Сулола. Долимовлар шажараси. Узоқ мозийга бир назар (Ҳайтабек ва Норбек). 1-қисм
Бувам Долимбек ҳожи Муҳаммадаминбек ҳожи ўғлининг айтишларига қараганда, бобокалонимиз асли қўқонлик Ҳайтабек “Амир ал-муслимин” шарафли унвонига мушарраф бўлган машҳур шоҳ ва шоир, сиёсий арбоб Амир Умархоннинг эътиборли сарой бекларидан бўлиб, унинг кўп давлат ишларида, ҳарбий юришларида фаол иштирок этган, Оқмачит истеҳкоми қурилиши ташкилотчиларидан бири бўлган экан. Маълумотларга қараганда, Умархон кўп йиллардан бери юрак хасталигига учраган эди-ю, лекин эътибор бермай келиши туфайли касаллик анча жиддийлашган эди. Оқибат шундай бўлдики, ўз даврининг йирик табиблари ва Мирзо Жунайдулло Ҳозиқ муолажалари ҳам кор қилмай, 1822 йили 35 ёшида вафот этади ва унинг ўрнига ҳали вояга етиб улгурмаган ўғли Муҳаммадали хон этиб кўтарилади. У анча ўйин-кулгига, кайф-сафога берилган, ношаръий ишларга ҳам қўл уришдан қайтмайдиган маишатпараст бўлиб вояга етди. Унинг давлат ва шариатга хилоф ишларига қарши чиққан, отаси даврида фаолият кўсатган эътиборли арбобларни таъқиб ва тазйиқ остига олди, қувғин қилди, баъзиларини ўлдирди. Ҳатто анча ҳушёр укаси Султон Маҳмудни ўзига рақиб, тахтга даъвогар ҳисоблаб, пойтахтдан узоқлаштиради, Шаҳрисабзга жўнатади. Унинг бундай номатлуб феъл-атвори тарихчи-олимлар йилномаларида ҳам ўз ифодасини топган. Олим ва маърифатпарвар шоир Исҳоқхон тўра Ибрат Қўқон хонлиги тарихига бағишланган “Тарихи Фарғона” номли асарида бу ҳақда шундай ёзади: “Умархон вафотидан сўнг Муҳаммадалихон ўн беш ёшларинда тахтга жулус этди… Охирги ҳолларинда халқ бу кишининг шароратидан озурда эди. Муҳаммадалихон умрини ортиқ жориялар ва маҳрамлар, ўйин-кулги илан кечуруб, ҳавою ҳавасга нақдини сарф этиб, маслаҳат чиқадургон одамларни мамлакатдан чиқориб ёки ўлдуруб, бу сиёсат ила эҳмол этган бир зот эди… У яхши кишиларни мусоҳиб қилмай, беҳуда кишиларни ҳамсуҳбат қилиб, охири натижаи бад чиқди”.
Муҳаммадалихоннинг маишатпарастлиги, давлат, шариат ҳукмларини оёқости қилганлиги ҳақида яна бир муҳим манба “Шаҳонаи девона Мутриб” тарихий-бадиий достонида қуйидагилар баён этилган:
Давлати кундан-кун ҳаддидин ошди,
Ўйнаб, жўш уруб ҳар ёна тошди.
Хотин ола берди, демади кўп.
Баъзини баникоҳ қайдиға олди,
Баъзини беникоҳ олдиға солди.
Нафсини жиловдин олмади қўлға,
Қўя берди чопиб борғон ериға.
Аммо ёш хонни бу ножўя ва ношаръий ҳаракатлардан қайтариш ҳамда уни давлат ишларига тортиш учун катта жасорат керак эди. Айниқса, Муҳаммадалихон даврига келиб, Ўрта Осиё хонликлари ўртасида катта ҳарбий қудратга эга бўлган Бухоро амирлиги билан иқтисодий ва сиёсий муносабатлар кескинлашиб бормоқда эди. Муҳаммадали хонлигининг дастлабки йилларида саройда бўлиб ўтган машваратларнинг бирида сиёсий салоҳиятга эга бўлган Ҳайтабек хонликдаги ички ва ташқи сиёсат ҳақида тўхталиб, жаннатмакон Амир Умархоннинг мамлакат ҳарбий ва мудофаа қудратини мустаҳкамлаш мақсадида олиб борган ишлари ҳақида гапиришга журъат этди:
— Отангиз Амир ал-муслимин Русиядан келадурган хавф-хатарнинг олдини олиш мақсадида Оқмачитда мустаҳкам истеҳком бино қилдилар ҳамда бу ҳақда Усмонли халифалиги султон Маҳмудга китобот йўлладилар. Ҳозирда бу хавф-хатар кун сайин кучайиб бормоқда. Бундай вазиятдан Бухоро ва Хива хонларини ҳам огоҳ қилиш, мамлакат, халқ осойишталиги учун адоватларни йиғиштириб қўйиб, улар билан ҳамжиҳат бўлиш, ҳарбий қуролларни янгилаш, мунтазам лашкар тайёрлаш керак, — дейди.
Ёш хоннинг бундай номатлуб феъл-атворидан хонликнинг диёнатли, иймон-эътиқодли арбоблари ҳам қаттиқ норози эдилар. Хон измига юрмаган сарой арбоблари қаторида Ҳайтабек ҳам бундай оқилона мулоҳазалари, таклифлари учун қаттиқ таъқибга учради, ҳаёти хавф остида қолди. Унинг Муҳаммадалихондан эшитган сўнгги гапи шу бўлди:
— Сен бугундан эътиборан вазифангдан озод бўлдинғ, эртадан бошлаб қоранғни саройда кўрмай!
Ҳайтабек ёш хоннинг бу совуқ буйруғи заминида қандай фожиалар яширинганини яхши тушунган эди, у хон қаҳридан омон-эсон қутулганига Аллоҳга шукроналар айтди. Ҳатто машҳур шоира Нодирабегим ва Амир Умархон тарбиясини олган, хонлар авлодига мансуб етук тарихчи-олим, маърифатпарвар ёзувчи Муҳаммад Ҳакимхон тўра Маъсумхон тўра ўғли ҳам Муҳаммадалихон қувғуни туфайли бир неча йиллар давомида хонликдан анча узоқда – Русиянинг Оренбург, Шамай (Семипалатинск), Омск, Астрахан шаҳарларида, Туркия, Эрон, Миср, Фаластин каби мусулмон давлатларида мусофирликда, дарбадарликда истиқомат қилди, ҳаж сафарини амалга оширди. Бу сафар таассуротлари асосида Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликлари таълим-тарбия, илм-фан, ҳарбий қуролларнинг ҳамда давлат бошқарув тизимининг дунё тамаддунидан қанчалар орқада қолиб кетганлигини, айниқса, Муҳаммадалихон давридаги парокандаликни ўзи шоҳиди бўлган воқеалар заминида очиқ кўрсатиб берувчи “Мунтахаб ут-таворих” (“Сараланган тарихлар”) йилномасини яратди.
1830-йилларнинг бошларида Ҳайтабек Тошкентга келиб, бир неча ой туриб қолади ва “Ҳазрати Имом” (халқ ўртасида “Ҳастимом” номи билан машҳур) мавзесидан ичкари ва ташқарили мўъжазгина бир ҳовли сотиб олади. Муҳаммадалихон қаҳридан узоқроқ бўлиш, у билан зиддиятни янада кескинлаштирмаслик мақсадида оиласини ҳам кўчириб келади. Бу ҳовли “Ҳазрати Имом” мавзеидан Қўштутга чиқадиган Каффоли Шоший кўчасининг бошланишида бўлиб, Ҳайтабек вафот этганда, ташқари ҳовлисига дафн этилиб, кўчага қаратиб сағана қурилган. Бу сағана халқ тилида “Ҳайтабек мозор” деб аталиб, Муповаза келин ойим (Зиёдбек амакимнинг хотинлари)нинг айтишларига қараганда, 1950-йилларнинг ўрталаригача сақланган бўлиб, Долимбек отам Ҳастимом бозори (40 – 50-йилларда Ҳастимом мавзеи ёнидаги катта сайҳонликда қўй-мол бозори бўлган)га ҳар борганларида бу мозор олдида ўтириб, Қуръон тиловат қилар ва “Бу қабрда менинг энг катта бобом Ҳайтабек ётибди” дер эканлар.
ХIХ аср бошларидан – Олимхон ва Амир Умархон даврларидан эътиборан Тошкент шаҳри Қўқон хонлигига бўйсунган ва шаҳарни ўраб олган девор қайта тикланган ҳамда мустаҳкамланган эди.
Умрининг сўнгги йигирма йилини Тошкентда ўтказган Алишер Навоийнинг кичик замондоши улуғ мутафаккир Зайниддин Восифий (1485 – 1566)ни шаҳар ва унинг атрофидаги сўлим чорбоғлари-ю ширин-шакар мевалари мафтун этган, ҳайратга солган эди: “Бир шаҳар кўрдимки, атрофида Кайковус биноларидан чорбоғлар бўлиб, унда Эрам боғининг дилида доғи бордир… Серсув латиф шафтолилари шу қадар дилбарки, ўз хаста ва мажолсизларини висол неъматидан тўйғизар. Маснавий:
Андоқ бир шаҳарки жаннатмакондир,
Хижолатдин жаннат сийнаси қондир.
Муборак тупроғи мисли тўтиё,
Суйи раҳмат суйидан хўброқ гўё.
Насими гўёки Исонафасдир,
Анга етмоқ Масиҳога ҳавасдир.
Теграсин қуршаган гўзал чорбоғлар,
Алардин Эрамнинг кўксида доғлар.
Тераклар саф тортиб турарлар қатор,
Ҳар бирин дегайсан сарвиқомат ёр.
Ясанган қизлардек қадди санавбар,
Виқор-ла туради саф тортиб аръар.
Лолазорда маскан қурган андалиб,
Гул мадҳин тарк этмас тани ўт олиб.
Узумин васфидан айтайин бир қур,
Лаълу дурлар билан гаровда енгур.
Ҳусайни узумин ҳар бир донаси –
Гўзаллар лаълининг ол дурдонаси.
Бир кезиб чиқсангиз тарвуз пайкалин,
Ҳавас ҳам қилмайсиз беҳишт асалин.
Меваларга тўлиқ бу рангин бўстон,
Арзийди ёзолсам шаънига достон.
Таърифда ягона Тошканд анжири,
Бунда жамулжамдир сирларнинг сири.
Булардан ҳамиша жонга ҳаловат,
Шираси асални қилур маломат.”
“Ҳазрати Имом” асрлар давомида Тошкент шаҳрининг Шайх Хованд Таҳур (Шайхонтаҳур)дан кейинги энг машҳур, обод ва гавжум мавзеларидан бўлиб, унинг тарихи Х асрнинг улуғ дин пешвоси, фиқҳ олими Имом Абубакр Муҳаммад ал-Каффол аш-Шоший шахсияти билан боғланади. “Ҳазрати Имом” номи билан шуҳрат қозонган ал-Каффол аш-Шошийнинг футурдан кетган қабри устига шайбонийзода ҳукмдорлар 1541-1542 йилларда анча салобатли мақбара қурдирганлар. “Ҳазрати Имом” мавзесининг Марказий Осиёда машҳур бўлган яна бир тарихий обидаси “Бароқхон” мадрасасидир. Бароқхон Муҳаммад Шайбонийхон сулоласига мансуб бўлиб, асли исми Наврўз Аҳмадхон эди. У Мовароуннаҳрга ҳукмдорлик қилган 1551-1556 йилларда Тошкентда катта мадраса қурдирган, асрлар давомида у “Бароқхон” мадрасаси номи билан эътибор қозонган. Кейинроқ унинг рўпарасида “Мўйи муборак” кичикроқ масжид ва мадрасаси қурилган. Каффол аш-Шоший мақбараси ва “Барақхон” мадрасаси ХIХ аср бошларида Амир Умархон томонидан қайта таъмир қилинган ва ниҳоятда кўркам меъморий обидага айлантирилган эди. Бу мадрасанинг шуҳрати ХIХ асрнинг иккинчи ярмига қадар ҳам юқори бўлган. “Бароқхон” мадрасаси ҳатто шўролар даврида ҳам, мустақиллик даврида ҳам диний мутахассислар тарбиялаб етиштиришда фаолият кўрсатиб келмоқда. Совет даврида ва ҳозирда ҳам мусулмон диний ишлар бошқармаси шу мадрасага жойлашган. Мустақиллик шарофати билан “Ҳазрати Имом” комплекси янада кўркамлашди, бутунлай қайта таъмирланди, мусулмон оламининг машҳур қадамжоларидан бирига айланди. “Ҳазрати Имом”дан, бир томондан, Зарқайнар кўчаси орқали машҳур Эски Жўва бозорига, Бекларбеги, Хўжа Аҳрор Валий, Кўкалдош масжид ва мадрасаларига, Зарқайнар кўчасига қарама-қарши томондан Каффоли Шоший кўчаси билан Қўштут гузари орқали шаҳарнинг Сағбон ва Чиғатой дарвозалари ва қабристонларига, Гуручариқ (ҳозирги Зиёвуддин Бобохон) кўчаси орқали Тошкентнинг Қорасарой дарвозаси ҳамда Тешикқопқага чиқилар эди.
Шуҳрати бутун Туркистон ўлкасига, ҳатто ундан ташқариларга ҳам маълум ва машҳур бўлган мана шу “Ҳазрати Имом” мавзесида Ҳайтабек оиласи билан қўним топди. Оила иқтисодий жиҳатдан оғирроқ аҳволда бўлса-да, пойтахтдан, сиёсатдан узоқроқ, тинч, хавф-хатарсиз ҳаёт кечира бошлайди. Ҳайтабек оила тебратиш мақсадида маҳалла гузарида кичик бир дўкон очди ва савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланди, ўғли Норбек “Бароқхон”, кейинроқ “Кўкалдош” мадрасасида ўқишни давом эттирди. У мадраса таълимини охирига етказа олмади: иқтисодий танқислик туфайли қариб қолган отаси Ҳайтабек қўлидан савдо ишларини олди. Аммо баққолчилик, савдо ишлари юришмагач, косибчилик билан ҳам шуғулланиб, ўртаҳол ҳаёт кечира бошлади. Шундай қилиб, “ётиб еганга тоғ ҳам чидамас” деганларидек, хонликнинг катта лавозимларида узоқ йиллар ишлаб йиққан бойликлари 5 – 6 йил ичида тугаб, боққолчилик ва ямоқчиликка куни қолди. Ҳайтабекнинг Исломбек, Арслонбек, Фазилат исмли фарзандлари ҳам бўлган, аммо уларнинг тақдири бизга маълум эмас. Ҳайтабек узоқ вақт Тошкентдаги ғарибона ва фақирона ҳаётга ўргана олмади: пойтахт, она шаҳри Хўқанди латифдаги маданий-маънавий ҳаёт, шеърият ва санъат анжуманлари, у ердаги ёру биродарлар, қариндош-уруғлар уни оҳанрабодай ўзига тортиб турар эди.
Кўп ўтмай, Муҳаммадалихоннинг ножўя ва ношаръий ҳаракатлари машъум фожиаларни олиб келди. 1842 йилда Бухоро амири Насруллонинг мусулмон дини софлигини мустаҳкамлаш баҳонаси билан Қўқон хонлигини босиб олиши, даҳшатли хунрезликлари Ҳайтабекни қаттиқ ларзага солди: Нодирабегимдек оқила, шоира аёлнинг, норасида набираларининг, бегуноҳ сарой аҳлларининг қиличдан ўтказилишидан чексиз изтиробга ботди. Ахир, у Мадалихон таъқиб ва қувғинига учраган бўлса-да, Амир Умархон, Нодирабегим ва хонликнинг шоиру фозилларидан меҳр-мурувват кўрган, оқибатли дўсту биродарлар орттирган, хон саройида мунтазам давом этиб турган маънавий-маърифий анжуманларнинг доимий иштирокчисига айланган эди. Бу машъум воқеадан кейин ҳам Ҳайтабек хешу ақраболари, ёру дўстлари билан дийдорлашиш мақсадида вояга етиб қолган ўғли Норбек билан бирга бир неча марта она-шаҳри Хўқанди латифга бориб келди, уларга ҳамдардлигини билдирди.
“Ботир қассоб” номини олган Амир Насруллонинг бу фожеи ишлари Бухоро амирлигию Хива ва Қўқон хонликларида бирдай катта обрў-эътибор қозонган машҳур зуллисонайн шоир, табиб, шариат ва дин пешвоси Мирзо Жунайдулло Махдум Ҳозиқнинг ҳам нафратини қаттиқ алангалантирди. Бу машъум воқеаларни муаррих Мирзоолим Мушриф Мирзараҳим Тошкандий ўзининг “Ансоб ус-салотун ва таворих ул-ҳавоқин” (“Султонлар насл-насаблари ва ҳоқонлар тарихи”) номли машҳур йилномасида келгуси насллар учун муҳрлаб қолдирди. Ўзининг Хўқанди латифда уюштирган разил қилмишларидан мамнун ҳолда Бухорои шарифга қайтаётган амир Насрулло бошқа шоиру аъёнлар қаторида шайхулислом Ҳозиқни ҳам ҳузурига чақиртириб: “…бу зафарли юришимиз ҳақида бир фард айт”, — деб буюради. Ҳозиржавоб шоир Ҳозиқ аркони давлат ҳузурида амирнинг юзига тик қараб, ушбу фардни айтган экан:
“Буриди бар қади худ аз маломат,
Либоси то ба домони қиёмат”.
Мазмуни:
Қаддингга маломатдан шундай либос тикдингки,
Бу либос устингда то қиёматгача қолади.
Улуғ мутафаккир бу жасорати унинг бошига қандай фожиалар олиб келишини яхши билар эди. Амир Насрулло Бухорога етиб келгунча, ҳеч ким билан гаплашмади, бирорта арбобни олдига киритмади ҳам, Бухорога етиб келгач, Ҳозиқни саройга чақиртирди, аммо у Шаҳрисабздаги ота мулкига кетиб улгурган эди. Амир Насрулло Шаҳрисабзга уч қатла одам юбориб чақиртирса ҳам шоир келмайди, чунки Бухорода уни ўлим кутаётганини яхши билар эди. Амир ўзига ва салтанатига қарши гапирганларни унутадиган ва кечириб юборадиган одам эмас эди. У бирмунча вақт ўтказиб, 1843 йилнинг қиш фаслида Бухоро зиндонидан Душабой деган каллакесар ўғрини чиқариб, қандай бўлмасин, Жунайдулло Ҳозиқнинг калласини олиб келишни буюради. Душабой Шаҳрисабзда бир неча кун юриб, шоирнинг бошини олиб келади ва амир уни катта совға-саломлар билан тақдирлайди. Бу машъум воқеалар бутун тафсилотлари билан Муҳаммад Ҳакимхон тўранинг “Мунтахаб ут-таворих” асарида ҳам ўз ифодасини топган.
Мутафаккир Жунайдулло Ҳозиқ жуда тўғри таъкидлаган эди: асрлар ўтяпти, баъзи бир яхши-ёмон воқеалар унутиляпти, лекин амир Насруллонинг хунрезлигини, Нодирабегимдек улуғ аёлни – мутафаккир шоирани, унинг норасида набираларини, бегуноҳ давлат арбобларини қатл қилдирган Насруллони миллат унута олмайди.
ХIХ аср ўрталарига келиб янада кескинлашган Бухоро амирлиги билан Қўқон ва Хива хонликлари ўртасидаги бундай қонли тўқнашувлар, ички зиддиятлар, жаҳолат ва мутаассиблик Ватанимиз ва халқимизнинг фожиали келажагини тезлаштирмоқда эди. Тахминан, 1830-йилларнинг охирларида Ҳайтабек ўғли Норбекни уйлатиради ва 1850-йилларнинг ўрталарида 70 – 75 ёшларида вафот этади. Норбек ҳам кетма-кет Комилбек, Муҳаммадаминбек, Рустамбек, Йўлдошбек, Саодат, Фазилат, Ўғилой исмли фарзандлар кўрди. Ота фарзандлари тарбиясига алоҳида эътибор берди, тўнғич ўғли Комилбекни кейинроқ Ватан ҳимояси учун ўз жонини фидо қилган давлат ва дин арбоби Муҳаммад Солиҳбек додхоҳ бош мударрислик қилган, шаҳарнинг энг донгдор Кўкалдош мадрасасига ўқишга берди. У ниҳоятда ҳавас билан ўқишга берилди. Норбек фарзандларининг ёшлик ва йигитлик чоғлари Ватан, Миллат тақдири ҳал бўлаётган даврларга – чор Русияси бутун мустамлакачилик қонли юришларини Марказий Осиёга қаратган бир даврга тўғри келди. Бу даврда Тошкент қалин ва баланд пахса девор билан ўралган мустаҳкам қўрғон бўлиб, унинг тепасида қуролланган сарбозлар бемалол юрган, маълум жойларига тўпхоналар ҳам ўрнатилган эди. Шаҳарнинг ўн иккита – Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешоғоч, Қўқон, Қошғар, Қўймас номлари билан аталувчи дарвозалари бўлган, улар тунда ёпилган, тонггача ҳеч ким киритилмаган ва чиқарилмаган. Тошкентнинг Шайхонтаҳур, Себзор, Кўкча, Бешоғоч номли тўрт даҳаси бўлиб, Эски Жўва бозори ўн икки дарвоза ва тўртала даҳа учун баравар қулай ўринга жойлашган эди. Ўн икки дарвозадан катта йўллар тўғри Эски Жўва бозорига келиб туташар эди. Шаҳар чеккалари ва шаҳар ташқарисидаги қишлоқларда етиштирилган ҳунармандчилик, деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик маҳсулотлари ўн икки дарвоза орқали шу бозорга оқиб келар эди. Тўрт даҳанинг тўрт қозиси бўлган ва улар қозикалонга бўйсунган. 1868 йилдан эътиборан сўнгги қозикалон Ҳакимхон эшон вафотидан кейин Туркистоннинг биринчи генерал-губернатори фон-Кауфман томонидан қозикалон лавозими бекор қилинган: даҳалар қозилигига кимни сайлаш ва уларни назорат қилишни ҳам губернаторлик ўз қўлига олган. Тошкент ҳокимлари ва қозикалон чор Русияси босқинига қадар Қўқон хонлари томонидан катта илмга эга бўлган олимлардан тайинланган. Тошкент ҳокимилиги ўрдаси ёнидан ўтадиган анҳор (шунинг учун шаҳар аҳолиси бу анҳорни “Ўрда” ҳам дейди) шаҳарнинг жанубий чегараси бўлиб, бутун шаҳарни сув билан таъминловчи асосий ҳаёт манбаи ҳисобланган.
Давоми бор…
Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»
Тошкент, «Академнашр», 2015






Изоҳлар