Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. Тошмуҳамедов Тўлаган Расулович

Сулола. Долимовлар шажараси. Тошмуҳамедов Тўлаган Расулович

Тошмуҳамедов Тўлаган Расулович – Зоҳида аммам ва Тошмуҳаммад поччанинг энг катта ўғли, Долимбек ҳожи набираларининг энг каттаси бўлиб, шўролар даврида Долимбек фарзандлари ва набиралари орасида бирдан-бир катта лавозимларда ишлаган инженер, олим, давлат ва жамоат арбобидир. У 1920 йили туғилди. Отаси Тошмуҳаммад Расулбой ўғли маърифатли савдогарлардан бўлиб, онаси Зоҳида Долимбек қизи ўқимишли аёллардан бўлган. Даҳшатли 30-йилларда шўро ҳукумати томонидан отаси Тошмуҳаммаднинг мол-мулки, дўконлари тортиб олиниб, ўзи ногирон бўлиб қолгач, (ногирон бўлиб қолмаганда, шўро ҳукумати уни ҳам узоқ Сибирга сургун қилган бўларди) катта оила машаққатлари икки ўғли – Тўлаган ва Қутбиддин зиммасига тушди. Мустаҳкам иродали Тўлаган ҳам ишлади, ҳам ўқиди. 1935 йили ўрта мактабни тугатиб, Ўрта Осиё Индустрия институтининг тоғ геологияси факултетига ўқишга кирди. Талабалик йилларида кўп вақтини тоғаси Субутой Долимов кутубхонасида ўтказар эди. У ўзбек мактабини тугатган бўлишига қарамай, рус гуруҳида ўқиди, рус тилини мукаммал эгаллади. Ўқиш жараёнида унга айниқса тоғалари Зиёдбек ва Султонбек яқиндан ёрдам бердилар, вақти-вақти билан ўқишини назорат қилиб турдилар. Илмга чанқоқ Тўлаган ҳатто уларнинг кийимларини кийиб катта бўлгани ҳақида фахр билан кўп гапирар ва уларнинг ёрдамини катта ҳурмат билан тилга олар эди. Институтни 1941 йили муваффақиятли тугатди ва “тоғ инженери” мутахассислигига эга бўлди.

Тўлаган Тошмуҳамедов 1941 йили ер ости қазилма бойликларини аниқлаш ва қазиб олиш инженери сифатида Шўроб шахтасининг “Тожикўл” трестига ишга юборилади ва у шу ерда қазилма бойликларини топиш ва қазиб олиш бўйича етук мутахассис даражасига кўтарилади. 1941 – 1943 йилларда у Шўроб шахтасида участка бошлиғи лавозимида ишлади. 1943 йилдан Т.Тошмуҳамедов “Средазшахстрой” билан биргаликда “Узбекуголь” трестининг 9-шахтаси қурилишига ўтказилади. Бу ташкилотда унинг тоғ инженери ва фавқулодда ташкилотчилик қобилияти намоён бўлди. 1945 йилнинг августидан “Узбекуголь” трести бошлиғи ўринбосари вазифасига тайинланади, 1948 йилдан эса “Средазуголь” комбинати томонидан “Узбекуголь”нинг техник ишлаб-чиқариш бўлимига бошлиқ этиб тайинланади. 1952 йили “Узбекуголь” трестининг бош инженери, 1954 йилдан мазкур трест бошқарувчисининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатади. Шу 1954 йилдан Тўлаган Расулович Ўзбекистон ҳукумати тавсиясига биноан собиқ СССР Кўмир саноати вазирлигидан СССР Госгортехнадзорнинг Средазгортехнадзор бўлимига бошлиқ этиб тайинланади. Бу ўша даврда ёш инженер учун иттифоқ миқёсидаги катта лавозим эди. 1958 йилдан бу ташкилотнинг қайта ташкил этилиши муносабати билан 38 ёшли Тўлаган Расулович Ўзбекистон Госгортехнадзор (Давлат тоғ ишлари техник назорати) Қўмитасининг биринчи раиси лавозимига ўтказилади ва 1981 йилгача, нафақага чиққунга қадар шу лавозимда фаолият кўрсатади.

Т.Р.Тошмуҳамедов кон илмининг билимдон амалиётчиси бўлиш билан бирга, унинг назарий асосларига ҳам катта аҳамият берган олим сифатида 1959 йили “Применение щитовых систем разработки на мощных полого падающих пластах” мавзусида геология-минералогия фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилди. Бир неча йиллар Абу Райҳон Беруний номидаги политехника институти (Техника университет)да Давлат имтиҳон комиссияси раиси сифатида фаолият кўрсатди. Тўлаган Расулович Ўзбекистон Тоғ ишлари техник назорати Давлат Қўмитасини ҳамда бошқа техник назорат қўмиталарини шакллантириш ва ривожлантириш, улар учун малакали мутахассислар тарбиялаб етиштиришда катта фаолият кўрсатди. Унинг халқ ва Ватан олдидаги хизматлари ҳукумат томонидан турли мукофотлар билан тақдирланган. Тоғ-кон саноатини ривожлантиришда ва ижтимоий-сиёсий соҳаларда эришган юксак кўрсаткичлари учун 1950 йилда “Ҳурмат белгиси”, 1971 йили “Меҳнат Қизил Байроқ”, 1981 йили “Халқлар дўстлиги” орденлари ва турли медаль ҳамда фахрий ёрлиқлар билан мукофотланган. Тўлаган Расулович 1970 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган инженер” фахрий унвонига сазовор бўлди. 1960-йилларда Ўзбекистон Олий Совети икки чақириқ депутати сифатида ҳам фаолият олиб борди.

Тўлаган Расулович шакллантирган ва узоқ йиллар давомида раҳбарлик қилган Ўзбекистон Давлат тоғ ишлари техник назорати Қўмитаси ҳамда бошқа Давлат қўмиталари ва вазирликлар ходимлари ўртасида аввало мустаҳкам иродали, талабчан, шу билан бирга, ўзгаларнинг дардига, қайғусига бефарқ қарай олмайдиган раҳмдил инсон сифатида ҳам катта эътибор қозонди. Тўлаган Тошмуҳамедов 1942 йилда асли самарқандлик Зуҳрахон Раҳимовага уйланди. Улар Доно, Раъно, Фазлиддин ва Зайниддин исмли икки қиз ва икки ўғил кўришди. Фазлиддин отаси каби инженер бўлиб етишди, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Госгортехнадзор Қўмитасида раис муовини лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Тўлаган Расулович Тошмуҳамедов 2002 йили, Зуҳра келинойи 2005 йили вафот этдилар, улар Зайниддин бува қабристонига дафн этилганлар.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. 20-30-йиллар

Post Views: 322 1924 йилда Долимбек учинчи фарзанди Насира (1902 – 1984)ни Муҳаммад Солиҳ (келажакда …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *