Хотинкўприк
ХОТИНКЎПРИК – Тошкентнинг шимоли-ғарбида, Собир Раҳимов тумани (ҳозирги Олмазор тумани), Олимпия мавзесига яқин ердаги жарлик устига қурилган қадимий ёғоч кўприк. 1490 йилга оид Хожа Аҳрор вақфномасида айтилишига кўра, Қурама мулкининг ғарбий чегараси «Хотун Кўфруги», шимолий чегараси «Қўриқ-и Қорақамиш» билан чегараланган. Хотинкўприк шимолий туманларда яшовчи кўчманчи аҳоли билан Тошкентни боғловчи муҳим стратегик кўприклардан саналган. Ўтмишда, 20-асрнинг 1-ярмига қадар бу ҳудудда Тошкентликларнинг қўрғонлари, боғ ҳовлилари жойлашган. Коллективлаштириш (жамоалаштириш) жараёнида бу ерлар собиқ «Коммунизм» колхози таркибида бўлиб, колхоз боғлари, чойхонаси жойлашган. 1966 йилги зилзиладан сўнг Қорақамиш турар жой массиви қурилиши муносабати билан Хотнкўприк ўрнига катта бетон қувурлар ётқизилиб, усти асфальтлаб ташланган, бироқ Хотинкўприк топоними ҳануз сақланиб келмоқда.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар