Ачавот

АЧАВОТ, Аччиобод, Ачаобод – Себзор даҳасидаги қадимий маҳалла. 19-аср охири – 20-аср бошларида Чимбой, Ёв ва Сағбон маҳаллалари билан чегарадош бўлган, шаҳар мудофаа деворига туташган. Ачавот номининг этимологияси мунозарали. Баъзи олимлар (А.Муҳаммаджонов) илк ўрта асрларда зодагон аёллар яшаган жой (Ачабат – Катта она қўноғи) деб ҳисоблайдилар. Аммо бошқа бир фикрга кўра, Ачавот номи жойнинг табиий хусусиятидан келиб чиққан, яъни захкаш Аччи суви бўйини ўзлаштирилиши натижасида Аччиобод – Ачавот атамаси пайдо бўлган. Муҳаммад Солиҳхўжа Тошкандий (19-аср) «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида Жуманбий мадрасасининг Аччи мавзеида 150 таноб ердаги дарахтзордан иборат вақфи бўлганлигини ёзган. Аҳолиси ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, боғ ҳовлиларида деҳқончилик билан шуғулланганлар. 3 масжид, 3 тегирмон, мактаб бўлган (20-аср боши).
Шўролар тузуми давридаги Ачавот маҳалласи (Сағбон кўчаси, 227) –1935 йил ташкил топган. 1957–92 йиллар «Октябрь 40 йиллиги» номи билан аталган. 1992 йил 20 апрелдан ҳозирги номда. Аҳолиси 3030 киши, асосан, ўзбеклардан иборат, қисман лўлилар ва бошқа миллат вакиллари яшайди (2009). Маҳалла ҳудудида «Истеъдодли ёш авлод», «Сағбон» спорт мажмуалари, «Исломобод» жоме масжиди, металлни қайта ишлаш заводи, Ачаобод қабристони, автосервис, Тожинисо савдо мажмуаси, кафе, 2 поликлиника ва бошқалар мавжуд.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *