Туркистон атамаси узоқ асрлардан бери Марказий Осиё минтақасининг катта бир қисми учун, аниқроғи Каспий денгизининг шарқидан то Олтой тоғларигача, Шимолий Афғонистондан то Урол тоғларигача чўзилган кенг ҳудуднинг умумий географик номи сифатида қўлланилиб келган. Гарчи, у турли даврларда гоҳ кенгайиб, ушбу ҳудудлардан ҳам кенгроқ маъно касб этган, баъзи даврларда эса нисбатан торроқ ҳудудни англатган бўлса-да кўп асрлар давомида асосан мазкур ҳудудда жойлашган турли ўлкаларнинг муштарак номи бўлиб келган. Ҳатто, Туркистон деганда ўрта асрларга тааллуқли баъзи манбаларда эътироф этилишича, мазкур ҳудуд билан биргаликда Доғистон ва Озарбойжон ҳудудини ҳам қамраган ҳудуд тушунилган.
Гарчи, Туркистон атамаси қачон, қайси ҳудудлар учун қўлланилганига доир фикрмулоҳазалар таниқли тарихчиларимиз А. Ўринбоев, А. Асқаров, А. Аҳмедов, М. Исҳоқов, Б. Маннонов, Ш. Камолиддин ва турколог Қ. Маҳмудовларнинг тадқиқотларида ўрин олган[1] ва аниқ кўрсатиб берилганига қарамай бу борада ҳалигача мунозарали қарашлар билдирилмоқда. Яъни, баъзи маҳаллий ва хорижий нашрларда қуйидагича бирёқлама ва нохолис фикрлар кўзга ташланади; 1. «Дастлаб араблар фатҳи арафасида Сирдарёнинг шимоли-шарқидаги туркий қабилалар яшайдиган ўлкаларни араб ва форслар умумий ном билан илк бор Туркистон деб аташган», 2. «Амударё ва Сирдарё оралиғига нисбатан VI-VIII асрлар учун Туркистон атамасини ишлатиш мумкин эмас, бу атама VIII-IX асрларда Сирдарёнинг шимоли-шарқидаги ўлкаларга, асосан Еттисувга нисбатан қўлланилган, икки дарё оралиғи эса Туркистон деб аталмаган», 3. «Мовароуннаҳр Туркистонга кирмаган, Туркистон деганда Сирдарёнинг қуйи оқимлари, асосан бугунги Туркистон шаҳри атрофлари тушунилган, фақат XIX асрнинг иккинчи ярмида руслар Ўрта Осиёни босиб олгач, Туркистон номи улар томонидан Сирдарё ва Амударё оралиғига нисбатан ҳам ишлатила бошлаган».
Мазкур фикрларга жавоб бера оладиган юзлаб маълумотларни ўрта асрларга тааллуқли араб-форс, туркий ва бошқа тиллардаги манбаларда учратиш мумкин бўлса-да, биз ушбу мақоламизда асосий эътиборни илк ўрта асрларга оид ёзма манбаларга қаратишни лозим топдик.
Хўш, мазкур географик атама дастлаб қачондан бошлаб, қайси ҳудудга нисбатан ишлатила бошлаган ва илк бора қайси манбаларда тилга олинган? Академик Э.В. Ртвеладзе VI-VII асрларга мансуб боҳтарий ёзувида Туркистон атамаси илк бор учрашини таъкидлайди. Шунингдек, Шарқий Туркистондан топилган 639 йили сўғдий тилда битилган ҳужжатда Туркистон атамаси учрайди. Ушбу ҳужжатда «чавйак уруғига мансуб Туркистонда туғилган чўри Упачаҳ» ҳақида гап боради. Сўғдшунос олим М.Исҳоқов «Номи азал Туркистон» сарлавҳали мақоласида мазкур ҳужжатдаги баъзи жиҳатларга асосланиб, «бу ҳужжатдан маълум бўладики, Туркистон географик атамаси ўлкамизга нисбатан илк ўрта асрлардаёқ қўлланилган, аниқроғи бундан 1360-1400 йиллар илгари Турон ерларининг умумий номи Туркистон деб аталган» деб ёзади[2].
Туркистон ҳақида батафсилроқ маълумот берадиган тарихий ва географик асар борми? Биз бу саволга жавоб топишга ҳаракат қилиб шу тарздаги маълумотларга дуч келдик. Асарини VII аср ўрталарида ёзиб тугатган арман тарихчиси Себеосда иккита маълумот учрайди. 1) «Деҳистон ёхуд унинг атрофлари Туркистондадир»[3], 2) «Кушон шоҳи (Эфталит ҳукмдори) Шимол ҳукмдори улуғ Хоқон (Турк хоқонлиги хукмдори)дан ёрдам сўради. Ва у ёрдамга 30 бюр миқдоридаги қўшин билан келди. Улар (турклар) Туркистондан бошланувчи Вехрот (Амударё) дарёсидан кечиб ўтишди»[4]. Ушбу маълумотларнинг биринчисидан аён бўлишича, Шимоли-Шарқий Эрон (ҳозирги Туркманистоннинг жанубий-ғарбий қисми)даги тарихий Деҳистон вилояти Туркистонда жойлашган. Иккинчи маълумот эса Амударёнинг Туркистондан бошланишига ишорат қилинади. Маълумки, Амударёнинг бошланиши Вахш ва Панж дарёлари атрофига тўғри келади. Демак, Себеоснинг маълумотидан бу ҳудуд, яъни Вахш-Панж-Юқори Амударё ҳавзаларининг Туркистон ўлкасига кирганлиги маълум бўлади. Яна бир арман тарихчиси, VII асрда яшаган Анания Ширакацининг «Ашхарацуйц» («Мамлакатлар тасвири») асарида «сўғдийлар — Ария (Шимоли-Шарқий Эрон) ва Туркистон оралиғида яшайди» шаклида маълумотга дуч келинади[5]. Бу маълумотдан Туркистоннинг ўрнини аниқ белгилаш мушкулроқ бўлса ҳам, унда Туркистон деганда Амударё ва Сирдарё оралиғи ҳам тушунилганини пайқаш мумкин.
Албатта, арман тарихчилари Туркистон ҳақидаги маълумотларни қўшнилари форслардан олишган. Маълумки, Туркистон сўзи луғавий жиҳатдан «Турклар яшайдиган макон», «Турклар ери» деган маънони билдиради. Демак, форслар VI-VII асрларда ҳам Туркистон атамасини ишлатганлар. Буни илк ўрта асрларга тааллуқли ўрта форс-паҳлавий манбалари ҳам тасдиқлайди[6]. Жумладан, паҳлавийча «Бундаҳишн» («Дунё қурилиши») номли географик асарда Туркистон ҳақида шу тарзда маълумотлар учрайди; 1)«Зарин тоғиТуркистондадир», 2)«Саукавастон ўлкаси Туркистондан Кинистонга борадиган йўлда, шимолий йўналишда жойлашган», 3) «Кино тоғи шарқда жойлашган, у Туркистон чегарасида бўлиб, Апарсен тоғи билан туташган»[7]. Ушбу паҳлавий манбалардаги Туркистонни белгилаш учун юқорида келтирилган Саукавастон ва Кинистон ўлкалари ҳамда Зарин, Кино ва Апарсен тоғларининнг ўрнини аниқлаш керак бўлади. Аввало, Зарин тоғининг қайси тоққа тўғри келиши ҳақида тўхталсак. «Бундаҳишн»да Зарин тоғи Хўросондаги тоғлар сирасида санаб ўтилади. «Бобурнома»да Афғонистонда кечган воқеалар баёнида Кўтали-Зарин (Зарин довони) қайд қилинади[8]. Тадқиқотчилар уни Шимоли-Ғарбий Афғонистоннинг Куҳи-Бобо тоғ тизмаларидаги Ҳарируд дарёсига яқин бир довон, деб кўрсатишади. Шунингдек, ҳозирги кунда ҳам ушбу ҳудудларга яқин тоғ, яъни, Ҳирот ва Балх оралиғидаги Куҳи-Бобо тоғ тизмаларининг бир қисми «Банд-и Туркистон» (Туркистон тоғ тизмаси) деб юритилади[9]. Бу эса «Бундаҳишн»да тилга олинган Зарин тоғи билан «Бобурнома»даги Зарин довони битта эканини тасдиқлайди. Шу ҳам борки, ўтган асрларда ҳам, ҳозирда ҳам Куҳи-Бобо тоғларининг шимолидан то Амударёгача чўзилган ва Банди Туркистон тоғларини ҳам ўз ичига олган Шимолий Афғонистондаги вилоятлар Туркистон деб аталиб келинади. Бу эса «Бундаҳишн»да келтирилган Туркистон билан Шимолий Афғонистондаги Туркистон битта жойга тўғри келади, деб фикр билдиришга имкон беради.
Энди, «Саукавастон ўлкаси Туркистондан Кинистонга борадиган йўлда, шимолий йўналишда жойлашган», «Кино тоғи шарқда жойлашган, у Туркистон чегарасида бўлиб, Апарсен тоғи билан туташган» мазмундаги маълумотларга диққат қилсак. Бунинг учун аввало, паҳлавий матнлардаги «Саукавастон», «Кинистон» ва «Кино тоғи» атамалари қаерларга нисбатан ишлатилганини аниқлаш керак бўлади. Тадқиқотчиларнинг фикрича, паҳлавий манбаларда Кинистон ва Кино тоғи атамалари Сўғд воҳасига ва ундаги тоғ тизмаларига нисбатан, Саукавастон ўлкаси эса Зарафшон дарёси ҳавзаларига нисбатан қўлланилгандир. Апарсен тоғи эса Хуросондаги тоғларнинг умумий номи бўлган. Демак, ҳозирги Ҳисор тоғ тизмалари паҳлавийча асарларда Кино тоғи, у жойлашган ҳудуд эса Кинистон деб номланган. «Бундаҳишн»даги ушбу маълумотдан аён бўладики, Хуросондан Сўғдга томон йўналган йўл Туркистондан ўтган ва Сўғднинг бир қисми бўлмиш «Саукавастан ўлкаси» мазкур йўлнинг шимолида жойлашган. Демак, арман манбалари ва паҳлавий матнлардаги маълумотлардан кўринадики, мамлакатимизнинг жанубий қисмлари, Жанубий Туркманистон, Жанубий Тожикистон ва Шимолий Афғонистон ҳудудлари Туркистоннинг чекка жанубий ҳудудлари бўлган.
Энди, Туркистон географик атамасининг Марказий Осиёнинг бир неча ҳудудларига тўғри келиши ёки турли манбаларда унинг ўрни ҳар хил жойларда кўрсатилишини изоҳласак. Туркистон тарихий-географик ҳудуди бошқа тарихий-географик ҳудудлар каби турли даврларда бирмунча торайиб ёки кенгайиб турган. Албатта, бу ҳол сиёсий ўзгаришлар билан боғлиқ бўлган. Дарҳақиқат, араб географлари асарларида Туркистон деб кўпроқ Сирдарёнинг шимоли-шарқий томонлари кўрсатилган. Ҳатто, Туркистон ва Мовароуннаҳр алоҳида ўлка сифатида ҳам қайд қилинган. Маълумки, Амударё ва Сирдарё оралиғига нисбатан Мовароуннаҳр атамасини қўллаш араб кириб келиши натижасида пайдо бўлган. Ўрта аср араб, форс ва туркий манбаларида эса Туркистон атамаси кўпроқ Сирдарёнинг қуйи ҳавзасидаги ҳудудларга, Сирдарёнинг шимоли-шарқи, Еттисув, Фарғона водийси ва Шарқий Туркистонга нисбатан қўлланила бошлаган бўлса-да, Амударё ва Сирдарё оралиғи унинг таркибида кўрсатилган ҳоллар ҳам бўлган. Масалан, Ҳофизи Абрунинг (XV аср) «Жўғрофия» асаридаги Мовароуннаҳр тавсифида қуйидагича маълумот учрайдики, ундан икки дарё оралиғи учун Туркистон атамаси қўлланилганини англаш мумкин, яъни: «Айтишларига қараганда…Самарқанд шаҳрини Шамар (исмли) муътабар амир қурганмиш ва у Туббаъ амирлари (Яман ва Арабистоннинг исломгача бўлган подшоҳлари)дан бўлиб, Туркистонга келиб қолган. Шундан сўнг ул (шаҳар)ни «Шамар-канд» дейишган»[10].
Демак, ўрта асрларга тегишли турли асарларда Туркистоннинг тор ёки кенг маънода учрашини кўрамиз. Буни ўша даврдаги сиёсий-географик тушунчаларнинг деформацияси билан изоҳлаш мумкин. Масалан, XVI асрда Туркистон деб кенг маънода Шимолий Афғонистон, Шимолий-Шарқий Эрон, ҳатто Озарбойжон ҳудуди ҳам тушунилган ҳоллар ҳам бўлган. Жумладан, «Қутбнома» номли асарда Шоҳ Исмоил Сафавий «пири Туркистон» тарзида қайд қилинган[11].
Юқорида кўриб ўтилган маълумотларни хулосалаб айтиш мумкинки, VII асрга тааллуқли арман манбаларида Амударёнинг юқори ҳавзалари Туркистонда деб тушунилган. Паҳлавий-форс манбаларида эса Шимолий Афғонистон ва Амударё ҳавзалари Туркистонга киритилган. Сўғдий ҳужжатда ҳам икки дарё оралиғи Туркистонда кўрсатилган. Албатта, бу маълумотлар кенг қамровли бўлмай, уларда Туркистон ибораси бирор воқеа тафсилоти ҳикоя қилинаётганда қайд қилинган. Шундай бўлса ҳам ушбу маълумотлардан Туркистон деганда ҳозирги кун тушунчамиздаги Туркистонни тушуниш қийин эмас.
Туркистон географик атамаси илк ўрта асрлардаёқ эронликлар томонидан Эроннинг шимоли-шарқидаги ҳудудлар учун «туркийлар ўлкаси» сифатида ишлатила бошлаган. Ўз навбатида ушбу атамани қўшнилари бўлмиш эронликлардан эшитган арман тарихчи ва географлари ҳам ўз асарларида Туркистон атамасини қўллаганлар.
Демак, Туркистон географик атамаси илк ўрта асрлардаёқ, ҳозирда Марказий Осиё минтақасининг катта бир қисми учун этносиёсий ва этно-географик ном сифатида ишлатилган. Буни юқорида имкон қадар кўриб чиққан турли тилли манбалардаги маълумотлар исботлаб турибди.
Ғ. Бобоёров (ЎзР ФА Шарқшунослик институти)
[1] Ўринбоев А. Абдураззоқ Самарқандийнинг Ҳиндистон сафарномаси. Т., 1960, 84-85 б.; Аскаров А. Некоторые вопросы истории становления узбекской государственности //ОНУ, 1997, №3-4, с. 67; Аҳмедов А. Нега Турон деб аталади // Турон, №1, 1992, 5-6 б.; Исҳоқов М. Номи азал Туркистон//Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси, № 45-46, Т., 1993, 1, 5-б.; Маннонов Б. Туркистон ва Марказий Осиё//Мулоқот, №2, 1998, 68 б.; Камолиддин Ш. К вопросу об употреблении географических названий «Мавераннахр» и «Туркестан»//«O’zbekiston tarixi», №4, 2002, с. 61-68; Mahmudov Q. Qadimgi Turkiston tarixi. Tошкент, 2003
[2] Исҳоқов, 1993, 1, 5-бетлар
[3] Frye R.N., Sayili A. Selзuklulardan evvel Orta Sark’ta Tǖrkler. Belleten, cilt. 10, Ankara 1946, S. 119
[4] Тер-Мкртичян Л.Х. Армянские источники о Средней Азии V- VII вв. М., 1979, с. 60—61
[5] Тер-Мкртичян, 1979, с. 63; Аҳмедов А., 1992, 6-бет
[6] Markwart J. Wehrot und Arang. Untersuchungen zur mythischen und geschichtlichen Landeskunde von Ostiran. Leiden, 1938, s. 123, n. 3
[7] Pahlavi Texts. The Bundahis-Bahman Yast, and Shayast La-Shayast. Translated by E. W. West. BSE, Vol. 5, Part I, Delhi 1987,Ј p. 37, 41, 120
[8] Бабурнаме. Пер. М. Салье, Т. 1958, с. 194а, 226, 529
[9] Ensiklopedia of Islam. II Edition. Afghanistan, I. Vol. P. 221 a
[10] Бўриев О. Темурийлар даври ёзма манбаларида Марказий Осиё. Т., 1997, 77-б
[11] Ensiklopedia of Islam. II Edition. Afghanistan, I. Vol. P. 260 a