Тошкент Россия томонидан босиб олинганидан сўнг чор ҳукумати янги шаҳарнинг сиёсий ва иқтисодий соҳалари билан бир қаторда ўз болалари учун мактаблар ташкил этиш ишларини жадаллик билан олиб борди. Туб аҳолининг маориф соҳасига назар ташласак, бу ерда деярли хар бир маҳаллада жойлашган масжидларда бошланғич маълумот берувчи мактаблар мавжуд бўлган. 13-14 ёшларда бу мактабларни тугатган ўқувчилар мадрасаларда ўқишни давом эттиришлари мумкин бўлган. Мадрасаларда талабаларга илмий ва диний фанлардан таълим берилган. Туркистон ўлкаси аҳолисининг асосий маориф негизи айнан мана шу мактаб ва мадрасаларга бориб тақалган.
Чор ҳукумати мустамлака бошқарувининг дастлабки йилларидаёқ Тошкент шаҳрининг эски қисмидаги мактаб ва мадрасаларнинг ролини заифлаштириш ва ўлкада рус мактабларини жорий этиш ишларини режалаштирган эди. Эски шаҳардаги ўқув даргохлари ўқувчиларига мустамлакачилик сиёсатига қарши турувчи гурухлар сифатида қараларди. Дастлабки йилларда чор ҳукумати туб аҳолинингг маориф соҳасига аралашмаган бўлсада, уни домий равишда назорат остига олган. У ердаги ўқув системасини секин-асталик ва эҳтиёткорлик билан тугатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Туркистон ўлкасининг генерал-губернатори К.П.Кауфман ҳам айнан шу сиёсатнинг асосчиларидан бири эди. У «маҳаллий мактабларни куч билан, яъни зўравонлик билан йўқ қилиш хавфли бўлса, уларни сезиларли даражада йўқ қилиб бориш биз учун шунчалик фойдали ва манфаатлидир» — деб бежиз айтмаган эди.
Асрлар давомида ўз миллий қадрияти, анъаналари ва илм даргоҳларига эга бўлиб келган халқ мустамлакачиларнинг сиёсий, итқтисодий-ижтимоий, жумладан маданий соҳадаги янги қонун ва тартибларини тан олмади. Туб аҳоли учун мусулмон мактаблари кейинчалик ҳам асосий таълим муассасалари бўлиб қолаверган.
К.П.Кауфман томонидан ташкил этилган Халқ таълими Махсус (Особая) комиссияси «халқ таълимининг ривожланиши рус манфаатларига хизмат қилиши кераклигини» алохида таъкидлаб ўтган.
Эски шаҳар ёнгинасидаги барпо этилган янги шаҳарда ташкил этилган дастлабки мактабларда асосан рус ҳарбийларнинг болалари тахсил олган.
Тошкент шаҳри «янги» қисмидаги мактаб таълимининг ривожланишига Жуйкова деган аёл ихтиёридаги ўғил ва қиз болалар учун 1866 йил 1 июлда биринчи рус мактабининг очилиши асос бўлди. Бу ерда зобитларнинг болаларидан ташқари унтер-зобитлар, мирзалар, аскарларнинг болалари ҳам ўқир эдилар. 1867 йилда бу мактабда 11 қиз ва 7 ўғил бола ўқиган. Уларга дуолар, қисқача дин тарихи, ёзув ва қўл ҳунармандчилиги ўргатиларди. 1869 йилги маълумотларга кўра, бу мактаб ихтиёрий хайр-эхсонлар ва қисман давлат ҳисобидан таъминланиб турилган.
1869 йилда олий насабликларнинг ҳар иккала жинсдаги болаларининг IV синфли билим юрти, гимназияга киришлари учун тайёрлайдиган Пахертнинг хусусий пансиони очилган эди. Ўқитувчилар амалдорлар, зобитлар ва уларнинг хотинларидан иборат бўлиб, у ерда 50 та ўқувчи тахсил олган.
1870 йилда Тошкентда Туркистон ўлкасида мактаб ишини ташкил этиш ҳақидаги масалани муҳокама қилиш учун ҳайъат тузилди. Улар томонидан тузилган лойиҳа бўйича:
1) оддий рус кишиларининг болалари учун билим юрти очиш, бунда болаларга бошланғич (элементар) таълим бериш;
2) Гимназия таълимини олишни хохлаган амалдорлар, савдогарлар ва бошқа шахслар болалари учун билим юрти очиш, оддий болалар эса туб аҳоли учун очилган мактабларда ўқишлари мумкин» деган мақсад илгари сурилган эди.
1871 йилда шаҳарнинг янги қисмида ҳунарга ўргатиладиган уч синфли халқ мактаби фаолият кўрсата бошлади.
1876 йилда эркаклар ва аёллар гимназияси очилиб, унда 1878/79 ўқув йилида қуйидаги фанлар ўқитилган: рус, француз, немис, лотин, юнон тиллари, дин ақидалари, математика, тарих, жўғрофия, чиройли ёзув ва расм. Аёллар кичик гимназиясида мазкур фанларга қўшимча равишда қўшиқ ва мусиқа, гимнастика ва рақс, шунингдек, ҳунар бўйича машғулотлар олиб борилган. Кейинчалик ўқув дастури кенгайтирилган. Унда физика, геометрия, алгебра, ботаника, минералогия, зоология каби фанлар киритилган.
1881 йилдан эркаклар кичик гимназияси саккиз синфли гимназияларга айлантирилган, 1887 йилдан эса аёллар кичик гимназияси – етти синфли гимназияга айлантирилган. Бу ҳар икки гимназия ўрта таълим мактабига тўғри келган. Шуни таъкидлаш жоизки, шаҳарнинг «янги» қисмини кенгайиб бориши ва аҳоли сонини кўпайиши гимназия тармоқларини ривожланишини талаб қилсада, бу муаммо ҳал этилмади. Масалан, агар 1877 йилда эркаклар гимназиясида 96 одам ўқиган бўлса, 1891 йилда – 279, 1910 йилда эса – 500 та ўқиган. Аёллар гимназиясидаги ўқувчилар 1877 йилдаги 100 тадан 1910 йилда 700 тага ўсган.
1877 йилда ўлкада халқ ўқув юртлари нозири (инспектори) лавозими таъсис этилди. У Туркистон ўлкаси бошланғич халқ билим юртлари, рус ва бошқа қуйи ўқув юртларига мудирлик қилган. Шу муносабат билан генерал-губернатор қошидаги ўқув ишлари бўйича махсус топшириқларни бажарувчи катта чиновник лавозими тугатилди. Ўлкада ўқув ишлари бўйича бошқарма Халқ таълими вазирлиги ихтиёрида бўлган, бу халқ таълимининг бир оз бўлсада ривожланишига имкон туғдирган.
Туркистон ўлкаси ўқув юртлари бошқаруви штат бўйича қуйидагилардан: бош нозир, котиб ва котиб ёрдамчиси (йиллик маоши 7 800 рубль бўлган) иборат бўлган.
Туркистон ўлкасида ўқитувчилар тайёрлайдиган ягона ўқитувчилар семинарияси мавжуд эди. У 1879 йил 30 августда Тошкентда очилиб, бу ўқув юрти Туркистон ўлкаси рус ва рус-тузем бошланғич мактаблари учун ўқитувчилар тайёрлаши керак бўлган. Ўқув юртини таъсис қилар экан, чор ҳукумати, биринчидан, ўлкада бошланғич мактаблар ўқитувчиларига бўлган тахчилликни тўлдиришни, бу фаолиятга маҳаллий ёшларни жалб этишни, иккинчидан, “маърифат йўли билан маҳаллий аҳолини рус аҳолиси билан яқинлаштириш ва бу билан ўлкада рус фуқаролигини жорий қилишга имкон туғдиришни” кўзда тутган эди.
Семинария очилишида бош нозирни таъкидлашича, билим юртининг вазифаси рус маърифатини ёйиш йўли билан “ўзга насабли аҳоли (туб аҳолии назарда тутилмоқда) билан ҳамкорлик қилиб, уни рус халқи билан яқинлаштириш…, тайёр ўқитувчиларни ўлка қуйи билим юртларига етказиб бериш, токи уларнинг шогирдлари ўқиши тугагандан кейин ўзга насаб (туб аҳолии назарда тутилаяпти — Ж.И.) таълими ишида бемалол ишлаб кета олсинлар.
1881 йил 28 январда Туркистон ўқитувчилар семинариясида қозоқ тили фани киритилди. Кауфман сўзлари бўйича, мазкур тилнинг киритилишига сабаб қозоқлар болаларини ўқув юртларига жон деб берадилар, улар кўчманчи ҳаёт тарзи кечирсаларда, маданий жиҳатдан ўзбек ва тожикларга қараганда анча киришимлироқ. Унинг фикрича, қозоқ тили туркий тилларга мансуб бўлиб, уни ўзбеклар ҳам, тожиклар ҳам бемалол тушунадилар. Бироқ Кауфманнинг умидлари оқланмади, зеро 1898 йилда янги генерал-губернатор Розенбах ўзининг халқ таълими вазирига билдиргисида:
“Сарт (ўзбек – И.Ж.) ва форс (тожик – И.Ж.) тилларини ўрганмай туриб, маҳаллий мактабда ўқитувчиларнинг бир нарсага эришишларига кўзим етмайди… Рус-тузем мактаблари тизими тажрибаси кўрсатдики, фақат қирғизлар (қозоқлар) биз билан яқинлашишга иштиёқманд эмас, балки сартлар ҳам шундай… Бу тилларнинг фойдалиги тўғрисида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Туркистон ўлкаси ҳудудларида асосан икки тил истеъмол қилинади, булар ўз адабиётига эга бўлган сарт ва форс тилларидир. Айтиб ўтганимдек, бу тилларни билиш ҳам мавжуд, ҳам энди очиладиган тузем (маҳаллий) мактаблар ўқитувчилари учун зарур”.
Розенбахнинг бу жонли мулоҳазаларини ҳукумат қабул қилади ва ўша йилиёқ қозоқ тили ўрнига дастурга ўзбек ва тожик тиллари киритилади. Семинария ўқиши 4 йилга мўлжалланган эди. Бу ерда қуйидаги фанлар ўқитиларди: дин ақидалари, рус, славян тиллари, математика, арифметика, физика, алгебра, жўғрофия, тарих, чиройли ёзув, чизмачилик, расм, қўшиқ, гимнастика, мусиқа; шунингдек, муқовасозлик, дурадгорлик, этикдўзлик, боғбончилик, полизчилик бўйича ҳам машғулотлар олиб борилган. Семинария қошида кутубхона ишлаб турган. Унинг бисотида 8 239 жилд китоб бўлган. 1888/89 йилларда у яна 50 номдаги китоб олган. Физика хонаси 250 ускуна билан жиҳозланган. Тарих, жўғрофия ва расм бўйича 399 ўқув қўлланмаси бўлган. Семинария фаолият кўрсатган 19 йил мобайнида (1879-1898 йй.) 308 ёшларга таълим берган, шулардан руслар — 259 (84 %), ўзбеклар — 6 (2 %), қозоқлар 40 — (15 %), татарлар — 2 (0,7 %), немислар — 1 (0,5 %)кишидан иборат бўлган.
1987 йилда семинария ва эркаклар гимназиясида учтадан ўзбек ўқиган холос.
Ижтимоий таркиби бўйича семинариядаги ўқувчилар 1879-1898 йиллар мобайнида қуйидагича бўлган: савдогарлар ва бойларнинг болалари 101 (39 %), дворян ва амалдорларнинг болалари – 54 (17 %), туб аҳолининг болалари – 46 (15 %), қозоқлар – 44 (14 %), аскарларнинг болалари – 38 (12 %), деҳқонларнинг болалари – 18 (5 %), руҳоний шахсларнинг болалари – 7 (2 %).
Шундай қилиб, семинарияда асосан ҳукмдор синф болалари ўқиган. Гарчи туб аҳоли болаларининг табақалари кўрсатилмаган бўлсада, уларнинг кўпчилиги маҳаллий амалдорларга тегишлилиги ўз-ўзидан аён.
Семинария битирувчиларини иш билан таъминланишлари ҳам қизиқарли, албатта. Масалан, 1898 йилдаги битирувчилардан 113 (42 %) нафари ўқитувчи бўлиб, 113 нафари ёрдамчи ўқитувчи бўлиб ишлаган. 73 (27 %) нафари зобит, турли банкларда, хазиналарда, давлат ва жамоат муассасаларида, хусусий шахсларда хизматчи бўлган, 24 (9 %) нафари таржимон бўлган, 9 (3 %) нафари ишга жойлашмаган, 12 (14 %) нафари халок бўлган. Бинобарин, битирувчиларнинг талай миқдори ўқитувчилик билан машғул бўлган.
1879 йилга келиб шаҳарнинг “янги” қисмида 5 ўқув юрти фаолият кўрсатган: эркаклар ва аёллар гимназияси, ўқитувчилар семинарияси, 4 синфли билим юрти, аёллар билим юрти. Уларда 543 ўқувчи таълим олган. Шу йили хусусий мактаблар пайдо бўлиши ҳисобига ўқув юртлари 7 тагача кўпайган.
1871-1891 йилларда шаҳарда фақат битта, 1892 йилда эса Марчевская ва Золотовага қарашли иккита хусусий мактаб ишлаган. 1896 йилги маълумотларга қараганда, бу мактабларда хаммаси бўлиб 66 та ўқувчи тахсил олган.
Бундан ташқари Михайловская ва Суравецкаянинг хусусий мактаблари ҳам пайдо бўлди. Мазкур мактаблар учинчи тоифали билим юртига тўғри келган.
80-йилларда шаҳарнинг “янги” қисми Туркистон ўлкасидаги йирик маърифат марказига айланди. Жумладан, Сирдарё вилоятида 27 ўқув юрти бўлиб, 1680 ўқувчи ўқирди, унинг қарийб ярми Тошкент “янги” қисмига тўғри келган. Бу ерда 2 гимназия, ўқитувчилар семинарияси ва 839 ўқувчиси бўлган 8 бошланғич мактаб бор эди.
Бу даврда ўқув юртларининг умумий молиявий ҳаражати 180 293 рублни ташкил этган, шу жумладан хазинадан 119 195 рубль ажратилган, аҳолидан йиғиладиган солиқ 44 129 рубл бўлган, шаҳар бюджети ҳаражатлари 16 969 рублни ташкил этган. Дастлабки маблағ ичида халқ таълими вазирлиги сметаси бўйича ассигнация (91 771 рубль) ва ҳарбий вазирликдан ажратилган маблағ (27 424 рубль) ҳам бўлган.
Шундай қилиб, халқ таълими вазирлиги маблағнинг ярмидан кўпроғини асосан янги шаҳардаги маорифни ривожлантиришга сарфлаган.
Юқорида айтиб ўтканимиздек, XIX аср охирида шаҳар “янги” қисми ҳудуди ва аҳолисининг миқдори ортган. Бир вақтнинг ўзида ўлкани мустамлакага айлантириш ҳам кучайиб борган. Бу халқ таълими тармоғини янада кенгайишига олиб келган, 1887 йилги маълумотлар шундан далолат беради.
Маълумотларга кўра, энг йирик ўқув юрти аёллар гимназияси бўлган. Ундан кейин эркаклар гимназияси келган. Ўқувчиларнинг талай миқдори Реал ва 4 синфли эркаклар шаҳар билим юртларига тўғри келган. ҳунар билим юртида дурадгорлар, темирчилар, токарлар ва чилангарлар тайёрланиб, кейинчалик улардан пахта тозалаш заводларида фойдаланганлар.
Сирдарё вилояти шарҳи маълумотларига кўра, 1893 йилда ўқув юртлари ўқувчилари таркиби (шу жумладан 4 рус-тузем мактаблари) диний эътиқодлар бўйича қуйидагидек бўлган: православлар – 79 %, мусулмонлар – 12,04 %, яҳудийлар – 6,58 %, католиклар – 2,62 %, лютеранлар – 0,8 %.
Шундай қилиб, ўқувчилар асосан руслар, қисман ўзбеклар ва қозоқлардан иборат бўлган. Бундай ҳол кейинчалик ҳам сақланиб қолган. Жумладан, 1899 йилда 2115 ўқувчидан 1638 таси проваслав, 301 таси мусулмон, 121 таси яхудий, 40 таси католик, 15 таси лютеран бўлган.
Шаҳарда халқ таълимининг йўлга қўйилиши ва ривожланишига Дума ўз ҳиссасини қўшиб келган. У нафақат унинг фаолиятини назорат қилган, балки унинг харажатларига маблағ ҳам ажратган. Масалан, 1886 йилда Дума ўз бюджетидан халқ таълимига 10410 рубл ажратган .
1885 йилда шаҳарнинг “янги” қисмида синагог тасарруфидаги рус-яҳудий мактаби очилди. Бироқ 1886 йил 15 майда ўқувчиларнинг ноқобиллиги ва ота-оналарининг камбағаллиги туфайли у ёпилди. Шу билан бирга бошқа рус-яҳудий мактаби ҳам бор эди. 1885 йилда унда – 32 та, 1897 йилда – 51 та, 1898 йилда эса – 55 та ўқувчи ўқиган. 1898 йилда Маровская ва Михайловскаяга қарашли хусусий мактаблар ҳам ишлаб турган.
Жаннат Исмоилова
ЎзР ФА Тарих институти
ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи давлат музейи
Тошкент – “Fan va texnologiya” — 2004
Ушбу қимматли манбанинг электрон вариантини тақдим этгани учун монография муаллифи Ж.Исмоиловага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.