Тошкент уезди
ТОШКЕНТ УЕЗДИ – маркази Тошкент ҳисобланган маъмурий-ҳудудий бирлик (1887–1924; 1867–86 йилларда Қурама уезди). 1918 гача Туркистон генерал-губернаторлиги, 1918–24 йилларда Туркистон АССР, 1926–30 йилларда Тошкент округи таркибида. Майдони 25610 кв. верста, аҳолиси тахминан 310 минг киши бўлган (1909). Тошкент уездида аксарият ўзбеклар, шунингдек, татарлар, қозоқлар ва бошқалар яшаган.
Ерлари Чирчиқ, Келес, Оҳангарон ва бошқа дарёлардан суғорилган. Аҳолиси, асосан, деҳқончилик (асосий экинлари: буғдой, шоли, пахта ва бошқалар), боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Тошкент уездида пахта тозалаш, пиво ва кўн заводдлари бўлган, майда ҳунармандчилик ривожланган. Тошкент уездини уезд бошлиғи бошқарган. Уезд 4 бўлимга: Пискент, Шаҳар атрофи, Троицк, Хонободга бўлинган (1909). Шаҳар атрофи қуйидаги мавзеларни ўз ичига олган: Зангиота, Миробод, Оққўрғон, Чилонзор, Қатортол, Чўпонота, Оқтепа, Қорасарой, Юнусобод, Отчопар, Посира, Шўртепа, Яланғоч, Ўнқўрғон, Шибли ва бошқалар (мавзелар секин-аста Тошкент ҳудудига қўшилиб кетди). Ўзбекистондаги янги маъмурий-ҳудудий бўлиниш туфайли Тошкент уезди тугатилган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил







Изоҳлар