ҚОВУНЧИ МАДАНИЯТИ – милоддан аввалги 2-аср – милодий 6-асрга оид археологик маданият. Дастлаб ўрганилган жой – Қовунчитепа харобаси номидан олинган. Қовунчи маданияти Тошкент воҳаси, Сирдарёнинг ўрта оқими ва Фарғонанинг шимоли-ғарбий қисмида тарқалган. 1934-37 йилларда Қовунчи маданияти комплексларида қазиш ишлари олиб борган археолог Г.В.Григорьев уни 2 босқич – Қовунчи 1 ва Қовунчи 2 га ажратган (у Қовунчи 1 милоддан аввалги 2-минг йиллик охири ва 1-минг йиллик бошига оид, Қовунчи 2 милоддан аввалги 6-аср – милоднинг бошларига оид, деб белгилаган). Археолог А.И.Тереножкин Тошкент воҳаси ва Сўғддаги ёдгорликларни ўрганиб, Қовунчи 1 ни милоддан аввалги 2-1-асрларга, Қовунчи 2 ни милоднинг боши – 6-асрга оид деб топди. Археолог Л.М.Левина эса сопол мажмуаларини ўрганиб, Қовунчи 1 ни милоддан аввалги 1 – милодий 3-аср, Қовунчи 2 ни милодий 4-5-асрга оид, деб белгилашни таклиф этди ва Қовунчи маданиятини яна Қовунчи 3 босқичи (6-8-аср боши)га ажратади. Шоштепани ўрганиш натижасида биринчи марта маданий қатламларнинг аниқ стратиграфияси белгиланди. Бу эса Қовунчи маданияти аниқ даврини (Қовунчи 1 милоддан аввалги 2-1-асрлар; Қовунчи 2 икки босқичга бўлиниб, унинг 1-босқичи милодий 1-4-асрлар, 2-босқичи – 5-6-асрлар) белгилашга асос бўлди. Қовунчи маданияти Тошкент воҳасидаги қадимги деҳқончилик билан шуғулланган туб аҳоли маданияти (қ. Бурганли маданияти) асосида «халқларнинг буюк кўчиши» даврида Тошкент воҳасига кириб келган сарматлар, ҳуннлар, усун ва бошқа халқларнинг этник маданияти таъсирида ривожланган. Тошкент воҳаси Қовунчи маданияти шаклланишининг асосий маркази бўлган. Қовунчи мажмуаларида меъморлик анъаналарига асосланган, юксак мудофаа иншоотларига эга бўлган шаҳарсозлик, сопол идишлар ва ҳайкалчалар шаклининг ўзига хос хусусиятлари таркиб топган. Қовунчи маданияти воҳада шаҳарлар ва шаҳар маданияти пайдо бўлиши ҳамда ирригация системаларининг такомиллашиши асосида деҳқончиликнинг янада ривожланиш даврида тарқалган. Қовунчи мажмуалари асосида Тошкент шаҳар маданияти пайдо бўлган ва янада ривожлана бошлаган. Ўша даврдаги аҳоли масканлари арк ва унинг атрофида 1 ёки 2 қишлоқдан иборат бўлиб, уларнинг айримлари мудофаа деворлари билан ўралган. Шаҳарлар ҳунармандчиликнинг ҳар турли касб-ҳунарлари қарор топган жой ва савдо-сотиқнинг асосий таянч манзили ҳисобланган. Металлга ишлов бериш (темирчилик, жез асбоблар қуйиш) анча ривожланган. Кулолчиликда сопол идишлар ясаш асосий ўрин эгаллаган, уларнинг тури, шакли кўпайган. Сопол идишларнинг таги текис бўлган. Қовунчи 1 да кувача, товоқ, қизғиш ёки бўғиқ қўнғир ранг берилган сопол идишлар; Қовунчи 2 да қулоқли хурмачалар, бандлари ҳайвон шаклидаги турли идишлар ва хурмачалар учрайди. Қовунчи маданиятига хос идиш қопқоқлари, кўралар, шунингдек, диний маросим буюмлари, 2 бошли қўчқор ёки шохли ҳўкиз бошлари шаклида ясалган ўчоқ пой-тагликлари топилган, улардан тутатқи солинадиган ва қурбонлик қилинадиган идиш сифатида ҳам фойдаланилган (яна қ. Амалий безак санъати). Хўжалиги деҳқончилик ва яйлов чорвачилигига асосланган қовунчиликлар жамиятида аҳоли деҳқончилик маъбудалари, олов ва аждодларга сиғинишган. Милоднинг дастлабки асрларида (4-асрдан) Қовунчи маданияти жанубга томон тарқалиб, Сўғд, Қашқадарё ҳудудидаги маҳаллий маданий мажмуаларга таъсир эта бошлаган. Бу эса қовунчиликларнинг жанубга кўчиб ўтганлигидан далолат беради. 6-асрга келиб, Ўрта Осиёнинг марказий районларидаги воҳалар билан иқтисодий ва савдо алоқаларининг кучайиши ҳамда умумсўғд маданияти таъсирида Тошкент воҳасида Қовунчи маданияти 6-асрдан ўзига хос аломатларини йўқотди, секин-аста бутун Мовароуннаҳрга хос ягона маданият вужудга кела бошлади.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил