Қадимдан Ислом динининг таянчи дея эътироф этилган Бухоронинг сўнгги, ўнинчи ҳукмдори бўлмиш Амир Олимхоннинг ҳукмронлик йиллари ўта зиддиятли кечди. Бир томондан қизил армия ҳужуми, иккинчи томондан эса, ички мухолифат – «Ёш бухороликлар» партияси амирликнинг барҳам топишини тезлаштирди.
Амир 1881 йилда Карманада дунёга келган, ўн икки ёшида отасининг истаги билан Петербургдаги Николаев коммунасида уч йил давомида, махсус тезлаштирилган тартибда харбий муҳандислик мутахассислигига таълим олди. Қайтгач, дастлаб Қарши сўнг Кармана вилоятларига ҳокимлик қилади. Амир ўзининг хотиралар китобида бу ҳудудларда кўплаб қурилиш ишларини олиб борганлигини, кўприк ва мадрасалар қурдирганлигини айтиб ўтган ва улардан ҳозиргача фойдаланиб келинмоқда. Отасининг вафотидан сўнг амир унинг ишини давом эттириб, бир қанча ислоҳотлар қилишга уринди. Лекин бу етарли эмас эди. У аллақачон мутаассиб уламолар таъсирига тушиб улгурганди (ушбу маълумот бошқа манбалардан топилмади – таҳр.). Амирга ёлғиз бас келишига кўзи етмаган «Ёш бухороликлар» партияси большевиклар ёрдами билан ҳокимият тепасига келди. Мамлакатда монархия тузумини ағдариш ва демократия ўрнатиш объектив томондан тўғри йўл эди. Бироқ, бунга ташқи кучлар орқали эришиш давлатимизнинг яна етмиш йилдан ортиқ вақт давомида мустамлака сифатида эзилишига сабаб бўлди. Шубҳасиз амирнинг калтабин сиёсати ҳам давлат қулашини тезлаштирди.
1920 йил сентябрда амир шу қадар шошилинч пойтахтдан чиқиб кетадики, унинг нафақат хазинаси балки ҳарами ва бошқа қариндошлари ҳам тутқунликда қолиб кетишади. Амир уларни қайтариб олиш учун бир неча бор Бухоро ҳукуматига мактуб йўллаган. Биринчи мактубдаёқ Файзулла Хўжаев бошлиқ ҳукумат унинг илтимосини қабул қилади, аммо большевиклар амир ўғилларини марказга жўнатишни қатъий талаб қилади. Зеро уларни «советча» тарбия қилиш муҳим эди. Шаҳзодаларнинг кейинги ҳаёти афсуски аянчли якун топди. Амир уларни қайтариб олиш учун «Қизил ярим ой» ва «Қизил хоч» жамиятларига мурожат қилган, лекин бу фойда бермади. Амирнинг Афғонистонга кетишига ҳам бир неча сабаблар кўрсатилади. Амир ўзининг хотиралар китобида бу ҳақида шундай ёзади: «Афғон элчиси фақирга Омонуллахон ёрдам қўлини чўзиш учун тайёр эканлигини айтди ва керакли шартномаларни тайёрлаш учун Афғонистонга боришни таклиф этди. Фақир шу мақсадда Амударёдан ўтдим». Аммо, Саййид Олимийнинг «Бухоро – Туркистон бешиги» номли асарида амирнинг Афғонистонга мажбуран олиб кетилганлиги, Омонуллахоннинг бундан мақсади русларга Ўрта Осиёни босиб олишда ҳеч қандай монеъ бўлмаслигини таминлаш бўлганлиги баён этилган. Зеро, Афғонистонга инглизлар хавф солётган бир пайтда унинг учун рус ягона нажот эди.
Амир ватандан узоқда ҳам ундан умид узмади, унинг Ўрта Осиёдаги кейинги қўрбошилик ҳаракатларининг маънавий раҳнамосига айланганлиги бунинг яққол исботидир. Амирнинг «Большевикларниннг Ўрта Осиёга компанияси» номли мақоласи Англиянинг «Манчестер -Гардиенг» газетасида чоп этилган ва бутун Европани ларзага солган. Амир раҳнамолигидан руҳланган муршидлар Иброҳимбек, мулла Абдуқаҳҳор, Мадаминбек ва туркиялик Анвар пошшо бошчилигида қизил аскарларга қарши чиқдилар. Бухорода ўша пайтда 40000, Ўрта Осиёда эса жами 60000 (советлар 100000) муршидлар фаолият олиб борган. Амир умри давомида ватан соғинчи билан яшади, ҳаёти сўнгида оғир ҳасталикка чалиниб кўзлари кўрмай қолди. У 1944 йилнинг апрелида Кобулда вафот этди ва шаҳидлар қабристонига дафн этилди. Амир Афғонистонда ҳам бир неча бор уйланган ва фарзандлар кўрган. Унинг ўғли Мансур Саййид Олимий ҳозирда Туркияда яшайди. У ватанимиз тарихига оид «Бухоро – Туркистон бешиги» номли асар муаллифи ҳамдир. Шу тариқа 1756-1920 йилларда ҳукм сурган давлат тарих саҳнасидан суриб чиқарилди. Амир Олимхон эса нафақат манғитлар сулоласининг балки Бухоро Амирлигининг ҳам сўнгги ҳукмдори сифатида тарих зарварақларидан жой олди. Бундай қисмат ўз тарихига бефарқ бўлмаган ҳар бир ватандошни қизиқтирса ажаб эмас.
Паризода Рустамова тайёрлади