Хислат (Ҳайбатуллахўжа Орифхўжа ўғли)
ХИСЛАТ (тахаллуси; асл исм-шарифи Ҳайбатуллахўжа Орифхўжа ўғли) (1880.10.5–1945.8.6) – шоир ва таржимон. Ўзбек мумтоз адабиётининг сўнгги намояндаларидан бири. Тошкентда туғилган. 16–17 ёшларида Тошкент шаҳри Кесакқўрғон маҳалласидаги мадрасага ўқишга кириб, араб ва форс тилларини мукаммал ўзлаштирган; ўзбек, озарбайжон, турк, форс ва араб адабиётларини пухта ўрганган. 1908–09 йилларда Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» ҳамда «Лайли ва Мажнун» достонларининг соддалаштирилган насрий нусхаларини тайёрлаган ва ўз ҳисобидан нашр этган. 1910–14 йилларда мадрасадоши Сидқий Хондайлиқий билан ҳамкорликда «Армуғони Хислат», «Ҳидояи Хислат», «Савғоти Хислат», «Туҳфаи Хислат» каби баёзларини нашр эттирган. Бу баёзларда шоирнинг 100 дан зиёд лирик шеърлари эълон қилинган. Хислатнинг дунёвий ғоялар билан йўғрилган бир қанча ғазаллари Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов ва Ҳамроқулқори каби машҳур ҳофизлар томонидан ижро этиб келинган.
Хислат 1917 йилдан кейин ҳам бадиий ижод билан шуғулланиб, замонавий мавзуларда ғазал ва мухаммаслар яратган. Аммо мавжуд тузумнинг жадид шоирларга нисбатан совуқ муносабати туфайли у ёшликда эгаллаган ҳунари – дурадгорликни давом эттириб, 1940 йилга қадар иморатсозлик ишлари билан кўпроқ машғул бўлган.
Хислатнинг адабий меросида таржима асарлар катта ўрин эгаллайди. У Низомийнинг «Лайли ва Мажнун» достони, Фирдавсийнинг «Шоҳнома» достони асосида насрлаштирилган «Барзуйи шер», «Паҳлавони Аҳмад», Убайд Зоконийнинг «Мушук ва сичқон» асарларини форс тилидан таржима қилган, араб ва форс мумтоз адабиётларидаги болаларбоп ривоятлар ва масалларни шеърий таржима қилиб, «Нон ва ҳалво» деган мажмуа тузган. Тошкент шаҳридаги кўчалардан бири Хислат номи билан аталади.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар