Зарафшон олтини: қўй териси билан зар ювиш тарихи

• 37

“Зарафшон” номида “зар”нинг мавжудлиги ушбу дарёнинг олтин билан боғлиқлигини кўрсатиб турибди, дейиш мумкин[1]. Халқ орасида қадимдан бу дарё қумидан олтин ювилгани, сувдаги зар зарраларини тутиб қолиш учун эса қўй терисидан фойдаланилгани ҳақида турли ҳикоялар юради. Бу гаплар шунчаки овоза эмас: Зарафшон ҳавзасида ҳақиқатан ҳам олтин ювилганини XIX аср ёзма манбалари тасдиқлайди, қўй териси ёрдамида зар ажратиш жараёнини эса ўлкага келган экспедиция аъзоси бевосита кузатиб, батафсил тасвирлаб қолдирган[2].

Дарё ўзанида олтин учраши геологик жиҳатдан табиий ҳодисадир. Тоғдаги олтинли жинслар емирилганда металлнинг майда зарралари ажралиб чиқади ва сув оқими билан кўчиб, дарёнинг муайян қисмларида қум-шағал орасида тўпланади. Геологияда бундай тўпланмалар “сочма конлар” деб аталади. Олтин қум таркибидаги бошқа кўплаб зарраларга нисбатан анча оғир бўлгани сабабли сувда ювилганда тубга чўкади – дарё қумидан зар ажратиб олиш айнан шу хусусиятга асосланади[3].

Зарафшон ҳавзасидаги бу ҳунарга оид энг аниқ тарихий гувоҳлик 1841 йилги Россия миссияси билан боғлиқ. Бухоро амирининг ўлкадаги фойдали қазилмаларни ўрганишга бўлган қизиқиши К. Ф. Бутенев бошчилигидаги миссия таркибига кончилик мутахассислари ва табиатшунослар киритилишига замин яратган эди. Сафар давомида табиатшунос Александр Леман ва кон муҳандиси П. А. Богословский Самарқанддан Зарафшоннинг юқори оқими томон йўл олиб, тоғли ҳудудларни текширган[4].

Леманнинг сафар ёзувлари унинг вафотидан сўнг, 1852 йилда Санкт-Петербургда немис тилида “1841 ва 1842 йилларда Бухоро ва Самарқандга саёҳат” номи билан нашр этилади. Китобда Зарафшоннинг йирик ирмоғи – Фандарё (Фон) бўйидаги олтин ювиш жараёни батафсил баён қилинган. Варзиманор қишлоғида сайёҳларга яқин атрофдан терилган майда олтин парчаларини кўрсатишади, сўнг икки нафар маҳаллий зар ювувчиси меҳмонларнинг илтимосига кўра бу ишни уларнинг кўз ўнгида бажариб беради.

Зар ювувчиларнинг мосламаси тол новдаларидан тўқилган бўлиб, устига қўй териси тасмалари кўндаланг тикилган дағал мато қопланган эди. Уни қирғоққа қия ўрнатиб, устидаги қум-шағални сув билан ювишган. Йирик тошларни қўлда олиб ташлашган, оғир металл зарралари эса терида ушланиб қолган. Сўнг матони ечиб олиб, ёғоч тоғора устида қоқишган ва чайишган. Тоғора тубида йиғилган чўкинди яна қайта ювилиб, олтин зарралари қора минерал аралашмасидан ажратиб олинган[5].

Сувга тери халта (меш) тушириб олтин олиш ҳақидаги бошқа бир хабар 1820 йилги Россия миссияси қатнашчиси Егор Мейендорфнинг “Оренбургдан Бухорога саёҳат” асарида, кейинроқ эса К. Ф. Бутеневнинг 1842 йилда “Горный журнал”да босилган “Бухоронинг минерал бойликлари” мақоласида учрайди. Унда Дарвоз томонларда маҳаллий аҳоли қўй ёки ёввойи эчки терисидан ясалган мешни арқонга боғлаб дарёга ташлаши, меш ичига лойқа ва қум билан бирга олтин ҳам кириб тўпланиши ҳақида сўз боради. Бироқ бу маълумот Зарафшонга эмас, Панж дарёси ҳавзасига тааллуқлидир[6].

Зарафшоннинг ўзи ҳақида эса Бутенев дарё бўйидаги айрим кишилар бўш вақтида қумдан олтин ювишини, аммо экспедиция текшириб кўрган қум намуналарида олтиннинг жуда оз излари топилганини қайд этади[7]. Айни чоғда муаллиф амалий кузатувлар қаторида маҳаллий халқ ривоятини ҳам ёзиб қолдирган. Унга кўра, бухороликлар орасида Искандар Зулқарнайн сув босган Бухоро атрофини қуритиш учун Зарафшоннинг бошланиш жойида олтиндан тўғон қургани, кейинчалик дарё суви уни ювиб, олтин зарраларини қуйи оқимга оқизиб тушгани ҳақида ҳикоя юрган[8].

Қўй териси билан олтин тутиш усулининг қадимий ўхшашлари антик давр манбаларида ҳам учрайди. Жумладан, Страбон ўзининг “География” асарида Кавказдаги тоғ оқимлари олтин келтириши ва маҳаллий аҳоли уни тешикли новлар ҳамда юнгли терилар ёрдамида тутиб олишини баён қилиб, машҳур “Олтин мўйна” афсонасини шу амалиёт билан боғлайди[9]. Зарафшон водийсининг ўзида эса металлга ишлов бериш анъаналари XIX асрдан бир неча минг йил аввал шаклланганини археологик тадқиқотлар кўрсатади: хусусан, милоддан аввалги IV мингйилликдан III мингйиллик охиригача гуллаб-яшнаган Саразм манзилгоҳи аҳолиси металлургияда, айниқса, мис ва қалай билан ишлашда юксак маҳоратга эришган эди[10].

Зарафшон олтини ҳақидаги манбалар маҳаллий аҳолининг асрлар давомида шаклланган амалий билимини ўзида сақлаб қолган. Олтинли қумни таниш, сув оқимидан унумли фойдаланиш ва майда зарраларни ажратиб олиш учун катта тажриба ҳамда сабр-тоқат керак эди. Дарёнинг “олтин сочувчи” деган номи ортида ана шу заҳматли меҳнат тарихи ҳам бор.

 

Манбалар:

[1] Ўзбекистон миллий энциклопедияси, «З» ҳарфи жилди, «Зарафшон» мақоласи. Тошкент: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти («Зарафшон» мақоласининг электрон матни; «З» жилди PDF нусхаси)

[2] 1) Alexander Lehmann. Alexander Lehmann’s Reise nach Buchara und Samarkand in den Jahren 1841 und 1842: nach den hinterlassenen Schriften desselben bearbeitet, und mit Anmerkungen versehen von G. v. Helmersen (Beiträge zur Kenntniss des Russischen Reiches und der angränzenden Länder Asiens, Bdch. 17). Санкт-Петербург: Императорская Фанлар академияси босмахонаси, 1852, 122–123-бетлар. Рақамли нусха 1852 йилги матннинг нашридан олинган; кўрсатилган рақамлар китоб саҳифаларига тегишли (Миллий электрон кутубхона — НЭБ каталоги ва рақамли нусхаси). 2) К. Ф. Бутенев. «Минеральные богатства Бухарии» // Горный журнал, 1842, IV қисм, XI китоб (ноябрь), 137–148-бетлар (Белинский номидаги кутубхона электрон архиви)

[3] Сочма олтиннинг ҳосил бўлиши ва олтин хусусиятлари бўйича қар.: Warren Yeend, Daniel R. Shawe, Kenneth L. Wier. Gold in Placer Deposits. U.S. Geological Survey (USGS) Bulletin 1857-G, 1989 (USGS расмий саҳифаси; тўлиқ ҳисобот PDF нусхаси)

[4] С. В. Дмитриев. «Этнография таджиков в трудах российских ученых XIX — начала XX в.» // Таджики: история, культура, общество (тузувчи-муаллиф Р. Р. Рахимов, масъул муҳаррир М. Е. Резван). Санкт-Петербург: МАЭ РАН (Кунсткамера), 2014, 67–68-бетлар (Кунсткамера нашри)

[5] Alexander Lehmann. Reise nach Buchara und Samarkand in den Jahren 1841 und 1842. G. von Helmersen таҳририда. Санкт-Петербург, 1852, 122–123-бетлар (НЭБ каталоги; нашр серияси ҳақида маълумот)

[6] Е. К. Мейендорф. Путешествие из Оренбурга в Бухару (пер. Е. К. Бетгера; илк бор 1826 йилда Парижда француз тилида чиққан). Москва: «Наука», 1975, II қисм, V боб, 78–79-бетлар ва таҳририятнинг 40-изоҳи (русча нашр матни ва изоҳлари — VostLit; DrevLit); К. Ф. Бутенев, ўша мақола, 141-бет (электрон нашр)

[7] К. Ф. Бутенев. «Минеральные богатства Бухарии» // Горный журнал, 1842, IV қисм, XI китоб, 138-бет (электрон нашр)

[8] К. Ф. Бутенев, ўша мақола, 139–140-бетлар (электрон нашр)

[9] Страбон. География, XI китоб, 2-боб, 19-параграф (матннинг инглизча таржимаси — Чикаго университети)

[10] UNESCO World Heritage Centre. Proto-urban Site of Sarazm (ёдгорликнинг расмий тавсифи)

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *