ЖАМШИД ШОШИЙ
Унинг тўлиқ исми Аҳмад б. Маҳмуд б. Аҳмаддир. Жамшид Шоший ўз даврининг ажойиб олими ва ҳаттоти бўлган. У машҳур олим Тафтазонийда тахсил олган. Жамшид Шоший унинг «Талмих фи кашф ал-асрор ат-тавзиҳ» китобига ҳошия ҳам ёзган. Шунингдек, Жамшид Шоший алломаи Замахшарийнинг «Кашшоф ан ҳакойиқ ат-танзил» номли асарини 759/1358 йили ажойиб насх хати билан кўчирган. Жамшид Шоший томонидан ёзилган мазкур Ҳошия ва унинг томонидан кўчирилган Замахшарий «Кашшоф» асарининг қўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар хазинасида сақланмоқда.
ҲАМИДУДДИН ТОШКАНДИЙ
(вафоти 850/1446)
Мавлоно Ҳамидуддин Тошкандий таниқли олим ва шоир ўтган, форс ва араб тилида асарлар ёзган, баъзи китобларга шарҳлар битган.
Шундай асарлардан бири Ўзбекистан Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган «Ҳошият ал-ҳошият ат-талвиҳ» деган қўлёзмадир (инв. № 3040). Бу кўлёзма 982/1574 йилда кўчирилган, 144 варақ.
Маълум бўлишича, «ат-Талвиҳ» (758/1357 йилда ёзилган) Саъдуддин Масъуд ибн Умар ат-Тафтазоний таълифи бўлиб, Ўзбе¬кистан Республикаси ФАШИ қўлёзма фондида бу асарнинг анчагина қўлёзмаси мавжуд (инв. №7268, 6194, 2958, 5319 ва бош.). Ҳамидуддин таълифи ат-Тавтазоний асарига ёзилган ҳошия шарҳидир. Асар араб грамматикаси устида баҳс қилади.
Яна таржимаи ҳол соҳибининг ёзган асарларидан бири «Шарқ ар-рисолат фи одоб ал-баҳс» («Одоб ал-баҳс рисоласига ёзилган шарҳдир»)дир.
Хўжа Хасан Нисорий ўзининг «Музаккир ал-ахбоб» асарида Мавлоно Ҳамидуддин Тошкандий ҳақида гапириб шундай дейди: «Мавлоно Ҳамидуддин ширинсухан, суҳбати латиф, улфати одам эди, шакаррез шеърлар ёзар эди. У киши Тошкентда вафот этди. Мана бу икки байт у кишига тегишли:
Най садоси ҳаддидан ортса таъсир этар кўп,
Най нашъаси ўзгача дилда қолар асар кўп.
Гулшан аро ҳар гулга қачон назар солурмен,
Ишқ ғамида лоладек бўлур доғи жигар кўп.
АБДУЛВАДУД КОТИБ
Унинг тўлиқ исми Абдулвадуд б. Хожа Абдулвасиъ Шоший бўлиб замонасининг ажойиб ҳаттотларидан бўлган.
Валиаддин Абдуллоҳ хатиб Табризий томонидан 737/1336 йили ёзилган «Мушкот ал-масобиҳ» номли асарини 946/1540 йили чиройли насх хати билан кўчирган. Бу нусха 555 варақдан иборат бўлиб, ҳозирда Ўзбекистан Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзма асарлар хазинасида сақланмоқда. Мазкур ҳаттот томонидан кўчирилган биргина қўлёзма бизгача етиб келган. Албатта, Абдулвадуд Котиб ўз ҳаёти давомида бир қанча китобатлар қилган ва араб, форс тилларини яхши билган. Келажакда унинг янги китобатлари ҳам топилиши мумкин.
Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)
Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил