Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент-2200. Ялангқари масжиди вақфномаси хусусида

Тошкент-2200. Ялангқари масжиди вақфномаси хусусида

Марказий Осиё халқлари, хусусан, Ўзбекистон тарихини ўрганишда тарихий ҳужжатларнинг ўрни беқиёс. Бундай ҳужжатлар орасида вақфномалар алоҳида аҳамият касб этади. Минтақа тарихига доир айрим вақф ҳужжатлари Н.Г. Маллицкий, В.В. Бартольд, П.П. Иванов, А.А. Семенов, Р.Н. Набиев, М.Ю. Юлдашев, Р.Г. Мукминова, О.Д. Чехович, Б. Қозоқов, З. Қутибоев, Ғ. Жўраева, Э. Каримов каби бир қатор тадқиқотчиларнинг ишларида ўрганилган.

Маълумки, вақфнома, асосан мадраса, масжид, мозор, қорихона каби исломий муассасалар фойдасига белгиланган мол-мулкнинг расмий-ҳуқуқий ҳужжатидир[1]. Вақф ҳужжатлари ўша давр ижтимоий-иқтисодий ҳаёти тўғрисида компиляция ва панегиризмдан узоқроқ ҳолатни тасвирлаб бериши билан аҳамиятга эга. Жумладан, масжидлар вақфномалари тадқиқи уларнинг тарихи хусусида анча батафсил маълумот беради. Масалага шу нуқтаи назардан ёндошган ҳолда Тошкент шаҳридаги қадимий масжидлардан бири – Ялангқари маҳалласида бунёд этилган Азизлархон эшон масжиди вақфномаси хусусида тўхталишни лозим топдик.

Ҳозирда Ялангқор[2] кўчаси (Чинор берккўча) 2-уйда жойлашган Азизлархон эшон масжиди 1953 йилда И.Ф. Бородина томонидан тарихий ёдгорлик сифатида қайдга олинган. Масжид бугунги кунга қадар фақат меъморий жиҳатдан В. Булатова, Л.Маньковская ва бошқа бир қатор тадқиқотчилар томонидан ўрганилган[3]. Бироқ, тадқиқотчилар унинг қурилиш услубига асосланиб, XVIII аср ўрталарида ёки 60-70-йилларида қурилганлигини таъкидласалар-да, масжид тарихи хусусида бошқа аниқ маълумотларга эга бўлмаганлар. Биз тадқиқ этмоқчи бўлган вақфнома ва унинг атрофида юритилган мулоҳазалар айрим масалаларга ойдинлик киритади.

Мазкур вақфнома ҳижрий 1223, милодий 1808-1809 йилга тегишли бўлиб, унда масжидни қурдирган деб тахмин қилинувчи Мир Қурбоншайх азизон ўз мулки бўлган Арпапоя ва Ялангқари маҳаллаларидаги катта бўлмаган ерларни масжид фойдасига вақф қилингани айтилади[4]. Вақфнома юпқа маҳаллий сарғиш қоғозга битилган бўлиб, 21х31,2 см ҳажмда, жами 12 қатор. Вақф ҳужжати қози Исахўжа ибн Юнусхон эшон (1240/1824), Шоҳ Бадал Муҳаммад муфти ибн Мулла Шоҳ Муҳаммад Амин (1240/1824), Муҳаммаджон муфти ибн Юнусхон Алавий ҳамда Мулла Хон муфти ибн Домулла Шоҳ Неъмат (1242/1826) муҳрлари билан тасдиқланган.

Аввало, вақфномада воқиф, яъни вақф қилувчи сифатида тилга олинган Мир Қурбоншайх азизон шахси диққатни тортади. Зеро, манбаларда масжидни қурдирган шахс тилга олинмаса-да, ҳозирда масжид жойлашган маҳалла аҳлига маълум бўлган бир нақлда масжид Мир Қурбоншайх исмли киши томонидан XVIII аср ўрталарида қурилганини таъкидлайдилар.

Мир Қурбоншайх азизон вақфномадан ташқари, яна икки манбада тилга олинган. Улардан бири Мир Қурбоншайх азизоннинг авлоди Зайниддинхон эшоннинг[5] тариқат силсиласидаги 1274 (1862-1863) санаси кўрсатилган муҳрида унинг насаби қуйидагича кўрсатилган: “Зайниддинхўжа ибн Ҳодихўжа ибн Муҳаммадхўжа ибн Мир Қурбоншайх азизон”. Иккинчи маълумот эса, Мир Қурбоншайх азизоннинг кичик замондоши, муаррих Муҳаммад Солиҳхўжанинг “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида келтирилган.

Мазкур манбаларда ва нақлда келтирилган шахс вақфномада тилга олинган Мир Қурбоншайх азизон билан айнан бир шахс эканлигига шубҳа йўқ. Қизиғи, аҳоли орасида Мир Қурбоншайх азизоннинг Арабистон мамлакатидан бир неча сафдошлари билан Ўрта Осиё шаҳарларига дин тарғиботи учун келиши билан боғлиқ нақл бор[6]. Унга кўра, Тошкентга келган Мир Қурбоншайх азизонга ўша вақтда ялангликдан иборат бўлган Ялангқор (Ялангқари)маҳалласидан ер берилган. Мир Қурбоншайх азизон шу ерда масжид қуриб, фаолият юритган. Нақлда уйланиб, фарзандлар орттирган Мир Қурбоншайх азизон умрининг охирларида Арабистонга қайтиб кетганлиги, фарзандлари эса Ялангқари маҳалласида яшаб қолгани айтилган. Дарҳақиқат, айрим вақф ҳужжатларида кўсатилишича, Мир Қурбоншайх азизоннинг ўғиллари – Муҳаммадхўжа эшон ва Яъқубшайх Ялангқари маҳалласида, масжид жойлашган кўчада истиқомат қилган.

Лекин, “Мир Қурбоншайх”нинг Араб ўлкасидан келиши билан боғлиқ нақлнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини айтиш қийин. Чунки, ушбу маълумотни ҳозиргача бирор бир ёзма манбада учратмадик. Мазкур нақл мазмуни ёки ҳеч бўлмаганда унга яқинроқ тафсилотлар, ҳатто, Зайниддинхон эшоннинг юқорида тилга олинган тариқат силсиласида ҳам кузатилмайди. Агар, Мир Қурбоншайх азизон ҳақиқатан ҳам Араб ўлкасидан келган бўлганда, Зайниддинхон эшон шаҳардаги кўзга кўринган тариқат намояндаси сифатида ундаги деталлардан ўзининг келиб чиқиши, аждодларининг кимлиги ҳақида ўз силсиласида бир оғиз бўлса-да, тўхталиб ўтган бўлар эди. Қолаверса, Зайниддинхон эшоннинг мадрасадаги сабоқдоши ва унинг яқин таниши Муҳаммад Солиҳхўжа ҳам бу тўғрида ҳеч нарса ёзмайди. Аксинча, Мир Қурбоншайх азизонни асли Ялангқари маҳалласидан бўлганлигига ишора қилади. Аслида, тахминан XIX асрнинг 30-йилларида туғилган Муҳаммад Солиҳхўжа Мир Қурбоншайх азизонни яқиндан билмаган. У ҳақидаги маълумотларни анча йиллар ўтгач, XIX асрнинг 80йилларида суҳбатдошларидан, эҳтимол Зайниддинхон эшоннинг ўзидан эшитганлари асосида ёзган. Шу сабабли, Мир Қурбоншайх азизон ҳақидаги нақл хонадоннинг Зайниддинхон эшондан кейинги вакиллари даврида юзага келган деган фикрни ҳам айтиш мумкин.

Бевосита тарихий маълумотларга асосланадиган бўлсак, вақфномада, Зайниддинхон эшон муҳри ҳамда “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида келган Мир Қурбоншайх исмидаги “азизон” ва “азизлар” атамасига қараганда, мазкур шахс шаҳардаги яссавия тариқатига мансуб маҳаллий тасаввуф намояндаларидан бири бўлган. Сабаби ўрта асрларда яссавий шайхларга нисбатан кенг қўлланилган “азизон” сўзининг эквиваленти сифатида қўлланилган “азизлар” сўзи Тошкентдаги XVIII-XIX асрларда шаклланган аксарият яссавия тариқати билан боғлиқ мозорларда ҳам кузатилади. Қолаверса, Мир Қурбоншайх азизон авлодларидан Ҳодихон азизлар, Зайниддинхон эшон, Муҳиддинхон эшонлар ҳам жаҳрия-яссавия тариқатига мансуб бўлганлар.

Муҳаммад Солиҳхўжанинг “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида келтирилишича, Бешёғоч даҳасининг Ялангқари маҳалласидан бўлган Қурбоншайх азизлар (яъни, Мир Қурбоншайх азизон) ушбу маҳаллада ўз масжиди бўлган ва у бешёғочлик машҳур эшонлардан Юсуфхон эшон Камолоний билан бир вақтда яшаган[7]. Агар, Юсуфхон эшоннинг Муҳаммад Солиҳхўжа ёзганидек, Қўқон хони Олимхон (1798-1810) замонидан то Муҳаммад Алихон (1822-1841) давригача ҳаёт бўлганини эътиборга олсак, Мир Қурбоншайх азизоннинг ҳам XVIII аср 2-ярми ва XIX аср 1-ярми оралиғида яшаб ўтгани маълум бўлади. Буни вақфномадаги далиллар ҳам тасдиқлайди. Жумладан, вақфномада, ҳижрий 1223/1808 йил санаси кўрсатилган бўлса-да, у 1825-1831 йиллардан сўнг тасдиқланган. Сабаби вақфномадаги қозихона амалдорлари муҳрларидаги 1240/1824 ва 1242/1826 йил саналари вақфнома 1824-1842 йиллар орасида тасдиқланганини кўрсатади.

Мазкур вақфномада Мир Қурбоншайх азизоннинг марҳум сифатида тилга олинмаслиги унинг бу даврда ҳаёт бўлганидан дарак беради. Демак, Мир Қурбоншайх азизоннинг ҳақиқатдан ҳам XIX асрнинг 30-йиллари бошида ҳали ҳаёт бўлгани аниқ экан, у ҳолда масжид XVIII аср ўрталарида қурилган деган фикр ҳақиқатдан йироқ. Масжиднинг қурилиш санаси Мир Қурбоншайх азизон ўз фаолиятини йўлга қўйган пайтларга, яъни XVIII аср охирлари ёки XIX аср бошига тўғри келади.

Масжиднинг номланишига келсак, вақфномада масжид Яланқари маҳалла масжиди сифатида эслатилган. Муҳаммад Солиҳхўжанинг XIX аср 70-80-йиллари ўрталарига тегишли хотираларида масжид номи келтирилмаган. Унинг Азизлархон эшон номини олиши XIX асрнинг 90-йилларидан кейинги даврга мансуб архив ҳужжатларидагина тилга олинади. Азизлархон эшон масжидининг номланиши Мир Қурбоншайх азизон авлодлари – Ҳодихон азизлар ёки Зайниддинхон эшон номи билан боғлиқ. Сабаби, уларнинг иккиси ҳам халқ орасида “Азизлархон” номи билан машҳур бўлган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ялангқари масжиди вақфномаси бугунги кунда сақланиб қолган Азизлархон эшон масжиди тарихига доир айрим масалаларга аниқлик киритади. Вақфномадаги ва бошқа манбалардаги маълумотлар тадқиқи эса ушбу масжиднинг таъмирлаш ишларида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Ў. Султонов

О вакфном документе мечети Ялангкари

В статье исследуется вакфный документ мечети Азизлархан ишана, одного из историко-архитектурных объектов города Ташкента. На основе новых подходов в изучении вакфнаме, с привлечением данных других источников, а также устной информации дается новая интерпретация вопроса по истории вышеупомянутой мечети.

U. Sultanov

About the waqf document of Yalangqari mosque

The waqf document of Azizlarkhan ishan mosque, one of the historical-architectural buildings of Tashkent city is investigated in the article. On the basis of new approaches in studying waqfnamah, with attraction of given other sources, and also the oral information, new opinions in history above-mentioned mosques are expressed in the article.

[1] Жўраева Ғ. Вақф нима? // Шарқшунослик. 1990. 2-сон. 7-47 – бетлар

[2] Масжид жойлашган маҳалла XIX–XX аср бошларига мансуб ёзма манбалар, вақф ҳужжатлари ҳамда архив ҳужжатларида “Ялангқари”, ҳозирги аҳоли тилида эса “Ялангқор” шаклида қўлланилади ва турли маънолар билан изоҳланади

[3] Булатова В., Маньковская Л. Памятники зодчества Ташкента XIV-XIX вв. Ташкент, 1983. С.53

[4] ЎзР МДА. 1-И-жамғарма, 17-рўйхат, 32663-иш, 31- варақ

[5] Зайниддинхон эшон ўз даврининг чуқур билимли кишиларидан. Н.Ликошиннинг ёзишича, имом Зайниддинхон эшон (т.й. 1833) жаҳрия тариқатига мансуб таниқли ва бадавлат эшонлардан бўлиб, Тошкентнинг ўзида 600 нафар, Тошкент вилоятида 100 нафар муриди бўлган. 1870 йилда нақшбандия-мужаддидия тариқати шайхларидан Меҳмонхон эшондан иршод олган, ўзи ҳам бир неча халфа тайёрлаган. Архив ҳужжатларида Зайниддинхон эшоннинг 1892 йилда Тошкентда юз берган вабо ғалаёни еткачиларидан бўлганлигини кўрсатувчи маълумотлар ҳам талайгина. Н.Ликошиннинг таъкидлашича, бу воқеадан сўнг исёнчилар тарафдори сифатида айбланган Зайниддинхон эшон кўп ўтмай оқлангач, обрўйи янада ортиб кетган. Қаранг: Ликошин Н. Тошкент эшонлари. Ташкент, 1996. 18-бет

[6] Мазкур нақлнинг қисқача мазмуни ўзини Азизлархон эшоннинг еттинчи авлоди деб таништирган Шайхонтоҳур тумани Ялангқор кўчаси 25-уйда истиқомат қилувчи Абзал Исмоиловдан (т.й. 1954) ёзиб олинди. Ҳозирда Азизлархон эшон масжидига А. Исмоилов ҳовлисидан кирилади

[7] Муҳаммад Солиҳхўжа. Тарихи жадидайи Тошканд. ЎзРФАШИ қўлёзмаси, №11073. 282а -варақ

Манба:

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

Ўхшаш мақола

Облик Ташкента XIX века (взгляд приезжего)

Post Views: 652 Процесс накопления научных знаний длителен, сложен и подчас противоречив. Свой вклад в …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *