Бош саҳифа » Тарих » Фарғона областидаги қадимги Ахси шаҳрининг тарихи

Фарғона областидаги қадимги Ахси шаҳрининг тарихи

Фарғона ўбластида қадимги замонларда пойтахт бўлиб турган Ахси ёки Ахсикат деган катта шаҳар бўлган экан. Бул кунларда мазкур шаҳарнинг ўрни ва атрофи яхши маълумдир. Чунончи, Намангон уездига тобъе худ Намангон шаҳридин ўн беш чақирим масофада Ахси бўлостида дарё лабида бир неча қишлоқдин иборатдур. Бул хусусда таворих китоблардин мазкур Ахсикат хусусида хабар олиб, таворих учун бирор рисола тасниф қилмоқ лозимдур. Яъни, ул шаҳар қайси вақтда аввал мартаба бино бўлинган ва қайси хон ва беклар ул шаҳарда ҳукумат қилган ва фуқароларни маишати қаю тариқада бўлган ва ҳам қаю вақтда нима сабаблар ила ул шаҳар вайрон ва ҳароб бўлган. Ва нима учун ул жойда ҳеч ким туролмаган. Йиқилган девор ва иморат асорати ер остига кўмилиб қолгандурму?, деб – бул муддао бирла газет ўқиғувчи зотлардин илтимос қиламизки, ҳар кимнинг қўлида ҳар-хил торих китоби бўлиб, ул китобларда Ахси шаҳри хусусида хоҳ қисқа ва хоҳ муфассал хабарлар бўлса, биз газет муаллифига ёзиб юбориб бизни хурсанд қилсалар. Ва лекин мазкур хабарлар бу тариқа ёзилса, чунончи: “Ахси барвазни махфий номи қасаба аст. Аз Мовароуннаҳр дар ноҳияи Фарғона аз бехтарин он билод аст (Бурҳон Қоте. 55- саҳифа).

Ахсикат Мовароуннаҳрда Сайҳуннинг соҳил шарқисида бир касаба эрди”. Ахсикат Мовароуннаҳрда Фарғона хаттиси дохилида бир касаба ўлиб сур ила муҳот қилгонликни Ёқут Ҳамавий зикр қилур. Ҳозир на ҳолда эканлигиға доир маълумотга даст рост бўлинмади. (Қомус алАълам, 804 –саҳифа).

“Сайҳун дарёсининг шимол тарафидаги қасабаларнинг бири Ахсидур, китобларда Ахсикат битадурлар. Чунким, Асириддин шоирни Асириддин Ахсикатий дерлар. Фарғонада Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқдур. Андижондин Ғарб тарафинда тўққиз тош йўлдур. Умар Шайх Мирзо муни пойтахт қилиб эрди. Сайҳун дарёси қўрғонини остидан оқадур. Қўрғони баланд жар устида воқеъ бўлибдур. Ҳандақининг ўрниға чуқур жарлар бордур.

Умар Шайх Мирзо муни пойтахт қилди, бир-икки мартаба ташқорроқдин яна жарлар солди. Фарғонада мунча берк қўрғон йўқтур. Маҳаллоти қўрғондин бир шаръий йироғроқ тушубдур. (Даҳ кужову дарахтон кужо) мислини ғолибан Ахси учун айтибдурлар. Қовуни яхши бўлур. Бир навъ қовун бордурким, Мир Темурий дерлар. Андоқ қовун маълум эмаским, дунёда бўлғай. Бухоро қовуни машҳурдир. Самарқандни олган маҳалда Ахсидин, Бухородин қовун келтурдим бир мажлисда кестурдим. Ахси қовунининг ҳеч яхшиликда ҳеч нисбати йўқ эди. Ови қуши, бисёр бўлур. Сайҳун дарёсининг Ахси тарафи дашт. Кийиклари бисёр бўлур. Андижон тарафи, чангалдур. Буғу, марал, қирғовул, қуён кўб тобилур ва семуз бўлур. Ахсининг шимолида Косон қасабаси бўлиб, кичикроқ қасабадур, Ахсининг суви Косондин келур.

Ахси қўрғони баланд жар устида воқъе бўлибдур. Иморатлари ҳам жар ёқосида эди. Ушбу тарихда яъни 899-ҳижрийда душанба куни рамозон ойини тўртида Умар Шайх Мирзо жардин кабутар мисллик учуб вафот қилди. Ўттиз тўққиз яшар эрди. Валодати 860 да Самарқандда эди. Султон Абу Саъид Мирзонинг тўртинчи ўғли эди. Султон Абу Саъид Султон Муҳаммад Мирзо ўғли ул Мирзо Мироншоҳ ўғли, Мирзо Мироншоҳ Амир Темур ўғли. Умар Шайх Мирзонинг қабри алҳол Ахсидадур. Умар Шайх Мирзодин уч ўғул, беш қиз қолиб эди. Ўғлонларнинг улуғи мен Заҳириддин Муҳаммад Бобур эдим. Менинг онам Қутлуғнигорхоним Юнусхон қизи эди”, деб.

Бу иборалар Бобурномада худ Бобурхон сўзларидир. Яна Бобурноманинг 29 – ва 40 – саҳифаларида ёзадурким, “…Бир икки кундин кейин Кандирлик довони ила Ахси ва Андижонга азимат қилдим. Ахсига етиб отамнинг мозорини тавоф қилдим. Ахсидан намоз жумани вақтида чиқиб, Бандсолур йўли ила Андижонга кирдим…”, деб.

Тарихи Рашидийда ёзилгонига қараганда Ахси шаҳрининг аввал биноси мўғул хонлари тарафиндин бўлиб, 890-900 – ҳижрий тарихида Амир Темур авлодларидан Умар Шайх Мирзо ва Шайбонийхон авлодларидан Жонибекхонга Ахси шаҳри бир неча вақт пойтахт бўлиб, бу шаҳарда ҳукмронлик қилган экан. Ўшал асрларда ғоятда ободонликда экан. Кўп замонлар Кошғар вилоятида ҳукмронлик қилган мўғул хонларидан Султон Абу Саидхон ҳам тарих ҳижрийнинг 918-саналарида Ахси ва Андижонда бир неча вақт ҳукмронлик қилиб, Абдуллохон ўзбек Самарқанд ва Бухоро ва Фарғонага истило қилғондин кейин Султон Абу Саидхон кўп аскари ила Кошғарга бориб, тамом товобиъот Кошғарни олиб, 939-йилгача ҳукмронлик қилибдур.

Ахси Мовауннаҳрда Жайҳуннинг (Сайҳуннинг) соҳил шарқида воқъе бир шаҳар эди. Ахсикат Мовауннаҳрда Фарғона хаттиси дохилида бир шаҳар бўлуб, сур ила муҳот ва боғ ва боқчалари кўб ўлдиғи ул ердан бир кўб машҳур уламо зуҳур этдигини Ёқут Ҳамавий айдиюр. Эмдиги вақт не ҳолда бўлдиғина доир маълумот йўқдур. Ахси торихини Ёқут Ҳамавий ном китобда батафсил ёзгондур. Алҳол Ахси шаҳри ўрнида: Ахси-Жанжал, Найманча, Шаҳидон, ХўжандҚозоқовул, Қўшқайроғоч-Бординкўл, Чорбоғ, Калқишлоқ – Бураматут, Мозоркўҳна, Шаҳант, деган қишлоқлари бордур. Катта қўрғон ва Аркни асорати мавжуддир.

Тарих Эски Ахси “Маноқиби рисолаи Ҳазрат Лангарбобо Азизий”дин шул тариқа ёзилибдур: “Ахсикантни увло биносини Эрон подшоҳи Нўширавони Одил бино қилгон экан. 521-тарих мелодийда Нўшервон ўғли Хурмуз подшоҳ Ахсини неча вақт пойтахт қилиб анда ҳукумат суруб, сўнгра 1233-милодийда Сирдарё катта тошган вақтида бир зилзила бўлиб, дарёнинг суви Ахсини биёбонига чиқиб кетғон экан. Анда бузулуб хароб бўлган экан. Аммоки аввалги ободлигида иморатлар икки – уч қабат хиштдин бинолар бўлиб, шаҳар интихоси Косонгача боруб, Косон ила Ахси ўртаси қирқ чақиримлик йўл ҳаммаси иморат, бозор бўлган экан. Ҳаттоки бир эчки Ахси томида юрмак бўлса, то Косонгача борур экан, том устидин юруб. Ҳаммомлар, мадрасалар, саройлар, ер тагидин юрадурғон сув қубирлари кўп таажжублик нимарсалар ҳозир ҳам кўриниб турадур. Ҳозирда Ахси икки ерда бўлиб, бирини Эски Ахси бирини Янги Ахси дерлар. Яъни, Янги Ахси Эски Ахси бузилгандин сўнг қолган одамлар дарёдин қочиб Косон тарафида баландлик биёбонга иморатлар қилиб кўп қишлоқ бўлганлар. Ҳозир Янги Ахсида ўн икки қишлоқ Шаҳанд деган бозорлик бир қишлоқ ила бир болуст бўлган. Аммо Эски Ахси кўҳна сол одамлар оғзидаги сўзлари кўп ажиб ва ғариб сўз сўзлайдурлар. Аларни олмай маноқибдин ёзилди. Эски Ахсини бузулган тарихи 1030 – милодийда бўлғон экан1. Андин буён мазкур Ахсини ҳеч подшоҳлардин ёки фуқаролардин обод қилгон йўқ. Деҳқонлар ва ўтинчилар ҳар хил нимарса топиб олурлар. Чунончи, мис асбоблар ва шишалар, ҳар хил тошлар чиқодир. Кўп ерлари дарёга кетгондир алҳолда ҳам иморатларга аксари хиштларни андин олурлар.

Исҳоқхон тўра Жунайдуллаев

Туркистон вилоятининг газети №48, 23 июнь 1913 йил. История древнего города Ахсы в Ферганской области.

«Ибрат нигоҳидаги Ахсикент» (Тоҳиржон Қозоқов, Алижон Воҳидов, Бахтиёр Рўзинов) китобидан

1 Аслида Ахси зилзиласи ҳижрий 1030 йилда содир бўлган. Мазкур санани милодий йилда, деб берилиши ўша даврдаги нашриётнинг хатоси ҳисобланади. Чунки, Исҳоқхон тўра Ибрат “Тарихи Фарғона” асарида (Тошкент: Маънавият, 2005.-Б.35) бу воқеани ҳижрий 1030 йилда деб, кўрсатиб ўтган

Ўхшаш мақола

Туркистон Мухторияти миллий қўшини тарихи

Post Views: 183 Ўзбек давлатчилиги тарихида кўплаб давлатлар ва сулолалар ўтган. Тарихан қисқа муддат мавжуд …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *