Никольское посёлкаси (Циолковский)
Никольское посёлкаси (Никольское) – Тошкент шаҳрига энг яқин масофада жойлашган қишлоқ (тахминан Циолковский). Руслар босқинига қадар бу ерлар Шўртепа ва Саритепа деб номланиб, қисман жалойир, сирғали, қипчоқ, қирғиз каби уруғлар, қисман шу атрофда ва шаҳарда яшовчи ўзбеклар (сартлар)га тегишли бўлган. Мазкур жойнинг рус посёлкасига айланиши ҳақида турли маълумотлар мавжуд.
Айрим рус манбаларида бу ерлар, гарчи шаҳарликларнинг қир-адирлари деб саналса ҳам, шаҳардан узоқ, ўсимлиги жуда кам бўлгани учун, улардан ҳеч ким фойдаланмаганлиги қайд этилган. Бошқа рус манбаларида эса Саритепадаги ерлар генерал Черняевнинг буйруғига биноан, шу ерда қамиш ўриш билан машғул бўлган қирғизлардан тортиб олинган ва казна ҳисобига ўтказилиб, фойдаланиш учун 1864 йилдан 1872 йилга қадар аскарларга берилгани ёзилган. Учинчи гуруҳ манбаларда Никольское посёлкаси учун Яланғочдаги ерлар ажратилган бўлиб, улар Тошкент аҳолисига тегишли экани кўрсатилган. Жумладан, архив ҳужжатларида бу ердаги баъзи жойлар Тошкентнинг Шайхонтоҳур қисмидаги Дархон маҳалласида яшаган Ашурмуҳаммад Табаопалов, Расулмуҳаммад Қурбонбоев ва Раҳматулла Мирзаевлардан тортиб олингани ва бу шахслар 1895 йилда ҳам ҳали бу ерлар учун Шаҳар бошқармасига мурожаат қилиб, пул талаб қилиб юрганлари ҳақида баён қилинади. Шунингдек, ҳужжатлардан бундай даъвогарлар кўплиги, улар орасида собиқ рус аскарлари ҳам бўлгани маълум. Рус аскарлари тортиб олинган ерлар эвазига, асосан пул ёки бошқа жойдан ер сўраган бўлсалар, маҳаллий аҳоли кўпроқ пул ёки шу ерларни ўзини қайтарилишини талаб қилган. Бунга жавобан 1873 йили баъзи даъвогарларга, чорва боқиш учун қулай, Ниёзбек ерларидаги майдонлар ажратилган, айримларига маълум миқдорда пул берилган, яна бошқалари эса умуман жавобсиз қолдирилган. Маълумотларга асосланиб, Никольское посёлкаси учун Шўртепа, Саритепадаги қирғиз, ўзбекларнинг ва Яланғочдаги Тошкент аҳолисига тегишли ерлар руслар томонидан 1864 йилдан дастлаб зўрлик билан тортиб олинган, кейинроқ эса, 1873 йилдан, казна буйруғига биноан, қисман сотиб, қисман тортиб олинган, деган хулосага келиш мумкин.
XIX аср охирларида асос солинган мазкур рус қишлоғининг “Никольское” деб номланишига сабаб, бу ерда 1865 йили май ойида рус қўшинлари қўқон аскарлари устидан ғалаба қозонишган. Шу боис генерал Черняев шу ерда “намунали рус турар жойи барпо этиш ниятида” махсус комиссия тузган, унга бу иш билан шуғулланишни юклаган ва “Тошкент шаҳри тақдирини ҳал қилган кун”, 1865 йил 9 май – Никольский кунига тўғри келгани учун, рус аскарларининг қўлга киритган ғалабаси шарафига “Никольское” деб ном қўйган.
Никольское посёлкаси учун ажратилган жой тахминан 500 десятинани ташкил қилиб, Тошкентдан 10 верста масофада, шаҳарнинг шарқий томонида бўлган, атрофи қирлар билан ўралган, кўпроқ нам ерлар, ботқоқлик, қамишзорлардан иборат эди. Ер майдонларининг деярли барчасига шоли ва камроқ миқдорда клевер экилган. Сарисувга туташган ҳудуд эса ботқоқликлардан иборат бўлиб, бу жойларда қамишзорлар кўп эди ва қамиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш шу ерлик аҳолининг қўшимча бир ҳунарига айланган. Қишлоқ ҳудудидан оқиб ўтган асосий ариқ Кичик Қорасув бўлиб, ундан суғориладиган ерларда, кейинроқ эса, ботқоқларни қуритиш натижасида вужудга келган майдонларда ҳам ғалла етиштирилган.
1890 йили 2 октябрда Никольское қишлоғининг аҳолиси рўйхатдан ўтказилганда, у ерда 748 одам яшагани, булардан 46,7 % – эркак, 62,4 % – аёллар бўлгани аниқланди. 1895 йилда оилалар сони 260 бўлган. Эркаклар, асосан деҳқончилик (120 оила деҳқончилик билан шуғулланган), шунингдек баъзи ҳунармандчилик турлари билан машғул бўлиб, оила боққанлар, аёллар эса кўпинча шаҳарда яшаб, фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланганлар.
1890 йили бутун қишлоқда 167 турар жой биноси бўлиб, иккита асосий кўча ўтган. Бу кўчаларни бир-бири билан боғловчи яна бир катта кўча кейинроқ, 1884–1895 йилларда, полковник Абграль бошчилигида қурилган. Кўчалар бир-бирига параллел ётқизилган бўлиб, шимолдан жанубга томон йўналган, берк кўчалар уларга перпендикуляр тарзда жойлашган. Николькоеда мактаб (1885 йили Айходжинов томонидан қурилган, майдони 300 сажень, 1 бино, 6 хона), қишлоқ хўжалиги билим юрти 1891 йили қишлоқнинг жанубий қисмида Туркариққа яқин ерда), Турбат (Туркистон баталёни) амбулатория пункти (1891 йили Зокирхўжа Имонов уйини ижарага олган), полиция пункти, Минерал сувлар ва вино маҳсулотлари заводи (1889 йили Белоклоновнинг уйида очилган. Никольскоенинг ўзида 1890 йилдан вино сотиш ман этилган, гўё қишлоқнинг ҳали бутунлай қуриб битказилмаганлиги сабабли, шу боис завод виноси Тошкентда сотилган) каби муассасалар бўлган. Қишлоқ аҳолиси ғаллачилик ва чорвачиликдан ташқари устачилик (15 киши), этикдўзлик (4), тикувчилик (14), аравакашлик (6), ғилдирак ясаш (3), темирчилик (3), қандолатчилик (1), виночилик (2), уй қуриш ва таъмирлаш (11), печкачилик ва тош териш (5), ичак тозаловчилар (2), теричилик (10), каштачилик (4), кир ювиш (1) кабилар билан машғул бўлган.
Давр мобайнида Никольское қишлоғининг аҳолиси кўпайиб борган. Турар жойлар сони ортган. Бозор кунлари, Тошкентга яқинликни ҳисобга олган ҳолда, сешанба ва шанба кунларига белгиланган. (Тошкентда бозор кунлари, асосан – чоршанба ва якшанба кунлари бўлган). Сабаби – бу ерда одамлар Чирчиқ ва бошқа узоқроқ жойлардан келиб маҳсулотларини сотиб кетганлар. Никольское аҳолиси кўпинча воситачи савдогарлар вазифасини бажарган, шунингдек, Тошкентлик савдогарлар шу ердан мол харид қилганлар.
Никольское қишлоғининг тарихига оид маълумотлар ўрганилаётган даврда мазкур ҳудудда маҳаллий ва кўчиб келган европали аҳоли ҳаётида содир бўлган ўзгаришлар, уларнинг янгича турмуш тарзи билан танишиш имконини беради ва, шунингдек, умуман Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудида вужудга келаётган рус қишлоқлари, шаҳар билан алоқалари ҳақида ҳам тасаввур ҳосил қилишда ёрдам беради.
Х.Бўриева
Тошкент шаҳрининг тарихий топонимияси






Изоҳлар