Чор Россиясида ўзбек тили ўқитилганми?

• 74

Ўзбек тилининг Россия олий таълимида ўрганилиши фақат совет даври билан боғлиқ эмас. Бу жараённинг айрим илдизлари Чор Россияси давридаги шарқшунослик таълимига бориб тақалади.

Санкт-Петербург давлат университети Шарқ факультети доценти, филология фанлари номзоди А.И. Пилевнинг “Санкт-Петербург университетида ўзбек ва чиғатой тиллари: ўтмиш ва бугун” номли мақоласида қайд этилишича, Россияда чиғатой тилини ўқитиш анъаналари XVIII-XIX асрлардаги шарқшунослик таълими доирасида шаклланган.

Ўша даврда “ўзбек тили” атамаси ҳозирги маънода кенг қўлланмаган. Манбада бу тил асосан “чиғатой тили”, “ўртаосиё туркийси” ёки туркий-татар тиллари доирасида ўрганилгани кўрсатилади. Бу курсларда классик муаллифлар асарлари, ўзбек дипломатик ҳужжатлари ва Марказий Осиё туркий ёзма ёдгорликлари ўқитилган.

А.И. Пилевнинг ёзишича, Санкт-Петербург университетида 1854 йилда Шарқ тиллари факультети ташкил этилгач, туркий тилларни ўрганиш тизимли тус олган. Профессор И.Н. Березин талабаларга чиғатой тили грамматикаси, морфологияси ва синтаксисини ўргатган, тарихий-адабий манбаларни ўқиш ҳамда таржима қилиш машғулотларини олиб борган.

1885 йилги имтиҳон талабларида талабалар чиғатой ва татар тармоқларининг фарқларини билиши, “Шажараи турк”, Бобурнинг шеърий матнлари, Навоийнинг “Хамса”сидан парчалар ва ўзбек ҳужжатларини ўқий олиши лозимлиги белгиланган. Бу ҳолат ўзбек ёзма мероси Россия университет таълимида ўрганилганини кўрсатади.

Бундай тилларни ўқитишнинг амалий сабаблари ҳам бўлган деб тахмин қилиш мумкин. Чор Россияси учун Шарқ тилларини, жумладан чиғатой ва ўртаосиё туркийсини билиш дипломатик алоқалар, савдо муносабатлари, маҳаллий ҳужжатларни ўқиш ва таржима қилиш, шунингдек, Марказий Осиё тарихи ва сиёсий муҳитини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга эди.

Шу маънода, бу таълим империянинг Марказий Осиё билан боғлиқ маъмурий, илмий ва амалий эҳтиёжлари билан ҳам боғлиқ бўлган. Тилни билиш маҳаллий манбаларни ўрганиш, ҳудуд ҳақида маълумот тўплаш, маҳаллий элита билан мулоқот қилиш ва шарқшунос кадрлар тайёрлаш жараёнида қўл келган.

XX аср бошларида ҳам бу анъана давом этган. 1914-1916 йилларда Санкт-Петербург университетида “ўртаосиё-турк ёзма тили”, яъни чиғатой тили грамматикаси ўқитилган, талабалар XV-XVI аср адабий намуналарини ўқиб, грамматик таҳлил қилган. 1916-1918 йилларда эса чиғатой тили бўйича махсус машғулотлар ҳафтасига 2 соатдан ўтказилган.

Хулоса қилиб айтганда, Чор Россиясида ҳозирги маънодаги “ўзбек тили” номи билан эмас, балки чиғатой тили ва ўртаосиё туркийси сифатида ўзбек тилининг тарихий-адабий асослари ўқитилган. Бу жараён ўзбек тили ва адабиётини илмий ўрганиш анъанаси шаклланишига таъсир кўрсатган.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *