилса, иззат-ҳурматимга сазовордир” XVII асрда бу ерга мадраса ва жоме масжид қурилиб, кўплаб талабалар таълим олганлар. XIX аср охирида Мирзо Рустам номли саховатли киши томонидан мавжуд мезана қурилган.
Зангиотанинг табаррук мақабаралари қадим-қадимдан зиёратчилар билан гавжум бўлиб келган. Ўрта осиёлик ва афғонистонлик зиёратчиларнинг кети узилмаган. Фақат, кейинги 70 йиллик истибдод замонида зиёратгоҳлар ҳам зиёратчилар ҳам таъқибга учрадилар.

1930 йилда Зангиота зиёратгоҳининг масжиди ёпиб қўйилди. 1945 йилда масжид расман очилган бўлсада, 1946 йилга келиб яна ёпиб қўйилди ва атеистик музейга айлантирилди. Ниҳоят, 1989 йилда мусулмонлар талабига кўра мазкур жоме масжиди ҳамда зиёратгоҳ яна қайтадан очилди. Ҳозир бу табаррук масканга Ўрта Осиёнинг барча шаҳар ва қишлоқларидан зиёратчилар тўхтовсиз келиб турибдилар.

Туроб Тўла кўчаси (1991 йилгача 9-Январ кўчаси) Бешёғоч майдони билан Ўзбекистон шохкўчаси оралиғида жойлашган. Кўча шу ерда 1936 йилда қурилган, мутахасислар уйида яшаб ижод қилган шоир ва драматург Т.Тўла номи билан аталган. Ушбу кўча 1903 йилда кўнка, 1913 йилда трамвай йўли ўтиши муносабати билан вужудга келган. Кўнка ва трамвай Чорсу майдони билан Бешёғоч кўча ва Бешёғоч майдони орқали Тошкент вокзалини боғлаб турган. Кўчанинг 9-Январ дейилганига сабаб, Анҳор каналининг трамвай йўли ўтган соҳилида 1905 йил 9-январда Петроградда бўлиб ўтган қўзғолон (тарихда қонли якшанба номи билан эсланади) иштирокчилари Тошкентга сургун қилинганидан сўнг бунёдга келган пастак уйлардан иборат маҳалла. Январский посёлка деб аталган. Кўча тушгандан кейин 9-Январ номи билан атала башланган.

Давоми кейинги мақолаларда

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Шайхонтоҳур. Хадра, Дархон, Баландмасжид, Занжирлик, Ўқчи маҳаллалари

Post Views: 137 Хадра маҳалласи Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги қадимги мураккаб чорраҳаларидан бири ҳисобланади. Шаҳристон …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *