Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент заргарлик мактабининг ўзига хос локал хусусиятлари

Тошкент заргарлик мактабининг ўзига хос локал хусусиятлари

Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Тошкент қадимдан Ўрта Осиёнинг йирик савдо-сотиқ маркази бўлиши билан бирга ҳунармандчиликнинг барча турлари ривожланган йирик шаҳарлардан бири ҳам ҳисобланади. Ҳунармандчиликнинг асосий турларидан бири заргарлик ҳунари Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Қўқон, Андижон, Марғилон, Наманган, Хўжанд, Қарши, Шаҳрисабз каби шаҳарлар сингари Тошкент шаҳрида ўзига хос тарзда шаклланиб, локал-ҳудудий хусусияти билан ажралиб туради1. Заргарлик санъатида Тошкент Самарқанд ва Бухоро билан биргаликда, Хоразм, Сурхондарё ва Қашқадарё заргарлик мактабларидан кейин учинчи ўринда туради.

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, қадимги ва илк ўрта асрларда Тошкентда заргарлик жуда яхши ривожланган бўлиб, маҳаллий заргар усталарининг ишлари билан анча машҳур бўлган.

Ҳунармандлар яшайдиган маҳаллалар шаҳар марказида жойлашган бўлиб, бу маҳаллалар Заргарлик номи билан юритилган2. Заргар ҳунармандлар тайёрлаган маҳсулотларнинг маълум миқдори шаҳар ва қишлоқ аҳолиси эҳтиёжларини қондирса, баъзан узоқ мамлакатларга сотиш учун ҳам чиқариларди.

XIX аср охири — XX аср бошларида қимматбаҳо металларга ишлов бериш заргарлик ҳунармандчилигининг ривожланган турларидан бири эди. Заргарлик буюмлари асосан кумушдан ишланарди. Қашғардан маржон, Польшадан кумуш, турли ранг ва шаклдаги шиша, феруза тошлари сотиб олиб келинарди3. Тошкентда заргарлик буюмларидан тиллақош, тиллабаргак, нозик ўйма нақшли енгил қорамтир билакузуклар, катта ва нафис айланага бириктирилган осилмалардан иборат Тошкент зираклари, ойбалдоқлар кўплаб ишлаб чиқарилган. Айниқса, Тошкент зирак, Самарқанд зирак, нўғай зирак, қозоқ зираклар, сочпопуклар, тиллабаргаклар, туморлар, бурунбулоқилар, паранжи тугмалари жуда машҳур бўлиб, доимо кўплаб ички ва ташқи харидорларни ўзига жалб қилиб келган4.

Халқаро савдо йўли Бағдод, Ҳамадон, Нишопур, Марв, Омул (Чоржўй) Бухоро, Самарқанд, Шош, Тароз (Жанбул), Кулон, (Луговая станцияси) Марки, Болосоғун, Сиёб, Иссиқкўлнинг жанубий қирғоғи ва Шарқий Туркистон, Олд Осиё, Монголия ва Хитой билан биргаликда Тошкент орқали ўтганлиги боис, савдо алоқаларининг яхши ривожланганлигидан далолат беради5.

Археологик маълумотларга кўра, Тошкентда заргарлик ҳунармандчилиги ўзига хос тарзда ривожланган бўлиб, заргарлар асосан кумуш, қимматбаҳо тошлардан заргарлик маҳсулотлари ясовчи усталарни ташкил этарди6.

ХIХ аср охирларида заргарлик устахоналарининг сони 40 га яқин бўлиб, бу ерда тайёрланган маҳсулотлар шу ернинг ўзидан сотилар эди. Баъзи бир заргарларнинг устахона ва дўконлари бозорларда ҳам жойлашган бўлиб, улар асосан зеб-зийнат буюмларини уйида тайёрлаб, бозорга фақат уларни сотиш, заргарликка керакли буюмларини сотиб олиш учун келишардилар. ХХ аср бошларига келиб эса бу устахоналарнинг сони 70 га етиб қолган эди. Заргарлик устахоналари алоҳида қаторларда жойлашган ва машҳур усталар ўзининг доимий мижозларига эга бўлган. Улар буюртма асосида бозорга маҳсулот ишлаб чиқаришган.

ХIХ асрнинг иккинчи ярмида, яьни 1886 йил Тошкентнинг Чорсу бозорида заргарлик буюмлари 20 та дўкон-расталарда жойлашганлиги ва унда маҳсулотлар шу ернинг ўзида тайёрлаб сотилган7. Ўша пайтда заргарлар сони 135 дан ортиқ бўлган бўлса, улардан 50 таси олтин билан ишловчи усталар бўлган. Заргар ҳунармандлар орасида ҳинд, озарбайжон ва доғистонлик заргарлар ҳам борлиги тўғрисида маьлумотлар учрайди8.

Тошкент заргарлари ёзда ўз ишларини дала ҳовлиларида ҳам давом эттирганлар. Бундай заргарлар кумуш усталари деб аталиб, уларнинг бошида оқсоқол турган. Айниқса, улар ясаган сирға, узук, билакузуклар маҳаллий қизлар ва аёллар ўртасида жуда машҳур эди. Шунга қарамасдан, бу усталар эркаклар учун узук, қимматбаҳо тошлар билан безатилган пичоқ, ханжар соплари, камар тўқаларини ҳам ясар эдилар.

Тошкентда қадимдан қизлар сепи учун ҳам махсус заргарлик безаклари буюртма қилинар эди. Ҳаттоки, аҳолининг қуйи қатлами, камбағал оилалар ҳам буюртма беришга ҳаракат қилишар эдилар.

Тошкент заргарлари ясаган маҳсулотлар нафақат Тошкентда балки, Кавказда, Самарқандда, Чимкент, Авлиёота ва бошқа чегаралар қишлоқлари аҳолиси учун ҳам харидоргир эди9. Зеро, ўша пайтларда Тошкент заргарлик маҳсулотларига бўлган талабнинг кучайиши асосан, уларнинг ясалиш техникасида ўзига хос локал хусусиятларни акс этар эди. Айниқса, Тошкент заргарлари ясаган Тошкент зираклари, ҳаттоки, Самарқанд зиракларига ўхшаш бўлса ҳам бошқа зираклардан фарқ қиларди. Шунинг учун ҳам ушбу маҳсулотлар сотиш айирбошлаш тарзида олиб борилар эди. Баъзи бир заргарлар қимматбаҳо металлар билан ишлашда керак бўладиган мураккаб кимёвий реакция ва тайёрлов услуби билимига ҳам эга бўлишган10.

Тошкент заргарлари ўз оилавий ҳунарларини авлоддан-авлодга ўтказишган, ўргатишган ва бу ўзига хос анъана бўлиб, доимий давом этган.

ХIХ аср охири – ХХ бошларида Тошкент ҳунармандлари орасида ҳунармандчиликни ҳар томонлама ривожланиши ва маҳсулотларни юқори санъат даражасига етиши учун ўз ҳунарларига содиқлигини, қадимий анъаналарни давом эттириш, яъни уста-шогирд анъаналари, ҳунар пирлари, пайғамбарлари, авлиёлари ҳақига дуолар қилиш учун ҳунармандчилик рисолаларидан фойдаланишган11. Ҳар бир заргар устанинг ўз маҳсулотини яратиш техникаси ва технологияси махсус ҳужжат рисолага асосланган. Заргарларнинг ушбу рисолалари фақатгина ҳунармандчилик аҳамиятига молик бўлмасдан, балки устахоналарни ривожлантириш билимлари, асбоблари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, ишлаб чикариш технологиялари манбаси ҳам ҳисобланган. Рисолага кўра заргарлик ҳунарининг пири – Довуд пайғамбар ҳисобланган12.

Ҳунармандларнинг юқори қатлами бош усталар бўлиб, уларнинг қарамоғида устахона, ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари бўлган. Улар буюртма қабул қилиб олиш, усталар ўртасида иш тақсимлаш ва бирор-бир маросим ўтказиш каби вазифаларни бажаришган. Усталар ва ҳунармандлар уюшма (цех) га бирлашган. Ҳар бир уюшманинг ўзига хос рисоласи бўлиб, унда тартиб ва қоидалар мавжуд бўлган. Ҳаттоки, бирбирига яқин цехлар ўртасида рақобат бўлиб турган.

Заргарлар кумушни маҳаллий аҳолидан асосан давлат банки орқали, бой амалдор ёки тадбиркорлардан эса баъзан қарзга ҳам олишган. Шунингдек, улар заргарлик буюмлари ясаш учун катта пул сарф қилишган. Турли ҳажмда бўлган кумуш қуймаси ҳунармандлар орасида “тўнғиз” деб номланган. Баъзан заргарлар бундай қуйманинг текисланган ҳолатда, яьни пластинка кўринишидагисини Россиядан олишарди. Тошкентнинг заргар усталари кумушдан ташқари, ҳунармандчиликда тақинчоқлар учун керакли қуйидаги маҳсулотлардан фойдаланганлиги ҳақида маълумотлар учрайди13:

полска – деб аталган поляк кумуши бу асосан қирғизлар тақинчоқларини ясаш учун сотиб олинарди;

шиша – турли рангдаги шишалар бўлиб, улар қимматбаҳо тошга ўхшарди. Бу маҳсулотлар асосан ойна кесадиганлардан синиқлари, қолдиқлари кўплаб сотиб олинган;

маржонлар – кораллар. Тошкентга асосан Қашғардан олиб келинарди;

мунчоқ-феруза – эмалтош бўлиб, асосан Москвадан келтирилган турли хилдаги майда мунчоқлардан усталар махсус ўзлари тайёрлардилар;

танакор – бура, танакор (рангсиз, баъзан оқ, кул ранг ёки сариқ тусдаги минерал);

Хитой шиша ёки мино – алоҳида эмалга ўхшаш шиша бўлиб, Хитойдан келтирилган. Унда Хитой тамғаси акс этган ( бу шишанинг баҳоси ўша даврда 1 рубль 50 коп. турган). Аксарият заргарлар ўз буюмларини тилла, кумуш, мис, бронза, тош, феруза, шиша, турли тангалар, кўзли ва рангли мунчоқлар, қимматбаҳо дур, гавҳар, ёқут кабилардан фойдаланиб ишлашган. Қимматбаҳо заргарлик буюмларига талаб тор доирада бўлгани учун бошқа ҳунармандчилик буюмларига нисбатан кам миқдорда ишлаб чиқарилган. Заргарликда ишлатилган қимматбаҳо тошларнинг ҳар қайсиси ўзига хос маъно касб этган14. XIX аср заргарлик буюмларининг шакли ва безаклари учун бирбирига ўхшамайдиган услублар: ислимий (ўсимликсимон), геометрик, самовий махлуқот дунёси асос қилиб олинган.

Заргарлик устахоналарда дўкон ёки қўрадан ташқари даган-дан – сариқ мисдан ясалган конуссимон трубка, сандон, режа, оташкурак, жуптак, харак (ишчи лали, патнис), чирё, омбир, шингил-камоб, бута каби зеб-зийнат буюмлари тайёрлаш учун зарур заргарлик асбоблари ҳам бор эди. Бундан ташқари, заргарларда турли қисгич, омбирлар, қайчилар йиғмаси ҳам бўлган15. Шунингдек, заргарлар безак буюмларни тайёрлашда турли усуллардан (қуйиш, тарошлаш, ўйиш, қолиплаш ва ўтқазиш) фойдаланишган.

Тошкент тақинчоқларидан асосан зирак – сирғанинг турли хилдаги кўринишлари мавжуд бўлиб, улардан Тошкент зирак, Самарқанд зирак, нўғай зирак (татарча сирға), қозоқ зираги деб номланганлари жуда машҳур бўлган. Уларда 3-5 тагача осилчоқлар бўлиб, бу осилчоқлар турли шишачалардан қилинган. Татарча зирак овал шаклда бўлиб, унинг ўртасига шишадан феруза кўз қўйилган.

Сочпопуклар – соч учун бўлиб, уларга асосан конус ёки цилиндрга ўхшаш асбоб тўлиқ бириктириб қўйилган. Бу кумушдан қилинган бўлиб, унда қора иплар сочни ўриш учун осилиб турган. Тошкентликлар уни зулфи зар ҳам деб аташади;

баргак – (барг тожикча сўз бўлиб барг демакдир) тиллақош бўлиб, Тошкентда шундай ном билан, яъни тиллабаргак, тиллақош деб юритилган. Баргак кумушдан квадрат шаклида тайёрланган ва бир неча осилма тақинчоқларга эга бўлган безак буюмидир16;

билакузуклар — асосан қалин ва кенг кумуш пластинкадан тайёрланган. Улар жуфтжуфт ясалиб, тақилганда бир-бирига маҳкам боғлаб қўйиладиган илмоғи ҳам бўлган;

узук – қўл тақинчоғи. Ҳунармандчиликда даставвал аёллар тақинчоқлари пайдо бўлган бўлса-да, кейинчалик эркаклар ҳам турли тақинчоқлар тақишган17. Масалан, Тошкентда рангли тошлар ўрнатилиб, эгасининг исми шарифи битилган йирик савдогарлар учун муҳр – узуклар тайёрланган.

XX аср бошларигача қассоблар, сартарошлар, ғассоллар орасида махсус узукларни (асосан ўрта бармоқларига тақишган) тақиш одати бўлган18.

Бурунбулоқи – ХХ асрнинг бошларигача бу тақинчоқни Тошкент аёллари бурунларига тақишган19;

паранжи тугма – ҳам махсус кумушдан қилинган. Тугмалар турли шаклда бўлган, баъзан бу тугмаларни аёллар халатларига ҳам қадашган.

Тошкентда тиллабаргак мураккаб шаклли пешона тақинчоғидир20. Унда 2 қатор майда бодомчасимон осилчоқлар бўлиб, у “шингил” деб ҳам юритилган. Бундан ташқари, тиллақош (қошга ўхшаганлиги учун ҳам шундай номланган) ҳам тақилиб, у асосан кумушдан ишланиб, бош кийими устидан кийилади ва қош устига тушиб туради. Унга турли шаклга эга бўлган майда тақинчоқ безаклар қадалган.

Самарқанд ва Бухорода ҳам тиллақош асосан келинларнинг тўй тантаналарида тақадиган пешона тақинчоғи ҳисобланган21.

XIX аср бошларида Тошкентда “гажак” тақинчоғи ҳам тақилган. Тошкент гажаклари Бухоро гажакларидан фарқ қилиб, кўриниши бодом шаклида бўлган22. Ушбу тақинчоқ қалампир ёки бодом кўринишида бўлиб, учи қайрилгани учун ”гажак” деб аталади. Гажаклар доимо тиллақош билан бирга тақилган. Улар дўғача билан икки чаккага мустаҳкамланиб, илмоқлар воситасида соч ёки рўмолга қистириб қўйилган23. Гажаклар асосан Тошкент, Фарғона водийси, Зарафшон воҳаси ҳамда Жанубий Ўзбекистон вилоятларида кенг тарқалган.

XX аср бошларида Тошкентда гажак тақиш урфдан қолиб, “тўғноғич” (брошка) тақила бошланган24.

XX аср бошларида Тошкент зираклари кўриниши томчи шаклига ўхшаш бўлиб, турли хил тош шишалар, сунъий феруза, буғдойсимон мунчоқлардан иборат эди. Қизлар, аёллар, келинлар, ёш ва қариларнинг тақинчоқлари бир-биридан фарқ қилган.

Тошкентда XIX аср охирларида ҳам жевак деган бўйин тақинчоғи тақилган. Кўкрак тақинчоқларидан зебигардон ҳам бўлиб, у ромб шаклида ясалган ва турли рангли шишалар, кўк мунчоқлар билан безатилган.

Зеб-зийнат буюмларидан ҳисобланмиш Тошкент туморлари Бухоро ва Қўқон туморларидан фарқ қиларди. Бу фарқни, ҳатто, тақилишида ҳам сезиш мумкин эди. Туморлар “бўйин тумор”, “кўкрак тумор”, “қўлтиқ туморлар”дан иборат бўлиб, унда қўй шохлари акс этиб, аёллар ва болалар учун ҳимоя воситаси сифатида тақишган25. Бўйин тумори учбурчак шаклда бўлиб, ялтироқ ва турли рангдаги шишалар билан безатилган. Унинг четларига буғдойга ўхшаш осилчоқлари бўлган. Тумор асосан ўртада икки чети бўйинга туташтирилган. Заргарлик санъатида Тошкент мактаби буюмлари кўпроқ кумуш ва кейинчалик қотишмага тилла суви юритилиб ясалган. Бу одат Тошкент заргарларида ҳозиргача сақланиб қолган.

XX аср бошларида Тошкентда кумушдан буюм ясайдиган заргарлар анча камайиб кетади, улар паст навли олтиндан заргарлик буюмлари ясай бошлашади. Қолаверса, уларнинг хориждан келтирилган заргарлик буюмлари таъсирига тушиб қолиши ҳам заргарлик ҳунарининг ривожланишига ўз таъсирини кўрсатади26. Бугун тошкентлик заргарлар фақат Тошкент мактаби анъанавий тажрибасинигина ўзлаштириб қолмасдан, балки, бошқа маҳаллий мактаблар тажрибасини ҳам ўзлаштирмоқдалар. Қолаверса, улар ижодида техник ва бадиий усуллар билан бирга кўпроқ инсон турмуш тарзи фалсафасининг инъикоси намоён бўлмоқда. Бундан ташқари, бугунги заргарлар ижодида қадим аждодларнинг оламни яратилиш қонуни борасидаги қарашлари ҳам ўрин олган. Тошкентда савдо-сотиқнинг ривожланиши натижасида қўшни минтақалардан тақинчокларнинг хилма-хил турларини кириб келиши, уларнинг техникаси, бадиий жиҳатлари (орнаментлар), умумий кўриниши, тақинчоқларнинг маҳаллий турлари билан яқинлашиб, ўзаро уйғунлашиб кетишига ҳам олиб келди.

Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришгандан сўнг заргарликда қимматбаҳо металлардан фойдаланишга имкон яратилди. Маҳаллий унутилиб бораётган аньаналарни қайта тиклаш, анъанавий — замонавийларини яратиш услубларидан фойдаланиш заргар ҳунармандлар учун қадриятларнинг қайта туғилишидир.

Зеро, Тошкентда кўплаб заргарлик ҳунармандчилик марказлари, устахоналари, саноат корхоналари, хусусий бирлашмаларининг фаолият юргизиши қадимдан бу ҳунар турининг кучли ривожланганлиги ва алоҳида заргарлик мактаби яратилганлигидан далолатдир.

С.Т. Давлатова

Локальные особенности ташкентской ювелирной школы

В статье раскрывается история школы ювелиров старого города Ташкента. Рассматриваются локальные особенности, традиции ювелиров-ремесленников, обычаи и обряды, связанные с этим ремеслом.

S.T. Davlatova

Local Aspects of the Jewelry Schools of Tashkent

In the article are attempt to make analyze jeweler schools of old part of Tashkent city. Also it is studying localities, traditions of jewelers and rituals connecting with this profession (handicraft).

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

1 Шаниязов К.Ш., Исмаилов Х.И. Этнографические очерки материальной культуры узбеков (конец ХIХначало ХХ в.). Ташкент, 1981. С. 101

2 Мукминова Р.Г. Тўрт аср олдинги Тошкент. Тошкент: Фан. 1984. 14-бет

3 Жалилова М. Туркистонда бадиий ҳунармандчилик // Гулистон, 2001. №1. 17-бет

4 Давлатова С.Т. Тошкент ҳунармандчилиги тарихидан (ХIХ-ХХ асрлар) // О’zbekiston tarixi. 2008, №2. 39-бет

5 Бекмухамедов Х.Ю. Страницы из истории Ташкента // Сборник из истории Узбекистана. Ташкент, 1975. С.142

6 Алимова Д.А., Филанович М.И. Тошкент тарихи (қадимги даврлардан бугунги кунгача). Тошкент, 2007. 23-бет

7 Файзиева З. Кустарно-ремесленное производство в Туркестане во второй половине ХIХ-начале ХХ в.: Автореф. дис… канд. ист. наук. Ташкент, 1978. С. 31; Фахретдинова Д.А. Ювелирное искусство Узбекистана. Ташкент, 1988. С.72

8 Фахретдинова Д.А. Ўша асар. 72-бет

9 Гейер И., Назаров И. Кустарные промыслы в Ташкенте. Тетрадь I. Ташкент, 1903. С. 10

10 Бу ҳақда қаранг: Кузнецова Н.А. Ремесленные рисала // Краткие сообщения Института востоковедения. Вып. 19. М., 1959. С. 80-83

11 Давлатова С.Т. Ўша асар. 43-бет

12 Фахретдинова Д.А. Ювелирное искусство Узбекистана… С.73

13 Гейер И., Назаров И. Кўрсатилган асар. 14-бет

14 Альмеева Д. Бухорои шарифнинг заргарлик санъати // Мозийдан садо. Тошкент, 2002. №3. 9-бет

15 Гейер И., Назаров И. Ўша асар. 13-бет

16 Исмоилов Ҳ. Анъанавий ўзбек кийимлари. Тошкент, 1978. 47-бет

17 Ахроров И. Тақинчоқлар таърифи // Саодат. Тошкент, 1997. №3. 27-бет

18 Борозна Н.Г. Виды женских ювелирных украшений у народов Средней Азии и Казахстана // СЭ. М., 1974. №1. С. 33

19 Бикжанова М.А. Одежда узбечек Ташкента ХIХ- начала ХХв. // Костюм народов Средней Азии. М., 1979. С.148

20 Абдуллаев Т.А., Хасанова С.А. Одежда узбеков (ХIХ- начало ХХ в.). Ташкент, 1978. С.11

21 Сухарева О.А. История среднеазиатского костюма. Самарканд ( 2-я половина ХIХ- начало ХХ в.). М., 1975. С.100

22 Азизова Н. Ювелирные изделия Узбекистана. Ташкент, 1967. С. 83-84

23 Давлатова С.Т. Қашқадарё миллий кийимлари: анъанавийлик ва замонавийлик. Тошкент, 2006. 101-бет

24 Азизова Н. Ювелирные изделия Узбекистана… С. 8

25 Азизова Н. Ўша асар. 14 бет; Яна қаранг; Борозна Н.Г. Некоторые материалы об амулетах- украшениях населения Средней Азии // Мусульманские верования и обряды в Средней Азии. М.,1975. С.286. Камалова Д.М. Узбекская художественная культура. Ташкент, 1995. С. 33

26 Ҳакимов А. Тошкент халқ ҳунармандчилиги // Мозийдан садо. 2007, №2, 9-бет

Ўхшаш мақола

Первая мировая война и ташкентцы

Post Views: 2 223 Начало первой мировой войны на территории Российской империи сопровождалось усиленной патриотической кампанией …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *