1865 йилнинг июнида рус генерали Черняев қўшинлари томонидан Тошкент шаҳрининг истило қилиниши ўлка ва бутун минтақанинг кейинги тақдирини белгилаб берувчи воқеа бўлди дейиш мумкин. Ушбу масала ҳозирга қадар кўплаб Ўрта Осиё, Россия ҳамда хориж тарихчилари томонидан турли нуқтаи назардан ўрганилган ҳамда турлича талқин қилинган. Айниқса, мустақиллик йилларида Ўзбекистон олимлари мазкур масалани атрофлича ва холис ўрганиш борасида катта ишларни амалга оширдилар[1]. Халқимиз тақдирига кучли таъсир кўрсатган мазкур фожиага мутахассисларнинг тезтез мурожаат қилиб туришлари табиий.
Тошкент истилоси масаласи даставвал рус генералларининг императорга йўллаган хабарнома, ҳисобот, кундалик ва хотираларида ўз аксини топган. Шундай ҳужжатлардан бири 1866 йилнинг мартидан 11 декабрига қадар Туркистон вилояти ҳарбий губернатори вазифасида турган Д.И. Романовскийнинг хотираларидир[2]. Романовскийнинг мазкур хотира асарининг қиммати шундаки, у, аввало, ўзи шоҳиди бўлган воқеаларни ҳикоя қилади ва шу билан бирга, у ёки бу воқеани асослаш учун аниқ далилларга мурожаат қилади ҳамда ўзи гувоҳи бўлмаган воқеаларни баён қилганда Черняевнинг хабарномалари, ҳисоботлар, йўриқномалар, хонликлар билан олиб борилган дипломатик ёзишмалар ва бошқа расмий ҳужжатларни илова қилади. Шуларнинг ичида Черняевнинг императорга йўллаган ҳисобот ва хабарномалари Тошкент истилосини ўрганишда қимматли манба ҳисобланади. Чунки генерал Черняев ўз ҳукмдорига йўллаган ҳисобот ва хабарномаларида бор ҳақиқатни баён қилишга ҳаракат қилган ва ўз даврида булар давлат аҳамиятига молик махфий ҳужжатлар ҳисобланган. Биз мазкур мақолада Д.И. Романовскийнинг хотиралари ҳамда унда илова қилинган расмий ҳужжатлар, жумладан, Черняевнинг ҳисобот ва хабарномаларига таянган ҳолда Тошкент истилосини бугунги кун нуқтаи назаридан яна бир бор кўздан кечиришга ҳаракат қиламиз.
Янги босиб олинган ўлкага Сирдарё линиясини қўшган ҳолда чор ҳукумати 1865 йилнинг бошида Оренбургга бўйсунувчи Туркистон вилоятини шакллантиради. Бундан мақсад истило қилинган бутун ҳудудни қаттиқ ҳимоя қилиш учун генерал Черняевга барча маъмурий ва ҳарбий имкониятларни яратиб беришдан иборат эди. Чимкент истило қилингандан сўнг, чор маъмуриятининг янги ҳудудларни истило қилишни вақтинча тўхтатиб туриш ҳақидаги таклифига қарамасдан, Черняев Тошкентни истило қилиш ҳаракатларини бошлаб юборади.
Қўқон хонлиги ҳудудларининг бирин-кетин қўлдан кетаётганлиги Бухоро амирини бефарқ қолдиролмайди. Самарқандда тўпланган Бухоро амири қўшинлари Ўратепа томон ҳаракат қилиб, унинг илғор қисмлари Қўқон хонлиги ҳудудларига ўта бошлайди. Бухоро амири Қўқон хонлигининг ички ишларига аралашишни кўзлаб, Тошкент мудофаасини ҳам ўз қўлига олишга интилаётган эди. Шу кунларда Тошкент аҳолисининг Қўқон хонига, шунингдек, унинг ҳокимиятини кўзлаб иш олиб бораётган Алимқулга ҳам ихлоси баланд эмасди. Ўрта Осиёда Бухоро амирининг обрўси баланд бўлиб, у енгилмас ва ғозий амир ҳисобланар, шу боисдан босқин хавфи олдида Тошкент аҳолиси нажот кўзини Бухоро амирига тиккан эди.
Мазкур жараёнларни синчковлик билан кузатиб турган генерал Черняев зудлик билан Тошкент устига юришга қарор қилади. Черняевнинг Тошкентга юриши маълум бир ўзбошимчаликлардан ҳам холи эмасди. Чунки, юқорида таъкидланганидек, ушбу масала юзасидан у марказий ҳокимиятнинг розилигини олмаган эди. Марказий ҳокимият эса генералнинг бундай ҳаракатларига хайрихоҳлик билдирмас, иккинчи томондан эса бутун ўлка мудофааси зиммасига юкланган Туркистон вилояти ҳарбий губернаторининг ўзбошимчаликларига жиддий тўсқинлик ҳам қилмасди. Ўша кезларда ҳали Туркистон вилояти губернатори Оренбург генерал-губернаторига бўйсуниб, янги тайинланган генерал-губернатор 1865 йилнинг ёзи давомида ўлкани айланиб чиқиши ва бу борадаги ўз мулоҳазаларини ҳукуматга баён қилиши лозим эди[3].
Тошкентнинг Бухоро амири таъсирига тушиб қолишидан хавфсираган Черняев Оренбург генерал-губернаторининг хулосасини кутиб ўтирмасдан шошилинч Тошкентга юриш бошлайди. Аммо ўша пайтда ўз кучларининг Тошкент истилоси учун етарли эканлигига кўзи етмаган генерал сув манбаини эгаллаш орқали шаҳарни ўзига тобе қилишни режалаштириб, Тошкентдан 25 чақирим шимоли-шарқда, Чирчиқ дарёсининг чап қирғоғида жойлашган Ниёзбек қалъасига юриш қилади. Икки кунлик мудофаа жангларидан сўнг 1865 йилнинг 29 апрелида Ниёзбек қалъаси таслим бўлади. Тошкентдан ёрдамга келган 3000 кишилик ҳимоячилар эса рус артиллерияси зарбаларига дош беролмасдан чекинишга мажбур бўладилар[4].
Тошкентнинг сув манбаини назорат қилиб турган Ниёзбек қалъасини қўлга киритган Черняев, у ерда кичикроқ ҳарбий гарнизон қолдириб, Тошкент сари юради ва 7 майда Тошкентдан 8 чақирим масофага келиб жойлашади[5]. Тошкентга юриш олдидан у Чирчиқ дарёсининг шаҳар ва унинг атрофини сув билан таъминловчи иккита асосий ўзанини буриб юборади ва шу билан аҳолининг қаршилигини синдиришни ва шаҳарни таслим бўлишга мажбур қилишни режалаштиради[6].
Шаҳар аҳолиси орасидан ўзига хайрихоҳлар топиш мақсадида Черняев кенг кўламда тарғибот ишларини олиб бориб, аҳолига катта ваъдалар беради. Рус қуролининг даҳшатидан ваҳимага тушган, сув танқислиги ва очликдан азият чекаётган, хонлик бошқарувидан норози бўлган ва Черняевнинг ваъдаларига учган шаҳар аҳолиси орасидан унга хайрихоҳлар топилади. 8 май куни шаҳарнинг шимоли-шарқий қисми разведка қилинар экан, хайрихоҳлар билан келишувга мувофиқ руслар шаҳарга яқинлашиши билан улар қўриқчиларга ташланиб, шаҳар дарвозасини очиб беришлари лозим эди. Аммо шу куни Қўқондан Тошкентга 6 000 кишилик қўшин ва 40 та тўп билан Мулла Алимқулнинг келиши Черняев режаларини барбод қилади[7].
Шу ўринда Алимқулнинг сиёсий фаолиятини қисқача изоҳлаш фойдадан холи эмас. У асли навкатлик қипчоқлардан бўлиб, тўла исми Мулла Алиқули Ҳасанбий ўғли, онасининг исми эса Шаҳрибону биби эди. Тахминан 1832 йилда туғилган[8]. Алиқули 20 ёшида отаси ўрнига бий бўлиб, кейинроқ Шералихоннинг ўғли Маллахон хизматига киради. У ўзининг мардлиги, довюраклиги ва шижоати билан Маллахон эътиборини қозониб, Чимёнга ҳоким қилиб тайинланади[9]. 1863 йили Маллахоннинг ўғли Султон Сайиднинг ҳокимиятга келишида кўрсатган жонбозлиги учун Алимқул “Амирилашкар” унвони билан тақдирланади[10]. Султон Сайид ёш бўлганлиги боис ҳокимият ишлари Алимқулнинг қўлига ўтиб, Тошкент истилоси кезларида хонлик амалда Алимқул тасарруфида эди.
Тошкент мудофаасини ўз қўлига олган Мулла Алимқул 9 май эрта тонгда 7 минг киши билан шаҳардан чиқиб руслар лагерига ҳужум уюштиради. Масофа олис (800 сажень) бўлишига қарамасдан ватан ҳимоячилари 12 та тўпдан аниқ нишонга олиб зарба уюштирганларини, снарядлар бари лагерга келиб тушганлигини Черняев очиқ эътироф этади[11]. Мазкур жангда Мулла Алимқул оғир яраланади ва ҳимоячилар шаҳарга чекинишга мажбур бўладилар.
Мулла Алимқулнинг вафоти нафақат Тошкентда, балки бутун хонликда тушкунлик уйғотади. Халқ томонидан сайланган шаҳар раҳбарлари, жумладан собиқ Пишпак ҳокими Отабек Бухоро амирига шошилинч элчи жўнатиб, ундан Тошкентни ўз ҳимоясига олишни илтимос қиладилар. Бухородан келадиган ёрдам тошкентликларни руҳлантириб юборишидан чўчиган Черняев нима қилиб бўлса-да бухороликларнинг йўлини тўсишга ва Тошкентга ёрдам ўтказмасликка ҳаракат қилади. Шу мақсадда у Туркистонга юк олиб келган барча пароходларга Сирдарё бўйлаб Тошкентнинг тепаси сари ҳаракатланишга буйруқ бериб, Саритепада полковник Краевский қўмондонлигида маълум кучларни қолдириб, қолган кучлар билан Чиноз томон ҳаракатланади. Унинг топшириғи билан штабс-капитан Абрамов Чинозни қўлга олиб, қалъадаги қуроласлаҳа, порох ва снарядларни Чирчиқ дарёсига чўктиради ва Сирдарё кечувини йўқ қилади[12].
Шундан сўнг Черняев қўшинлари Тошкент сари юриб, Бухоро йўлини кўздан қочирмаслик мақсадида шаҳарнинг жануб тарафига, мудофаа деворларидан 7 чақирим масофага келиб қўнади. Қўқон билан Тошкент ўртасидаги алоқани узиш ва кечувни назорат қилиб туриш мақсадида Чирчиқ кечувига штабс-капитан Гребенкин қўмондонлигида махсус кучлар жўнатилади.
Уч тарафдан ўраб олинган шаҳар аҳли сувсизлик ва очликдан оғир аҳволда қолади. Аҳолининг озиқ-овқат тўплаш ва чорвани ўтлатиш мақсадида мажбуран шаҳар ташқарисига чиққанлари эса руслар томонидан доимий ўққа тутилиб, асирга олинади. Асирлар сўроқ қилиниб, Черняев шаҳардаги аҳволдан тўла воқиф бўлиб туради.
Очлик ва ташналикдан қийналган шаҳар аҳлининг асосий умиди Бухородан эди. Амир ҳузурига ёрдам сўраб элчилар юборилади. Амир тошкентликларга ёрдам беришга розилик беради. Черняев бухороликларни шаҳарга йўлатмасликка қанчалик ҳаракат қилмасин, Искандарбек бошчилигида бир гуруҳ бухороликлар яширин равишда Тошкентга киришга муваффақ бўладилар ва Искандарбек мудофаага раҳбарликни ўз қўлига олади. Бухоро амирининг асосий кучлари Самарқандда тўпланган бўлиб, унинг илғор қисми Сирдарёнинг чап соҳилида пайдо бўлади. Шундай вазиятда ўзи ёзганидек, қуйидаги мулоҳазалардан келиб чиққан Черняев Тошкентни очиқ жанг билан истило қилишга қарор қилади:
1) Шаҳар гарнизони, мудофаа чизиғининг чўзилиб кетганлиги боис, кенг масофага ёйиб ташланган ҳамда улар ҳужум қилинган нуқтага тўплангунга қадар буржларни қўлга киритиш эҳтимоли юқори.
2) Мудофаачилар артиллерияси, гарчи кўпсонли бўлишига қарамасдан, шаҳарнинг бутун жанубий тарафи бўйлаб 15 чақирим масофага тарқоқ жойлаштирилган ва шу боисдан уларнинг ҳам ҳамжиҳатликда фаолият олиб бориши эҳтимоли кам.
3) Шаҳар аҳолиси икки қисмга ажралган ва уларнинг русларга хайрихоҳ қисми шаҳар девори эгалланган чоғда русларга ёрдамга келишларига умид бор[13].
Инженер-поручик Макаров шаҳар мудофаа истеҳкомларини кўздан кечирар экан, ҳужумни шаҳарнинг жануби-шарқий қисмига уюштирган маъқул деган фикрга келади. Бундай қарорга келинишига Бўзсувнинг ўнг соҳилида шаҳар аҳолисининг бадавлат қатлами ва барча савдогарлар жойлашганлиги ва улар русларга хайрихоҳ эканлиги, ҳужум уюштирилиши мўлжалланган тарафда эса асосан ҳарбийлар қатлами ва бухороликлар жойлашганлиги, шундай экан мазкур қисмни эгаллаш бутун шаҳарнинг эгалланишини англатиши мулоҳазаси сабаб бўлган эди[14]. Шунингдек, ҳужумнинг бутун оқибатларига тинч аҳоли эмас, балки ҳарбийлар қатлами дучор бўлиши ҳам гўёки назарда тутилган эди. Аммо воқеаларнинг кейинги ривожи истило чоғида тинч аҳоли сираям аяб ўтирилмаганлигини кўрсатади.
Разведка маълумотларига таянган Черняев ҳужумни 14 инчидан 15 июнга ўтар кечаси шаҳарнинг Камолон дарвозасидан бошлашга қарор қилади. Ҳужумнинг пухта режаси ишлаб чиқилиб, махсус нарвонлар ясалиб туяларга ва араваларга жойлаштирилади. Бир вақтнинг ўзида Қўйлуқда жойлашган полковник Краевский отряди Камолон дарвозасидан 8 чақирим масофада шаҳарга Қўқон томондан чалғитувчи ҳужум уюштириши режалаштирилади[15].
Ҳужум тунда бошланганлиги ва шаҳар атрофи қалин боғлар билан қуршалганлиги боис ҳимоячилар душманни шаҳар деворларига нарвонлар билан яқинлашгунига қадар пайқамай қоладилар. Руҳоний Малов қўлида хоч ушлаганча босқинчиларни руҳлантириб олдинда боради[16]. Мудофаачилар қаршилигини синдириб душман Камолон дарвозасидан шаҳарга бостириб киради. Шаҳар деворлари бўйлаб 14 чақирим масофада мудофаа истеҳкомларини эгаллаб, Қорасарой дарвозасига қадар етиб келган Абрамов отряди шу ердан шаҳарнинг ички қисмига ҳужум бошлайди[17]. Шаҳар ҳимоячилари кўчаларга баррикадалар қуриб, мудофаани давом эттирадилар. Айниқса, Эски жўва бозори атрофида ҳимоячилар душманга қаттиқ қаршилик кўрсатадилар. Барча уйлар ва томларга мерганлар жойлашиб олиб, душманни ўққа тутадилар. Ишғол қилиниб, бузиб ташланган баррикадалар ўрнига ҳимоячилар зудлик билан янги баррикадалар барпо этадилар. Оғир жанглардан сўнг де-ла-Кроа ва Жемчужников отрядлари шаҳар ҳокимининг қалъасини эгаллайдилар. Шундай вазиятда ҳимоячилар сўнгги чора сифатида қалъага ўт қўядилар. Қалъада катта қурол-аслаҳа ва порох омбори жойлашган бўлиб, портлаш хавфидан босқинчилар қалъани тарк этишга мажбур бўладилар[18].
16 июнга ўтар тунда полковник Краевский отряди Қўйлуқ тарафдан ҳужумга ўтиб, чекинаётган ҳимоячиларни ўққа тутади. Шаҳардан чекинаётган ҳимоячиларнинг бир қисми шошилинч Чирчиқдан кечиш жараёнида сувга ғарқ бўладилар.
Шаҳарнинг ярми эгаллаб бўлингач, Черняевнинг буйруғига биноан босқинчиларнинг асосий кучлари Камолон дарвозаси олдида тўпланади. Шу ерга аҳолининг русларга хайрихоҳ қисмидан оқсоқоллар келиб, тўла таслим бўлишга тайёр эканликларини изҳор қиладилар ва эртагаёқ шаҳарнинг барча нуфузли кишиларини, уларга қаршилик кўрсатишнинг фойдасиз эканлигини уқтириб, шу ерга олиб келишга ваъда берадилар[19].
Аммо кечга бориб шаҳарнинг барча кўчаларида баррикадалар янгидан барпо этилади ва ҳимоячилар янада қаттиқроқ қаршилик кўрсатишни давом эттирадилар. Бир-икки киши қўлида ойболта билан ўлимга тик бориб, бутун бошли ротага ташланиб, мардларча ҳалок бўлганлиги ҳолатлари кўплаб содир бўлганлигини Черняев ҳайрат билан қайд қилади[20]. Босқинчилар гранаталарининг портлаши оқибатида ёнғин чиқиб, шаҳарнинг маълум қисми икки кун давомида ўт ичида қолади. Оқибатда шаҳар таслим бўлишга мажбур бўлади. 17 июнь куни оқсоқоллар ва шаҳарнинг мўътабар кишилари Черняев олдига келиб, рус ҳукуматига бўйсунишга тайёр эканликларини изҳор қиладилар. Шаҳар таслим бўлади. Дарҳол шаҳар аҳлини қуролсизлантириш ҳақида фармойиш берилади ва бу жараёнда оқсоқоллар ва аҳоли вакиллари ҳам иштирок этадилар. Аҳоли томонидан 20 та тўп ва 300 га яқин милтиқ босқинчиларга топширилади[21].
Истило натижасида босқинчилар 16 та байроқ, шулардан биттаси бухороликлар байроғи, турли калибрдаги 63 та тўп, жумладан, 48 таси мисдан қуйилган сифатли тўплар, кўплаб милтиқ, 2000 пуд порох ва 10000 га яқин турли снарядларни ўлжа оладилар[22].
Тошкент мудофаасида Черняевнинг таъкидлашича, 5000 сарбоз ва 10000 сипоҳий иштирок этган. Ҳимоячиларнинг умумий сони 30000 кишига яқин бўлган[23].
Шу тариқа муҳим иқтисодий, ҳарбий-стратегик ва геосиёсий аҳамиятга эга бўлган йирик ва бой шаҳар Тошкент Россия империяси қўли остига ўтди. Босқин натижасида шаҳар ҳимоячиларининг катта қисми қаҳрамонларча ҳалок бўлади. Кичикроқ шаҳар ва қалъалар истило қилинганда рус генераллари маҳаллий аҳолидан қурбон бўлганлар сонини ўз ҳисоботларида аниқ кўрсатиши анъанага айланган эди ва бу анъана кейин ҳам давом этган. Аммо Черняевнинг ҳисоботларида ҳимоячилардан қурбон бўлганлар сони хусусида атайин сукут сақланади. Ўша пайтда шаҳарда 200 мингга яқин аҳоли истиқомат қилганлиги эътиборга олинса қурбонлар сони кам бўлмаганлигини тасаввур қилиш мумкин.
Тошкент истилосидан аввал босқинчиларда бу ерда Россияга қарам алоҳида хонлик барпо этиш режаси бўлган. Аммо истилодан кейин генерал Черняев мазкур режадан воз кечади. Генерал-адъютант Крыжановский мустақил Тошкент хонлигини барпо этишни қаттиқ туриб талаб қилишига қарамасдан, ўзаро келиштириш мақсадида Черняев ва Крыжановский Петербургга чақириб олинади ҳамда оқибатда Тошкент Россия империяси таркибига бутунлай қўшиб олинади.
А.Ж. Яхшиев
Завоевание Ташкента в воспоминаниях русских военных XIX века
В статье на основе воспоминаний военного губернатора Туркестанской области Д.И.Романовского рассматривается тема завоевания Ташкента войсками Российской империи. Источником анализа являются извлечения из донесений генерала Черняева. Автор с позиций критической оценки этих донесений по – новому освещает некоторые актуальные аспекты поднятой в статье проблемы.
A.J.Yakhshiev
Tashkent Conquer by the Recollections of Russian Militaries of 19th Centure
The given article states the theme of conquer of Tashkent by troops of Russian empire spoken by sources recollections of a military gubernator of Turkistan D.I. Romanovsky. The sources of analyzed materials which given by general Chernyaev. The author with the position of critical evaluation of these materials proof some of new aspects raised problems of the article.
[1] Тарихшунослик муаммолари бўйича батафсил қаранг: Ўзбекистоннинг янги тарихи. Биринчи китоб. Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида. Тошкент, 2000. 450–460-бетлар
[2] Заметки по Среднеазиатскому вопросу Романовского Д.И. СПб., 1868
[3] Д.И. Романовский. Кўрсатилган асар. 32-бет
[4] Извлечения из донесения генерала Черняева от 2 мая 1865 г. / Қаранг: Романовский Д.И. Кўрсатилган асар. 155-бет
[5] Романовский Д.И. Кўрсатилган асар, 32–33-бетлар. 4 Извлечения из донесения …, 157-бет
[6] Извлечения из донесения …, 157-бет
[7] Извлечения из донесения генерала Черняева от 11 мая 1865 г. / Романовский Д.И. Кўрсатилган асар. 157-бет
[8] Маҳаллий манбаларда унинг исми Алиқули эканлиги қайд қилинишига қарамасдан, рус манбалари ва илмий адабиётларда Алимқул шаклида қабул қилинган
[9] Илҳомов З.А. Алиқули Амирлашкар ва унинг Қўқон хонлиги сиёсий тарихида тутган ўрни. Тарих фанлар номзоди. …дис. Тошкент, 2004. 64–65-бетлар
[10] Муҳаммад Азиз Марғилоний. Тарихи Азизий. Тошкент: Маънавият, 1999. 108–110-бетлар
[11] Извлечения из донесения…, 158-бет
[12] Извлечения из донесения генерала Черняева от 11 июня 1865 г. За № 2085 … 160-бет
[13] Извлечения из донесения генерала Черняева от 7 июля 1865 г. / Қаранг: Романовский Д.И. Кўрсатилган асар, 164-бет
[14] Ўша манба, 164–165-бетлар
[15] Ўша жойда, 165-бет
[16] Ўша жойда
[17] Ўша манба, 166-бет
[18] Ўша манба, 167-бет
[19] Ўша манба, 168-бет
[20] Ўша жойда
[21] Ўша манба, 169-бет
[22] Ўша жойда
[23] Ўша жойда