БОТАНИКА БОҒИ (Боғишамол кўчаси, 232) – ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) қошидаги ботаника боғи асосида ташкил топган, 1950 йилдан расмийлаштирилиб, қурилиши бошланган. 1968 йил 1 январдан боғ илмий-текшириш институти мақомини олди. 1998 йил Ботаника институтига қўшилгач, Ботаника институти ва ботаника боғи деб аталди, 2001 йилдан эса «Ботаника» илмий-ишлаб чиқариш маркази деб номланади. Ҳозирги Ботаника боғи шу марказ тасарруфида. Ботаника боғи республика миқёсида ўсимликларни интродукция қилиш (илгари ўстирилмаган янги ўсимликларни ўстириш, иқлимлаштириш ва улардан хўжаликда фойдаланиш) масаласини ўрганиш ва ишлаб чиқиш илмий маркази ҳисобланади. Боғнинг 64 гектар майдони бўлиб, унда интродукция қилинган ўсимликларнинг тури ва навлари 2008 йил бошида 6 мингдан ошди. Шундан 2500 тури дарахт ва бута, қолгани бир, икки ва кўп йиллик ўтлардир. Бу ўсимликлар Осиё ва Европа мамлакатлари, Кавказ, Узоқ Шарқ ўлкаларидан, Шимолий Америка, Хитой ва Ўрта денгиз бўйидаги мамлакатлардан келтирилган. Тропик мамлакатлардан олинган 800 дан ортиқ ўсимлик турлари оранжереяларда ўстирилади. Интродукция қилинган ўсимликлар орасида манзарали ва мевали дарахтлар, хилма-хил резавор мевали буталар, шифобахш ўсимликлар бор. Кўкаламзорлаштириш учун экиладиган лола дарахти, ленкоран акацияси, пирамидал эман, пушти гулли акация, йирик баргли жўка, хитой тераги; манзарали кўп йиллик пиёзли ўсимликлардан лола, крокус, гиацинт; илдизпояли ўсимликлардан гулсафсар, саллагуллар, 90 дан ортиқ дурагай гибискус – пахтагул ўсимликлари кўчатлари етиштирилади. Боғ ҳар йили 15 мингга яқин уруғ намуналарини тарқатади ва ўз навбатида бошқа ботаника боғларидан ҳам уруғ олиб туради. У чет мамлакатлардаги 477 боғ ва 200 дан зиёд турли илмий ташкилотлар билан алоқа қилади. Ботаника боғи мавзули тўплам ва уруғларнинг номи ёзилган индекс рисола (брошюра) чиқаради. Талабалар, мактаб ўқувчилари, табиатшунослар ва бошқалар учун билим лаборатория бўлиб хизмат қилади.
Англияда эълон қилинган «Дунёдаги энг йирик ботаника боғлари» номли асарда Ўзбекистон ботаника боғи ҳам тилга олинган. Академик Ф.Н. Русанов раҳбарлигида боғ ходимлари томонидан 14 жилдли «Ўзбекистон дендрологияси» (русча), «Ўсимликлар интродукцияси» номли 27 тўплам ва кўплаб монография ҳамда мақолалар нашр этилди.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил