Товкаттепа
ТОВКАТТЕПА – археологик ёдгорлик (1–8 ва 11–15-асрлар); марказида қўрғон бўлган, лекин атрофи мудофаа девори билан ўралмаган манзилгоҳ. Қалъа ва шаҳристондан иборат. Майдони 6,5 гектар. Товкаттепанинг шарқий чеккаси – Тузел қишлоғи ҳудудида. Ёдгорлик Қовунчи маданиятига мансуб. Мингўрик яқинидаги обод жойлардан бўлган. 1949 йил А.А.Потапов томонидан қайд этилган ва ўша йили И.Баишев, В.Массон, 1957 йил В.Белоусов, Ю.Буряков текширган. 1970 йилда Д.Г.Зильпер ва 1978–79 йилларда Товкаттепа археологик экспедицияси (Ш.Пидаев, О.Папахристу) стратиграфик қазиш ишларини олиб борган. Дастлаб марказидаги қалъа вужудга келган, унинг баландлиги тахминан 9 метр, майдони 60х30 м бўлган. Кейинчалик кичик тепалик устида хом ғишт ва пахсадан қурилган мураккаб комплекс кўринишидаги қўрғон шаклланган. 8-аср 1-чорагида бузилган. 11-асрда унинг харобалари устида янги қишлоқ вужудга келган ва 15-асргача мавжуд бўлган. Қазиш вақтида турли ашёлар – хум, кўза, коса, товоқ, юпқа тилла тугма ва бошқалар топилган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар