Мунавварқори. “Хотираларим” асаридан

1928 йилнинг бошларида СССР Халқ Комиссарлари кенгаши қошидаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармасининг (ГПУ) Ўрта Осиёдаги мухтор вакили К.Бельский Мунавварқорини чақириб, жадидчилик ҳақида у пайдо бўлганидан бошлаб то ҳозиргача ёзиб келишни талаб қилади.

Мунавварқори жадидчилик ҳақида пайдо бўлганидан бошлаб февраль инқилоби ва октябрь тўнтаришигача ҳамда шўро давридан иборат уч қисмда ёзиш режасини тузиб, Бельский ва Агидуллин (ГПУнинг катта ваколатли вакиллари)га кўрсатади. Уларга режа маъқул бўлади. Мунавварқори ўз хотираларини уч нуқтаи назардан: 1) сўроқ учун; 2) тарих учун; 3) матбуот учун ёзганини таъкидлаган. Бинобарин, бу, “нозик дидлик тадқиқотчи, баъзи гаплар учун мени айблама” деганидир. Қуйида ушбу хотиралардан парча келтириб ўтамиз.

***

Бизларнинг синфий дунёқарашимиз негизида синфларни инкор этиш ётади. Бизлар синфларни билмас эдик, агар йирик буржуазия деб ҳисоблаётган катта ер эгалари ва савдогарларнинг жуда озгина гуруҳи ҳисобга олинмаса, бизларнинг кўз ўнгимизда ҳамма тенг эди. Буржуазия тўғрисида гапирганда бизлар йирик савдогар ва катта ер эгаларинигина назарда тутар эдик. Бизлар шўро ҳукуматининг мана шуларга эмас, балки майда ва ўрта ҳол буржуазияга нисбатан олиб борган тадбирларига қарши бўлдик. Бинобарин, бизлар асосан майда буржуазия манфаатларини ҳимоя қилдик: мана шундан бизларнинг октябр инқилобидан кейин мамлакат сиёсий ҳаётида тутган ролимиз, шўро ҳукумати, йўқсил дактатурасига қарши олиб борган курашимиз тушунарли бўлса керак. Бизларнинг мустақиллик ҳақидаги шиоримиз, аввал буржуа-демократик Туркистонни, ундан сўнг эса Ўзбекистонни ташкил этиш, ҳокимиятни майда ва ўрта буржуазия қўлига бериш тўғрисида ҳаракатимиз ана шундан келиб чиқади. Пантуркистик интилишлар ҳам ўз ўрнига эга эди. Бизнингча, буларнинг оммавий кўриниши Ўрта Осиёдаги туркий халқларнинг ҳаммаси учун умумий бўлган тил яратишдан иборат бўлиши керак эди. Бизлар шу умумий тил орқали бу халқларнинг бирлигини осонгина мустаҳкамлаймиз деб ўйлаганмиз. Бизларнинг пантуркизм Ўрта Осиё доирасидан четга чиқмас эди, чунки бизлар уни бугунги куннинг оммавий вазифаси деб тушунганмиз. Пантуркизм ғоясини бутун туркий халқларга нисбатан амалга оширишга (“Буюк Турон” ғоясига) бизлар ишонмас эдик. Фақат турк ҳарбий асирлари келиб ишлай бошалаган пайтда бизларда бу интилиш бироз жонланди.

Ўзбек ва қозоқ қишлоқ тилларида ўхшашлик борлигини ҳисобга олиб, улар асосида умумий тил яратмоқчи бўлган эдик. Мана шу умумий тил асосида умумий адабиёт яратишни ҳам ўйлаган эдик.

Бизнинг пантуркизмнинг туб сиёсий мазмуни шундан иборат эдики асосий мақсад бўлган мустақилликка бутун Ўрта Осиё халқларининг ягона ҳаракати билан тезроқ эришиш мумкин деб ўйлагандик…

“Чиғатой гурунги”га бирлашиб Фитратга эргашган ёшлар янги ўзбек адабий тилига асос қилиб Навоий, Чиғатой турклари тилини олди, эски атамалар(арабизм ва форизм аралашмаси) барча туркий тиллардан, ҳатто ўлик Чиғатой тилидан олинган янги атамалар билан алмаштирилди. Мана шулар асосида ва ўз навбатида эса, алифбо масаласида бизлар билан фитратчилар ўртасида келишмовчилик пайдо бўлди. Аммо бунинг сиёсий ғояларга даҳли йўқ эди.

Мен афғон консули Ғулом Жайлоний олдига борганим ва у билан ўзимнинг Афғонистонга кетишим ҳақида гаплашганимни Миён Бузрук Солиҳовга айтган эдим. Миён Ўзбекистонга қайтиб келгандан афсусланиб гапирди ва имконият бўлса яна Афғонистонга ўтиб кетиш хоҳиши борлигини айтди. Унинг ўзи айтишича, у афғон ҳукумати рухсати билан Ҳиндистонга бориб, кейин у ердан Туркияга, Истамбулга ўтади…

Афғон консули билан гаплашишдан мақсадим ўзим ва менга яқин бўлган кишилар, масалан, Салимхон, Миён Бузрук, Муротхўжа, Саидкамолхон, Миросат Мирзокиров, Муҳаммадрасул домла, умуман10-15 кишининг Афғонистонга ўтиб кетиш хоҳишини амалга ошириш бўлган эди. Консул билан гаплашганимда фақат Салимхон билан Миён Бузрукни тилга олган эдим. Бошқалар ҳақида эса ҳеч нима демадим, чунки булар эртами кеч у ёққа кетишга мажбур бўлар эди. Консул Кобулга хат ёзиб, хат олишга ҳатто Афғонистонда ўқитувчи бўла оладиганларга махфий равишда рухсатнома (виза) беришга ваъда берди. Консул билан бўлган музокара натижасини мен фақат Миёнгагина айтдим. Кобулдан жавоб келишини кутишга қарор қилдик. Бачи Соқов исён кўтариши муносабати билан бизда Афғонистонга кетиш орзуси йўқолди, аммо Омонулла ҳукумати, қайта тиклансагина ўз ниятимизни амалга ошириш умидида бўлдик…

Консулнинг моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши тўғрисида: охирги пайтларда ҳеч қандай кўмак бўлмади. Фақат шуни айтиш керакки, консуллик ходими Мансурхон мени таништирган консул ўрнига келган янги консул 1923 йилнинг охирларида мендан миллий фаолият аҳволи ҳақида сўради ва Афғонистондан моддий ёрдам келиши мумкинлигини маълум қилди. Мен унга фаолият давом этиши учун энди одамлар ҳам, маблағ ҳам йўқ. Қўшни давлатлардан бирортаси ҳам бизга ёрдам беришни хаёлига келтирмайди, дея кулимсираб қўшиб ҳам қўйдим. Шундай кейин у агар илтимос қилинса, Кобулдан моддий ёрдам келиши мукинлигини баён қилди.

Бу суҳбат ҳамда афғонларнинг ёрдам бериш ваъдаси тўғрисида мен Саидносир Миржалиловга (назаримда Толибжон Мусобоевга ҳам) айтдим, шунингдек Сайидвали семизнинг уйида 1924 йилида Убайдулла Хўжаев, Саидносир, Толибжон, Шаҳоб Нишон ва бошқалар иштирокида бўлган йиғилишида ҳам гапирдим, қатнашганлар рўйхати сизларда ҳам бор…

***

Бизлар айниқса, миллий чегараланиш ўтказилгандан кейин пировард мақсадимиз– буржуа-демократик Ўзбекистонни барпо этишни амалга ошириш умидида ўз фаолиятимизда асосан қуйидаги уч ҳолатни ҳисобга олган эдик:

1. Оммада миллий руҳни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

2. Шўро ҳукумати томонидан кўтарилган шўро аппаратини маҳаллийлаштириш ҳақидаги шиордан фойдаланиб, аста-секинлик билан шўро аппаратини, унга миллий кайфиятдаги кишиларни жойлаштириш йўли билан қўлга олиш.

3. Муҳожирлар билан алоқани ташкил этиш, муҳожирлар ва уларнинг оилаларига(шунингдек, аксил-шўравий фаолиятда жабрланганларга ҳам) ёрдам бериш.

Бизлар ўз фаолиятимизни бу кўрсатилган вазифаларга қаратишда, шўро ҳокимиятининг Оврупо буржуазияси билан тўқнашувда муқаррар равишда ҳалокатга учрашини назарда тутдик. Бизлар унинг (шўро ҳокимиятининг) йўқ қилинишига ишондик ва бунга тайёргарлик кўришга, шўро ҳокимияти ҳалокати юз берганда ҳокимиятни қўлга олишга тайёр туришга қарор қилдик. Бизлар ўз ҳисобимизда шу ҳолатни ҳам назарда тутдикки, шўро ҳокимияти ва комфирқа жаҳон буржуазияси сиқувига бардош беролмай, аста-секинлик билан ўз нуқтаи назаридан, меньшевиклар томон қайтишга мажбур бўлади ва охир-оқибатда ҳалокатга учрайди, деб ишондик. Шу ерда, менимча, Убайдулла Хўжаев баёнотини мисол тариқасида келтириш ортиқчалик қилмайди. У шўро ҳокимияти ўзининг биринчи ўн йиллигига бормасданоқ, албатта Оврупо буржуазияси билан тўқнашувда ҳалок бўлади, агар биринчи ўн йилликда у ҳарбий тўқнашувга дучор бўлмаса, аҳвол анча қийинлашади, деб айтган эди.

Юқорида кўрсатилган уч асосий ҳолат ўша Шоҳабутдин эшоннинг уйида бўлиб ўтган йиғилишда биз тузмоқчи бўлган аксилинқилобий ташкилот ва унда тузилган Марказий қўмита ишининг мазмунини ташкил этиши керак эди. Ташкилотнинг номи масаласи ўшанда очиқ қолдирилади.

Чегараланиш миллатчилик майлларининг кучайишига туртки бўлди. Бизлар миллатчиликнинг ўсишини ҳамма жабҳаларда – оммада ҳам, матбуотда ҳам, адабиётда ҳам, ижтимоий ҳаётнинг ҳамма соҳасида кузатиб турдик. Бу ҳолатдан бизлар миллийликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун фойдаланишга азму қарор қилган эдик.

Комфирқа ва шўро ҳокимиятининг ич-ичидан айнаб кетиши ва ҳарбий мағлубият туфайли ўлимга маҳкумлигини ҳисобга олган ҳолда, биз ўзимиз белгилаган вазифаларни рўёбга чиқариш учун амалий ишга киришдик.

Миллий ғоя, миллий руҳни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш соҳасидаги тарғибот ишларини олиб бориш коммунистик кадрларнинг(савияси) паст бўлганлиги сабабли осон кўчди. Тошкентдаги газета ва журналларнинг редакцияларида ҳамда адабиётда Ғози Юнус, Жулқунбой, Санжар, Элбек каби миллий зиёлилар катта рол ўйнаши билан бирга, салмоқли таъсирга эга эдилар. Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам аҳвол шундай эди. Гапнинг қисқаси, матбуотда миллий таъсир коммунистик таъсирдан кучли эди. Масалан, чегараланишдан кейинги дастлабки даврдаги миллий матбуот аҳволи тўғрисида аниқ ва тўғри тасаввурга эга бўлиш учун маҳаллийлаштириш масаласи соҳасидаги газета мақолалари билан танишишнинг ўзи кифоя. Ғози Юнус очиқдан-очиқ ёзса, бошқалар ўзи миллий ғояларини инқилобий сўзлар остига олган ҳолда, эҳтиётлик билан ёзади.

Чўлпондан ташқари, миллий руҳдаги ёзувчилардан Элбек, Фитрат ва бошқаларни кўрсатиш мумкин(масалан, Фитратнинг “Турк ўғли” мактабларда“Байналмилал” ўрнида ашула қилиб айтиларди).

Миллийлик руҳи иложи борича бадиий адабиёт ва дарсликларга, шу жумладан, ўзбек тили ва адабиёт дарслигига сингдирилишга ҳаракат қилинди. Мисол тариқасида мен, Шорасул Зуннун ва Қаюм Рамазоний томонидан тузилган ўзбек тили дарслигини кўрсатишим мумкин. Унинг тўртинчи қисми мусодара қилинган, олдинги уч қисми эса ўзгартиришлар билан қайта чоп этилган. Шорасул Зуннуннинг грамматикаси (“Тил қоидалари”)да Чўлпоннинг ҳали эълон қилинмаган, даврдан нолувчи шеъридан парча ҳам бор эди…

Методик-библиографик қўлланма
© Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти,
2008 й.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *