Тошкент қўзғолони, Вабо исёни (1892 йил)
ТОШКЕНТ ҚЎЗFОЛОНИ, Вабо исёни (1892.24.6) – чор Россияси мустамлакачилик сиёсати ва миллий зулмига қарши кўтарилган қўзғолон. Шаҳарда вабо касаллиги тарқалиши муносабати билан мустамлака маъмурияти томонидан кўрилган ўзбошимча тадбирлар туртки бўлган. Хусусан, шаҳар маъмурияти 7 июнда 12 та эски қабристонни ёпиб, янги 4 қабристон очилишини, шаҳардан чиқиш чекланганлигини эълон қилган. Бироқ ваъда қилинган янги қабристонлардан фақат 1 таси очилган, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмаган, миллий урф-одатлар эътиборга олинмаган. Марҳумларни урф-одатга кўра кўмиш ғоят мушкул юмушга айланган. Ниҳоят сабр-косаси тўлган халқ қўзғолон кўтарган. Мингга яқин аҳоли эшонлардан Азизлар, Абулқосим, бозор оқсоқоли Зиёмуҳаммад ва бошқа таниқли кишилар бошчилигида 24 июнда таёқ, кетмон, тош ва ҳ.к. билан қуролланиб шаҳар бошлиғи маҳкамасига бостириб борган. Бу ерда Тошкент ҳокими Путинцев ва Эски шаҳар оқсоқоли Муҳаммад Ёқубга қарши ҳужум қилишган. Оқсоқол халққа дағдаға қила бошлагач, унинг бошига тошлар ёғилган. Машҳур «Тошотар воқеаси» бошланган, Путинцев ва унинг миршаблари дўппосланган, маҳкама остин-устун қилинган. Бироқ Сирдарё вилояти ҳарбий губернатори Гродеков бошчилигидаги аскарлар келиб, қўзғолончилардан шафқатсиз ўч ола бошлаган. Қўзғолончиларнинг бир қисми рус аскарлари таъқибидан қочиб ўзини Анҳорга ташлаган. Эртасига сувдан 80 кишининг ўлиги топилган. Қўзғолончиларнинг қолган қисми Эски шаҳарга қочиб бориб, жоме масжиди олдида бу ерга етиб келган аскарларни тошбўрон қилган. Бунга жавобан ўқ узилиб, 10 киши ҳалок бўлган, кўпчилик яраланган. Қўзғолон бостирилган. Қўзғолончилардан 60 киши суд қилинган, 3 киши ўлимга ва 20 киши турли муддатлар билан қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар