Бош саҳифа » Тошкент тарихи » Тошкент. Меъморчилик ва шаҳарсозлик. 1-қисм

Тошкент. Меъморчилик ва шаҳарсозлик. 1-қисм

Қадимги Тошкент тараққиётининг дастлабки босқичларидаги тузилиши ва планлаштирилиши кўп жиҳатдан бизга но­аниқ. Эҳтимол, шаҳар аҳолиси ўтроқ ерларда, шарқдан ғарб ва жанубга қараб кетган катта карвон йўли бўйида жойлашганлиги учун ҳам сиёсий вазият ва ҳарбий тўқнашувлар туфайли ўз ўрнини ўзгартириб тургандир. У даврларда бир жойда гуркираб турган шаҳар харобага айланиши ва бироз нарида қайта бун­ёд бўлиши табиий эди. Бунга маълум даражада шаҳарнинг кучли сейсмик зонада жойлашганлиги ҳам сабаб бўлган. Археологик қазишлар натижасида турли тепалар (бағрида аҳоли яшаганлигидан дарак берадиган харобалар) очилди. Булардан энг муҳимлари – Жўн ариғи бўйидаги Шоштепа ва Салор ариғи бўйидаги Мингўрик харобаларидир. Улардаги иншоотлар, асосан, хом ғишт ва пахсадан қурилган. 5–7-асрлар археологик ёдгорликлари орасида Юнусобод Оқтепаси алоҳида эътиборга лойиқ. Икки қаватли қўрғоннинг атрофи қалин пахса девор билан ўралган, равоқли. Қўрғоннинг доира ва тўғри тўрбурчак тарҳли хоналари бўлган. Қўрғон таркибида Ўрта Осиё меъморлигидаги дастлабки намуналардан ҳисобланган гумбазли хона – оташпарастларнинг ибодатхонаси бор. Шаҳар меъморлиги аҳоли табақаланишини яққол акс эттирган. Қўрғонда шаҳар ҳукмдорлари яшаган бўлса, унинг чеккаларидан бошланиб, истеҳком деворигача туташган, ташқи кўриниши оддий, паст-баланд уйларда ҳунармандлар, деҳқонлар яшаган. Ривожланган заминдорлик даврига келиб, шаҳар шимоли ғарбга қараб, Жангоб ариғи бўйларига кўчган (қ. Бинкат). 10–12-асрда бу шаҳар қурилишида қисмларга ажралиш яққол сезилган. У, асосан, 4 қисмдан – арк (Ўрда), шаҳрис­тон (ички шаҳар) ва қўш (ички ҳамда ташқи) рабоддан иборат бўлган. Аркдан ҳоким саройи ва бошқа маъмурий бинолар ўрин олган. Шаҳристонда бинолар анча зич жойлашган. Марказий Чорсу бозори ва Регистон майдони шаҳристонга туташ бўлган. Савдо-сотиқ дўконлари, ҳунармандчилик устахоналари, асосан, ички рабоддан ўрин олган. Ташқи рабодда турар жой, иморатлар оз, боғ-роғлар кўп бўлиб, шаҳарни мева-чева, сабзавот билан таъминлаган. Шаҳарнинг қисмлари мустаҳкам пахса девор билан ўралган (умумий деворга эга бўлган ва ёнма-ён жойлашган арк билан шаҳристон бундан мустасно), деворларга дарвозалар қурилган. Дарвозалардан шаҳристон марказига томон кетган йўл шаҳарнинг келгусидаги тарҳига аниқлик киритган.

Тошкент Чирчиқ дарёси бўйидаги бошқа шаҳарлар ва қишлоқлар билан яхлит шаҳарсозлик тизимини ташкил қилган. Воҳа мудофаа девори (Канпирдевор) билан муҳофаза қилинган. Мўғуллар истилоси (1220 йил) шаҳарга катта талафот келтирди. 13-асрда Тошкентда йирик қурилишлар деярли олиб борилмаган. Шу давр иншоотларидан Кўкчадаги Шайх Зайниддинбобо мақбараси бизгача етиб келган.

14-аср охири – 15-асрга келиб Тошкентнинг қўрғон девори тикланган. Шаҳар ичида ва атрофида меъморлик ҳазиралари пайдо бўлган, маҳобатли иншоотлар қурилган. Зангиота қишлоғидаги Зангиота ва Анбарбиби мақбаралари, Эски шаҳардаги Жоме масжиди, Пушти ҳаммом, Шайх Хованди Тоҳур мақбараси, Юнусхон хонақоҳи шулар жумласидандир. Шаҳристондаги кўп қурилишлар Хожа Аҳрор Валий номи билан боғлиқ. Хусусан, унинг ҳомийлигида қурилган (1451) Хожа Аҳрор масжиди ва мадрасаси шаҳарда жуда машҳур бўлган.

16-аср Мовароуннаҳр­да Тошкент мав­қеи ўсиб, кошинкор бинолар қурила бошлаган: Чорсудаги Кўкалдош мадрасаси, Ҳасти Имомдаги Қаффол Шоший мақбараси ва Бароқхон мадрасаси, Қоратошдаги ҳаммом ва бошқалар. 17-аср ва ундан кейинги асрларда қурилган ёдгорликлар қаторига Қорасаройдаги Иброҳим­ота мақбараси, Чилонзордаги Хайробод мақбараси ва масжиди, Бешёғоч кўчасидаги Баланд масжиди ва мадрасаси, «Истиқлол» санъат саройи олдидаги Абулқосим мадрасаси, Ҳазрати Имомдаги Мўйи муборак мадрасаси, Тилла шайх масжиди, шунингдек, «Ялангқар», «Охунгузар», «Каллахона» маҳаллаларининг йирик масжидлари киради.

18-аср 1-ярмида Тошкентнинг икки қўрғон девори ички ҳам­да ташқи қисм­ларини ўраб турган; 40 га яқин жоме ва жуда кўп маҳалла масжидлари бўлган. Регис­тон майдонида харсанг тош билан қопланган, томонлари 20 м ли ҳовуз қурилган, унинг четларида дарахтлар ўсган. Юнусхўжа Тошкентда чорҳокимликка барҳам бериб, шаҳар даҳаларини бирлаштиргач (80-йил ўрталари) нураб қолган қўрғон деворлари қайта тикланди. Ҳоким Юнусхўжанинг қароргоҳи Қоратошда бўлган (Эски Ўрда).

19-асрнинг 1-ярмида Тошкент ҳар тарафга, айниқса шарққа қараб кенгайган. Анҳорнинг аҳоли келиб ўрнашган чап соҳили Янги маҳалла ёки Янги шаҳар деб аталган. Ўша аср бошида Ан­ҳорнинг чап соҳилида (ҳозирги «Анҳор» кафесининг шарқий томонида) Янги Ўрда қурилди. Ўрданинг жануби-ғарбий бурчаги туртиб чиққан тўғри тўртбурчак шаклида (шарқий девори – 540 м, жанубийси – 490 м) бўлган. Ичида бекларбеги саройи, сарбозлар майдони, бошқа бинолар жойлашган. Ўрда аҳолиси Fадир ариғидан сув ичган, талайгина ҳовузлари бўлган.

19-аср ўртасида Тошкент қўрғон деворининг баландлиги 8 метрга етган; тепасида икки отлиқ бемалол ёнма-ён юра олган; бору ва бурж каби муҳофаза иншоотлари бўлган. Девор шимолда Кайковус ариғига яқин жойдан, шарқда Шибли ариғининг ўнг соҳили, жануби-шарқда Бўрижар ариғининг юқори қисми бўйлаб, жанубда Зах ариғининг шимолидан ўтган. Шаҳар атрофидаги мавзелар билан боғланиш учун қўрғон деворида катта (дарвоза) ва кичикроқ (қопқа) эшиклар бўлган. Дарвозалар 12 та, қопқалар сони эса аниқ эмас. Дарвозалардан бошланадиган кўчалар нисбатан тўғри ва катта бўлиб, шаҳар ичкарисида асосий маркази (Чорсу) билан боғланса, ташқарисида бошқа шаҳар ва қишлоқларга олиб борувчи йўл сифатида давом этган. Чорсу ва Ўрдани (нарида Қашғар дарвозаси билан ҳам) бирлаштирувчи кўча алоҳида аҳамиятли бўлиб, Катта кўча (кейинчалик Тошкўча) деб аталган. Асосий кўчаларга туташган бошқа кўчалар тор ва эгри-бугри бўлган. 1909 йил маълумотига кўра, кўчаларнинг умумий узунлиги 1343 км га етган.

«Чорсу» бозори нафақат савдо, балки ҳунармандчилик маркази ҳам бўлган. Томошалар ва байрам кунлари тунги бозор (бозоршаб) ўтказилган. Бир хил моллар билан савдо қилувчи бозорча майдони алоҳида жой олган. Ҳунармандлар растаси ҳам махсус жойларни эгаллаган. 20-аср бошларида аллофлик, ғаллабозор, арпабозор, бедабозор, сомонбозор, бордонбозор, гиламбозор, кигизбозор, наматбозор, кўрпабозор, каттабозор, кўмирсарой, кулолбозор, товоқбозор, кўчатбозор, мевабозор, нонгузар, сабзавот каби бозорча-майдонлар ҳамда баззозлик, читфурушлик, бешикчилик, вассабозор, дукчилик, заргарлик, кўнчилик, ромсозлик, совунгарлик, саррожлик, саҳҳофлик, тунукачилик, этикдўзлик, мисгарлик, чархчилик каби жами 40 га яқин ҳунармандчилик рас­талари бўлган. Расталарнинг баъзилари усти берк (томи аввал тупроқ, кейин тунука) тимда жойлашган. Тим ёзда соя-салқин бўлган. Қор-ёмғирда лойгарчиликдан асраган. Дўконлар, одатда, олди кўтариб қўйиладиган равонли синч­кор каталак хонада бўлиб, уларнинг умумий сони 4,5 минг­га етган. Бозорда Чорсу ариғининг яқинида усти томли Дуккоша (Уккоша) булоғи, унинг олдида Бадалмат ҳаммоми (ҳозирги «Чорсу» меҳмонхонаси ўрнида) бўлган. Бозордаги бош­қа ҳаммомлар [Пушти ҳаммом – эрлар учун, Маҳсидўзлик кўчасида; хотин-қизлар учун алоҳида бўлган, сақланмаган (ҳозирги Болалар ижодиёти маркази орқа қисмида)] ҳам ўзига хос услубда қурилган. Бозор ичида ва атрофида бир қанча карвонсаройлар мавжуд эди. Шаҳар қадимдан Кўкча, Себзор, Шайхонтоҳур ва Бешёғоч даҳаларига бўлинган. 20-аср бошларида Тошкент таркибига 280 га яқин маҳалла, 170 га яқин мавзе кирган.

Халқ меъморлигида пахса, гувала, хом ғишт ва япалоқ пишиқ ғишт қўлланган. 19-асрнинг сўнгги чорагидан тўғри тўртбурчак юзли (саллоти) ғишт, фанера, тунука, ойна каби қурилиш материалларидан фойдаланилган. Синчкор конструкциялар кенг тар­қалган. Равоқ, тоқи, гумбазлар кўпроқ мадраса, масжид, мақбара, ҳаммом каби биноларда қўлланган. Безак сифатида рангдор нақш, ганч ва ёғоч ўймакорлигидан фойдаланилган. Тошкент амалий санъатининг ўзига хос хусусиятлари Т.Арслонқулов, А.Болтаев, С.Хўжаев каби халқ  усталари ижодида акс этган. Аҳоли яшайдиган уйлар бир-биридан фарқ қилган. Камбағалларники содда ва кичик, бойларники кўп хонали, нақшинкор бўлган. Уйлар, асосан, 2 хона, даҳлиз ва айвондан ташкил топган. Аксари таш­қари ва ичкари ҳовлилардан иборат бўлган. Ҳовли саҳнида супа бўлиб, ток, тут, ўрик, олма каби мевали дарахтлар экилган. Деярли ҳар бир ҳовлидан ариқ ўтказилиб, ундан сув ичилган, экинлар суғорилган. Тошкентда усти ёпиқ ҳовлилар ҳам кенг тар­қалган. Бадавлат кишиларнинг уйлари икки қаватли бўлган. Шаҳар деворидан ташқаридаги дала ҳов­ли (қўрғон)ларнинг муҳофазасига алоҳида эътибор берилган. Деворлари пахсадан урилиб, баъзан гулдаста (деворга туташ минорасимон элемент)­лар билан безалган. Қўрғон уйларда айвонлар кўпроқ ўрин олган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Миршаб

Post Views: 653 МИРШАБ (арабча-форсча тун бошлиғи) – Тошкентда Октябрь тўнтаришигача маъмурий лавозим; тунги шаҳар …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *