Айнулар: Япония шимолидаги қадимий туб халқ
• 108
Айну халқи Шимолий Япония ва Охот денгизи ҳафзаси тарихида муҳим ўрин тутган туб аҳолидир. “Айну” сўзи айну тилида “одам”, “инсон” маъносини англатади; айнулар ўз юртини кўпинча Айну мосир – “айну ери” ёки “инсонлар ери” деб атаганлар[1]. Уларнинг тарихий яшаш ҳудуди ҳозирги Хоккайдо, Сахалин жануби, Курил ороллари, Камчатка жануби ва Амур ҳавзаси билан боғлиқ бўлган[2].
Айнулар ҳақида гап кетганда, кўпинча уларнинг ташқи қиёфаси тилга олинади. XVII-XIX асрлардаги европалик сайёҳлар айнуларни японлардан фарқли кўриб, уларни баъзан европоидларга яқин деб тасвирлаган. Аммо бугунги антропология ва генетика бундай содда таснифларни эҳтиёткорлик билан қабул қилади. Айнуларни “европаликлар авлоди” деб тушунтириш илмий асосга эга эмас. Замонавий қарашга кўра, айну этногенези Япония архипелагининг қадимги Дзёмон аҳолиси, кейинги Сацумон маданияти ва Охот денгизи бўйи халқлари, жумладан археологияда “Охотск маданияти”[3] деб аталадиган муҳит билан билан узоқ алоқалар натижасида шаклланган мураккаб тарихий жараёндир[4].
Археологик нуқтаи назардан, айнулар Япония оролларидаги энг қадимий маданий қатламлардан бири билан боғланади. Дзёмон даври тахминан милоддан аввалги 14 минг йилликдан милоддан аввалги 300 йилларгача давом этган. Бироқ “айнулар 13 минг йил аввал айнан шу ном билан мавжуд бўлган” дейиш тўғри эмас: у даврда ҳозирги айну этноси эмас, балки кейинчалик унинг шаклланишига асос бўлган қадимги аҳоли ва маданий муҳит мавжуд эди. Айну маданиятининг таниладиган шакли асосан ўрта асрларда, айниқса XIII асрлар атрофида кучлироқ намоён бўлади[5].
Айнулар табиат билан жуда яқин муносабатда яшаган. Уларнинг анъанавий хўжалиги балиқ овлаш, овчилик, теримчилик, денгиз маҳсулотларини йиғиш ва қўшни халқлар билан савдога таянган. Лосось балиғи, буғу, денгиз ҳайвонлари ва ўрмон ўсимликлари кундалик ҳаётда муҳим манба бўлган. Айну қишлоғи котан деб аталган. Котан оддий “қишлоқ”дан кўра кенгроқ маънога эга бўлиб, одамлар яшайдиган манзил, жамоа ҳудуди ва ҳаёт маконини англатган[6].
Қизиғи шундаки, котан сўзи товуш жиҳатидан туркий тиллардаги “қўтон/қотон” сўзларини эслатади. Туркий тилларда “қўтон” кўпроқ мол-қўй турадиган жой, қўра ёки тўпланиш жойи маъносида ишлатилади. Икки сўзда ҳам “яшаш/тўпланиш жойи” семантикаси сезилади, аммо улар ўртасида тарихий-этимологик боғлиқлик борлиги исботланмаган[7].
Айну тилидаги айрим қариндошлик ва диний-маънавий атамалар ҳам туркий тиллардаги баъзи шаклларни эсга солади. Масалан, unu – “она” сўзи туркий она/ана/эне қатори билан, aki/akihi – “ука, кичик биродар” сўзи ака/эке шакллари билан, aca/acha – “амаки, ота, ёши улуғ эркакка ҳурмат билан мурожаат” эса туркий ача/ака/ата каби қариндошлик атамалари билан товуш ва маъно жиҳатидан қизиқ яқинлик кўрсатади. Шунингдек, айну тилидаги kamuy/kamui – “руҳ, илоҳий мавжудот” сўзи қадимги туркий ва сибир халқлари шаманчилик муҳитидаги кам/қам – “шаман, руҳлар билан алоқа қилувчи шахс” сўзини эсга солади. Бу ерда маъно ҳам яқин: иккаласи ҳам руҳий-диний дунёқараш билан боғлиқ. Бироқ бу ўхшашликлар айну ва туркий тиллар қариндошлигини исботламайди. Ҳозирги тилшуносликда айну тили одатда алоҳида тил оиласи сифатида қаралади[8].
Айнуларнинг дунёқарашида табиат тирик ва маъноли олам сифатида тасаввур қилинган. Улар турли мавжудотлар, ҳодисалар ва буюмларда камуй – руҳий куч ёки илоҳий мавжудлик бор деб билганлар. Айниқса айиқ билан боғлиқ маросимлар, муқаддас инов таёқчалари, оғзаки достонлар – юкар – айну маданиятининг энг машҳур жиҳатларидандир. Бу маданият ёзувдан кўра оғзаки хотира, маросим ва ҳунармандчилик орқали авлоддан-авлодга ўтган[9].
Япон давлатчилиги шимолга кенгайган сари айнулар билан муносабатлар кескинлашди. VII-IX асрлардан бошлаб Ямато давлати Хонсюнинг шимолига босим ўтказди; кейинчалик Хоккайдо, Сахалин ва Куриллар япон, рус ва минтақавий кучлар манфаатлари кесишган ҳудудга айланди. XV-XVIII асрларда айну жамоалари билан япон савдогарлари ва ҳокимлари ўртасида савдо, солиқ, ер ва сиёсий бўйсунув масалаларида кўплаб зиддиятлар юзага келди[10].
XIX асрда Мэйдзи ҳукумати Хоккайдони расман ўзлаштиришни тезлаштирди. 1899 йилги “Хоккайдонинг собиқ туб аҳолисини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун” номига “ҳимоя” деб аталган бўлса-да, амалда айнуларни ердан, анъанавий ов ва балиқчилик ҳуқуқларидан, тили ва маданий мустақиллигидан маҳрум этган ассимиляция сиёсатининг бир қисми эди[11]. Натижада кўплаб айнулар япон мактаблари, япон тили, янги ер муносабатлари ва иқтисодий қарамлик орқали ўз анъанавий ҳаёт тарзидан узоқлаштирилди.
Шу сабабли XX асрга келиб айну тили ва маданияти жиддий хавф остида қолди. 1966 йилга келиб айну тилида эркин сўзлаша оладиганлар сони жуда камайгани қайд этилади. Бу – айнулар бутунлай йўқолиб кетганини эмас, балки уларнинг тили ва анъанавий маданияти кучли ассимиляция босими остида қолганини кўрсатади[12]. Бугун айну тили кўпинча “йўқолиш хавфидаги” ёки “уйқудаги” тил сифатида тилга олинади; шу билан бирга уни қайта ўрганиш, ўқитиш ва ёзиб қолдириш ишлари давом этмоқда[13].
Бугун Японияда айнулар расман туб халқ сифатида тан олинган. 2008 йилда Япония парламенти айнуларни туб халқ деб эътироф этишга чақирувчи резолюция қабул қилди, 2019 йилда эса айну халқини қўллаб-қувватлашга оид қонун қабул қилинди[14]. 2020 йилда Хоккайдонинг Сираой шаҳрида Упопой – Миллий айну музейи ва парки очилди; у тил, тарих, турмуш, дунёқараш, мусиқа ва ҳунармандчиликни тиклаш марказларидан бирига айланди[15].
Айну халқи тарихи Шимолий Япония ва Охот денгизи бўйи ҳудудларининг этник, маданий ва сиёсий жараёнларини тушунишда муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг тарихи қадимги археологик маданиятлар, денгизга таянган хўжалик, япон давлатчилигининг шимолга кенгайиши ва замонавий туб халқ ҳуқуқлари масалалари билан чамбарчас боғлиқ. Бугун айну тили ва маданиятини ўрганиш, ҳужжатлаштириш ва қайта тиклаш ишлари давом этмоқда; бу жараён айнуларни фақат ўтмиш объекти эмас, балки ҳозирги Япония жамиятининг фаол маданий қисми сифатида кўриш зарурлигини кўрсатади.
Манба ва изоҳлар:
[1] Encyclopaedia Britannica, “Ainu” britannica.com/topic/Ainu
[2] The Foundation for Ainu Culture, “Ainu people – History and Culture” ff-ainu.or.jp
[3] Охотск маданияти – археологияда тахминан V-XIII асрларга оид, Охот денгизи бўйи ҳудудлари, айниқса Сахалин, Курил ороллари ва Хоккайдонинг шимолида тарқалган маданий комплекс номи. У денгизга таянган хўжалик, балиқчилик, денгиз ҳайвонларини овлаш, суяк ва тош буюмлар, ўзига хос сопол идишлар ҳамда шимолий ҳудудлар билан алоқалар орқали тавсифланади
[4] Mark J. Hudson, Ruins of Identity: Ethnogenesis in the Japanese Islands, University of Hawai‘i Press, 1999
[5] Mark J. Hudson, Ruins of Identity: Ethnogenesis in the Japanese Islands, University of Hawai‘i Press, 1999; The Foundation for Ainu Culture, “Ainu people – History and Culture.” ff-ainu.or.jp
[6] John Batchelor, An Ainu-English-Japanese Dictionary, Tokyo: Methodist Publishing House, 1905. Internet Archive
[7] Batchelor, An Ainu-English-Japanese Dictionary; қиёсий туркий шакллар учун қаранг: Gerard Clauson, An Etymological Dictionary of Pre-Thirteenth-Century Turkish, Oxford, 1972
[8] Batchelor, An Ainu-English-Japanese Dictionary; Juha Janhunen, ed., Handbook of the Ainu Language, De Gruyter, 2022; туркий кам/қам ҳақида қаранг: Clauson, An Etymological Dictionary of Pre-Thirteenth-Century Turkish
[9] Smithsonian Institution, Ainu: Spirit of a Northern People, National Museum of Natural History / University of Washington Press, 1999
[10] Brett L. Walker, The Conquest of Ainu Lands: Ecology and Culture in Japanese Expansion, 1590-1800, University of California Press, 2001
[11] Richard Siddle, Race, Resistance and the Ainu of Japan, Routledge, 1996; Walker, The Conquest of Ainu Lands
[12] Janhunen, Handbook of the Ainu Language
[13] Janhunen, Handbook of the Ainu Language; The Foundation for Ainu Culture, “Ainu people – History and Culture.”
[14] Sayuri Umeda, “Japan: Official Recognition of Ainu as Indigenous People,” Library of Congress, 2008; Japan, Act on Promotion of Measures to Realize a Society in which the Pride of the Ainu People is Respected, 2019
[15] Upopoy, National Ainu Museum and Park. ainu-upopoy.jp/en







Изоҳлар