Ўзбекистон реклама санъати тарихидан
XIX аср охири юртимиз ҳудудида Россия капитали ва ишлаб чиқариш маҳсулотларининг жалб этилиши, европача маданиятни мусулмонлар орасига кириб келиши, тадбиркорликнинг етакчи омили бўлган реклама санъатининг янги турларини шаклланишига туртки бўлди. Эндиликда реклама ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисмига айлана бошлади. Ижтимоий, сиёсий ҳамда тижорат рекламалари аҳамиятининг ортиши, уни янги ривожланиш босқичига кўтарди.
Реклама санъатининг узоқ ўтмишдаги оғзаки шаклидан ёзма шаклга келиши ҳам айнан кўрилаётган даврга тўғри келади. XIX асрда ўлкада литографик босмахона, фотография ательелари, доимий чоп этилган газета ва журналлар шу даврдаги тижорат ва ижтимоий рекламанинг шаклланиши ва жойларда фаол тарқалишига сабаб бўлди. XX аср газета ва журналлари, фото ва кино архивларида бир қанча реклама намуналари сақланиб қолган.
Ўзбекистон Марказий Давлат архиви (МДА)да сақланаётган ҳужжатлар шуни кўрсатадики, Туркистон ўлкасида литографик босманинг пайдо бўлиши ва турли хилдаги ҳукумат газеталарининг чоп этилиши натижасида ижтимоий-сиёсий ва тижорат рекламалари мунтазам равишда халққа тақдим этила бошлади. Адабий ҳамда маҳаллий ва хорижий давлатлар сиёсий ҳаётига оид янгиликларга бағишланган “Переводчик” газетасининг 1895 йил 21 май (№20) сонида қўл тикув машинасининг рекламаси берилганлиги бунга мисол бўлиши мумкин. Газетанинг сўнгги саҳифасида шундай ёзувга дуч келамиз: «Дозволено цензурою г. Евпатории 19 мая 1885 г. Типолитогр. газ. «Переводчик» г. Бахчисарай». Келтирилган маълумотлар шуни кўрсатадики, ўша даврда ҳам газетанинг таркибий қисмларида цензурага йўл қўйилмаган. Яна бир – 1913 йил 3 сентябрда Тошкентда чоп этилган “Кара курт” газетасининг №23 сонида эса, шаҳар маданий ҳаётига оид ёзги театр хабарлари, тижорат рекламаси ҳисобланган “Хонимлар диққатига! Париждан кўйлак, костюм… жудаям гўзал моделларини олиб келдим… ” сатрларни кўришимиз мумкин.
Юқорида келтирилган маҳсулотларнинг босма рекламалари айнан XIX асрда жуда кенг қўлланилди. Газеталарда тижорат эълонларидан ташқари, мазкур даврда библиографик, яъни қўлёзма ва китоб маҳсулотларининг рекламалари ҳам чоп этилди. Бунинг учун эса асар муаллифи, газета редакциясидан қалам ҳақи олган. Таъкидлаш жоизки, бу каби газета ва журналлар, асосан, шаҳарнинг руслашган қисми учун мўлжалланган. Аммо баъзилари маҳаллий аҳоли учун, эски ўзбек ёзувида ҳам чоп этилган.
Кейинчалик Туркистон ўлкасининг шаҳарларида ўтказиладиган тадбирлар ҳақида маълумот берувчи афишали махсус қутилар ва ошхона, чойхона, дўкон, ательеларда аҳолига тақдим этилаётган маҳсулот ва хизматларнинг турлари келтирилган кўргазмалар пайдо бўла бошлади. Реклама санъатининг ривожланиши, асосан, Туркистон генерал губернаторлигининг марказига айланган Тошкентда кузатилди. Бу даврларда ўлкага Россия капитали оқиб келиши муносабати билан ташқи тижорат рекламаси кенг ривожланди.
1917 йил Октябрь инқилобидан сўнг рекламанинг таркиби ва вазифаси ўзгарди. Эндиликда реклама совет ҳукумати томонидан давлат тасарруфига ўтказилди. Тадбиркорлар реклама эвазига ўз фаолиятларини кенгайтириш имкониятидан маҳрум бўлдилар.
1920 йиллардан Туркистонда тижорат ва ижтимоий рекламалар нисбати тубдан ўзгарди. Эндиликда ижтимоий рекламалар кўпроқ қўлланила бошлади. Режали, марказлаштирилган иқтисодиёт шароитида иқтисодиётни мафкуралаштирилиши, Ўзбекистонда ижтимоий реклама ривожланишининг асосий омили бўлиб қолди. Бу ҳол Республиканинг мустақилликка эришгунига қадар давом этди. Бадиий-эстетик хилма-хиллиги ва безакдорлиги билан фарқланмайдиган реклама, панно, шит, транспарантлари мафкуравий мазмундаги матнли чақириқ ва шиорлардан иборат бўлди. Плакатлар стандарт компазицион ва ранг ечимида ишланди, уларда, асосан, ишчи-деҳқон сингари меҳнат аҳли образи тасвирланди. Реклама плакатлари эса коммунистик мафкура рамзи бўлган қизил рангда эди. Шаҳар муҳитида ташқи безак сифатидаги маҳсулотлар ва хизматлар рекламаси бу даврларда тараққий этмади, негаки маҳсулотлар етишмаслиги ва рақобатнинг мавжуд эмаслиги ижтимоий ҳаёт акси сифатидаги рекламани ривожлантириш заруратини йўққа чиқарди.
Рекламада биринчи маротаба фото санъатини қўлланилиши машҳур рассом-фотосуратчи Александр Родченко номи билан боғлиқ. У реклама мафкурасининг кишилар онгига кучлироқ таъсирини кўзлаб, ҳамда реклама плакатини янада жонлироқ бўлишига эришиш мақсадида биринчи маротаба машҳур инсонлар фото суратини реклама плакатларида қўллаган. Фото суратли рекламалар ғояси шеърий сатрлар билан тўлдирилган. Ишчи-деҳқонлар учун яратилган плакатлар матни мафкуравий мазмундаги чақириқ шаклда яратилиб, уларда нисбатан соддароқ тасвирлар қўлланилган. Шаҳар аҳолиси учун яратилган реклама плакатларидан шеърий шаклдаги матн ҳамда оригинал фотомонтажлар ўрин эгаллаган.
XX асрнинг 60-70 йилларида ҳудудларда махсус реклама ташкилотлари юзага келди. Буларга собиқ СССР савдо-сотиқ вазирлигининг “Союзторгреклама”, СССР Центросоюзи қошидаги «Главко-опторгреклама» ташкилоти ва бошқа ишлаб чиқариш соҳасидаги тижорат-реклама ташкилотлари (бошқа вазирликлар қошидаги) киради. Уларнинг асосий вазифаси бутун совет иттифоқида реклама ишини ташкиллаштириш, назорат қилиш ва махсус ярмаркалар ўтказишни амалга оширишдан иборат эди.
Рекламанинг жамият ҳаётида қўлланилишида унинг яна бир воситаси бўлган кинематография санъатининг ўрни катта бўлди. Кинематографиянинг юртимиз маданий ҳаётига кириб келиши мазкур янги санъат тури орқали давр ғояларини кенг оммага етказишда ижобий натижалар берди. Эндиликда, ҳукуматнинг буюртмаси асосида бир қанча реклама фильмлари ва қисқа метражли реклама роликлари яратила бошланди. Бунга 1966 йил 12 январда Ўзбекистон Савдо вазирлиги тасдиқлаган «Одеваться модно и красиво» (режиссёр – А.Ёқубов) рангли реклама ролигини ишлаб чиқиш тўғрисидаги буйруғи, 1969 йилдаги «Хлопчатобумажные ткани Узбекистана» (режиссёр – А.Раҳмонов) рангли реклама кинофильми, 1972 йилда «Ўзбекфильм» киностудияси томонидан суратга олинган «Часовые огня» реклама роликлари (режиссёр – Д.Толипов) ҳамда “Союзторгреклама” ташкилотининг буюртмаси асосида тасвирга туширилган «Самарканд – город торговый» кинофильмлари мисол бўла олади. Маълумотларга кўра 1974 йилнинг ўзида бутун мамлакат бўйлаб тўрт юздан ортиқ реклама фильмлари яратилган.
Юқорида келтирилган маълумотларнинг барчаси рекламанинг тарихда қандай кўринишларда мавжуд бўлганлиги, юртимизнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётида тутган ўрнини белгилаб, унинг шаҳар муҳитида қўлланилишида ҳам ғоявий, ҳам эстетик жиҳатдан муҳим аҳамият касб этганлигини яна бир бор исботлайди.
Сакина Муҳамеджанова
www.ziyouz.com kutubxonasi
Қўшимча ҳавола:
XX аср боши. Реклама кўринишлари («Весь Русский Туркестан» китобидан)






Изоҳлар