Шайх Шиблий
Бу заминдан не-не улуғ зотлар етишиб чиқмаган дейсиз. Афсус, уларнинг барчаси ҳақида ҳам етарли даражада маълумотга эга эмасмиз. Жумладан, Шайх Шиблийни биладиганлар ҳам кўп эмас. Ваҳоланки, Фаридиддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё»сида, Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» каби асарларида бу улуғ шайх номи алоҳида эҳтиром билан тилга олинади.
Бобур Мирзо Ҳазрати Хожи Убайдулло Аҳрор қаламига мансуб «Рисолаи волидия»си (Оталик рисоласи) таржимаси хотимасида Шайх Шиблий номини Жунайд Бағдодий номи билан
Хожалар Хожаси ул Хожи Убайд
Ходим-у Чокарий Шиблий-ю Жунайд, деб зикр этади.
Хўш, мана шундай юксак эътирофга сазовор бўлган улуғ шайх ким? Унинг тасаввуф таълимоти тарихида тутган ўрни қандай?
Абубакр Шиблий (859-946) ўз даврининг кўзга кўринган уламоларидан бўлган. У аввал Мансур Халложнинг (858-922) шогирди бўлган. Кейин Жунайд Бағдодий (вафоти 911) қўлида таълим олган.
Ҳазрат Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да шайх Абу Жаъфар Хаддоддан қуйидаги сўзларни иқтибос келтирган: «Агар ақл киши суратиға кирса эрди, Жунайд сурати бўлғай эрди». Ана шу донишманднинг суюкли ва мартабали шогирди Абубакр Шиблий халқ орасида фиқҳ, олими сифатида машҳур бўлган.
Алишер Навоийнинг ёзишича, Жунайд ўз шогирдига бундай баҳо берган: «Ҳар бир қавмнинг тожи бор, бу қавмнинг тожи эса Шиблийдур!»
Абубакр Шиблий суҳбати, ҳатто уни кўришнинг ўзиёқ замондошларига ғурур бағишлаган. Унинг айтган ҳикматлари, шариат қонунларига оид фикрларидан Шиблий дунёдан ўтганидан кейин ҳам кўп машойихлар далил сифатида фойдаланганлар.
Маълум сабабларга кўра, шўролар даврида Шиблий таълимоти назардан четда қолиб келди. Унинг илмни халққа ёйиш, Худони юракка жо этиб, ҳалол меҳнат билан шуғулланиш, таълим-тарбия ҳақидаги фикр-хулосалари, баъзи ҳикоят ва ривоятлари, панд-насиҳатлари ханузгача халқимиз орасида барҳаёт.
Шайх Шиблий дарвеш либосида бозорга келиб, нонвойдан Худо йўлига бир нон сўрабдилар. Нонвой эса, «Қайси бирингга берай, бор, йўлингдан қолма», деб у кишини ранжитибди. Иккинчи нонвой эса шеригига «Шайх Шиблийни кўриш истагинг ёлғон экан-да?» дебди. Қилмишидан пушаймон нонвой Шайхни дарҳол топиб, бу гуноҳини ювиш учун халойиққа «худойи» деб ош берибди. Шайх Шиблий ҳам зиёфатга ташриф буюриб, тўрда ўтирган эканлар. Маърака охирида жамоанинг халфаси Шайхга қараб нонвой ҳақида бир дуои хайр тилабди. Шунда Шайх Шиблий: «Бу нонвойга дуонинг хожати йўқ, у дўзахийдир. Зеро, у Худо йўлига бир нонни раво кўрмади, Шиблий учун шунча зиёфат берди», деган эканлар.
Қиссадан ҳисса шуки, хайр-эхсон, меҳру мурувват шунчаки «хўжакўрсин» учун эмас, чин дилдан, Худо йўлига, савоб учун бўлмоғи керак.
Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд асарларини мутолаа қилсак, Абубакр Шиблининг ким эканлигини яққолроқ ҳис этамиз. Ҳазрат Баҳоуддин Шиблий Жунайд, Мансур Ҳаллож сулуки, таълимоти ва мартабаларининг улуғворлигини шундай изҳор етганлар:
«Кунлардан бирида хазрат Баҳоуддин Ҳазрат саййид мир кулол суҳбатларини қўмсаб, Насаф томон йўлга тушибдилар. Ҳазратнинг отлари жиловидан тутиб бир дарвеш борарди. Ҳазрат Баҳоуддин дейдиларки: Мен Боязид Бастомий (қ,с) мақомларига сайр қилдим ва Султон Боязид борган жойга етдим. Шайх Жунайд, Шайх Шиблий, Шайх Мансур чиққан мақомларга ҳам кўтарилдим ва бир даргоҳга етдимки, ундан муаззамроқ, буюкроқ мақом йўқ эди. Билдимки, бу Муҳаммад алайхиссалом боргоҳларидир.
Ҳазрат Жомий нақл этурлар: «Шиблий замона имоми эрди. Ундан олдин ҳам машойихлар ўтган, аммо у ҳаммадан улуғроқ эди… Жунайд келдию бу илмни тартибга солди ва кутуб қилди, чун Шиблий келди, бу илмни минбарга чиқарди ва халқла ошкор этди».
Шайх Шиблий: «Эртага бугунги вақтни қайтариб бермагай, ихтиёрингдаги ҳозирги дамни ғанимат бил, ундан баҳра олгин», деган эканлар, Ушбу ҳикматнинг хаққонийлиги, хаётийлиги ўз-ўзидан аён. Шу билан бир қаторда, аллома мураккаб фалсафий ақидаларни ҳам илгари сурган.
Шиблий ўз таълимоти билан ваҳдати вужудга йўл очган. Унинг фалсафасида инсофли, ғамхўр бўлмоқ ҳалол меҳнат билан ризқу-рўз топмоқ, борига шукр этмоқ, ўз имкониятидан келиб чиқиб орзу қилмоқ ва ҳамиша Худони юракка жо этмоқ зарурлиги таъкидланади.
Шайх Шиблий ҳикматлари, пандлари ҳикоятлар шаклида «Қобуснома»да, Шайх Санъдийнинг «Бўстон»ида зикр этилган. Улар ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ушбу асарларни ўқиган замондошларимиз Шайх Шиблий ҳикматларидан ҳануз баҳраманд бўлиб келмоқдалар. Шунинг ўзиёқ бу алломанинг мероси мудом барҳаёт эканлиги далилидир.
Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)
Абдулазиз Муҳаммадкаримов
«Тошкентнома». 2009 йил
Маълумот учун («Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил):
ШИБЛИЙ, Шайх Шиблий, Шивлиота (тўлиқ исми Абу Бакр Дулаф ибн Жаҳдар (ибн Жаъфар) (861–946) – бағдодлик суфий. Сурёнийча «Шибли» – «арслон боласи» демакдир. Жунайд Бағдодий ва Мансур ал-Халложнинг энг яқин шогирди ва сафдоши. Шиблийнинг отаси халифанинг бош ҳожиби, амакиси Искандарияда амир ул-умаро бўлган. Шиблийнинг ўзи халифа ал-Муваффақнинг ҳожиби вазифасида ишлаган. 40 ёшида Шимолий Эрондаги Дамованд вилояти волийси этиб тайинланган, бироқ тўсатдан воз кечиб суфийликни ихтиёр этган. Олимларнинг фикрича, ҳуқуқий (фиқҳий) ва Қуръон илмларида Шиблий бу соҳадаги энг кучли алломалардан қолишмаган ва ҳатто улардан устун турган. Шиблийга нисбат бериладиган суфиёна шеърлар бадиий қимматга эга. Унинг таржимаи ҳолига оид парчалар, айтган сўзлари ва шеърларини барча мўътабар суфийлик рисолаларидан топиш мумкин. Унинг Бағдоддаги қабри сақланган ва бугунги кунда ҳам зиёратгоҳ саналади.
Тошкентда Шиблий (Шивли) номи билан мавзе, ариқ бўлган, рус манбаларида Шибли ариғи Човли (Чаули) деб қайд этилган. «Тарихи жадидайи Тошканд» асарига кўра бу ариқ Ўзбек дарвозаси яқинида, шаҳар девори ташқарисидаги Мирзо Юсуф еридаги булоқдан сув олган ва шаҳар ичига кириб Қиёт дарвозаси ёнидан қўрғон ташқарисига чиқиб кетган ва Салор ариғига қуйилган.
ШАЙХ ШИБЛИЙ МАҲАЛЛАСИ (Шуҳрат кўчаси, 9) – Юнусобод туманидаги маҳалла. Фирдавсий, Мирзо Улуғбек, «Хиёбонтепа», «Бодомзор» маҳаллалари билан чегарадош. Машҳур мутасаввиф Шайх Шиблий номи билан аталган. Аҳолиси 3763 киши, кўп миллатли. Маҳалла ҳудудида Давлат тест маркази, «Технофарм» ва «Новофарм» қўшма корхоналари, «Радиссон САС» меҳмонхонаси, Мирза Юсуф жоме масжиди, ўрта мактаб мавжуд. Маҳаллада шоир Шуҳрат, академик Абдуманнон Раҳимжонов, профессорлар Шомурод Шомансуров, Fани Нажимов яшаб ўтган.






Мақолада Шайх Шиблийнинг Шош воҳасида бўлган бўлмаганлиги тўғрисида маълумот учрамади. Агар шу тўғрисида бирор-бир маълумотни билсангиз баҳам кўринг