Сидқий Хондайлиқий

СИДҚИЙ ХОНДАЙЛИҚИЙ (тахаллуси; асл исм-шарифи Сирожиддин Маҳдум Мирзоҳидохунд ўғли) (1884–1934) – Тошкент адабий муҳитининг истеъдодли вакили, шоир, хаттот, таржимон. Ҳозирги Бўстонлиқ туманидаги Хондайлиқ қишлоғида туғилган. 1903 йилда Тошкентга келган ва дастлаб Кесакқўрғон маҳалласидаги Раҳматуллоҳ мадрасасида замонасининг машҳур қилқалами Муҳаммад Шоҳмурод котиб (1850–1922)га шогирд тушган. Сидқий Хондайлиқий тош йўниб, унга ишлов бериш, хат ёзиш, турли безаклар тушириш, суратлар ишлаш, муҳр ясаш билан ҳам шуғулланган. Кейинроқ Кўкалдош, Бекларбеги мадрасаларида таҳсил олган. Мискин, Хислат, Камий билан дўстлашиб, улардан шеър ёзиш илмини ўрганди. Шоир сифатида шаклланишда Камийнинг хизмати катта бўлган. У бошлиқ адабий даврларда фаол иштирок этган. Шеърларида мумтоз адабиётимиздаги ҳаётий, инсоний муҳаббат, одамийлик сингари яхши анъаналарни давом эттирган. Ижодий меросининг салмоқли қисмини ҳажвиёт ва ижтимоий шеърлар ташкил қилади. Ижтимоий-сиёсий шеърлари эса даврнинг муҳим воқеаларига бағишланган («Муҳораба», «Яшасун ёшлар», «Тоза ҳуррият» ва бошқалар). Мардикорлик воқеалари ҳақида [«Рабо(т)чилар намойиши», Рабо(т)чилар келиши», 1917] каби асарини ёзган. Сидқий Хондайлиқий «Умиди иттифоқ» (1918), «Тазкираи имоми Аъзам», «Сад иршоди мулла Сидқий Хондайлиқий» («Мулла Сидқий Хондайлиқийнинг юз насиҳати»), «Мезони шариат» (1915), «Зарбулмасали Сидқий», «Ҳолоти Сидқий» каби насрий асарлар муаллифи. Уларнинг кўпчилиги диний-аҳлоқий мавзуда. 1924 йилда ўз ғазалларига тартиб бериб «Девон» тузди. «Ҳикояи латифа», «Баҳром ва маликаи Гуландом», «Ажойиб ул-махлуқот», «Ўғри ва қози», «Бўстон» (Саъдий) каби асарларни таржима қилган. Сидқий Хондайлақий хаттот сифатидаги маҳорати Хислатнинг «Армуғони Хислат» баёзида ўз мужассамини топган. 1912 йилда чоп қилинган бу баёзни Сидқий Хондайлиқий ўзининг шикаста унсурлари аралашган настаълиқ хатида безаб, машҳур Тўйчи Ҳофиз суратини чизди. Сидқий Хондайлиқий кўчирган девон, баёз ва рисолалар, ясаган муҳрлари нусхалари, тошлавҳалар ҳамда чизган суратлари хусусий ва давлат кутубхоналарида, шунингдек, 20 дан ортиқ босма ва қўлёзма асарлари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида сақланади. 1998 йил Тошкентда Сидқий Хондайлиқийнинг «Танланган асарлар»и нашр этилди.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *