Солиҳбек охунд

СОЛИҲБЕК ОХУНД (тўлиқ исми Мулла Солиҳ охунд) (1813– 1868) – давлат арбоби, уламо, мударрис, чор Россияси қўшинларига қарши Тошкент мудофаасининг раҳбари. Отаси – Қўқон хонлигининг энг нуфузли кишиларидан бири бўлган, унга додхоҳ унвони берилган; Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган ишларда унинг маслаҳати муҳим аҳамият касб этган.

Солиҳбек охунд дастлаб Тошкент мактаб-мадрасаларида, сўнг Бухорода (1832–42) таҳсил олиб, охунд илмий унвонига сазовор бўлган. Шералихон (1832–44) томонидан юборилган «Муборакнома»га мувофиқ хон саройида маслаҳатчи вазифасини бажаради, кўп ўтмай Тошкентга қози ва раис ҳамда Хожа Аҳрор Валий, Кўкалдош мадрасаларига бош мударрис лавозимига тайинланади.

Худоёрхон (1845–58) даврида ҳам унинг мавқеи кўтарилади. Маллахон тахтга келгач (1858–62), Солиҳбек охундни Қўқонга чақиртириб «Қозилик ва бошқа амалларга» ёрлиқ беради. Султон Сайидхон (1863–65) даврида ҳам хоннинг яқин маслаҳатчиларидан бири бўлган. Алимқул шаҳид бўлгач, якка ўзи Тошкент мудофаасини бошқаради. Барча маблағини шаҳар муҳофазаси учун сарфлайди. Генерал М.Черняев билан ўртада тузилган шартнома аҳдларини тузишда фаоллик кўрсатган. Бу шартнома қабул қилиниб, ўртада «Аҳднома» битилгач, кутилмаганда Черняев шартномани бузиб, ўз хоҳишига мос келадиган 2-шартномани тузади. Солиҳбек охунд унга имзо чекишдан бош тортади. Шу сабабли 9 нафар шериги билан судсиз Томск шаҳрига сургун қилинади.

Тошкент шаҳрининг 37 нафар нуфузли кишилари Солиҳбек охундни сургундан қайтариш учун императорга «Илтимоснома» (1867) юборадилар. Унга қайтиш учун рухсат берилганлигини эшитган рақиблари одам ёллаб Солиҳбек охундни заҳарлаб ўлдирганлар.

Манбаларда Солиҳбек охунд Хожа Аҳрор Валий мадрасасини ўз маблағи ҳисобидан тузаттиргани, Кўкалдош мадрасасини ҳам таъмирлаб, 3 ошиёнлик ҳужраларини ганч сувоқ қилдиргани маълум. Солиҳбек охунд уламо бўлиш билан бирга кучли тиб олими ва қасиданавис шоир ҳам бўлган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *