БЎКА – археология ёдгорлиги. Қорасув каналининг ўнг соҳилида, ҳозирги Бўка шаҳрининг шимолий чеккасида жойлашган. Майдони 6 гектар, баландлиги 20 м келадиган тепалик кўринишида сақланган (қадимда шаҳар 10 гектардан ортиқ ҳудудни эгаллаган). Қадимий арк (ҳисор), вайронага айланган шаҳристоннинг бир қисмидан иборат. Ёдгорликда қазишмалар ўтказилмаган, лекин дастлабки тўпланган археологик материалга кўра унда ҳаёт милоднинг дастлабки асрларида вужудга келган. Илк ўрта асрларда бу ерда мустаҳкамланган шаҳар шаклланган. 9–12-асрларда шаҳар равнақ топган, бунга унинг Чочдан Илоқ ва Фарғонага, Фарак (Чирчиқ) водийсидан Илоқ (Оҳангарон) водийсига борадиган йўлда жойлашгани сабаб бўлган. Бу йўлда, шунингдек, Бискет ва Самсарак шаҳарлари ҳам жойлашган. Археолог М.Е.Массон Бўкани ўрта асрлардаги Самсарак ўрнида бўлган деб ҳисоблаган. Бўкадан кулолчилик устахонаси излари, ажойиб сирланган сопол буюмлар, жез чироқдонлар, қорахонийлар даври тангалари, шиша идишлар топилган. Шаҳар 13-аср бошларида мўғуллар истилоси натижасида вайрон бўлган. Кейинчалик унинг ўрнида ва жанубда вужудга келган манзилгоҳ 16–19-асрларда йирик қишлоққа айланган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил