Бош саҳифа » Тарих » Россия империясининг Туркистонда ер эгалиги муносабатлари ислоҳоти

Россия империясининг Туркистонда ер эгалиги муносабатлари ислоҳоти

Туркистонда Россия империяси томонидан ер эгалигининг мусулмон, яъни шариат тизимини ислоҳ қилиш (биз бу ишни «ўзгартириш» деб атаган бўлардик – таҳририят) йўлида олиб борган ислоҳотлар ичида, биринчи навбатда, янги тизимнинг асосий мухолифлари — йирик ер эгалари ва мусулмон руҳонийлари бошқарувининг заифлашувига олиб келган фон Кауфман томонидан амалга оширилган ер ислоҳотини ҳисоблаш мумкин.

1869 йил октябр ойида фон Кауфман томонидан тузилган, генерал-майор Гомзин бошчилигидаги рус маъмурияти ва маҳаллий ҳокимият вакилларидан иборат комиссия маҳаллий ердан фойдаланиш тизими бўйича кўплаб амалдаги ҳақиқий материалларни умумлаштирган. Комиссия аъзолари маслаҳат сўраб бир неча марта Тошкент қозиларига мурожаат қилишган.

Комиссия аъзолари Ислом қонунчилиги мутахассисларига қуйидаги асосий саволлар билан мурожаат қилганлар:

«1. Ерга ким эгалик қилади? 2. Мулки ҳур нима дегани? 3. Мулки хайри ҳур нима дегани? 4. Вақф нимани англатади? 5. Ерларга ҳар бир шахс алоҳида-алоҳида эгалик қиладими ёки жамоа эгалик қиладими? 6. Эгалик қилишганда, ҳар бир ер эгасига тегишли ҳисобланадими? 7. Одат бўйичами ёки шариат бўйичами ерга эгалик қиладилар?»1

Ердан фойдаланиш мусулмон тизими масаласини ўрганиб чиқиб комиссия аъзолари қуйидаги хулосага келдилар: мамлакатдаги барча ер шариат бўйича давлат мулки ҳисобланади.

Туркистонда ерга эгалик қилиш масалаларини ўрганишда Гомзин комиссияси маҳаллий аҳоли томонидан ердан фойдаланишнинг икки турини аниқлади: 1) уй-томорқа хўжаликлари ва 2) жамоага қарашли. Томорқа, ҳовли-жой ерлар ва боғлар ҳудудий ҳуқуққа эга бўлган. Баъзи жойларда бу ҳуқуққа беда ва гуруч ўстирилган ерлар ҳам эга бўлган2. Бошқа барча ерлар қишлоқ жамоаларининг жамоа ҳуқуқига мансуб бўлган.

Туркистон ўлкасида энг қийин масалалардан бири вақфлар бўлган. Комиссия ушбу масалада шариат бўйича бир қатор ҳужжатларни таҳлил қилиб ва шарқшуносларнинг фикрини умумлаштириб қуйидаги хулосага келади:

«1) Ўлкада амалда бўлган вақф ҳуқуқи шариат асосий қоидаларига мувофиқ бу ҳуқуқнинг аниқ таърифига мос келмайди;

2) шариат бўйича вақфнинг асосий ва ҳақиқий ҳуқуқи маҳаллий ерлар фақат давлат ҳокимиятига тегишлидир;

3) вақф ерлари – бу ўлкада аслида давлат томонидан бирор муассаса ва шахс фойдасига хирож ва таноб солиқларидан озод қилинган ерлар;

4) бу ердаги масжидлар, мадрасалар ва хўжаларга тегишли бўлган вақф ҳуқуқи мулк ҳуқуқи эмасдир, чунки давлатнинг ёки мусулмон дунёсининг вақф ҳуқуқи дахлсизлиги сабабли бу ҳуқуқ фақат давлатга, мусулмон дунёсига ёки унинг вакиллари – имом, амир, хон ва ҳозирда подшоҳга тегишлилигидир”3

Таъкидлаш жоизки, Туркистон ўлкасидаги вақф муаммосининг ўзига хос мураккаблиги туфайли, турли генерал-губернаторлар томонидан жиддий уринишлар қилинган бўлса-да, вақф масаласига Россия империясининг ҳукмронлиги даврида қонуний ечим топилмади. Фақатгина XX асрнинг бошларида Туркистон ўлкаси маъмурияти янги вақфларнинг пайдо бўлишининг олдини олишга муваффақ бўлди.

Гомзин бошчилигидаги комиссия таъкидлашича, мол-мулкларини ва ерларини вақфларга ҳадя қилган хусусий шахсларнинг аксарияти фақат ўз манфаатларини кўзлаган, яъни доимий урушлар ва босиб олинишларда ўз мулкларини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилган. Шунинг учун улар ўз ерини вақф тоифасига ўтказиш, ер эгаси учун даромад олиш ҳуқуқини меросхўрларида қолдирарди4, бунда кейинги янги ҳукмдор мусулмон бўлгани учун бутун аҳоли учун муқаддас ҳисобланган вақфлар масаласига тегилмаслиги ҳисобга олинарди. Ҳатто христиан давлат бўлган Подшо Россияси ҳам, дастлаб Туркистондаги вақф муаммосига тўхталмади. XIX асрнинг 90-йилларидан бошлаб ўлка маъмурияти вақфдан фойдаланиш амалиётини тартибга солишга қарор қилади ва мулкдорлардан вақф мулкига бўлган ҳуқуқларини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни тақдим этишни талаб қила бошлайди.

Шу билан бирга, комиссия вақфлар бўйича ўз хулосаларида жиддий хатога йўл қўяди. Барча вақф ерларида албатта мусулмон таълим муассасалари мавжуд эди: мактаблар, мадрасалар ёки қорихоналар, ва булар ушбу ерлардан олинган даромадлар ҳисобига молиялаштирилган. Россия ҳукумати вақфдан мусулмон руҳонийлари учун молиялаштиришнинг асосий манбаи бўлгани учун ҳаммадан кўп қўрқарди.

Ўз ҳисоботида фон Кауфман ер комиссияларининг материалларини умумлаштириб, бу масалани давлат манфаатлари йўлида ҳал қилиш учун Россия ҳукумати чораларини асослаб берди. У генерал-губернаторлик ерларини назарий жиҳатдан «хирож» тоифасига кирадиган давлат ерларига кириши керак деган хулосага келади.

XVI асрдан бошлаб ўрнатилган расмий атамага мувофиқ, аҳоли фойдаланиб келган ишланувчи ерлар улар томонидан эгалик ҳуқуқи бўйича учта асосий тоифани ташкил қилган: 1) давлат ерлари «амлок». 2) мулкий ерлар «мулк» ва 3) диний ташкилотларнинг ва наслий ерлар «вақф»лар5.

Ўз ҳисоботида фон Кауфман комиссиянинг аввалги хонлар ҳукуматида солиқ ва ўлпонлар йиғимлари деярли назоратсиз бўлиб, ҳам солиқ йиғувчилар, ҳам турли даражадаги маъмурият раҳбарларининг суиистеъмол қилишларига ёрдам берганлиги6, кўпгина ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги ҳақидаги фикрини келтиради.

Диний муассасалар ва руҳонийларнинг дахлсиз мулки бўлган «вақф мулклари»га нисбатан ҳуқуқий ва сиёсий қоида-тартибнинг йўқлиги жиддий оқибатларга олиб келарди.

Фон Кауфманнинг фикрига кўра, вақф масаласининг мураккаблиги назоратнинг йўқлигида эди. Ҳукуматга тегишли бўлган вақф мулкларига ва вақфлардан тушадиган давлат даромадларига бўлган ҳуқуқлар тўлалигича руҳонийлар ҳисобига ўтарди, шу сабадан бу ерларга тегишли аҳоли ҳам улар ихтиёрида эди. Мулкдорларнинг ноқонуний имтиёзларига дахл қиладиган амирлар ва хонлар ҳам вақф мулкларини мутлақ қонуний чегаралари доирасидан чиқа олмасди. Бунинг сабаби васият далолатномаларининг диний характерга эга эканлиги ҳамда ўз манфаатлари йўлида қонунларни бузувчи руҳонийларнинг улкан таъсири эди7.

Губернатор ўз ҳисоботида вақф ер-мулкидан давлат даромадини аниқ ҳисоблаш жуда қийин деган хулосага келади8. Унинг фикрига кўра, вақф даромадларининг асосий қисми вақф бошқарувчилари, мутаваллийлар ва солиқ йиғувчилар қўлида қоларди9. Вақф маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган муассасалар, бундай тўлиқ назорат йўқлигида, васийлар ва «мутаваллий»ларнинг ўзбошимча ихтиёрига кирарди, яъни бу бошқарувчилар ўзларининг кичик ходимлари ва уларнинг яқинлари билан ҳар бир алоҳида ҳолатда ўз муассасалари вақф хазинасининг соҳиблари эди.

Шариатга кўра ердан фойдаланиш ҳуқуқга тегишли муҳим бир шарт бўлиб, буни ер комиссиялари кўрсатиб ўтгандилар. Уч йил давомида ҳеч қандай қишлоқ хўжалик экинлари экилмаган ер ўз ўзидан давлат фойдасига ўтказиларди. Бироқ, бу вақф ерларига тегишли эмас эди.

Фон Кауфманнинг таъкидлашича, Туркистон ўлкаси босиб олингач, қуйидагилар аниқ бўлди: вақф ерларининг ярмидан кўпи ташлаб қўйилган, яъни, аслида улар ишланмас ва давлат хазинасига ҳеч қандай даромад келтирмас эди10.

Фон Кауфманнинг фикрича, ижтимоий соҳа ва солиқ тизимини қайта ташкил қилиш қонун лойиҳаси Туркистон ўлкаси мусулмонлари ҳаётини яхшилашга хизмат қилди. Низомнинг ўзида ерни ислоҳ қилиш кўзда тутилмаган бўлса-да, лекин маҳаллий ҳокимиятни тўғри ташкил этиш орқали, Россия ҳукумати томонидан унинг ҳаракатларини назорат қилиш кучайганида, деҳқонларга қарши кўплаб ҳуқуқбузарликлар деярли тўхтатилди. «Маълум даражада таъминланган бундай назорат ҳимояси остида ва маҳаллий судларни яхшироқ ташкил қилиш орқали, қишлоқ аҳолисига зулм ўтказадиган маъмурий суистеъмолларнинг чидаб бўлмайдиган шакллари амалда имкони бўлмай қолди»11. Ҳақиқатда эса, фон Кауфман ислоҳотлар жараёни осон эмаслигини тан олди. Унинг фикрига кўра, асосий ўзгаришлар аҳолининг солиққа тортилишида содир бўлди. Хонлар ҳукмдорлиги даврига нисбатан солиқларнинг сезиларли даражада қисқартирилиши аҳоли турмуш даражасига сезиларли таъсир кўрсатди. Россия ҳукумати даврида қишлоқ хўжалиги солиқлари ҳосилнинг 1/10 қисмигача қисқарди, эски даврларда эса улар хазинга ялпи даромаднинг ярмини, камида учдан бир қисмини топширишлари керак эди12. Бироқ, фон Кауфман таъкидлаганидек, ерга эгалик қилиш тўғрисидаги қонун ҳалигача қабул қилинмаган эди, ва шунинг учун хазинага етарли миқдорда солиқлар тушмасди. Бу муаммони ҳал қилиш учун, у ерни кенг миқёсдаги чегаралаш ишларини амалга ошириш ва солиққа ва имтиёзга эга бўлган, вақф ва мулкий маҳаллий ер эгалигини тартибга солишни таклиф қилади13. Маҳаллий ерга эгалик қилиш тизими мустаҳкам ўрнатиш билан боғлиқ бўлган тадқиқот маҳаллий молиялаштириш манбаларини мустаҳкамлаб, давлат мулки ҳисобланиши керак бўлган ва шу сабабли давлат хазинасига даромад келтириши мумкин бўлган ер-мулкларни аниқлаган бўларди.

Ерга имтиёзли эгалик қилиш, мулк ва вақф ерлари масаласи ўзларининг қонуний ечимини яна сиёсий мақсадлар учун ҳам талаб қиларди, чунки ўзларининг ер бўйича даъволарин ҳимоя қилувчи мулкдорлар ва мусулмон руҳонийлари янги тартибга душман бўлган зодагон аҳоли синфини ташкил қиларди14.

1873 йилда фон Кауфман юқори ҳокимият муҳокамасига генерал-губернаторликнинг ер тузилишини ислоҳот қилиш режасини тақдим этди. Ўзгаришлар асоси ердан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ҳақиқий фойдаланишни тасдиқлаш эди. Фон Кауфманнинг фикрига кўра, «маҳаллий зодагонлар учун ер имтиёзларни бериш масаласи, хусусан тасдиқланган мулк ва вақф даромадларни, ушбу даромадларни тўловчи қишлоқ хўжалиги аҳолисига даромад оладиган муносабатларни бартараф этиш учун ва қисман маҳаллий аҳолининг имтиёзли гуруҳларининг давлатга бевоcита боғлиқ қилиб қўйиш учун, давлат кассаларидан пенсия шаклида тўлашнинг мен лойиҳалаштирган тартиби қабул қилинса, бу масалада мавжуд тартибсизликнинг заиф томонларини йўқ қилиб, меҳнаткаш аҳолини бу синфнинг зарарли зулмидан ва ёмон аврашларидан озод қилган ва маҳаллий аҳолининг энг хавфли қисмини Россия маъмурияти қўлидан вақф нафақларни беришни ва тўғридан-тўғри унга қарам қилиб қўйган бўларди”15.

Туркистон генерал-губернатори худди шу тарзда ер зодагонлари ва мусулмон руҳонийларига қарши курашни режалаштирган эди. Бироқ, фон Кауфман ўз ислоҳотларини амалга оширишга олий даражадаги рухсатни ололмайди ва ваколати даражасидаги ишлар билан чекланишга мажбур бўлади.

Фон Кауфманнинг фикрига кўра, Россия ҳукумати ҳаракатсизлиги ерга эгалик қилиш соҳасида жуда катта суистеъмолларга олиб келган. Текширилган ер бўйича суистеъмоллар на халқ судларида, на бийлар ва қозилар судларида таҳлил ва қониқишни топа олмаган16. Россия маъмурияти кўпинча икки томон ўртасида айни бир ер эгалари устидан ва қонуний кучни йўқотган мусулмон ҳужжатлар асосида низоларни ҳал қилишга мажбур бўларди17.

Янги ҳукуматнинг маҳаллий аҳолининг ўзаро низоларига аралашиши учун тўсқинлик қиладиган нарса бу суд ишларини тўғри ҳал этиш учун қонуний асосга эга бўлмаганлиги сабаби эди. Умумий рус ҳуқуқининг маҳаллий муносабатларга нисбатан изчил қўллаш учун имкониятга эга бўлмаган ҳукумат шариат қонун-қоидаларига айниқса амал қила олмасди?18

Туркистон ўлкасининг «Асосчиси» фон Кауфман ўз хавф-хатари ва тавакаллига ўлкадаги ер муаммоларини ҳал қилиш, шу жумладан уни қонуний мустаҳкамлаш учун қуйидаги чораларни кўради.

«Шаҳарлар чегарасидан ташқарида ва қишлоқ аҳоли пунктлари учун муайян жойларда танланган майдонлардан ва почта станцияларининг хўжаликлари учун ажратилган жойлардан ташқари, бизнинг колонистларимиз билан маҳаллий аҳоли ўртасида юзага келиши мумкин бўлган тангликлар ва тўқнашувлар олдини олиш учун, рус аҳолиси учун бошқа ҳеч қандай ер ажратмаларга рухсат берилмайди, айни шу сабабли, рус томонидан маҳаллий аҳолидан, унда ерга эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқларининг мавҳумлиги туфайли, ер сотиб олиш муваққат тақиқланган. Худди шу тарзда ва асосда, рус ҳукуматининг маҳаллий аҳоли ўртасида ерга эгалик қилиш ҳуқуқини бир-бирлари номига воз кечишларига тааллуқли шартномалар ва битимларни расман тасдиқлаш таъқиқланади».

Ўзлаштирилмаган ва қаровсиз ерлар хусусида, уезд маъмуриятига ҳеч ким эгалик қилмайдиган ерлар аҳолининг мустақил хўжаликлар тузиш учун ерга эга бўлмаган энг камбағал қисмига ишлатишга ўтса энг кўп фойда келтириши ғоясидан келиб чиқишлари керакли айтилган.

Ердан фойдаланиш бўйича низоларни ҳал қилишда, уларни халқ судларида ҳал этишни иложи бўлмаса, қозилар томонидан амалга ошириладиган ер билан боғлиқ ҳужжатларнинг қонуний қадр-қиммати шубҳали бўлгани учун, бунинг устига уларни текшириш маъмурий ваколат доирасига киролмаслиги ҳам, қонуннинг энг аниқ далили сифатида ҳақиқий эгаликни асос қилиб олиш буюрилади. Бундай қарорлар тарафларга ҳеч қанақа эгалик қилиш ҳуқуқини бермайдиган вақтинчалик ҳал қилув ҳисобланади, чунки ер бўйича барча тугалланмаган ва қайта юзага келиши мумкин бўлган ишлар бўлажак қонун асосида ўлканинг ер билан боғлиқ ташкилий тузилмаси юклатилган махсус муассасалар томонидангина ҳал қилиниши мумкин.

Мулк ерларга нисбатан, бундай ерларга солинадиган солиқдан имтиёзларга ҳуқуқий асослар аниқлангунча, уларнинг эгалари солиқ солинадиган амлок ерларга қўлланадиган умумий солиққа тортиш тартибига бўйсуниш буюрилади.

Мусулмон руҳонийларининг оммага маълум даражада таъсири туфайли ҳамда аҳолининг ақидапараст қисмида норозиликларни келтириб чиқаришидан хавотирланиш сабабли, ҳукуматнинг келажакда вақфлар мулкларини тартибга солиш бўйича режалари ижобий ўрнашмагани учун вақф ерларига эгалик қилиш амалиётини ўзгартирмасдан, мавжуд тизим сақлаб қолинди19«.

1873 йилги фон Кауфман томонидан режалаштирилган ер ислоҳоти бир қанча сабабларга кўра марказий идоралар томонидан қўллаб-қувватланмади. Ташқи ишлар вазирлиги уни ҳали жуда эрта ва шароитлар билан оқланмайдиган чора деб қаради. Молия вазирлиги унда аҳоли яшаб турган ва ишлаб турган майдонларни давлат хазинасига ҳисобига айлантириш учун маҳаллий аҳолидан ерни кенг экспроприация қилиш ниятни кўради.20 Ушбу икки вазирликнинг нуқтаи назарини қабул қилган давлат назоратчиси режалаштирилган ер ислоҳотида эҳтиёжни кўрмайди ва уни сиёсий жиҳатдан хавфли деб билади.

Фон Кауфман, вазирликларга эътироз билдириб, ислоҳотларнинг асосий мақсади – “маҳаллий аҳолининг доимий фойдаланиш шаклида ҳақиқий ер ҳуқуқларини тасдиқлаш ва ерга бўлган мавжуд солиқларни давлат солиқлари билан алмаштиришдир.

Энг муҳими, бу ислоҳот Россия империясининг ер эгалиги бўйича сиёсати, хусусан, 1861 йилги ислоҳотига зид эди. Жумладан давлат котиби Рейтерн асосий мақсади империя қишлоқ хўжалиги аҳолисини давлат ерлари эгалари эмас, балки, деҳқон-мулкдорларга айлантириш бўлган рус ер ислоҳотига зид экани»ни таъкидлаганди.

Одил Олимжонович Зарипов
ТИҚХММИ Бухоро филиали

Адабиётлар:

1. Мухамедов Ш.Б. Историка — источниковедческий анализ государственного регулирования ислама Российской империей в Туркестане (1864-1917).-Т.: Baktria press; 2013.

2. Муҳамедов Ш.Б. Совет туркестанского генерал-губернатора и определение тактики и стратегии в решении вакуфного вопроса в Туркестане (1887–1917): причины фиаско // МИ. 2015.

3. Мухамедов Ш.Б. Особенности землевладения и водопользования в Средней Азии и Алжире в XIX в. // МИ. 2019.

4. Проект Всеподданнейшего отчета Ген. –Адъютанта К.П.фон Кауфмана 1 по гражданскому управлению и устройству в областях Туркестанского генерал-губернаторства. 7 ноября 1867-25 марта 1881 г. Спб., 1885.

5. Савицкий А.П. Поземельный вопрос в Туркестане (В проектах и законах 1867–1886 гг.). – Т., 1963

Изоҳлар:

1 Мухамедов Ш.Б. Историко-источниковедический анализ государственного регулирования ислама Российской империей в Туркестане (1864-1917).-Т.: Baktria press; 2013. 66-бет

2 Мухамедов Ш.Б. Историко-источниковедический анализ государственного регулирования ислама Российской империей в Туркестане (1864-1917).-Т.: Baktria press; 2013. 67-бет

3 Мухамедов Ш.Б. Историко-источниковедический анализ государственного регулирования ислама Российской империей в Туркестане (1864-1917).-Т.: Baktria press; 2013. 67-бет

4 Мухамедов Ш.Б. Историко-источниковедический анализ государственного регулирования ислама Российской империей в Туркестане (1864-1917).-Т.: Baktria press; 2013. 68-бет

5 Проект Всеподданейшего отчета Ген.-Адьютанта К.П. фон Кауфмана 1. С. 231

6 Мухамедов Ш.Б. Историко-источниковедический анализ государственного регулирования ислама Российской империей в Туркестане (1864-1917).-Т.: Baktria press; 2013. 68-бет

7 Мухамедов Ш.Б. Историко-источниковедический анализ государственного регулирования ислама Российской империей в Туркестане (1864-1917).-Т.: Baktria press; 2013. 69-бет

8 Ўша ерда

9 Мухамедов Ш.Б. Историко-источниковедический анализ государственного регулирования ислама Российской империей в Туркестане (1864-1917).-Т.: Baktria press; 2013. 69-бет

10 Ўша ерда

11 Проект Всеподданейшего отчета Ген.-Адьютанта К.П. фон Кауфмана 1. С. 240

12 Мухамедов Ш.Б. Историко-источниковедический анализ государственного регулирования ислама Российской империей в Туркестане (1864-1917).-Т.: Baktria press; 2013. 70-бет

13 Мухамедов Ш.Б. Историко-источниковедический анализ государственного регулирования ислама Российской империей в Туркестане (1864-1917).-Т.: Baktria press; 2013. 70-бет

14 Ўша ерда, 70-бет

15 Проект Всеподданейшего отчета Ген.-Адьютанта К.П. фон Кауфмана 1. С. 244

16 Мухамедов Ш.Б. Историко-источниковедический анализ государственного регулирования ислама Российской империей в Туркестане (1864-1917).-Т.: Baktria press; 2013. 71-бет

17 Ўша ерда

18 Ўша ерда

19 Проект Всеподданейшего отчета Ген.-Адьютанта К.П. фон Кауфмана 1. С. 247

20 Мухамедов Ш.Б. Историко-источниковедический анализ государственного регулирования ислама Российской империей в Туркестане (1864-1917). — Ташкент: Baktria press; 2013. 73-бет

Ўхшаш мақола

Темурийлар хилхонасининг очилиши: Амир Темур, Шоҳрух ва Мирзо Улуғбек бюстининг яратилиш тарихи, қабрига қайтариш унутилган Бибихоним жасади

Post Views: 924 Бу муҳим тарихий воқеанинг рўй берганига шу йилнинг июнь ойида роппа-роса 80 …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *