МАСЖИД, Мачит (араб тилида «сажда қилинадиган жой») – шаҳарда дастлабки Масжид Бинкатда бунёд этилган. Лекин бу ҳақда батафсил маълумотлар етиб келмаган. 9–10-аср араб тарихчилари Истахрий, Мақдисий ва ибн Ҳавқал шаҳар арки ёнидаги жоме масжидини тилга олиб ўтган. 13-аср муаллифи Жамол Қарший ўзининг «Мулҳақат би-с-суроҳ» асарида Шошда кўплаб Масжидлар бўлганлигини ифодалаш учун «маҳаллаларида минглаб масжидлар бор» дея таъриф берган эди. 13–18-асрлар давомида Тошкень муҳим ижтимоий-сиёсий ва маданий-маънавий шаҳарлардан бири бўлиб, шаҳарда олдингига қараганда кўпроқ Масжид фаолият юритган.
19-асрга келиб шаҳарда Масжидлар сони янада ортган. Бунинг сабаби, бир томондан, шаҳарнинг кенгайиб бориши ва ундаги маҳаллалар сонининг ортиши билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам 19-асрда Тошкент шаҳридаги Масжидлар сони тўғрисида манбаларда турлича маълумотлар берилган. Хусусан, 1866–1868 йилларда Тошкентда бўлган рус сайёҳлари П.И. Пашино ва А.П. Хорошхин ёки уларнинг маълумотларига таяниб изланиш олиб борган немис тадқиқотчиси Ф. Ҳеллвалд 19-асрнинг 60-йиллари 2-ярмида Тошкентда 280–310 атрофида Масжид бўлганлигини қайд этган. Тошкент шаҳри тадқиқотчиларидан Н. Маев 1876 йилда эълон қилган «Осиё Тошкенти» номли мақоласида Бешёғоч даҳасида 68 та, Шайхонтоҳур даҳасида 60 та, Кўкча даҳасида 51 та, Себзор даҳасида 10 та Масжид борлигини қайд қилган. Тошкент тадқиқотчиларидан А.И. Добросмислов эса 20-аср бошида Тошкентдаги Масжидлар сони 400 га яқинлигини таъкидлаган.
Бу даврда шаҳардаги Масжидлар сони аввалгига қараганда тез ўзгариб турган. Буни архив ҳужжатларида қайд қилинган 1868 йилда 297 та, 1873 йилда 248 та, 1889 йилда 180 та (фақат вақфли Масжидлар), 1911 йилда 345 та, 1912 йилда 333 та Масжид бўлганлигидан билиш мумкин. 19-асрнинг бошларидан шаҳарнинг европаликлар яшайдиган қисмида ҳам Масжидлар кўпайиб бориб, 1911 йилда уларнинг сони 12 тага етган.
Масжиднинг асосий қисми анъанавий тарзда тўғри тўртбурчак ёки тўртбурчак тарҳда, усти ёпиқ иншоот – хонақоҳ, минора, мезана, айвон ва дарвозахонадан иборат бўлган. Тошкентда Қаноат оталиқ қурдирган Баландмасжид, Гулбозор, Ўразалибой, Фўлодбой Тинчбофий, Шарафибой, Қаффол Шоший мозоридаги жоме Масжид, Хожа Аҳрор Валий жоме масжиди ва бошқа аксарият жоме Масжидлар катта гумбазлар билан ёпилган. Жумладан, Баландмасжиднинг гумбази 8 буржли ҳашаматли қилиб ишланган. Рус сайёҳи П.И. Пашинонинг ёзишича, шаҳардаги Масжидларининг аксарияти минорали бўлган.
19–20-аср бошларидаги Тошкент Масжидларини бир неча гуруҳга бўлиш мумкин: жоме Масжидлар, маҳалла Масжидлари, гузар Масжидлари, мадрасалар таркибидаги Масжид, мозор-зиёратгоҳлар қошидаги Масжид, бозор ва расталардаги Масжид.
Бундан ташқари, шаҳарда аҳоли намозгоҳлар ва ийдгоҳларда ҳам жамоат бўлиб намоз ўқиган. Айрим йирик Масжидлар қошида мадрасалар фаолият кўрсатган. Шайхонтоҳур даҳасида «Ўқчи» маҳалла масжиди, Себзор даҳасида «Тахтапул» маҳалласидаги Жуманбий масжиди, «Қанғироқкўча» маҳалласидаги масжид, Кўкча даҳасининг Турсунота маҳалласидаги Олимбек, Бешёғоч даҳасидаги Мулла Отабойҳожи маҳалла Масжиди шулар сирасига кирган.
Тошкентдаги Масжидлар бошқа жойлардаги каби, нафақат ҳокимлар ва амалдорлар томонидан, балки тасаввуф вакиллари, шаҳарлик бойлар ҳамда маҳалла аҳолиси вакиллари томонидан ҳам қурилган. Жумладан, имом Зайниддинхўжа Азаматхўжа ўғли, Подшоҳхўжа Ўзбекхўжа ўғли, Юсуфхон эшон Мансурхон эшон ўғли, Фўлодбой Тинчбофий, Шарафибой Зайнобидин ўғли, Зоҳиджонбой Муллажонбой ўғли, Қосимбой Қоратутий каби шахслар шаҳарда бир неча Масжид қуриб, уларга вақф мулклари ажратган. Шунингдек, Масжид қуришда аҳолининг қуйи қатлами ва бошқа шаҳарлик кишилар қатнашган. Айрим Масжидлар эса ўзига тўқ аёллар маблағи эвазига бунёд этилган. Эскижўвада жойлашган қадимий Масжидлардан Хотин масжиди, Кўкча даҳасининг «Чуқурқишлоқ» маҳалласида Тугма хотин, Бешёғоч даҳасининг «Қўғурмоч» маҳалласидаги Очилдибой аёли бино қилган Масжидлар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, айрим маҳаллалар ва бозорлар яқинидаги Масжидларни маҳалла одамлари ва бозор аҳли йиғилиб бунёд этган.
Масжидларда имом, муаззин, мутавалли; йирик Масжидларда эса фаррош, сартарош ва қоровул хизмат қилган. Улар Масжиднинг вақф мулкидан белгиланган тартибда маблағ билан таъминланган. Масжиднинг вақфлари аввало Масжид қурувчиси, қолаверса, ҳокимлар ва ўзига тўқ кишилар томонидан ажратилган. Масжид вақфларини, асосан, шаҳардаги дўконлар ва ерлар ташкил қилган. Бозорлардан ташқари, Масжидга туташ ерда ва Масжид ҳовлиларида ҳам вақф сифатида дўконлар ишга туширилган ва уларда Масжид сўфиси ёки мутаваллиси савдо қилган. Бундан ташқари, карвонсаройлар, тегирмонлар, обжувозлар, экинзорлар, боғлар, дарахтзорлар, ҳовлилар ва пул маблағлари ҳам эгалари томонидан белгиланган шартлар асосида вақф қилинган. Вақф мулкларини назорат қилиш Масжиднинг хўжалик ишлари юритувчиси – мутавалли томонидан олиб борилган. Бу иш кўп ҳолларда Масжид қурувчи ҳамда вақф қилувчининг ўзи ёки унинг авлодлари қўлида бўлган.
Тошкент Масжидлари ҳам, минтақанинг бошқа шаҳарларида бўлганидек, ўтмишда жамият ҳаётида муҳим ижтимоий-сиёсий вазифаларни бажариш билан бирга маданий-маънавий марказз вазифасини ҳам ўтаган. Хусусан, шаҳардаги жоме Масжидларда ҳукмдорлар ва ҳокимлар фармон ва буйруқларини халққа эълон қилиш, айбдорларни жазолаш ишлари ўтказилган. Шу билан бирга Масжидларда мадраса ва мактаблар мавжуд бўлиб, таълим-тарбия масканлари сифатида ҳам фаолият юритган.
1918 йил 13 май Туркистон ХКС буйруғи билан диний муассасалар фаолиятини марказлаштиришда катта роль ўйнаган «Уламо» мусулмонлар ташкилотининг тугатилиши натижасида, бутун ўлкада бўлганидек, 1918–20-йиллар Тошкент шаҳридаги Масжидлар фаолиятида ҳам беқарор давр бўлди. Айни пайтда Тошкентда ташкил этилган «Диния бошқармаси» («Маҳкамаи шаърия») расман 1921 йил бошида иш бошлаган бўлса-да, Ўлка вақф бошқармаси сифатида кенг кўламда фаолият олиб борди. Бу пайтга келиб Тошкентда фаолият юритаётган Масжид сони 1917 йилдагига нисбатан анча кам бўлса-да, 1925 йилда Ўзбекистон собиқ иттифоқ таркибига киритилгач, динларга хусусан, ислом динига бўлган муносабат кескин ўзгарди. 1927 йил Ўзбекистон компартиясининг 3-съездида «Дин ва динга муносабат» масаласида резолюция қабул қилиниб, динга қарши ташвиқотлар бошланди. Ўзбекистондаги, жумладан Тошкент шаҳридаги деярли барча Масжид ёпилиб, бинолари бошқа мақсадларда фойдаланишга топшириб юборилди.
1943 йил Тошкентда Эшон Бобохон ташаббуси билан расман Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар идораси ташкил этилгач, Тошкент масжидлар фаолияти яна жонланди. Диний идора томонидан шаҳардаги айрим Масжидлар таъмирланди. 1951 йилги расмий қайдномага кўра, Тошкентда 1944–46 йилларда қайтадан очилиб ишга туширилган Тиллашайх, Мўғулкўча, Аллон, Чиғатой-Чақар, Маҳкама, Шайх Зайниддин, Қизил Товуш, Саричопон, Хожа Аламбардор, Новза, Яккасарой, Ракат, Қиёт, Мирза Юсуф, Отчопар, Олмазор, Орқакўча Масжидлари фаолият юритган.
Бироқ орадан кўп вақт ўтмай яна бутун республика бўйлаб Масжидларни ёпиш бошланди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 1951 йилда жоме Масжидга қўшиб юбориш йўли билан 8 та Масжид ёпилди. Жумладан, Мўғулкўча, Чиғатой, Оқилон, Чақар Масжидлари Тиллашайх масжидига, Олмазор ва Маҳкама Масжиди Саричопон масжидига қўшиб юборилди. Уларнинг бинолари эса фойдаланиш учун туман ижроия комитетларига берилди. Натижада Тошкент шаҳридаги кўплаб Масжид биноларидан кўрлар жамиятлари, турли артелларнинг цехлари, омборхоналари, чойхоналар, ётоқхоналар, клублар сифатида фойдаланилди.
Тадқиқотчи И.Ф. Бородинанинг қайд қилишича, 1954 йилда Тошкент шаҳридаги 60 га яқин Масжид бинолари турли муассасалар ихтиёрида бўлган ва уларнинг кўпчилиги ўзининг асл ҳолатини йўқотган эди. Айрим Масжидлар эса 30–40-йиллардаёқ бузиб ташланган.
20-асрнинг 60–70-йилларида Тошкент шаҳридаги Масжидларнинг кўпчилик қисми харобага айланган ёки уларнинг биносидан бошқа мақсадларда фойдаланиш давом этган (айримларигина тарихий ёдгорлик сифатида сақлаб қолинган). 1966 йилги Тошкент зилзиласи ва шаҳарда олиб борилган қурилиш ишлари жараёнида ҳам кўплаб эски Масжидлар бузиб ташланди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг динга ва диндорларга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Ҳукумат томонидан тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва асл ҳолида таъмирлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида, бошқа шаҳарларда бўлганидек, Тошкент шаҳридаги сақланиб қолган Масжидлар таъмирланиб шаҳарликлар ихтиёрига берилди. Хусусан, Шайх Зайниддин ва Хожа Аҳрор жоме Масжидлари айни шу йилларда ўз фаолиятини қайтадан бошлади.
Шу билан бирга шаҳарнинг турли туманларида янги Масжидлар қурилиб, ишга туширилди. Айниқса, 2007 йилда Тошкентнинг ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши билан Ҳазрати имом мажмуасида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, Ҳастимом жоме масжиди шарқона услубда қайтадан бунёд қилиниб, маҳалла аҳлига фойдаланишга топширилди.
Тошкентда тарихий аҳамиятга эга Масжидлардан Хожа Аҳрор Валий жоме масжиди, Мўйи Муборак («Уккоша») жоме масжиди, Коҳота Бузрук жоме масжиди, Хўжа Аламбардор жоме масжиди, Сузукота жоме масжиди, Қўйлиқота жоме масжиди, Тўхтабой жоме масжиди, Эшонгузар жоме масжиди, Имом ат-Термизий жоме масжиди, Ҳазрати имом жоме масжиди ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси тизимида расмий равишда рўйхатдан ўтган жами 114 масжид фаолият юритади (2008).
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил