Бош саҳифа » Тошкентликлар » Шошлик муҳаддислар фаолиятидан

Шошлик муҳаддислар фаолиятидан

Тошкент шаҳри ва воҳаси Ўрта Осиёдаги кўҳна ўлкалардан бўлиб, унинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, «Ўзининг кўп минг йиллик тарихи давомида Буюк Ипак йўлидаги бу шаҳар коммуникация жиҳатидан Мағрибу Машриқни, жануб ва шимолни том маънода боғловчи муҳим манзил, Турон, Туркистон, Ўрта Осиё заминидаги буюк марказ сифатида маълум ва машҳурдир»[1]. Шунинг учун Тошкент воҳаси тарихи қадимданоқ кўплаб тарихчилар[2], шарқшунослар[3], географлар[4], тадқиқотчилар[5] эътиборини ўзига жалб қилиб келган.

Чирчиқ дарёсининг серунум ва обод марказий қисмига жойлашган Тошкент Ўрта Осиёда қад кўтарган қадимий шаҳарлардан бири бўлиб, у икки минг йилдан ортиқ тарихга эга. Тошкент шаҳри ўзининг шу йигирма асрлик ўтмиши давомида ташқи босқинчиларга қарши олиб борилган не-не жангу жадалларни ва не-не ўзаро қонли урушлару қўзғолонларни кўрмади. Шаҳар неча бор вайрон бўлди, яна қайта-қайта қад кўтарди. У неча бор тикланибгина қолмай, унинг номи ҳам бир неча марта ўзгарди[6]. Тошкентнинг кўҳна номларига доир масалалар фанда турли соҳа олимлари томонидан ўрганилган ва аниқликлар киритилган.

Ўрта Осиёдаги Хоразм, Сўғд, Фарғона, Шош воҳаси ва бошқа шаҳарлар Ғарб билан Шарқдаги мамлакатларни бир-бирига боғловчи Буюк Ипак йўлида жойлашганлиги маълум. Шунинг учун улар маданий жиҳатдан бирмунча ривожланган ўлкалардан саналган. Ўз навбатида, кўҳна Шош (айрим манбаларда Чоч деб юритилади) ҳам Ўрта Осиёдаги йирик маданият марказларидан бири бўлган.

Маълумки, Шош воҳаси тарихи ва маданиятининг қадимги даврларига оид бир қатор изланишлар археолог ва тарихчи олимлар томонидан олиб борилган. Ўзбекистонлик олим ва тадқиқотчиларнинг изланишлари натижалари қатор илмий-оммабоп адабиётларда ўз аксини топган[7].

Шош воҳаси археологияси ва топографияси ҳамда унинг исломгача бўлган даври тарихи, маданиятига доир масалалар ўрганилган. Биз ўрта аср араб манбалари билан ишлашда X—XII асрлар воҳа маънавий-маданий муҳитининг айрим жиҳатлари, яъни баъзи шоир ва табиблар фаолияти тўғрисида маълумотларга эга бўлдик. Бу даврда Шошда ислом илмлари билан бир қаторда, табиий, ижтимоий фанлар ҳам ривож топган. Воҳа илм-фан тараққиётида ислом маданиятининг аҳамияти беқиёс.

Яқин Шарқда араб давлати — халифаликнинг вужудга келиши ҳамда ислом динининг қатор минтақа ва мамлакатларга тарқалиши натижасида мусулмон ўлкалари ўртасида иқтисодий ва маданий алоқалар ривожлана бошлади.

Маданиятимиз тараққиётида ўрта асрлар (IХ-ХII) катта роль ўйнади. Бу давр Ўрта Осиё халқларини дунё маданиятида машҳур қилди. Шунингдек, «маданият намуналари билан алмашув, ўзаро маънавий таъсир кучайди. Қадимги ҳинд, эрон, араб, юнон маданий бойликлари қоришиб, адабиётларда «мусулмон маданияти» деб ном олган янги маданий қатлам вужудга келди»[8].

Ўрта Осиёда мусулмон маданияти билан бир қаторда илм-фан ҳам ривожланди. Бунга эса Мовароуннаҳрнинг Хуросон, Ҳиндистон, Хитой, араб мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқалари яхши йўлга қўйилганлиги асосий омиллардан бўлди. Машҳур географ олим Ибн Хурдодбеҳ ўзининг «Китаб ал-масалик вал-мамалик» («Мамлакатлар ва йўллар тўғрисида китоб») асарида Мовароуннаҳр ва Хуросондаги кўплаб шаҳарлар ҳамда Ҳиндистон, Хитой, Эрон каби ўлкаларни боғловчи бир неча йирик савдо йўллари, уларнинг масофаси ва аҳамияти ҳақида маълумотлар келтирган[9].

Академик М.Хайруллаев ёзганидек, ислом маданияти адабиёт, санъат, фан, фалсафа, ахлоқ, урф-одат, таълим тарбия кабиларнинг барчасига ўз таъсирини кўрсатди. Ўрта Осиё халқларининг бой маданий анъаналари нафақат бу ердаги, балки бошқа музофотлардаги мусулмон маданияти ривожига ҳам катта таъсир кўрсатди.

Айрим манбаларда юртимизда, умуман, Ўрта Осиёдаги маданият ривожини ислом дини билан боғлаш одати мавжуд. Аслида эса, «минг йиллар давомида жаҳон савдо йўллар чорраҳаси — Марказий Осиё минтақасида ўзига хос бой маданият мавжуд бўлган. Ўрта асрларда илғор маданият, илм-фан худди айнан Марказий Осиё ҳудудида ривожланиши ва кейинчалик Бағдод академиясининг шаклланишида ҳал қилувчи роль ўйнагани табиий ҳолдир»[10].

Ўрта асрдаги сайёҳлар, олимлар ва муаррихлар X—XII асрларда Ўрта Осиё Шарқдаги бошқа мамлакат ва ўлкалар ичида ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам маданий жиҳатдан ривожланган минтақа бўлганлигини эътироф этишган.

Маълумки, IX—XII асрларда Мовароуннаҳр бутун мусулмон оламида илмий-маданий жиҳатдан энг ривож топган ўлка сифатида машҳур бўлиб, бу ерда қадимий анъаналар билан араб, форс, қисман ҳинд ҳамда қадимги юнон илмий-маданий анъаналари қоришуви асосида исломий, фалсафий ва табиий илмлар — астрономия, математика, тиббиёт, кимё доришунослик, жуғрофия кабилар ривож топди.

Дарҳақиқат, ўша даврларда Шарқда ислом илмлари билан бир қаторда ижтимоий, табиий фанлар ҳам ривожланган. Бу ҳақда швейцариялик машҳур шарқшунос Адам Мец[11]нинг «Мусулмон ренессанси» асаридан маълумотларни олиш мумкин. Мазкур асар IX—X асрларда мусулмон шарқида юз берган маданий ривожланишнинг тарихига бағишланган. Умуман олганда, у IX—X асрлардаги Шарқ фани ва маданиятини ёритувчи ноёб қомус ҳисобланади. Шунингдек, америкалик машҳур фан тарихчиси Жорж Сартоннинг «Фан тарихига кириш» номли фундаментал иши қимматли маълумотларни ўзида мужассам этгани барча мутахассисларга маълум ва у фан тарихи билан шуғулланувчи тадқиқотчилар учун фойдали асарлардан бири саналади.

IX—XI аср мусулмон маданиятидаги умумий маданий юксалиш Мовароуннаҳр ва Хуросон олимлари ижодида ўзининг юқори чўққисига кўтарилди. Эллинистик даврнинг охирларида фан ва маданият ўчоғи Мисрнинг Искандария шаҳрига тўғри келса, мусулмон маданиятининг «олтин даври» ҳисобланган IХ-ХI асрларда фан ва маданият ривожи Хуросон ҳамда Амударёнинг ортидаги ўлка — Мовароуннаҳрга ёки замонавий истилоҳбилан айтганда, Ўрта Осиёга кўчиб ўтди.

Ўша даврларда Ўрта Осиёдан Муҳаммад ал-Хоразмий (783— 850), Аҳмад ал-Фарғоний (тах. 798—865), Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (810—870), Муҳаммад ат-Термизий (824— 892), Абу Наср ал-Форобий (873—950), Абу Райҳон ал-Беруний (973-1048), Ибн Сино (980-1037), Маҳмуд аз-Замахшарий (1075—1144) каби йирик алломалар етишиб чиқдики, уларнинг беназир ақл-заковати она-замин довруғини оламга ёйди…[12]

Мовароуннаҳр нафақат ўзининг илмий салоҳияти, балки моддий неъматларга бойлиги, иқтисодий қуввати билан ривожланганлиги тарихий манбаларда эътироф этилган. Жумладан, машҳур географ олим Истахрий (ваф. 957) шундай ёзади: «Мовароуннаҳр ислом оламидаги энг бой минтақа ҳисобланади… Бу ерда кишилар йилига бир неча марта ҳосил оладилар ва агар қурғоқчилик бўлса, уларнинг йиғиб олган маҳсулотлари яна бир-икки йилга етади. Суғд, Уструшона, Фарғона, Шош ва бошқа ҳудудларда мевалар шунчалар кўпки, улар билан ҳаттоки, жониворлар боқилади»[13].

Шундай қилиб, X—XII асрларда Бухоро, Самарқанд, Насаф, Термиз, Хива, Шош ва бошқа шаҳарлар бутун мусулмон Шарқидаги маданий марказлар қаторида машҳур бўлган. Шошда ҳам адабиёт, тилшунослик, мантиқ фанлари билан бир қаторда ҳадис, фиқҳ илмлари ҳам ривожланган.

Кўҳна Шошда ҳадис илми ривожланган ва бу ердан етишиб чиққан муҳаддислар нафақат Шош воҳасида, балки ислом дунёсининг турли марказларида илмий фаолият олиб боришган ва шуҳрат қозонишган.

Ўз навбатида, Шош воҳасида ҳадис илмининг ривожланишида ўрта асрлардаги анъанага мувофиқ Самарқанд, Бухоро, Хива, Насаф, Термиз, Марв каби турли шаҳарлардаги мадрасаларда фаолият кўрсатган олимлар ўртасидаги илмий ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этган.

Имом Абдуллоҳ ибн Абу Авона Шоший, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Ҳомид Шоший, Абу Саъид Исо ибн Солим Шоший, Абу Муҳаммад Жаъфар ибн Шуайб Шоший, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Хузайм Шоший, Абу Али Ҳасан ибн Соҳиб ибн Ҳамид Ҳофиз Шоший, Абуллайс Наср ибн Ҳасан ибн Қосим Шоший Тункатий, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Хузайм ибн Қумайр ибн Ҳоқон Шоший каби кўплаб муҳаддислар ислом дунёсининг турли шаҳарларидаги мадрасаларда ҳадис илмидан сабоқ беришгани, кутубхоналарда турли диний билимларнинг айрим масалалари бўйича мунозаралар ўтказилгани араб манбаларида зикр этилган.

Хусусан, марвлик йирик муаррих Абу Саъд Самъоний (1113—1167) «Ансоб» («Насабнома») асарида Тошкентни «Сайхун дарёси ортидаги, турклар билан чегарадош шаҳар бўлиб, у «Шош» деб аталади» дея таърифлаган. Шунингдек, Самъоний бу ердан кўплаб имомлар етишиб чиққанлиги, Абдуллоҳ ибн Авона Шоший шулар жумласидан эканини биринчилар қаторида қайд этган. Имом Абдуллоҳ ибн Абу Авона Шошийдан буюк муҳаддис Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Жаъфар ибн Муҳаммад Фирёбий ва бошқалар ҳадис илмидан таълим олишган. Унинг жияни Абу Али Фазл ибн Аббос Шоший илм талабида Марв ва Ироқда бўлиб, Али ибн Ҳожар, Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳадис илмини ўрганган. Абу Али Фазл ибн Аббос Шошийдан Шош аҳли таълим олган. У 899 йилда вафот этган.

Машҳур тарихчи Абу Бакр Хатиб Бағдодий (ваф. 1071) ўзининг “Тарихи Бағдод” китобида ёзишича, Абу Саъид Исо ибн Солим Шоший Бағдодга келиб, улуғ муҳаддис ва фақиҳ Абдуллоҳ ибн Муборак ривоят қилган ҳадисларни ёзиб олган. Шошлик муҳаддисдан сунний мазҳаб асосчиларидан бири Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал, машҳур олим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдулазиз Бағавий ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.

Кўриниб турибдики, Шош воҳасида ҳадис илми ривожланган. Воҳада яшаб, фаолият кўрсатган муҳаддислар нафақат юртимизда, балки турли Шарқ мамлакатларида ҳам шуҳрат қозонган.

[1] Каримов И.А. Пойтахтимиз — муқаддас остонамиз // Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт — пировард мақсадимиз. -Т.: Ўзбекистон, 2000. 8-жилд. -Б. 293

[2] Массон М.Е. Прошлое Ташкента: Археолого-топографический и историко-архитектурньш очерк // Известие АН УзССР. -Т., № 2. -С. 106-107; Древности Ташкента / Отв. ред. Я.Г.Гулямов. -Т.: Фан, 1976. -С. 131

[3] Бартольд В.В. Ташкент // Сочинения: В 9-ти т. -Москва, 1965. -Т.З. -С. 499-502

[4] Муҳаммад Солиҳ. Тарихи жадидайи Тошканд (Тошкентнинг янги тарихи). Икки жилд. ЎзР ФА Шарқшунослик институти. Қўлёзмалар фонди. Инв. № 7791; Яна қаранг: Ҳасанов Ҳ. Сайёҳ олимлар. -Т.: Ўзбекистон, 1981

[5] Добросмьтслов А.И. Ташкент в прошлом и настояшем. -Т., 1912; Шониёзов К.Ш. Тошкентнинг тарихий топономияси ҳақнда. Ўзбекистонда ижтимоий фанлар. -1982. -№ 7; Содиқова Н.С., Буряков Ю.Ф. Қадимги ва ҳозирги Тошкент. -Т.: Фан, 1965. -Б. 68.; Муҳаммаджонов А. Қадимги Тошкент (тарихий ва археологик лавҳалар). -Т.: Шарқ, 2002

[6] Қаранг: Муҳаммаджонов А. Қадимги Тошкент (тарихий ва археологик лавҳалар). -Т.: Шарқ, 2002. -Б. 3

[7] Қаранг: Древний Ташкент / Под. ред. И.Ахрарова. -Т.: Фан, 1973. -144 с; У истоков древней культуры Ташкента. -Т.: Фан, 1982. -199 с; Буряков Ю. Ф., Қосимов М. Р., Ростовцев О.М. Тошкент областининг археологик ёдгорликлари. -Т.: Фан, 1975. -120 б.; Буряков Ю.Ф. Тошкент воҳасининг қадимий карвон йўллари. -Т.: Фан, 1978. -94 б.; Древности Ташкента/ Отв. ред. Я.Г.Гулямов. -Т.: Фан, 1976. -131 с; Мукминова Р.Г. Ўзбекистоннинг ўрта аср шаҳарлари тарихидан лавҳалар. -Т.: Ўзбекистон, 1973. -20 б.; Мукминова Р.Г., Филанович М.И. Ташкент на перекрестке истории. -Т.: Фан, 2001.-116 с

[8] Хайруллаев М.М. Ўрта Осиёда илк уйғониш даври маданияти. -Т.: Фан, 1994. -Б. 11

[9] Қаранг: Ибн Хордадбек. Книга путей и стран. -Баку, 1986. -С. 63—66

[10] Сулаймонова Ф. Шарқ ва Ғарб. -Б. 194

[11] Қаранг: Мец Адам. Мусульманский ренессанс / Пер. с немецк., предисловие, указатели Д.Я.Бертельса. -М.: 1977. -474 с

[12] Абдуҳалимов Б.А. «Байт ал-ҳикма» ва Ўрта Осиё олимларининг Бағдоддаги илмий фаолияти (IX—XI асрларда аниқ ва табиий фанлар). -Т.: Тошкент ислом университети, 2004. -Б. 8—9

[13] Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад Форисий Истахрий. Китоб ал-масалик вал-мамалик. -Теҳрон, 1922. -Б. 227—228

Неъматулло МУҲАМЕДОВ

ШОШ ВОҲАСИ ОЛИМЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

«Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси,
Тошкент — 2007

Ўхшаш мақола

Муҳаммад Ёқуббек – Хитойдаги Еттишаҳар давлатининг Пскентлик ҳукмдори (1-мақола)

Post Views: 1 010 Туркистон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган сиймолардан бири Муҳаммад Ёқуббек Бадавлатдир (1820–1877 …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *