Марям ал-Ижлия: X аср Ҳалабида устурлобсозлик анъанаси
• 65
Ал-Ижлия X аср ўрталарида Ҳалабда устурлоб ясаш билан шуғулланган муҳандис-олима сифатида маълум. У ҳақидаги биографик маълумотлар чекланган бўлиб, асосий қайд Ибн ан-Надимнинг “Ал-Фиҳрист” асарида келтирилган. Бу қайд ал-Ижлияни астрономик ҳисоблаш, амалий геометрия ва металлга ишлов бериш бирлашган махсус ҳунармандчилик муҳити билан боғлайди. “Ал-Фиҳрист” асарида олимлар, ҳунармандлар ва илмий асбоб ясовчи усталарни санаб ўтади. Устурлобсозлар рўйхатида ал-Ижлий ал-Астурлобий Битолуснинг шогирди сифатида кўрсатилади. Унинг қизи ал-Ижлия ҳам Битолусдан таълим олгани ва Сайф ад-Давла билан боғлиқ бўлгани қайд этилади. Айрим тадқиқотчилар Битолусни Настулус номи билан танилган уста деб ҳисоблайдилар; Настулуснинг номи тахминан 927-928 йилларда ясалган энг қадимий сақланган устурлоблардан бирига битилган.
944/945-967 йилларда Ҳалабда Сайф ад-Давла Ҳамдоний ҳукмронлик қилган ва шу сабабли ал-Ижлиянинг фаолияти X аср ўрталарига тегишли деб қаралади. “Ал-Фиҳрист”да унинг шахсий исми берилмайди: “ал-Ижлия” Бану Ижл қабиласига мансубликни билдирувчи нисбанинг аёлларга хос шакли, “ал-Астурлобий” эса устурлобсозлик касбини англатувчи нисбадир. “Марям” исми кейинги илмий-оммабоп адабиётларда тарқалган. Манба унинг алоҳида ишларини ёки техник усулларини тавсифламайди; ҳозиргача унга ишончли равишда нисбат берилган имзоли устурлоб маълум эмас.
Устурлоб ва илмий муҳит
Устурлоб осмон сферасининг текисликдаги стереографик проекцияси асосида ишлайдиган астрономик ҳисоблаш асбобидир. Унинг илк шакллари антик юнон илмий анъанаси билан боғлиқ бўлиб, кейинчалик ислом дунёси олимлари ва усталари томонидан ривожлантирилган. Турли географик кенгликларга мослаштирилган лавҳалар, юлдузлар ва эклиптика ҳолатини кўрсатувчи ҳаракатчан тўр ҳамда визирли алидада асбобнинг асосий қисмларини ташкил этган.
Фойдаланувчи Қуёш ёки маълум юлдузнинг уфқдан баландлигини ўлчаб, устурлоб қисмларини тегишли ҳолатга келтирган. Шу усул билан маҳаллий вақт, Қуёш ва юлдузларнинг ҳолати, тақвимга оид кўрсаткичлар ҳамда айрим навигацион масалалар ҳисобланган. Устурлоблар намоз вақтларини белгилашда ҳам қўлланган; айрим намуналарда қибла йўналишини топиш учун махсус чизиқ ва шкалалар бўлган. Асбоб ясаш геометрия, астрономик ҳисоблаш, нақш ўйиш ва металлга аниқ ишлов бериш кўникмаларини талаб қилган.
X асрда Бағдод, Дамашқ, Ҳалаб ва бошқа илмий марказларда астрономия назарий тадқиқотлар билан бирга тақвим, вақт ҳисоби, қибла ва сафарларга доир амалий вазифаларга хизмат қилган. Ал-Ижлия ҳақидаги қисқа қайд аёл мутахассиснинг шу илмий-ҳунармандчилик тармоғида иштирок этганини кўрсатади. Салим ал-Ҳасаний ал-Ижлияни Ибн ан-Надимнинг устурлобсозлар рўйхатида тилга олинган ягона аёл сифатида қайд этади.
Замонавий мерос
Ал-Ижлия образи замонавий адабиётда ҳам акс этган. Ннеди Окорафорнинг “Бинти” илмий-фантастик асари қаҳрамони математикага қобилиятли ва устурлоб ясашни биладиган ёш қиз сифатида тасвирланади. Окорафор Шаржадаги китоб фестивали доирасида Марям ал-Астурлобийга бағишланган намойишни кўрганини ва бу образ Бинти қаҳрамонининг шаклланишига таъсир қилганини айтган.
Америкалик астроном Ҳенри Э. Ҳолт 1990 йил 16 сентябрда Паломар расадхонасида кашф этган 7060-рақамли астероидга ҳам ал-Ижлия номи берилган. Номлашга оид маълумот 2016 йил 14 ноябрда эълон қилинган. Шу тариқа ал-Ижлиянинг номи илм тарихи, адабиёт ва астрономик номенклатурада сақланиб қолган.
Ал-Ижлия ҳақидаги тўғридан-тўғри тарихий маълумот қисқа бўлса-да, у X аср Ҳалабидаги устурлобсозлик анъанасининг бир вакили сифатида аҳамиятлидир. Унинг фаолияти ўрта аср муҳандислигида назарий билим билан амалий ҳунармандчиликнинг ўзаро боғлиқлигини ҳамда ушбу соҳага аёл мутахассис ҳам жалб этилганини кўрсатувчи ёзма далиллардан биридир.
Фойдаланилган манбалар:
Ибн ан-Надим: “Ал-Фиҳрист”дан парча ва Шазия Жаготнинг илмий шарҳи
British Museum: Seeing stars: astrolabes and the Islamic world
Салим ал-Ҳасаний: Women’s Contribution to Classical Islamic Civilisation: Science, Medicine and Politics
Ннеди Окорафор: Муаллиф билан суҳбат







Изоҳлар