1867 йил 11 июль – Россия императори Александр II нинг Фармонига биноан Еттисув ва Сирдарё вилоятларидан иборат Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилди ва Еттисув ва Сирдарё вилоятларини бошқариш тўғрисидаги Низом асосида Тошкент шаҳар бошқармаси тузилди.
Ушбу Фармонга кўра, Тошкент шаҳри Туркистон генерал-губернаторлигининг пойтахти ва Сирдарё вилоятининг маркази деб юритилди.
1917 йил 28 март – Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши таркибида, яъни Тошкент шаҳрида Янгишаҳар ва Эскишаҳар районлари (маъмурий-ҳудудий бирликлари) ташкил этилди.
1918 йил 30 апрель – РСФСР таркибида Туркистон АССР ташкил этилиб, унинг пойтахти Тошкент шаҳри деб белгиланди.
1924 йил 27 октябрь – СССР Муваққат Инқилобий қўмитанинг II сессияси қарорига асосан ЎзССР ташкил этилиб, унинг пойтахти Тошкент шаҳри деб белгиланди.
1924 йил 22 ноябрь – Муваққат Инқилобий қўмита республика пойтахтини Самарқанд шаҳрига кўчиришга қарор қилди.
1925 йил 11 февраль – Ўзбекистонга ташриф буюрган СССР МИҚ раиси М.И.Калинин томонидан Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонида Ўзбекистон Республикаси пойтахти Самарқанд шаҳри деб эълон қилинди.
1930 йил 17 август – ЎзССР Марказий Ижроия комитетининг «ЎзССР пойтахтини Самарқанд шаҳридан Тошкент шаҳрига кўчириш тўғрисида»ги 155-сонли қарори қабул қилинди.
1991 йил 31 август – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари VI сессиясида Ўзбекистоннинг давлат Мустақиллиги эълон қилинди. Ўзбекистон ССР – Ўзбекистон Республикаси деб қайта номланди ва унинг пойтахти Тошкент шаҳри деб белгиланди.
Эргаш Исматуллаев