Бош саҳифа » Тошкент тарихи » Тошкент тупроққўрғони

Тошкент тупроққўрғони

ТОШКЕНТ ТУПРОҚҚЎРFОНИ – Анҳор каналининг чап соҳилида, шаҳар қалъа деворининг Қўймас (Қатағон) дарвозаси ташқариси (ҳозирги Ўзбекистон кўчаси ёни)даги тепаликда 1865 йил барпо қилинган. Бу тепаликда илк ўрта асрларда қурилган Қўймас истеҳкоми бўлган, унинг қолдиқлари кейинчалик Тали Қўймас, яъни Қўймастепа деб аталган. 1865 йил июнда Тошкент чор Россиясининг генерал Черняев бошчилигидаги қўшинлари томонидан босиб олингач, бу тепаликда ҳарбий қалъа қуришга киришилган. Қалъанинг тарҳи олти бурчакли бўлиб, баланд тупроқ кўтармалари билан ўралган, бурчакларида мустаҳкам бастион (бурж)лари бўлган. Кўтармаларнинг айрим жойларига ғиштдан деворлар ишланиб ўт очиш учун шинаклар қилинган. Ички қисмида 6 пиёдалар ротаси учун казармалар, офицерлар учун бино, лазарет (150 ўринли), ўқ-дори, кийим-бош ва озиқ-овқат омборхонаси ва порох учун ертўла қурилган. Асосий кириш йўли (шарқий дарвоза) ғиштдан ҳашамдор ишланган. Кейинчалик тупроққўрғон ташқарисида ремонтхона, аслаҳахона ва пиёда аскарлар батальони учун 2 казарма қурилган. Тошкентда европалик аҳоли учун Янги шаҳарнинг қурилиши шу тупроққўрғонни бунёд этишдан бошланди. Тошкентлик тарихчи Муҳаммад Солиҳхўжа Тошкент тупроққўрғони қурилишининг бевосита гувоҳи бўлган ва ўзининг «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида ёзиб қолдирган. Қалъани Бекларбеги ўрдаси билан (Ўрдага ўша йили август ойида Черняев ўз отряди билан жойлашиб олган) боғловчи дастлабки кўча (кейинчалик Абдулла Тўқай кўчаси) барпо этилди. Қалъа яқинида егулик нарсалар сотиладиган бозорча ҳам очилди. Қалъани Россия билан боғловчи йўл асосан Қорасарой дарвозаси орқали ўтарди. Тупроққўрғон яқинида, ҳоз. Мустақиллик майдонида губернатор саройи – «Оқ уй» қурилди. Тошкент тупроққўрғони олдин самодержавиенинг, ундан кейин большевизмнинг таянч тимсоли бўлган. Тепаликда жойлашган қалъа Эски шаҳар устидан назорат қилиб туриш ва айни вақтда мустамлакачилар яшайдиган Янги шаҳарни қўриқлаб туриш имконини берган. 1867–83 йилларда Тошкент тупроққўрғонидан ҳар куни соат 12 да тўп отилган. 1917 йил 1 ноябрда Тошкент тупроққўрғонида шўро ҳокимиятининг байроғи ўрнатилди. Ҳозир Тошкент тупроққўрғони ўрнида Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳи бинолар мажмуаси жойлашган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Тошкент қозилари

Post Views: 880 Ўрта Осиёда ҳуқуқий масалалар кўп асрлар давомида ислом шариати аҳкомларига кўра қозилар …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *