Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкентлик олимларнинг ўрта асрларда илмлар ривожига қўшган ҳиссаси

Тошкентлик олимларнинг ўрта асрларда илмлар ривожига қўшган ҳиссаси

Ҳозирги кунда инсоният тамаддуни жараёнида илм-фан тараққиётига Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонда етишиб чиққан Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Ибн Касир ал-Фарғоний, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Абу Райҳон ал-Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд аз-Замахшарий каби буюк алломалар улкан ҳисса қўшганлари бутун жаҳон аҳли томонидан эътироф этилиб, уларнинг илмий мероси ҳар томонлама чуқур ўрганилмоқда ва ундан кенг кўламда фойдаланилмоқда.

Ушбу буюк алломалар сирасида Тошкент шаҳри ва унинг таркибига кирувчи минтақаларда туғилиб ўсган ва вояга етган олиму фузалолар ҳам ўрта асрларда Марказий Осиё ҳудудидаги илмий анъаналарини давом эттириб, илм-фаннинг барча жабҳалари тараққиётига муносиб ҳисса қўшганликларини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бу борада ўрта асрларда (Х — ХХ асрлар) тошкентлик олимлар ўз даврининг илмлари – ҳадис, фиқҳ калом, тафсир, араб тили грамматикаси, шеърият, тибб, фалсафа, риёзиёт, тарих, хаттотлик ва бошқа соҳаларда самарали фаолият олиб борганларини қайд этиш даркор.

Илм-фаннинг қайси соҳасини олиб кўрмайлик, уларнинг ҳар бирида тошкентлик олимларнинг муваффақиятли фаолият олиб борганларини гувоҳи бўламиз. Ўрганилаётган давр олимлари бир вақтнинг ўзида бир неча илмларни эгаллаб, уларнинг ривожига муносиб ҳисса қўшганлар. Биз ушбу мақолада тошкентлик олимларнинг барча соҳалар эмас, балки баъзилари – шеърият, фиқҳ, тарихнавислик, тибб ва хаттотликдаги фаолиятларини илмий асосда ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган мазкур соҳаларга тааллуқли қўлёзма асарлар асосида баён этишни лозим топдик.

Ўрта асрларда мумтоз адабиёт, хусусан шеъриятга тошкентлик олимлардан Абу Муҳаммад Матроний (Х аср), Абу Омир Исмоил ибн Аҳмад аш-Шоший ал-Омирий (Х аср), Абд ал-Карим Тошкандий (ХIХ аср) билан бир қаторда “Холис” тахаллуси билан танилган ва “Юсуф ва Зулайхо” (қўлёзма №№ 9073, 8902, 9824/1, 3650/1) достонини ёзган Шоҳаким Тошкандий (XII–XIII асрлар), “Қасоид Бадр” (қўлёзма № 151), “Девони Бадр Чочий” (қўлёзма №233) ва “Қасоид Бадр Чочий” (қўлёзма № 209/6) шеърларининг муаллифи Бадриддин Чочий (XIV аср) ҳамда муаммо жанрида Абдурраҳмон Жомийдан кейинги ўринни эгаллаган, замонасининг улуғ намояндалари томонидан тан олинган, Алишер Навоий илтимосига биноан “Шарҳи муаммоси Мирҳусайний” (қўлёзма № 1863)ни ёзган Мавлоно Соний ибн Ёрмуҳаммад ибн Пирмуҳаммад Тошкандий (XVI аср) каби шоирлар ўзларининг яратган асарлари билан шеъриятга муносиб ҳиссаларини қўшганларини қайд этиш даркор.

Фиқҳ илмида йирик асарлар яратган ва ислом оламида машҳур бўлган тошкенлик олимлар сирасида “Китоб ал-усул” муаллифи (қўлёзма № 3287/1) Исҳоқ ибн Иброҳим аш-Шоший ас-Самарқандий (Х аср) ҳамда “Шарҳ рисола аш-шофеъийй фи ал-фиқҳ ала мазҳабиҳи” ва “Шарҳ фуруъ фи мазҳаб аш-шофеъийй” асарларини яратган Низомуддин аш-Шоший (XIV аср)ни ўрта асрларда ал-Мустаҳзарий исми билан танилган машҳур фақиҳ Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад аш-Шоший (XII аср) билан тенг равишда зикр этиш керак.

Бир неча илм соҳасида, алалхусус адабиёт ва илм ал-жадал (диалектика)да Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол аш-Шоший (Х аср), унинг фақиҳ ва муҳаддис ўғли Абу ал-Ҳасан Қосим ибн Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ал-Қаффол аш-Шоший (XI аср), олим, табиб, шоир, мусиқашунос ва хаттот Боқий жарроҳ Тошкандий (XVI аср) фаолиятлари эътиборга сазовордир. Улар сирасида XIV-XV асрларда ижод этган олим ва хаттот Жамшид Шоший (XIV аср)нинг Тафтазоний қаламига мансуб “Талмих фи кашф ал-асрор ат-тавзиҳ” (қўлёзма № 5776) китобига ёзган ҳошияси ва Маҳмуд аз-Замахшарийнинг “Кашшоф ан ҳақоиқ ат-танзил” (қўлёзма № 2423) асарини 1358 йилда насх хати билан кўчирган нусхаси ҳамда ушбу давр намояндаларидан яна бири, араб ва форс тилларида ижод этган олим ва шоир Ҳамидуддин Тошкандий (XV аср)нинг араб тили грамматикасига оид яратган “Ҳошият ал-ҳошият ат-талвиҳ” (қўлёзма № 3040) асари ҳам маданиятимиз тарихида алоҳида ўрин тутади.

Айни пайтда аксарият тошкентлик олимлар ўзлари учун хорижий бўлган ҳамда ўша даврнинг илм тили – араб тилида асарлар ёзганликлари ва нафақат мазкур тилни мукаммал эгаллаганликлари, балки унинг ривожига катта ҳисса қўшиб, араблар учун ўнлаб асрлар мобайнида ўқув қўлланма бўлиб хизмат қилаётган дарсликлар яратган диёримиз алломаларининг анъаналарини давом эттирганларини зикр этиш айни муддаодир.

Тибб илмида ҳам кўз касаллигига оид форс тилидаги шеърий асар “ Зубдайи манзума” (қўлёзма № 4935) муаллифи Шоҳ Али Каҳҳол (XVI аср), Маҳмуд ибн Чағминийнинг “Қонунча” асарини ўзбек тилига таржима қилган (қўлёзма № 11083) Шохўжа Ҳаким ибн Шофайзхўжа – Шоҳий (XIX аср), “Қонун ал-мабсут” (қўлёзма №№ 8921, 8922) ва “Фавоид ул-адвиййа ва мавоид ул-ағзиййа” (қўлёзма № 11256) муаллифи, машҳур табиб Боситхон ибн Зоҳидхон ибн Муҳаммад Содиқхон Шошийнинг (ХХ аср) тибб соҳаси ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ўзидан олдин ўтган ва замонасида фаолият олиб борган бошқа тошкентлик олимлар – Шарофуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Йусуф ал-Илоқий (XI аср), худди Ибн Сино Форобийга шогирд бўлганидек, Ибн Синога китоб орқали шогирд бўлган Муҳаммад ибн Али ал-Илоқий (XII аср) Убайдуллоҳ ал-Каҳҳол (XVI аср), Муҳаммад Йусуф Каҳҳол (XVI аср) эришган муваффақиятларига тенгдир.

Тарихнависликда тошкентлик олимлар ўзларидан олдин ўтган олимлар асарларига таянган ҳолда нафақат қадимги тарихни, балки ўзлари яшаган даврнинг тарихини ҳам муфассал ёритганлар ҳамда кейинги даврлар ва авлодлар учун муҳим тарихий маълумотларни қолдирганлар.

Шундай тарихчи олимлар ичида тошкентлик Абу Сулаймон Фахриддин Али ибн Абулфазл Довуд ибн Муҳаммад ал-Банокатий (XIV аср), Ҳофиз Кўҳакий (XVI аср), Муҳаммад Солиҳ Раҳимхўжа (XIX аср) билан бир қаторда “Тарихи Рашидий” асари (қўлёзма №№ 1430, 10191) муаллифи Мирза Муҳаммад Ҳайдар ибн Муҳаммад Ҳусайн Кўрагон (XVI аср), XV–XIX асрлар Фарғона, Қўқон тарихига оид китоб “Ансоб ас-салотин ва таворих ал-ҳавоқин” (қўлёзма № 9841) ва автобиографик асар “Байон ҳасби ҳоли Мулло Мирзо Олим Мирзо” (қўлёзма № 1314/2) муаллифи Мулло Мирзо Олим ибн Домла Мирзо Раҳим Тошкандий (XIX аср) ҳамда Қўқон хонлиги тарихига оид автобиографик “Хулосат ул-аҳвол” (қўлёзма № 2084) муаллифи, Эшон хўжа Қори Тошкандий номи билан танилган Абу Убайдуллоҳ Муҳаммад ибн Султонхўжа (XIX аср)ни зикр этиш керак.

Ўрта асрларнинг иккинчи ярмида илмий соҳаларнинг бири бўлган хаттотлик Марказий Осиё, хусусан Тошкентда жуда тараққий этган. Ушбу соҳа ривожига ҳисса қўшган илм намояндалари ўртасида тошкентлик хаттотлар алоҳида ўрин эгаллаганлар.

Улар сирасида Абдулвадуд котиб – Абдул Вадуд ибн Хўжа Абдулвасиъ Шоший (XV-XVI асрлар), Мавлоно Обид хаттот (XVI аср), Хўжа Ибодуллоҳ ибн Одил хўжа Тошкандий (XIX аср), Сотиболди хўжа ибн Юнус хўжа Шоший (XIX аср), Абдул Ҳаким ибн Неъматбой Шоший (XIX аср), Ибн Аҳмад ар-Раъиний аш-Шотибий Шошийнинг издоши Абу ал-Қосим ибн Хайра ибн Абу ал-Қосим (XIX аср), Тўра хўжа ибн Хўжажон Тошкандий (XVIII аср), Мулло Ҳаким Тошкандий (XIX аср), Абд ал-Ҳаким хўжа ибн Искандар хўжа Тошкандий (XIX аср), Абдулҳаким ибн Искандархон Тошкандий (XIX аср), Мулло Эрғози Шоший (XIX аср), Мулло Содиқбек ибн Охунд Домла Солиҳбек Аълам Шоший (ХIХ аср), Муҳаммад Шайх ибн Саид хожи Тошкандий (XVI аср), Муҳаммад Олим аш-Шоший ал-котиб (XIX аср), Мулло Абдуллоҳ ибн Мулло Аҳмад Солиҳ Тошкандий (XIX аср), Солиҳ хўжа Шоший (XIX аср), Ибодулла хўжа ибн Одил хўжа (XIX–XX асрлар), Муҳаммад Умар ибн Муҳаммад Мажди аш-Шоший (XX аср) каби машҳур хаттотларни зикр этиш жоиз.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондида тошкентлик қирққа яқин хаттотларнинг асарлари мавжуд. Биз улардан хаттотлар сулоласининг вакили, Алишер Навоийнинг “Хамса”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Лисон уттайр”, “Мажолис ун-нафоис”, “Ғаройиб ус-сиғар” асарларининг бир нечалаб нусхаларини кўчирган Муҳаммад Юнус котиб ( ХIХ аср), Амир Хисрав Деҳлавийнинг “Қиссат чаҳор дарвиш” (қўлёзма № 7385/2) асарини кўчирган Мулло Абд ат-Толибжон Тошкандий (ХIХ аср) ва тибб илмининг билимдони, табиблар сулоласи вакили, моҳир хаттот ва тобобатга оид “Қонун ал-Мабсут” (қўлёзма № 12535/1), “Рисолайи қабриййа” (қўлёзма № 12544/3), “Ташриҳ китоб тариқ ал-илож дайн” (қўлёзма № 12535/3), “Жомиъ ал-фавоид” (қўлёзма № 12544/1) асарларини кўчирган Ҳамидхон ибн Зоҳидхон ибн Муҳаммад Содиқхон аш-Шоший (ХХ аср) фаолиятлари ва хаттотлик санъати борасида яратган бебаҳо асарларини зикр этишни жоиз деб топдик.

Зикр этилган маълумотларга асосланган ҳолда тошкентлик олимлар ўрта асрларда илм-фаннинг барча жабҳаларида инсоният тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшганлари ва баъзиларида эса, алалхусус хаттотликда улкан зафарлар қучганларини фахр билан таъкидлаш керак. Бу эса нафақат араб алифбоси, балки илм-фан тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар асарлари сақланиб қолишида ҳам юксак аҳамиятга молик илмий муваффақиятдир.

Р.М. Баҳодиров

Вклад ученых Ташкента в развитие наук в средневековье

В статье раскрыты основные моменты вклада ученых Ташкента в развитие наук в средневековье. Автор на основе источников, хранящихся в рукописном фонде ИВ АН РУз, дает анализ работ ученых, творивших в Х–ХХ вв. как в нескольких отраслях науки одновременно, так и в ее отдельных областях, т.е. в литературе, фикхе (мусульманское право), медицине, историографии и каллиграфии.

R.M. Bakhоdirov

Contribution of Scientists of Tashkent Into the Development of Science in the Middle Ages

The article covers basic pillars of the Tashkent scientists’ contribution into the development of Science in Middle Ages. Author, based on the sources – kept in the manuscripts’ fund of Institute of Oriental Studies named after Abu Rayhan Beruni, Academy of Sciences of the Republic of Uzbekistan – presents an analysis of X-XX A.D. scientists simultaneous work in several areas of Science as well as in particular areas such as Literature, Fiqh (Islamic Right), Medicine, Historiography and Calligraphy.

Манба:

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

Ўхшаш мақола

Генерал Черняев ҳисоботларида Тошкент истилоси

Post Views: 1 269 1865 йилнинг июнида рус генерали Черняев қўшинлари томонидан Тошкент шаҳрининг истило қилиниши …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *