Бош саҳифа » Тошкент тарихи » Тошкентда ноширлик

Тошкентда ноширлик

НОШИРЛИК – Тошкент ҳудудида босмахона пайдо бўлгунга қадар китоб тайёрлашда котиб, хаттотлар меҳнати муҳим ўрин тутган. Бу борада Тошкентда Абдулвадуд котиб (15–16-аср), Абдулҳақ котиб (1808–1886), Муҳаммад Юнус котиб (19-аср), Абдулманноп котиб (1880–1945), Муҳаммад Шоҳмурод котиб (1850–1922), Сидқий Хондайлиқий (1884–1934) ва бошқаларнинг фаолиятлари диққатга сазовор. Улар Тошкентда китобат санъатини – қўлёзма китобларни яратиш, кўчириш ва зийнатлаш ишларини ривожлантирдилар. Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида, шунингдек, Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонасида бошқа ноёб қўлёзма китоблар қатори тошкентлик котиблар тайёрлаган китоблар ҳам сақланади. Бутун Туркистонда бўлгани каби Тошкентда ҳам хаттотлик йўли билан китоб тайёрлаш узоқ вақт давом этди, ҳатто китоб босиш кашф қилингандан кейин ҳам, дастлабки вақтларда Тошкентда китоблар қўлёзма йўли билан кўпайтирилар эди. Ҳозирги Ўзбекистон миллий кутубхонасида бир гуруҳ хаттотлар 2-жаҳон урушига қадар қўлёзма китоблар нусхасини кўпайтириш билан шуғулланганлар. 1943 йилда Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-ти ташкил топгач, кутубхонадаги малакали хаттотлар (Ибодулла Одилов, Абдуқодир Муродов, Абдулла Носиров, Усмон Каримов ва б.) институтга ўтишди, улар ноёб қўлёзмаларни тиклаш, кўчириш, тавсиф варақаларни тузиш ишларини олиб бордилар. 20-асрнинг 80-йилларига келиб, айниқса, Ўзбекистон мустақиллигидан сўнг санъат намунаси сифатида китобат санъати қайта тиклана бошлади. Бунда Ҳабибулла Солиҳ, Абдулла Мирсоатов, Салимжон Бадалбоев, Тўхтамурод Зуфаров, Алишер Шомуҳаммедов ва бошқаларнинг хизмати катта.

Тошкентда китоб босишнинг юзага келиши. Тошкентда босма усул билан китоб чиқариш 19-асрнинг 2-ярмидан, Туркистон ўлкасини чор Россияси истило этганидан кейин тарқалди. Тошкентда дастлабки босмахона 1868 йил Туркистон ҳарбий округ штаби ҳузурида ташкил этилган, унда рус тилида биринчи босма китоб – Ўрта Осиё фаунаси, географияси ва геологиясини тадқиқ қилган рус олими Н.А.Северцовнинг асари нашр этилган. Шундан кейин Тошкент Ўрта Осиёда китоб босишнинг м-зига айланди. 1871 йил ўзбек тилидаги биринчи босма китоб (асосан, савдо-сотиқ билан шуғулланувчиларга мўлжалланган) – Ш. Иброҳимовнинг «Календарь» китоби араб алифбосида нашр этилди. Шу даврларда хусусий босмахоналар ҳам пайдо бўла бошлади: В.Ф.Пастухов босмахонаси (1876, 1878 йилдан «Лахтин ва Пастухов» фирмаси, 1880 йилдан С.И.Лахтин типолитографияси), И.Ҳусанбоев (1883), О.А.Порцев (1888), F.Ҳ.Орифжонов (1889), М.Бекмуҳамедов (1908), И.Иноғомжонов (1914) типолитографиялари ва б. Уларда ўзбек ва рус тилларида бадиий ва ўқув адабиётлари босилган. 1882 йил Тошкентда Сўфи Оллоёрнинг «Сабот ул-ожизин» асари, 1883 йил Навоийнинг «Девон»и ва Машрабнинг шеърлари, 1892 йил Бедилнинг «Танланган асарлар»и, Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си, кейинчалик Гулханий, Муқимий, Фурқат асарлари, Абдулла Авлоний, С.Саидазизов дарсликлари ва б. нашр этилди. 20-йилнинг 10-йилларида Тошкентда китоб нашр эттириш ва омма ўртасида тарқатиш ишлари билан шуғулланувчи ширкатлар ва ш.к. пайдо бўлди. «Маданият», «Мактаб», «Туркистон кутубхонаси» ширкатлари шулар жумласидандир. Бу ширкатларга Тошкентнинг бадавлат ва маърифатпарвар кишилари, жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндалари, шунингдек, илғор кайфиятдаги рус ва татар зиёлилари уюшган эди. Октябрь тўнтаришидан олдинги йилларда Тошкентда бир йилда ўртача тиражи 10 минг нусхадан иборат 10 номда китоблар нашр этилди; 13 босмахона ва литография ишлади.

Нашриётлар. Октябрь тўнтаришидан сўнг барча босмахоналар мусодара қилиниб, давлат ихтиёрига ўтказилди.

1920 йил мартда Тошкент шаҳрида Туркистон давлат нашриёти (Туркдавнашр) таъсис этилди. Бу Ўрта Осиёда илк китоб нашриёти бўлиб, унга ўлкадаги барча нашр ишларини бирлаштириш, қоғоз тақсимоти ва босмахона жиҳозларини назорат этиб, раҳбарлик қилиш вазифалари юкланди.

Фуқаролар уруши тамом бўлиб, ҳарбий интервенция тугатилгандан кейин барча нашр ишлари янги иқтисодий сиёсатга мувофиқ қайта қурилди.

1923 йилдан Туркдавнашр Ўрта Осиё давлат нашриёти деб атала бошланди. Тошкентда нашриёт ишини йўлга қўйиш ва таржимачиликка Абдулла Авлоний, Абдураҳмон Сайёҳ Содиқов, Мунавварқори Абдурашидхонов, Қосим Сорокин ва б. салмоқли ҳисса қўшдилар.

Ўрта Осиёда миллий-давлат чегараланишидан сўнг (1925) Ўрта Осиё давлат нашриёти негизида Ўзбекистон давлат нашриёти – Ўздавнашр ташкил топди.

30-йиллар нашриётлар маҳсулотининг ғоявий-сиёсий йўналишида партиявий ҳукмронлик мустаҳкамланди. 30-йилларнинг 2-ярмида тегишли халқ комиссарлари ва ташкилотларининг ихтисослашган тармоқ нашриётлари барпо этилди.

2-жаҳон уруши йилларида нашриётлар фронт ва мамлакат ичкарисидаги эҳтиёжга мувофиқ қайта қурилди. Тошкентдаги 8 мустақил нашриёт Ўздавнашрга бирлаштирилиб, матбаа корхоналари ҳам унинг ихтиёрига берилди. Айрим муассасаларга қарашли нашриётлар ёпилди. Китоб нашри кескин қисқарди.

Урушдан кейинги йиллар ихтисослашган нашриётларни тиклашга ҳаракат қилинди. 1950 йил «Ўзўқувпеддавнашр» (кейинчалик «Ўқитувчи» нашриёти) тикланди; 1957 йил Адабиёт ва санъат нашриёти (кейинчалик Fафур Fулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти), 1959 йил «Медицина» нашриёти (кейинчалик Ибн Сино номидаги нашриёт) ва б. нашриётлар очилди. Нашриётлар маҳсулотлари коммунистик мафкурага хизмат қилишга қаратилди. Шу мақсадда жуда кўп номда ва нусхада марксизм-ленинизм асарлари, ижтимоий-сиёсий адабиётлар нашр этилди. Айни вақтда Алишер Навоийнинг 15 жилдли асарлари, Ҳамза, Fафур Fулом, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Комил Яшин, Миртемир ва б. ёзувчиларнинг сайланма асарлари, жаҳон мумтоз адабиёти намуналари чиқарилди. 1968 йил Ўзбек Совет Энциклопедиясини нашр этиш мақсадида Ўзбек Совет Энциклопедияси (ЎзСЭ) Бош редакцияси ташкил этилди. Ушбу Бош редакция томонидан 1971–80 йилларда 14 жилдли Ўзбек Совет Энциклопедияси нашр этилди. 1991 йилдан ЎзСЭ Бош редакцияси Қомуслар бош таҳририяти деб аталиб, қомусий ва маълумотнома адабиётлар, луғатлар нашр этадиган марказга айланиб қолди.

Лекин советлар тузуми даврида Ўзбекистондаги нашриётларнинг моддий-техника базаси ривожланган мамлакатлар даражасидан анча орқада эди. Шу сабабли босилган китобларнинг матбаа ижроси сифатсиз эди. Нашр этиладиган китобларнинг нафақат ижтимоий-ғоявий йўналиши, балки умуман нашриётларнинг йиллик режалари собиқ Марказдан қатъий назорат қилинарди. Ижтимоий фанлар бўйича маҳаллий муаллифлар дарсликлар ёзишларига имкон қадар йўл берилмасди (Марказда нашр этилган дарсликлар, асосан, таржима қилинарди).

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ноширликда кескин ўзгариш бўлди. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг «Ноширлик фаолияти тўғрисида» қонуни (1996 йил 30 август) ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур қонун асосида ноширлар ўз фаолиятларида, шу жумладан ноширлик йўналишини, мавзуларни, ихтисослашувини, чиқариладиган маҳсулот нусхасини белгилашда, муаллиф танлашда мустақил фаолият юритадиган бўлди. Юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтганидан ва лицензия олганидан кейин ноширлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлди. Нашрга тайёрланган қўлёзмалар ва материалларни цензурадан ўтказиш бекор қилинди. Нашриётлар бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиқиб, харидоргир китоблар нашр этишга ҳаракат қила бошладилар. Китоб маҳсулотлари мазмун-мундарижасини белгилашда уларга тўла эркинлик берилди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши муносабати билан ўзбек тилидаги китоблар салмоғи ошди. Амир Темур мавзуи, буюк мутафаккирлар, диний, миллий қадриятлар билан боғлиқ кўплаб китоблар чиқарилди. Жумладан Т.даги наш-риётларда 33 жилдли «Хотира» китоби чоп этилди. «Ўзбекистон» нашриётида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг кўп жилдли асарлари нашр қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 20 мартдаги «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриётини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти тузилиб, унинг зиммасига 12 жилдли универсал «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»ни нашр этиш топширилди ва бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Нашриёт 2000–2006 йиллар мобайнида «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»нинг умумалифбо тартибидаги 1–11-жилдларини, Ўзбекистон Республикасига бағишланган 12-жилдини нашр этди. 2006–08 йилларда 5 жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» чоп этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 3 июлдаги «Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига биноан Ўзбекистондаги ноширлик ишига раҳбарлик қилиб келган Давлат матбуот қўмитаси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги этиб қайта ташкил этилди. Агентлик зиммасига, бошқа вазифалар қатори, ноширлик ишлари ва матбаачиликни кенг миқёсда ривожлантиришга кўмаклашиш, амалдаги қонунчиликка риоя этиш устидан мониторингни амалга ошириш, ноширлик-матбаачилик фаолиятининг ишлаб чиқариш техника базасини ривожлантириш ва янгилаш, стандартлаштириш ҳамда сертификатлаш соҳасидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш топширилди.

2002 йил 10 апрелда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги Fафур Fулом номидаги Адабиёт ва санъат, «Ёзувчи» нашриётлари ва Рангли босма фабрика бирлаштирилиб, Fафур Fулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи (НМИУ) ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 11 июндаги «Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 274-қарори асосида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги «Ўзбекистон», «Меҳнат», «Ўзбланкнашр» нашриётлари, Тошкент матбаа к-ти бирлаштирилиб, «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи («Ўзбекистон» НМИУ)га айлантирилди; «Ўқитувчи» нашриёти ва Тошкент китоб-журнал ф-каси негизида «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа-ижодий уйи («Ўқитувчи» НМИУ); «Чўлпон» нашриёти (1986 йилдан фаолият кўрсатган), «Ижод дунёси» нашриёт уйи (2000 йилдан фаолият кўрсатган) ҳамда босмахона бирлаштирилиб, «Чўлпон» нашриёт-матбаа ижодий уйи («Чўлпон» НМИУ) ташкил этилди; «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриётига Абдулла Қодирий номидаги Халқ мероси нашриёти ва Абу Али ибн Сино номидаги Тиббиёт нашриёти қўшилиши муносабати билан қайта ташкил этилиб, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти деб атала бошланди.

2009 йил бошида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигидан рўйхатдан ўтган 89 нашриётдан 72 таси Тошкент шаҳрида жойлашган. Булардан 43 таси давлат, 6 таси жамоат, 33 таси хусусий, 7 таси ҳиссадорлик нашриётидир.

Нашриётчилар ва матбаачилар ўз соҳаларига замонавий ноширчилик, босма усуллар, янги техника жорий қилиб бормоқдалар. Тошкентда 1290 дан ортиқ матбаа корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, «Ўзбекистон» НМИУ, «Ўқитувчи» НМИУ, Fафур Fулом номидаги НМИУ, «Янгийўл матбаа сервис» очиқ акциядорлик жамияти ва бошқа йирик корхоналар ишлаб турибди.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

«Туркистон альбоми»

Post Views: 310 «ТУРКИСТОН АЛЬБОМИ» – Туркистон ўлкаси, унинг ижтимоий ҳаёти, аҳолининг турмуш тарзи, маданияти …

Битта мулоҳаза

  1. Salom qalay adabiyot she’r yozganman 1gazetaga chiqorasizmi

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *