Бош саҳифа » Тарих » Туркистон Мухторияти учун курашнинг ғоявий асослари
Туркистон мухторияти байроғи

Туркистон Мухторияти учун курашнинг ғоявий асослари

«Бугунги кунда 100 йил аввал юртимизда миллий-демократик давлатчиликни барпо этишда илк тажриба бўлган Туркистон Мухторияти учун кураш тарихи алоҳида аҳамият касб этади»

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, республика ҳаётининг барча жабҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Ўзбек халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаши миллий тикланиш билан боғлиқ жараёнларни чуқур идрок этишда миллий давлат қурилиши тажрибасини илмий ўрганилиши, Ўзбекистонни янгиланиш ва тараққиёт йўлидаги тажрибаларни умумлаштиришни тақозо этади.

Бугунги кунда 100 йил аввал юртимизда миллий-демократик давлатчиликни барпо этишда илк тажриба бўлган Туркистон Мухторияти учун кураш тарихи алоҳида аҳамият касб этади. Илмий жамоатчилик эътиборини ўзига жалб этган бу тарих ҳозирда нафақат илмий, балки амалий ва ҳатто сиёсий қизиқиш уйғотди. Чунки уни ёритишда ўша йиллар воқеаларига қайта баҳо берилмоқда, Туркистоннинг сиёсат, жамоат арбоблари ва мутафаккирларининг озодлик ва истиқлол учун курашдаги фаолияти аниқланмоқда.

Туркистон Мухторияти тарихига мурожаат этиш яна бир жиҳати билан муҳимдир. Халқимиз тарихий хотирасида чуқур из қолдирган бу кураш тажрибасининг таҳлили бугунги миллий тикланиш жараёнлари, халқимизнинг танлаган йўлига эътиқоди манбаларининг қонуний ва илгарилаб борувчи хусусиятини тушуниш имконини беради.

Маълумки, мухториятчилик ҳаракатининг мафкурачилари бўлган жадидлар Туркистонда маданий-маърифий, кейинчалик эса сиёсий ҳаракат сифатида тарқалиб, ўз мақсадларини дунёвий демократик давлат қуришдан иборат деб эълон қилган эдилар. Жадидлар бунинг учун давлатнинг иқтисодий ва сиёсий тизимини ислоҳ этиш ҳамда маориф ва фанни тараққий эттиришга бел боғладилар. Аммо бу йўлни танлаш билан улар миллий ва маънавий бойликлардан воз кечиш эмас, балки улар негизида босқичма-босқич ўзгаришларга эришиб шу вақтгача халқ фикрида ўрнашиб қолган эскича қарашлардан халос бўлмоқчи эдилар. Чунки булар давлат тараққиёти ва халқ онгининг ўсишига тўсқинлик қиларди.

1917 йилда “ўз тақдирини ўзи белгилаш” ғояси билан боғлиқ “автономия” сўзини англатган “Мухторият” тушунчаси энг оммавий иборага айланган эди. Ўша тарихий даврда жадидлар Россиядан ажралиб мустақил ривожланиш нечоқлик оғирлигини ва Туркистон қийин шароитга тушиб қолишини олдиндан кўра олишган. Чунки Туркистон Россия империяси билан ҳар томонлама иқтисодий жиҳатдан боғланган эди. Шунинг учун жадидлар Россия Федератив Демократик Республикаси билан ягона иқтисодий доирада мустақил ривожланишни кун тартибига қўйишган. Улар Туркистонга кенг ваколатли миллий-ҳудудий мухторият берилишининг тарафдори эдилар.

Тараққийпарварлар ҳуррият ва мухторият учун ҳаёт-мамот кураши вақти етиб келганини англаб мустамлакачиликни қаттиқ ва аёвсиз танқид қила бошладилар, олдинги конституциявий якка ҳокимлик (монархия) тузуми ғояларидан воз кечиб, Туркистонга Россия Демократик Федератив Республикаси таркибида миллий-ҳудудий мухторият берилишини талаб қила бошладилар.

Мухториятчиларнинг дастур ҳужжатларида асосий эътибор миллий-ҳудудий мухторият тамойилларини амалга ошириш йўлларини ишлаб чиқишга қаратилган эди. Хусусан, ҳокимиятнинг юқори органларини ташкил қилиш, ўлкани идора этиш ва ўлка судларини барпо этиш, давлат тизимларини вужудга келтириш каби зарур бўлган вазифа ва масалалар кун тартибига чиқарилган эди. Бошқарув идора усули сифатида республика идора усули мақбул деб топилди. Энг маъқул ва мақбул жамият деб демократик жамият барпо қилиш кўзда тутилгандики, бундай жамиятда демократик ҳуқуқ ва эркинликлар конституциявий йўл билан ҳимоя этилиши зарур эди.

Жадидларнинг ўша йиллардаги беқиёс хизматларидан яна бири бу–барча Туркистон халқлари ва миллатларининг қонун олдида тенглиги ҳақидаги ғоянинг илгари сурилиши бўлиб, бунга кўра Туркистон фуқаролари жамият ҳаётининг барча иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва маданий жабҳаларида тенг ҳуқуққа эга бўлишлари лозим эди.

Давлат мустақиллиги тўғрисидаги ўзларининг ғояларини Туркистон жадидлари ҳаётга татбиқ қилар эканлар, буларнинг ҳал этилишини мамлакатнинг турли ижтимоий кучлари билан келишилган ҳолда Россияда демократик асосда чақирилажак Таъсис Мажлиси билан узвий боғлиқликда кўрдилар. Жадидлар Таъсис Мажлисидан ўрин олиш учун жуда кўп уриндилар, ғайрат қилдилар, ҳатто бу жараёнда ўз сафларида тараққийпарварлардан тузилган “Шўрои Исломия” ва консерватив фикрдаги дин арбобларидан ташкил топган “Уламо” каби ташкилотларга бўлиниш юз берганлигига қарамасдан, бирлашиш йўлидан бордилар, пировардида бу Туркистон федералистларининг “Турк адами марказияти фирқаси”нинг вужудга келишига олиб келди.

Маълумки, дастлабки пайтда “Шўрои Исломия” таркибига жадидлар, муллалар, мударрислар, косибкорлар ва бошқа ижтимоий қатламлар кирар эди. Кейинчалик эса тараққийчилар ва консерватив диний арбоблар фаолиятида умумийлик пасая бошлади. Уларнинг умумий вазифаси мустамлакачиларга қарши кураш, озодликка интилиш эди. Мақсадлари бир бўлса-да, лекин унга эришиш йўллари турлича эди. Агар дин арбоблари янги шароитда халқни русларга қарши муқаддас кураш-ғазавотга чақирсалар, илғор зиёлилар эса фақат фанатизмга таянган, яхши тайёрланмаган ғазавот халқни оғир аҳволга солиб қўйиши, орзу қилинган мақсадларни узоқлаштириб қўйиши мумкинлигини огоҳлантиришди ва бу ҳол рўй бермаслиги учун дин пешволарига қаршилик кўрсата бошлашди. Натижада “Шўрои Исломия” аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келди. Бу эса ўз навбатида “Уламо” жамиятини барпо этилишига олиб келди. Ундан ташқари бу икки ташкилот орасидаги зиддиятлар нафақат Туркистонда янги давлатчиликни ташкил этиш масаласида, балки Европа маданиятининг кириб келиши, аёллар эмансипацияси, шариат қонунлари ва бошқа масалаларда кўринди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 1917 йил 12 сентябрда уламочилар чақириғи билан бўлиб ўтган Туркистон мусулмонларининг II съезди бошқаришнинг республикачилик шаклини танлади. Бунда ислом омили таъсири фақат давлат аппарати тамойиллари билан чекланиб қолмади, балки бўлгуси давлат фаолиятининг барча асосий йўналишларини белгилаш, фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми давлат ҳаётидаги диний арбобларнинг ролини тартибга солишда кўринди. Бу бир қатор амалий масалалар бўйича съезд қарорларида қайд этилди. Хусусан, “сув ва ер ҳақида”ги масала бўйича қарорда шундай дейилади: “1. Туркистоннинг ер ва сувлари умумхалқ йиғини бошқарувида бўлмоғи лозим. 2. Ер қўмиталарини ташкил этиш дарҳол тўхтатилсин, чунки улар ер ва сувларни ижтимоийлаштириш (социализация) йўлини тутмоқдалар”. Бу қарорда, бир тарафдан давлат умумхалқ мулкига устуворлик берувчи мулкчилик концепцияси тасдиқланса, бошқа томондан ислом меъёрларига мувофиқ келувчи мулкчилик ҳуқуқларини ҳуқуқий муҳофазалаш мустаҳкамланди.

Россия Таъсис Мажлиси чақирилишига тайёргарлик шароитларида съезд барча кучларни бирлаштиришга чақирди. “Шўрои Исломия” ва “Турон”нинг жамият ва ташкилотларини тугатиш ҳамда уларнинг ўрнига “Иттифоқи муслимин” бўлинмаларини тузиш ҳақидаги съезд қарорлари ҳам бу бирлаштиришга қаратилган эди.

1917 йил февралидан кейинги давр Туркистон халқларининг сиёсий уйғониши, сиёсий кучларининг ташкиллашувида муҳим босқич бўлдики, бу кучлар собиқ Россия империясида ривожланиб келаётган демократик кучларга таяниб, демократик Россия таркибида миллий-ҳудудий мухторият негизида мустамлака зулмидан озод бўлиш ва кенг суверенитет асосида ўз давлатчилигини барпо этиш йўлида дастурий фаолиятлари билан очиқдан-очиқ курашга киришдилар. Бунинг учун мухториятчилар томонидан ўзбек, қозоқ, тожик, татар, туркман ва қирғизларни биргаликда иш олиб боришлари кераклиги ғояси халққа тушунтирилди.

1917 йил 25 октябрда (янги сана билан 7 ноябрда) қурол кучига таянган В.И. Ленин бошчилигидаги большевиклар Петроградда Муваққат хукуматни ағдариб ташлаб, хоқимиятни зуравонлик йўли билан эгаллашди. Россиянинг марказида юз берган воқеаларнинг акс-садоси орадан кўп ўтмай Туркистонга ҳам етиб келди. 28 октябрда Тошкентнинг янги шаҳарида европалик ишчилар ва солдатлар большевикларнинг қутқуси билан қуролли тўқнашувларни бошлаб юборилди. 1 ноябрда Мувақкат ҳукуматнинг Туркистон Комитети аъзолари қамоққа олинди. Тошкентда зўравонлик йўли билан совет режими ўрнатилди.

1917 йил 15 ноябрда III Ўлка ишчи, солдат ва крестьян депутатлари съезди очилиши арафасида шу нарса аниқ бўлдики, у ўлкада ҳокимиятни тузиш ҳақидаги масалани ҳал этишни тўла-тўкис ўзига қабул қилди. Большевиклар, эсэрлар, социалист-инқилобчилар ва социал-демократик меньшевиклар ҳокимиятни ташкил қилиш тамойиллари ҳақидаги масалалар бўйича қизғин баҳсларни тугатгач, сўз Шерали Лапинга берилди. У ўз нутқида съезд иштирокчиларини мусулмон съезди қабул этган Ўлка ҳокимиятини ташкил этиш ҳақидаги қарор билан таништирди. У “мусулмонлар бутун ҳокимиятни ҳам талаб қилиши мумкин эди, бироқ келгинди элементларга ён бериб, уларнинг вакилларини ҳокимиятга киришига йўл қўйди”, деди ва мусулмонлар ўлкада фақатгина битта инқилобий демократия ҳукм суришига мутлақо қарши туришини огоҳлантирди.

Шунга қарамай, III Ўлка ишчи, солдат ва крестьян депутатлари съезди тасдиқлаган Баённома шуни эълон қилдики, ўлкада ҳокимиятнинг олий органи “Ўлка ишчи, солдат ва крестьян депутатлари совети бўлиб, эндиликда у Туркистон ўлкасининг Халқ Комиссарлари Совети деб номланади” ва уни шакллантиришда Октябрь тўнтаришини амалга оширган сўл социалистик партиялар вакилларигина иштирок этади. Съезд маҳаллий аҳолининг ўлка ҳокимият органида иштирокига доир аниқ бир гапни айтади: “Ҳозирги вақтда мусулмонларни ўлка инқилобий ҳокимиятининг олий ташкилотига киритиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки маҳаллий аҳолининг солдат, ишчи ва крестьян советлари ҳокимиятига муносабати ноаниқ, шунингдек, маҳаллий аҳоли орасида пролетар синфий ташкилотлар йўқ”. Шундай қилиб, съезд сайлаган ҳукумат – Халқ Комиссарлари Советига ўлка маҳаллий аҳолиси вакилларидан бирор киши кирмади.

Большевиклар III Ўлка Советлари съездини чақириш ва қарорлар қабул қилиш орқали ўлкада ҳокимиятни ташкил этиш ва ҳокимият органларини шакллантириш тамойиллари ҳақидаги масалани якка ҳал қилиб, миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини бузди. Большевиклар моҳиятан дастлабки кунларданоқ чоризмнинг маҳаллий аҳолига нисбатан улуғ давлатчилик, шовинистик, мустамлакачилик сиёсатини давом эттирувчилари эканликларини намоён этишди.

Бироқ Туркистоннинг миллий ватанпарвар кучлари ўлка тақдири учун бундай масъул лаҳзада халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва ўз давлатчилигини яратиш ҳуқуқини амалга оширишга қаратилган қатъий сиёсий позицияда турди. Миллий демократлар ўз муносабатларини 1917 йил Октябрь тўнтаришидан сўнг дарҳол намоён қилган эдилар. Большевиклар билан ҳамкорликдан бош тортиш белгиси сифатида миллий демократия йўлбошчилари бошқарган марказий “Шўрои Исломия” аъзолари Тошкентни тарк этиб, Қўқонга кўчиб ўтдилар. Улар бу ерда 1917 йил 26 ноябрда IV Фавқулодда Умумтуркистон мусулмонлари съездини чақиришди. Бу съезд Туркистонда давлат тузилиши ҳақидаги масалани ҳал этишни кўзда тутди.

Съезд фаолиятининг асосий якуни Туркистон Мухториятини ташкил этишдан иборат бўлди. Туркистон Мухторияти ўлка ҳудудида миллий-демократик давлатчиликни барпо этишнинг илк амалий тажрибаси эди.

Туркистон Мухторятининг 1918 йил февралида ҳарбий куч орқали тугатилиши миллий масалада зиддиятларнинг чигал тугунини юзага келтирди. У большевикларнинг маҳаллий аҳоли билан алоқаси йўқлигини очиқ-ойдин кўрсатди ва айни пайтда, минтақадаги миллий озодлик ҳаракатининг кучли ва етуклигини намоён этди.

1918 йилнинг Қўқондаги фожиали февраль воқеаларидан сўнг озодлик учун кураш изчил равишда очиқ қуролли қаршилик шаклини ола бошлади. Шундан кейин Туркистоннинг туб аҳолиси ва уларнинг сиёсий йўлбошчилари большевикларни ҳукумат тузилмалари хатти-ҳаракатларида миллий менталитетга ёт бўлган давлатчиликни жорий қилишга ошкора интилишни яққол кўргач, миллий масалани тинч йўл билан ҳал этиш имконияти тугади, фақат қурол кучи билан озодлик ва мустақиллик ҳақидаги асрий орзуни амалга ошириш мумкин, деган хулосага келдилар.

Саидакбар АГЗАМХОДЖАЕВ т.ф.д., проф.,
Тошкент ислом университети

Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари,
2017 йил 12 октябрь

Ўхшаш мақола

Бодавлат, Оталиқ ғозий – Муҳаммад Ёқуббек ҳақида

Post Views: 580 Ёқуббек ботирнинг қабрда кесилган боши Қўқон хонлиги тарихида Муҳаммад Ёқуббек (халқ орасидаги …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *