Бош саҳифа » Биласизми? » ЎМКТ «Ватанпарвар»

ЎМКТ «Ватанпарвар»

«ВАТАНПАРВАР», Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти – нодавлат нотижорат ташкилот. 1991 йил 23 ноябрда тузилган. Ўзбекистон фуқароларининг мустақил оммавий-ҳимоя, спорт-техник ва ватанпарварлик жамоат ташкилотидир. Ташкилотнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлигини, унинг қуролли кучлари, мудофаа қудратини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, кенг халқ оммасини, хусусан ёшларни меҳнатга ва Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлашдир. «Ватанпарвар» ташкилоти давлат буюртмаси орқали ҳарбий хизматга чақирилувчиларни ҳарбий-техник тайёрлаш, спорт тадбирлари ўтказиш, ҳарбий-амалий аҳамиятга эга бўлган оммавий техник касб ходимларини тайёрлаш йўли билан молиялаштирилади. Ташкилотнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар, туманларда алоҳида бўлимлари – кенгашлари бор.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Тошкент шаҳар кенгаши (Хуршид кўчаси, 86 “а”-уй) тасарруфида 11 туман кенгаши, 11 ўқув спорт техника клуби, бирлашган-техника мактаби, 28 ватанпарварлик клуби ва 14 хўжалик ҳисобидаги корхона фаолият юритади. Кенгаш ўз олдида турган вазифаларни бошланғич ташкилотлар орқали амалга оширади. Шаҳар кенгаши 781 бошланғич ташкилотни бирлаштирган бўлиб, уларда 107 мингга яқин аъзо бор. Шаҳар кенгашига қарашли автотранспорт воситалари 159 енгил, 44 юк автомашиналари, 3 автобус, 12 тиркамадан иборат (2008).

«Ватанпарвар» ташкилотининг шаҳар кенгаши ҳарбий-ватанпарварлик фаолиятини маънавий-маърифий, оммавий-ташкилий ишлар билан қўшиб олиб боради. Бу борада «Маҳалла», «Нуроний» жамғармалари, «Камолот» ёшлар ҳаракати, шаҳар мудофаа ишлари бўлими билан шартномалар тузилган. Ҳар йили Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказиладиган оммавий ватанпарварлик ойлигида (14 декабрдан 14 январга қадар) фаол иштирок этади.

Қуролли кучлар учун ҳарбий-техник мутахассислар тайёрлаш борасида ташкилотнинг шаҳар кенгашига қарашли Тошкент бирлашган техника мактабида ижобий ишлар амалга оширилди: электромоторист ҳайдовчи ва «ВС» тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича ўқув жараёни такомиллаштирилди. Мактабнинг моддий-ўқув базаси яхшиланди: радиоалоқа мутахассисларини тайёрлаш йўлга қўйилиб, компьютер синфлари таъмирланиб, замонавий кўргазмали қуроллар билан жиҳозланди. Оммавий техник касб эгаларини тайёрлашда туман ўқув спорт-техника клубларининг ҳиссаси катта бўлди. Бу клубларда 70 ўқитувчи, 113 амалий ўргатувчи уста, 12 муҳандис-техник ходим фаолият юритади (2008). 2001–2007 йиллар мобайнида шаҳар Кенгаши орқали 55 мингга яқин оммавий техник касб ходимлари тайёрланди.

Сўнгги йилларда ҳайдовчиликка тайёрловчи ташкилотлар кўпайиши натижасида бу соҳада рақобатчилик кучайди. Шу боис аҳолининг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда ҳамда аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш турларини, ишчи ўринларини кўпайтириш мақсадида туман кенгашлари ўқув спорт техника клубларида «Д» тоифали ҳайдовчиларни ҳамда трактор ҳайдовчиларини тайёрлаш курслари ташкил қилинди.

Ташкилот ёрдамида спортнинг техника турлари оммалаштирилмоқда. Картинг, ёзги биатлон, милтиқдан ўқ отиш, авиамодель, ракетамодель, триатлон турлари бўйича мунтазам мусобақалар ўтказилиб турибди. Тошкент ш. терма жамоалари 2001–2007 йил мобайнида республика мусобақаларида қатнашиб, 78 олтин, 60 кумуш, 30 бронза медаллари соҳиби бўлди. Айниқса, триатлончилар, авиамоделчилар, авторалличилар, картингчилар жамоалари юқори кўрсаткичларга эришди.

Манзил:

100117, Тошкент шахри, Хуршид кўчаси, 86-а уй.
Email:
info@vatanparvar.uz

Телефон:

(+99871) 235-46-17
(+99871) 150-31-50
150-31-55

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Народы Узбекистана. Карелы

Post Views: 700 Самоназвание – карьялани, карьялайзет. Народ в Российской Федерации. Коренное население Карелии. Язык …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *