Бош саҳифа » Биласизми? » Эски шаҳарнинг «Чақар»и

Эски шаҳарнинг «Чақар»и

Тўрт томонидан Навоий, Фурқат, Самарқанд Дарвоза ва Қоратош шоҳкўчалари билан ўралган маҳалла ҳали ҳам ўзида Тошкентнинг жозибаси ва эртакона муҳитини сақлаб қолган. Унинг ҳудудини ҳар томондан замонавий иншоотлар ўраб олган: Чорсу тарафдан – БУМ ва унинг орқасидаги 7 қаватли уйлар, Қоратош томонидан – “Медиапарк”, Халқлар дўстлиги майдони томонидан – Президентнинг Халқ қабулхонаси (собиқ Ўзбекистон КП МК ҳузуридаги Партия тарихи институти), Фурқат кўчаси томондан Беньков номидаги Республика рассомчилик коллежи ва Самарқанд Дарвоза томонидан турар жой даҳаси.

Ўрта асрларда бу ерда Эски Ўрда қўрғони бўлган. Кейинчалик унинг ўрнини турар жой бинолари эгаллади. П.Беньков номидаги рассомчилик коллежининг янги биноси қурилаётганида, тупроқ қаърида қадимий ҳаммом қолдиқлари топилган. Чорсудан бозорни «Чақар» орқали Бешёғоч, карвонсаройлар, шаҳар дарвозалари ва маҳаллалар билан боғлаб турувчи кўча ўтган. Кейинчалик унга Бешёғоч номи берилган. Ундан Чорсу ва вокзални Бешёғоч орқали боғлаган илк трамвай йўналишларидан бири ўтган. Бу кўча янги қурилган бинолар орасида сақланиб қолган ва у орқали “Медиапарк”дан БУМга ўтиш мумкин.

«Чақар» бўйлаб эски шаҳарнинг асосий, қачонлардир сувга тўла бўлган ариқлардан бири – Чўқаркўприк ўтган. «Чақар»дан олдин у ҳозирги Taskent city ҳудудидан оқиб ўтган. «Чақар»дан кейин қувурлар орқали Жар номи билан «Чорсу» меҳмонхонаси ёнидан оқиб ўтади ва ўз номини стадионга ҳам берган. Ундан кейин ариқни Самарқанд дарвоза кўчасининг бир қисмида кўриш мумкин.

«Чақар»даги тарихий ёдгорликлардан машҳурлариҳовлисида қадимги Баланд масжиднинг минораси сақланиб қолган Қоратош масжиди ва қадимги, оловранг қуббали Азизлархон Эшон масжид-мозори. Унинг номи 1808 йилги вақф ёзувларида ёдга олинган.

Бу маълумотлар сайёҳ ва экскурсия иштирокчилари учун аҳамиятли ва қизиқарлидир. «Чақар»нинг аҳолиси эса оддий ҳаётларини давом эттирмоқда. Бироқ, ўзлари яшаб турган тарихий маҳалла уларда алоҳида фахр уйғотади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати

Ўхшаш мақола

Хоразм Халқ Шўролар Жумҳурияти ташкил этилганига 102 йил

Post Views: 312 1920 йил 26-30 апрель кунллари Хивада Бутунхоразм вакилларининг биринчи қурултойи бўлиб, ушбу …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *