Денгиз ютган шаҳар: Миср дарвозаси – Гераклион
• 29
Мисрнинг Ўрта денгиз соҳили яқинида, Абукир қўлтиғи тубида қадимги ибодатхоналар, маҳобатли ҳайкаллар ва кема қолдиқлари мангу сукунатга чўмган. Ҳозирги қирғоқ чизиғидан олти-етти километр ичкарида жойлашган бу ҳудуд бир замонлар мамлакатнинг энг муҳим денгиз дарвозаларидан бири эди. Асрлар давомида сув ва лойқа остида яшириниб ётган Гераклион[1] шаҳрининг қайта кашф этилиши Нил дельтаси тарихининг унутилган саҳифаларини тиклаш имконини берди.
Тадқиқотчиларнинг тахминича, шаҳарга милоддан аввалги VIII асрда асос солинган. У Нил дарёсининг қадимги Каноп тармоғи денгизга қуйиладиган бўғизда жойлашиб, юнон оламидан келувчи кемалар учун Мисрга киришдаги бош бандаргоҳ вазифасини ўтаган. Искандар Зулқарнайн милоддан аввалги 331 йилда Искандария (Александрия) шаҳрига асос солишидан анча аввал Гераклион халқаро савдонинг йирик маркази сифатида шуҳрат қозонган эди[2].
Шаҳарнинг гуллаб-яшнашига унинг қулай географик ўрни сабаб бўлган. Бу нуқтада денгиз йўллари Нил орқали мамлакат ичкарисига элтувчи сув йўллари билан туташган эди. Марказий тепаликда бош ибодатхона қад ростлаган, унинг атрофи эса бандаргоҳ ҳавзалари ва каналлар билан ўралган. Табиий қумтепалар портни кучли шамол ва тўлқинлардан тўсиб, кемаларни хавфсиз қабул қилиш ҳамда юк тушириш учун қулай шароит яратган[3].
Гераклиондаги савдо-сотиқ ишлари қатъий давлат назорати остида юритилган. Милоддан аввалги IV асрда ҳукмронлик қилган фиръавн Нектанеб I нинг тошбитиги (стеласи)[4] бу тизим ҳақида аниқ тасаввур уйғотади. Фармонда Гераклион орқали олиб кириладиган хорижий моллардан, шунингдек, Навкратис шаҳридаги савдо ва ҳунармандчиликдан ундириладиган божларнинг ўндан бир қисмини (ушрни) Саис шаҳридаги маъбуда Нейт ибодатхонасига йўналтириш белгилаб қўйилган. Мазкур ҳужжат порт, давлат хазинаси ва диний муассасалар ўртасидаги узвий иқтисодий боғлиқликни тасдиқлайди.
Шаҳарнинг диний ва сиёсий ҳаётида Амон-Гереб ибодатхонаси[5] марказий ўрин тутган. Археологик маълумотларга кўра, фиръавнлар бу даргоҳда ўз ҳокимиятининг илоҳий қонунийлигини тасдиқловчи тантанали маросимларда иштирок этган. Шу боис мазкур мажмуа Гераклионнинг сиёсий нуфузини ҳам юксалтирган. Харобалар орасидан топилган ноёб хазиналар бу муқаддас масканда улкан бойлик тўпланганидан далолат беради.
Қадимги битикларда Гераклион тарихи афсоналар билан қоришиб кетган. Жумладан, “тарих отаси” Геродот бу масканни афсонавий қаҳрамон Геракл ҳамда Троя уруши достонларида эсланадиган гўзал Елена ва Парис ташрифи билан боғлайди. Бу ривоятлар шаҳарнинг қадимги юнонлар тасаввурида қанчалик муҳим ўрин тутганини кўрсатса-да, мифологик қаҳрамонлар ташрифи тарихий далил сифатида қаралмайди.
Узоқ йиллар давомида баҳсларга сабаб бўлган муҳим тарихий жумбоқ ҳам айнан сувости тадқиқотлари туфайли ечилди: мисрликлар “Тонис”, юнонлар эса “Гераклион” деб атаган маскан аслида битта шаҳар экани исботланди. Нектанеб I тошбитигида фармонни Тонис шаҳрида ўрнатиш буюрилган бўлса, бошқа манбалар шу жойни Гераклион номи билан қайд этган эди. Битта ҳудуддан топилган ушбу далиллар икки ном айнан бир манзилга тегишли эканини узил-кесил тасдиқлади. Шу сабабли замонавий тарихшуносликда шаҳар қўшалоқ ном билан – Тонис-Гераклион[6] деб юритилади.
Гераклионнинг сув остига ғарқ бўлиши мураккаб геологик жараёнлар билан изоҳланади. Нил оқизиб келган юмшоқ ва лойқа чўкиндилар устига қурилган шаҳар замини вақт ўтиши билан ўз оғирлиги остида зичлашиб, чўкиб борган. Денгиз сатҳининг кўтарилиши ҳам қуруқликни сув босишини тезлаштирган. Тадқиқотчи Франк Годдио экспедицияси[7] хулосаларига кўра, табиий офатлар кучайгач, аҳоли шаҳарнинг пастқам ва эски мавзеларини тарк этиб, баландроқ ерларга кўчишга мажбур бўлган.
Босқичма-босқич чўкиш жараёнини кучли зилзилалар янада оғирлаштирган. Ер силкиниши ёки улкан босим пайтида сувга тўйинган бўш тупроқ ўз мустаҳкамлигини йўқотади. Фанда “грунтнинг суюқланиши” (ликефакция) деб аталувчи бу ҳодиса маҳобатли тош иншоотлар пойдеворини бир зумда емиради. Абукир қўлтиғида ўтказилган геоархеологик тадқиқотлар ана шундай геологик ўпирилиш[8] изларини аниқлади. Демак, заминнинг чўкиши, зилзилалар ва денгиз сатҳининг кўтарилиши турли даврларда уйғунлашиб, фожиани муқаррар қилган.
Шаҳарнинг ҳалокат хронологиясида икки муҳим санани фарқлаш лозим. Амон ибодатхонасининг улкан тош блоклари жанубий каналга қулаб тушган йирик вайронагарчилик милоддан аввалги II аср ўрталарида юз берган. Шаҳар ҳудудининг бутунлай сув остига ғарқ бўлиши эса милодий VIII асрга тўғри келади. Шундан кўринадики, Гераклион бир кунда йўқ бўлиб кетмаган; унинг таназзули бир неча аср давом этган кўп босқичли жараён эди.
Йўқолган шаҳарни қайта кашф этиш узоқ ва машаққатли изланишларни талаб қилди. Француз сувости археологи Франк Годдио бошчилигидаги Европа сувости археологияси институти (IEASM) жамоаси Миср мутахассислари билан ҳамкорликда 1996 йилдан эътиборан Абукир қўлтиғини тизимли тадқиқ этишга киришди. Геофизик қидирув ва хариталаш ишлари натижасида 2000 йилда Гераклион харобалари топилди – қадимги қўлёзмалардагина сақланиб қолган шаҳарнинг аниқ ўрни моддий ашёлар билан тасдиқланди.
Сув остидаги қазишмалар шаҳар ҳаётининг кенг миқёсини намоён этди. Бандаргоҳ тубидан чиққан ўнлаб кема қолдиқлари ва юзлаб лангарлар бу ерда савдо қатнови нақадар гавжум бўлганидан сўзлайди. Тангалар, сопол идишлар, қурол-яроғ, заргарлик буюмлари ва диний ашёлар эса нафақат иқтисодий алоқаларни, балки шаҳарда ёнма-ён яшаган маҳаллий мисрликлар ҳамда юнон жамоасининг кундалик турмушини ўрганишга хизмат қилади.
Энг машҳур топилмалардан бири – Нил тошқини ва мўл-кўлчилик маъбуди Хапининг 5,4 метрли ҳайкалидир[9]. Пушти гранитдан йўнилган ушбу маҳобатли ҳайкал қўлида назр-ниёзлар қўйиладиган лаган ушлаб турибди, унинг бош кийимидаги папирус гуллари эса Қуйи Миср рамзи ҳисобланади. “Дарё тошқини ҳомийси”нинг денгиз портида бу қадар салобатли қиёфада гавдалантирилиши маҳаллий эътиқодда Нилнинг ўрни нақадар буюк бўлганини англатади.
Кема қолдиқлари орасида шартли равишда “17-кема”[10] деб номланган топилма илм-фан учун алоҳида қимматга эга. Милоддан аввалги V аср бошлари – IV аср ўрталарига оид бу юк кемаси маҳаллий акация ёғочидан ясалган бўлиб, тузилиши жиҳатидан Геродот тасвирлаган “барис” номли Нил қайиқларига жуда ўхшайди. Тахталарни бириктириш услуби ва ўзига хос рул қурилмаси ёзма манбани бевосита археологик топилма билан қиёслаш имконини берди.
Олимлар бу ўхшашликка эҳтиёткорлик билан ёндашадилар: айрим конструктив фарқларни ҳисобга олганда, “17-кема” Геродот тилга олган турга ёки унга жуда яқин кемалар оиласига мансуб бўлиши мумкин. Шунга қарамай, мазкур топилма антик давр муаррихи қайд этган кемасозлик усуллари тўқима эмаслигини амалда исботлади. Бу эса денгиз тубидаги ёғоч қолдиқлари ёрдамида икки ярим минг йиллик тарихий матннинг ишончлилигини текшириш мумкинлигига ёрқин мисолдир.
Сўнгги йиллардаги изланишлар шаҳарнинг диний ҳаётига доир янги тафсилотларни юзага чиқарди. 2023 йилда эълон қилинган ҳисоботда Амон ибодатхонаси хазинасига тегишли кумуш маросим идишлари, олтин тақинчоқлар ҳамда хушбўй мой ва суртмалар сақланган нафис алебастр идишлар топилгани маълум қилинди. Қулаган тош деворлар ва қалин лой қатламлари остида бу ноёб буюмлар асл ҳолича сақланиб қолган.
Шунингдек, Амон ибодатхонасининг шарқий қисмида “Афродита маъбудаси”га бағишланган юнон зиёратгоҳи қолдиқлари аниқланди. У ердан топилган хорижий бронза ва сопол буюмлар шаҳарга келиб ўрнашган юнонлар ўз эътиқод эркинлигига ва ибодатхоналарига эга бўлганини кўрсатади. Ҳудуддан чиққан юнон қурол-яроғлари эса шаҳар мудофаасида ёлланма юнон аскарлари ҳам хизмат қилганидан дарак беради. Бу далиллар Миср ва Юнонистон ўртасидаги маданий-ҳарбий алоқалар Искандария барпо этилишидан анча олдин шаклланганини тасдиқлайди.
Қизиғи шундаки, Гераклионни излаб топишни қийинлаштирган қум ва чўкинди қатламлари уни талон-торож ва ташқи емирилишдан асраб қолган асосий омил бўлди. Қуруқликдаги шаҳарлардан фарқли ўлароқ, сув остида қолган Гераклион кейинги даврлардаги қайта қуришлардан омон қолган – ўз даврининг «вақт капсуласи»га айланган. Бироқ бугун унинг сирларини очиш учун шунчаки сув остига шўнғишнинг ўзи кифоя қилмайди: асосий ёдгорликлар денгиз тубидаги қалин тупроқ остида ётибди ва уларни аниқлаш юқори технологияли геофизик ўлчовлар ҳамда заргарона қазиш ишларини талаб этади.
Олимлар олдида ҳали шаҳарнинг тўлиқ топографияси, ички сув йўллари тармоғи ва чўкиш босқичларини аниқлаштириш каби улкан вазифалар турибди. Тонис-Гераклион тадқиқотлари Қадимги Мисрнинг ташқи дунё билан савдо тизимини, шунингдек, икки буюк тамаддун – Миср ва Юнон маданиятларининг бир маконда қандай уйғунлашганини англашга хизмат қилади. Бир замонлар шу бандаргоҳ орқали Мисрга кириб келган кемалар бугун биз учун қадимги дунё тарихига йўл очмоқда.
Манбалар:
[1] Franck Goddio / IEASM – Thonis-Heracleion
[2] Hilti Foundation – Franck Goddio’s 2023 Maritime Archaeology Journey
[3] IEASM – An ideal port location?
[4] British Museum – Egypt and Sudan Newsletter, № 3, 2016
[5] Franck Goddio / IEASM – Egypt Mission 2023, 2023 йил 21 сентябрь
[6] IEASM – Egypt, Thonis-Heracleion
[7] Franck Goddio / IEASM – Frequently Asked Questions
[8] Franck Goddio / IEASM – Sunken Civilizations: Why did the cities disappear?
[9] Minneapolis Institute of Art – Egypt’s Sunken Cities, ўқитувчилар учун қўлланма, Хапи ҳайкали тавсифи
[10] Franck Goddio / IEASM – Baris, an Egyptian River Boat, Александр Белов тадқиқотлари асосида






Изоҳлар