Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент-2200. ХIV–ХV асрлар манбаларида Тошкент шаҳри ва вилояти ҳақида маълумотлар

Тошкент-2200. ХIV–ХV асрлар манбаларида Тошкент шаҳри ва вилояти ҳақида маълумотлар

Тошкент шаҳри ва вилоятининг ўрта асрлардаги тарихи ёзма ёдгорликларда маълум даражада ўз аксини топган ва ХIV–ХV асрлар манбаларида ҳам бу ҳақда озми-кўпми маълумот учрайди; кўпроқ тарихий асарларда, у ёки бу воқелик баёнида сўз юритилади ва улар мазмун жиҳатдан анча тарқоқ. ХIV–ХV аср бошларига оид давр учун Амир Темур салтанати ва ХV аср биринчи ярми учун Мирзо Шоҳрух ҳукмдорлиги хусусида сўз юритилган тарихий асарлар муҳим ўрин эгаллайди. ХV аср иккинчи ярми учун тарихий асарлар билан бир қаторда, ўша даврга тегишли вақф ҳужжатлари, агиографик ва бошқа турли мазмундаги асарлардан маълумот олиш мумкин.

ХIV аср иккинчи ярмидаги кечинмаларда Тошкент ҳақида маълумотлар Мўғулистон хони Туғлуқ Темурхоннинг Мовароуннаҳрга юриши, Амир Темурнинг юртни мўғуллар истилосидан озод қилиш учун олиб борган курашлари, ўлканинг мудофаа қувватини ошириш ва Хитойга борадиган савдо йўлини тиклаш мақсадида Мўғулистонга юришлари воқеалари баёнида қайд этилган.

Амир Темур бевосита Тошкент шаҳрининг ўзида ҳам бир неча марта бўлган. Шаҳарни қўрғон билан ўраб , унга ўн иккита дарвоза ўрнатган, сафарларидан бирида бетоб бўлиб, то тузалгунига қадар ушбу шаҳарда қолгани ҳам маълум.

Соҳибқирон кечинмалари орасида 766/1365 йили Тошкент билан Чиноз оралиғида юз берган “Лой жанги“ воқеалари Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида айниқса батафсил ёритилган [Шарафуддин Али Яздий. Зафарнома (фотофаксимил нашр). Нашрга тайёрловчи, сўзбоши, изоҳ ва кўрсаткичлар муаллифи А.Ўринбоев. Тошкент, 1972. 110б–113а варақлар]. Унда, бир томондан, Амир Ҳусайн ва Амир Темурнинг биргаликдаги лашкари ва иккинчи томондан, Мўғулистон хони Илёсхожахоннинг лашкари, май ойи бўлишига қарамасдан қаттиқ ёмғир ёғиб ерлар лой бўлган оғир бир шароитда жангга киришадилар. Соҳибқирон Амир Темур лашкарнинг сўл қанотида мардонавор ҳужумлар олиб боради ва душманни мағлуб қилиб, чекинишга мажбур қилади. Бироқ Амир Ҳусайннинг калтабинлиги ва унинг бошчилигидаги лашкарнинг сусткашлиги туфайли, улар ғалабани бой берадилар ва жата лашкари устун келади.

Шу даврда Тошкент вилоятида кечган муҳим воқеалардан бири — бу Амир Темур томонидан Шоҳрухия шаҳрининг барпо этилишидир. Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида ёзишича, соҳибқирон Амир Темур ўз вақтида Чингизхон лашкари томонидан бутунлай хароб қилинган Фанокант (Банокат) ўрнида янги шаҳар барпо этишини буюради. Унинг қўл остидагилар мазкур фармонга мувофиқ янги шаҳар қуриб, уни мустаҳкам қўрғон билан ўрайдилар ва ўша атрофда яшовчи аҳолини у ерга кўчирадилар. Амир Темур мазкур шаҳарни ўғли Мирзо Шоҳрухга атагани сабабли, у “Шоҳрухия” деган ном билан шуҳрат топади [Шарафуддин Али Яздий. Ўша асар. 466б–467а варақлар].

Тошкент вилоятида Оҳангарон водийси, Сайхун (Сирдарё) соҳиллари ва Фарак (Чирчиқ) дарёсининг қуйи ҳавзасида ўтлоқлар, тўқайзорлар кўп бўлганлиги сабабли, кўпинча соҳибқирон Амир Темур ўз лашкари билан қишловни шу ерда ўтказгани ҳам маълум. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида 800 (1397) йилнинг қишида, Амир Темур Тошкент вилоятининг Чинос (Чиноз) қишлоғида қишлаб турганида, бу ерга Хитой подшоси элчилари келиб Соҳибқирон ҳузурида бўлгани, тортиқлар келтирганлари, яхши қабул қилингани ва қайтишга рухсат этилгани ҳақида ёзилган [Шарафуддин Али Яздий. Ўша асар. 295а варақ]. Али Яздий “Зафарнома”сидаги бу хабар Амир Темур давлати билан Хитой ўртасидаги элчилик муносабатлари тарихидан сўзловчи ўша давр мусулмон манбаларидаги ягона маълумотдир.

Бу ҳақда хитой манбаларида ҳам қайд этилган. Амир Темур салтанати йиллари Хитойда, асосан, Мин сулоласининг дастлабки вакили император Чжу Юаньчжан (бошқа исми Тайцзу, лақаби Хуньу, 1368–1398) ҳукмронлиги вақтига тўғри келади. Хитойнинг XIV-XVII асрлар оралиғидаги тарихи анча мукаммал акс этган солнома – “Мин ши лу” (“Мин сулоласи императорлари ҳукмронлиги ҳақидаги ҳаққоний хотиралар”)да тарихий кечинмалар йилма-йил ёзилган бўлиб, унда 1388–1398 йиллар оралиғида Хитойга Мовароуннаҳрдан тўққиз марта элчилар келганлиги ва шундан 1395 йилгача бевосита Амир Темур номидан олти марта элчилар ташриф буюргани қайд этилган [Буриев О., Колганов А. Об одном участке Великого шелкового пути // На среднеазиатских трассах Великого шелкового пути. Ташкент: Фан, 1990. С.107; Каримова Н.А. Взаимоотношения народов Центральной Азии и Китая в XIV-XVII вв. Ташкент, 2005. С. 106].

Хитойнинг Амир Темур ва Темурийлар давлати билан элчилик алоқаларида, асосан, иккита дипломат – Фу Ань (вафоти 1429) ва Чэнь Чэннинг хизматлари катта. Чунки улар ўз сафар хотираларини ёзганлар ва бу маълумотлар хитой солномаларига киритилиб, қимматли тарихий манба бўлиб қолган. Чунончи хитой солномаси “Мин ши”да ёзилишича, Хитой императори 1395 йили Фу Ань бошчилигида Самарқандга Амир Темур ҳузурига элчилар юборган ва улар орқали император муҳри босилган махсус мактуб ҳам йўллаган [Каримова Н.А. Ўша асар. 106-107 — бетлар]. Бошқа бир солнома — “Мин ши лу” да эса, Фу Ань бошчилигидаги элчилар 1395 йили Хитойдан қайтаётган Амир Темур элчилари билан ҳамсафар бўлганлари айтилган [Watanabe Hiroshi. An Index of embassies and tribute missions from Islamic countries to Ming China as Recorded in the Ming Shih In Classified According to Geographic Asia // Memoirs of the Research depatrment of the Toyo Bunko. – Tokyo. 1975. N 33. P.285-347]. Мазкур элчилик юқорида Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида Хитойдан ташриф буюрган ва Амир Темур Тошкент вилоятида, аниқроғи Чинозда турганида қабул қилган элчилар вақтига бирмунча мос келади. Демак, ХIV аср охирларида Мовароуннаҳр билан Хитой ўртасида анчагина мунтазам савдо-элчилик алоқалари бўлган ва унинг шимолий бир тармоғи Тошкент шаҳри ва вилояти орқали ўтган. Тошкентнинг мазкур савдо-элчилик алоқаларида муҳим ўрни бор.

Амир Темурнинг Хитойга юриши ва Ўтрорда вафоти воқеаларида ҳам Тошкент вилояти лашкарининг бир қаноти қишлов учун ўрнашган жой сифатида маълум.

ХV асрнинг биринчи ярми, яъни Мирзо Шоҳрух салтанати ва Мирзо Улуғбекнинг Мовароуннаҳрда ҳукмдорлиги кечинмалари, Ҳалил Султоннинг қисқа муддат Самарқанд тахтида ўтириб, бу ўлкани бошқаргани ва унга қарши юзага келган ички зиддиятлар баёнида Тошкент шаҳри ва вилояти тилга олинган. Бу ерлар Мирзо Улуғбек тасарруфида бўлган. Худди шу йилларда Темурийлар давлатининг халқаро муносабатлари, жумладан, Хитой билан савдо-элчилик алоқаларида Тошкент ва карвонларнинг Сирдарёдан ўтишида асосий жой саналмиш Чиноз ҳамда Шоҳрухия Буюк Ипак йўлидаги муҳим савдо шаҳарлари саналган.

ХV аср иккинчи ярмида Мовароуннаҳрда бошқарув тизими Амир Темурнинг бошқа ўғли Мироншоҳ авлодлари, аниқроғи Султон Абусаид ва унинг ўғиллари ҳукмига ўтади. Унда Тошкент вилояти дастлаб Султон Абусаид, унинг вафотидан кейин, аввалига катта ўғли Султон Аҳмад мирзо (ваф. 899/1493-1494), сўнгра кичик ўғли, яъни Фарғона ҳукмдори Умаршайх мирзо (ваф. 899/1493-1494) тасарруфида эди.

Худди шу даврда Мўғулистон хони Туғлуқ Темурхон зурриётидан бўлмиш Юнусхон (873/1468-1469 — 892/1486-1487) темурий ҳукмдор Султон Абусаиднинг саъй-ҳаракати билан Мўғулистонда хонлик тахтини эгаллади [Мирза Мухаммад Хайдар. Тарих-и Рашиди /Введение, перевод с персидского Урунбаева А., Джалиловой Р.П., Епифановой Л.М. Примечания и указатели Джалиловой Р.П., Епифановой Л.М. Ташкент, Фан, 1996. С. 107-111]. Шундан сўнг мазкур давлатнинг сиёсий мавқеи кучайди. Юнусхон учта қизини Абу Саиднинг учта ўғли – Султон Аҳмад мирзо, Султон Маҳмуд мирзо, Умаршайх мирзога турмушга бергани эса, ўз навбатида Темурийлар ва Мўғулистон ҳукмдорлари ўртасида қариндошлик ришталари янгиланиши ва мустаҳкамлашувига олиб келди.

“Бобурнома” даги маълумотларга кўра Султон Аҳмад мирзо Тошкент, Шоҳрухия ва Сайромни эгаллаб, кейинроқ уни Умаршайх мирзога беради [Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. Нашрга тайёрловчилар: Порсо Шамсиев, Содиқ Мирзаев. Тошкент, 1960. 75-бет. 3 Мирза Мухаммад Хайдар. Тарих-и Рашиди. С. 139-140]. Кейинчалик Шоҳрухия учун низо келиб чиқади; 890/1485 йили Темурий шаҳзодалар — Андижондан Умаршайх мирзо ва Самарқанддан Султон Аҳмад мирзо, шунингдек Мўғулистон хони Юнусхон Тошкентдан йўлга чиқиб, Шоҳрухияга келадилар. Улардан ҳар бири Шоҳрухияни эгаллашни ва Тошкент вилоятида ўз мавқеини кучайтиришни мақсад қилган эди. Темурийлар салтанати маънавий ҳамда сиёсий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган Хожа Аҳрор Валий Самарқанддан етиб келиб, учала ҳукмдорни ўз ҳузурига чорлайди ва томонларни яраштиришга эришади; 890/1485 йили Шоҳрухияда тузилган ушбу сулҳ шартига кўра Тошкент вилояти Юнусхонга берилади. Мазкур воқеа мавлоно Сайид Муҳаммад Қозининг (ваф. 922/1516) “Силсилат ул-орифин” асарида батафсил ёритилган, деб ёзади Мирза Ҳайдар3. Бу воқеа Али Сафийнинг “Рашаҳот айн ал-ҳаёт” асарида ҳам қайд этилган. Дарвоқе, Тошкент шаҳри Хожа Аҳрор Валийнинг туғилиб- ўсган жойи саналади ва ўша давр вақф ҳужжатларида келтирилган маълумотларга кўра, кейинчалик ҳам унинг Тошкент вилоятида вақф жойлари — қишлоқлар, экин ерлари, боғлар ва бошқа кўчмас мулклари бўлган. Мазкур вақф ҳужжатларида Тошкент вилояти ҳудудида бир қанча жой номлари ҳам санаб ўтилган ва улар тарихийтопонимик тадқиқот нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.

Юнусхон вафотидан (892/1486-1487) сўнг, 893/1487-1488 йили Умаршайх мирзо ва Султон Аҳмад мирзо Тошкент вилоятини қайтариб олиш учун қўшин тортадилар. Умаршайх қўшини Тошкент вилоятидаги Уштур қўрғонини эгаллайди. Султон Маҳмудхон лашкар тортиб, қаттиқ жангдан сўнг, қўрғонни қайтариб олади (892/14861487) [Мирза Мухаммад Хайдар. Тарих-и Рашиди. С. 143].

Шу йили Самарқанддан Султон Аҳмад мирзо Тошкентга юриш қилади. Шоҳибек (Шайбоний) унинг лашкарида эди, у ўз қўшини билан Султон Маҳмудхон томонга ўтиб кетади. Султон Аҳмад мирзо енгилиб, Самарқандга қайтади ва унинг Тошкент вилоятини олиш учун ҳаракати амалга ошмайди [Мирза Мухаммад Хайдар. Тарих-и Рашиди. С. 143-144].

Тошкент вилояти ўша пайтдан бошлаб, то Шайбонийлар ҳукмронлиги ўрнатилгунга қадар, Мўғулистон таркибига кирган. Уни дастлаб Юнусхон, вафотидан кейин эса ўғли Султон Маҳмудхон бошқарган. Бошқача қилиб айтганда, Тошкент шаҳри қисқа муддат, аниқроғи 890 / 1485 – 908 / 1502-1503 йиллар оралиғида, хоннинг қароргоҳи шу ерда бўлгани учун, Мўғулистоннинг сиёсий-маъмурий пойтахти мақомини олди [Мирза Мухаммад Хайдар. Тарих-и Рашиди. С. 377]. Султон Маҳмудхон юриш қилиб Туркистон шаҳрини эгаллагач, мазкур маъмурий–ҳудудий бирликнинг чегараси шимоли-ғарб томонга кенгайиб, Сирдарёнинг қуйи ҳавзасини ҳам қамраб олган. Тошкент шаҳрида Заҳириддин Бобур ҳам бўлган. Аниқроғи “Бобурнома” да 907/1501-1502 йил воқеалари баёнида Заҳириддин Бобур Тошкентга улуғ хон тоғаси Султон Маҳмудхон ҳузурига ёрдам олиш ниятида келгани ва маълум вақт шу ерда яшагани айтилган.

Заҳириддин Бобур 1511 йили охирги марта Мовароуннаҳрни олишга жазм қилиб, баҳорда Ҳисорни, ёзда Бухорони, октябрь бошида Самарқандни эгаллайди. “Тарих 917/1511 да Самарқандни олдим” [Заҳириддин Бобур. Бобурнома. Тошкент, 1960. 237-б], — деб ёзади Бобур бу ҳақда. Мазкур сиёсий ўзгаришларда Тошкент вилояти ҳам Бобур ихтиёрига ўтган ва у Тошкент шаҳрини бошқаришни амир Аҳмад Қосим кўҳбарга, Сайромни — Каттабекка топширган. Бироқ 1512 йил баҳорида Кўли Маликдаги жангда Убайдулла Султон бошлиқ шайбонийлардан енгилади ва Ҳисор томон чекинади. Ўша йилнинг кузида Ғузор ва Қаршини эгаллашга муваффақ бўлади, лекин кузда Ғиждувондаги жангда яна мағлуб бўлиб, узил-кесил Кобулга қайтади. Бобур Самарқанддан кетгач, шайбонийлар лашкари Тошкентни қамал қилади ва Бобур тарафдорлари шаҳарни ташлаб кетишга мажбур бўладилар [Мирза Мухаммад Хайдар. Тарих-и Рашиди. С. 347].

Келтирилган маълумотлардан ХIV–ХV асрлар манбаларида Тошкент шаҳри ва вилоятининг ўзига хос сиёсий ҳолати, маъмурий мақоми, иқтисодий равнақи ва халқаро мавқеи бўлгани кўринади.

О. Бўриев

Манба:

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

Ўхшаш мақола

Генерал Черняев ҳисоботларида Тошкент истилоси

Post Views: 1 183 1865 йилнинг июнида рус генерали Черняев қўшинлари томонидан Тошкент шаҳрининг истило қилиниши …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *