Хитой императорларини ўзлари билан ҳисоблашишга мажбур қилган хонлар

• 156

… Норбўтабийдан сўнг Қўқон тахтига унинг тўнғич ўғли, хон унвонини олган Олим ўтирди (1798—1810). Қўқонлик муаллифларнинг ёзишича, «Олимхон жасур бир подшоҳ эди». Унинг даврида Қўқон ўзига Тошкент, Қоратегин, Дарвоз ва Бадахшон мулкларини бўйсундирди. Қўқон тарихчиларининг хабар беришича, Олимхон Қашқарга ҳам қўшин тортиб, уни забт этган. “Тарихи Шоҳрухий” асарида Олимхоннинг Қашқарни бўйсундириши ҳақида қуйидаги маълумотлар келтирилган: «Катта боболари Хитой хоқонлари хизматида бўлган, бир неча йилдан буён [хитойликларга] итоат қилишни истамай ва [уларга] ўлпон тўламай келган Қашқарнинг етти шаҳар ҳокимлари бизга (Қўқонга) бош эгиб, заррача қаршилик кўрсатмасдан амрларимизга бўйсундилар ҳамда етти шаҳарда [яшовчи] андижонликларнинг ишларини назорат қилишни ихтиёримизга топширдилар. Шу билан бирга, ҳар йили Қўқон ва Тошкент ҳукмдорлари учун [йўлга қўйилган] карвонлар қаторида ўша [етти қашқар] шаҳрининг маҳсулотлари ва совғаларини ўлпон сифатида жўнатиб турдилар, бундан ташқари, [Қашқар] зодагонлари Қўқон ҳукмдорлари ҳузурига ташриф буюрадиган элчилар юборардилар». Бу ерда, шубҳасиз, Олимхоннинг Қашқарга қилган юриши натижасида қўқонликларнинг талаби қондирилгани ҳақида сўз бормоқда ва бу Хитой ҳамда маҳаллий Қашқар манбаларидаги маълумотларга мос келади.

Олимхон даврида Қўқон тезда кучайиб, у билан нафақат қўшнилари – Бухоро амирлари, Хива хонлари, балки Хитой ва Россия ҳам ҳисоблашишга мажбур бўлди. Бу ҳақда XVIII асрга оид расмий Хитой манбаларининг оҳангидан ҳам билиб олиш мумкин. Уларда шундай дейилади: “Бу ва бошқа бурутлар (гап Тян-Шан қирғизлари ҳақида бормоқда. – М. Қ.) Хитой учун ўз чегараларидан ташқаридаги бир қалқон бўлиши мумкин… Агар бирор жой ўзгартириш зарур бўлиб қолса, фақат буйруқ бериш кифоя, бурутлар уни бажо келтирадилар. [Улар орасида] Хитой ҳукуматининг амрларидан қўрқмайдиган, қўқонликларга ўхшаган ёввойи, итоатсиз ваҳшийлар йўқ”.

Узоқ давом этган қизғин музокаралар натижасида Син элчиси Қўқон хонини келиб чиқиши ва обрў-эътибори билан Қашқарда ҳокимиятга даъвогарлик қилиши мумкин бўлган хўжалар устидан назорат ўрнатиш тўғрисидаги битимни имзолашга кўндиради. Бунинг эвазига Син ҳукумати ҳар йили Қўқон хонига, айрим маълумотларга кўра, 250 ёмби, бошқаларига кўра эса, 1000 ёмби кумуш тўлаган ва маълум миқдорда чой етказиб турган.

Хитой манбаларига кўра, 1809 йилда император Сзятсин (асл исми Юн Ян) Олимхонга ўша пайтда Қашқарга келтирилган Қўқон моллари бождан тўлиқ озод этилиши, келгусида эса солиқ икки баробар камайтирилиши ҳақида хабар берган. Син саройининг бундай ён беришига соф сиёсий сабаблар туртки бўлган эди. Шарқий Туркистондаги беқарор вазият хитойликларни ўз ҳудудида хўжаларни яшириб келаётган қўқонликлар билан тил бириктиришга мажбур қилди. Бу хўжалар Шарқий Туркистонни бошқаришга қонуний даъвогар бўлиб, Синлар томонидан босиб олинган ўлкадаги вазиятга исталган пайтда таъсир ўтказа олар эди. Олимхоннинг Қашқарга қилган юриши ва маҳаллий аҳоли томонидан қўллаб-қувватланиши манжур-хитой маъмуриятига Шарқий Туркистонда хўжаларнинг таъсири ҳамон кучли эканини яна бир бор кўрсатди. Син ҳукумати муайян иқтисодий ён беришлар эвазига Қўқоннинг содиқлигига эришишни кўзлаган бўлса, Қўқон ҳукмрон доиралари, ўз навбатида, Қашқарлик хўжалардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга қарор қилди.

Бироқ Қўқон хонлари назорати остида яшаган Қашқар хўжалари Шарқий Туркистонда ҳокимият тепасига қайтиш умидини ҳеч қачон узмаган эдилар. Қўқон хони Умархон ҳукмронлиги даврида Саримсоқнинг ўғли Хўжа Жаҳонгир исён кўтариб, мамлакат ҳокимиятини эгаллаш мақсадида Қўқондан Қашқарга қочишга икки бор уринган. Бироқ ҳар икки сафар ҳам унинг уринишлари муваффақиятсизлик билан якунланган. Умархон Шарқий Туркистоннинг Син маъмурияти билан тузилган келишувга қатъий амал қиларди. “Жаҳонгирхўжа Қашқар вилоятини (округ. – М.Қ.) эгаллаш ниятида яна Қўқондан қочган эди, бироқ амир унинг қочганини эшитиб, дарҳол ортидан қувғин юборди”, – дея хабар беради Қўқон манбаси.

Умархон Синларга кўрсатган хизматлари эвазига ўзи учун айрим манфаатлар ундиришга ҳаракат қилган. 1814 йили Қашқарга Қўқон хонининг элчиси Мирзо Аббос келиб, Жаҳонгир Қашқарга ўтишга уринган вақтда Қўқон хони томонидан ушланганини Қашқар ҳукуматига маълум қилган. Бунинг эвазига Қўқон хони Син ҳукуматидан Қашқарда савдо қилувчи андижонликларнинг ишларини юритадиган ва улардан Қўқон хони фойдасига закот йиғадиган Қозибекнинг Қашқарга киритилишига рухсат беришни сўраган. Бошқача айтганда, гап Қашқарнинг маҳаллий ҳукумати томонидан қўқонлик савдогарлардан йиғиладиган божхона тушумларини Қўқонга ўтказиш ҳақида кетаётган эди.

Бироқ Синнинг Илидаги ноиби Сун Юн Шарқий Туркистон хўжаларининг барча авлодлари ҳалок бўлган деб ҳисоблаб, Умархоннинг талабини кескин рад этди. Қўқон элчисига хонга етказиш учун топширилган жавобда шундай дейилган эди: “Қўқон [Син империяси] чегараларидан ташқарида жойлашган арзимас бир ваҳший мулкдир. Самоий сулола сенга [биз билан] алоқа қилиш ва савдо юритишга изн берди. Шунинг ўзиёқ сенга ҳаддан зиёд марҳамат кўрсатилганидир… Қандай қилиб сен бемаъни умидларга берилиб, Осмоности салтанатидаги қонун-қоидаларни бузишга журъат этдинг?”.

1820 йилда Умархон ўз даъволарини бироз юмшатиб, бу сафар Қашқардаги қўқонлик савдогарларнинг ишларини назорат қилиб турадиган икки нафар қўқонлик оқсоқолни тайинлашни илтимос қилди. Аммо бу илтимос ҳам Син ҳукумати томонидан қўполлик билан рад этилди ва қўқонлик оқсоқоллар Қашқардан қувиб юборилди. “Шунда ўйинга бевосита Жаҳонгирнинг ўзи киритилди”.

Бироқ оқтоғлик хўжаларни Қўқон хонининг оддий қўғирчоқлари деб ҳисоблаш ярамайди. Улар ўз ватанининг ҳақиқий фидойилари эдилар. Оқтоғлик хўжалар Син босқинчиларига қарши курашда Қўқон хонларидан ёрдам ва иттифоқ излаган бўлсалар, Қўқон хонлари эса, ўз навбатида, Шарқий Туркистонга ўз таъсирини ёйиш учун хўжалардан фойдаланишга интилганлар.

Фақат 1822 йилга келиб, Умархон вафотидан сўнггина Жаҳонгир Қўқондан қочишга муваффақ бўлди ва ҳеч бир тўсиқларсиз Олойга етиб бориб, у ерда Қашқарга юриш қилишга тайёргарлик кўра бошлади. Бу ерда унга Андижоннинг собиқ ҳокими Исо додхоҳ ва Қўқон зодагонлари вакили Худоёр мирзо келиб қўшилди. Манбада қайд этилишича: «Бу кишилар қўшилгач, Жаҳонгирнинг иши юришиб кетди».

Жаҳонгир хитойларга қарши мусулмонларнинг муқаддас урушини – ғазовот эълон қилди. Бу урушда Ўрта Осиё халқлари – ўзбеклар, қирғизлар, қозоқлар, тожиклар ва бошқалар жуда фаол иштирок этдилар. 1825 йилга келиб, Жаҳонгир бир неча минг помирлик ва олойлик қирғизни тўплашга муваффақ бўлди ва 1826 йилнинг май ойида улар билан Қашқар округи ҳудудига бостириб кириб, Бешкирам қишлоғида ўрдасини тикди. Қашқар аҳли Жаҳонгирни хитойликлар зулмидан халоскор сифатида кутиб олди ва уни қўллаб-қувватлаб, манжурчи-хитой феодалларига қарши умумхалқ қўзғолонини кўтарди. Жаҳонгир қўшинларига андижонлик Исо додхоҳ қўмондонлик қиларди. Туман дарёси бўйида бўлиб ўтган жангда Илий сзянсзюни бошчилигидаги манжур-хитой қўшинлари Жаҳонгир кўнгиллилари томонидан буткул тор-мор этилди. Тахминан 9 минг кишилик Син қўшинларининг қолдиқлари Қашқар қалъаси – Гулбоққа кириб беркиниб олди, аҳоли томонидан олқишланган Жаҳонгир эса Қашқарга кириб келиб, тантанали равишда ота-боболари тахтига ўтқазилди. У Саййид Жаҳонгир султон унвонини олиб, Қўқон намунасидаги сарой ва ҳарбий унвонларни жорий этди. Исо додхоҳга мингбоши унвонини берди, бошқа сафдошларини ҳам саховат билан тақдирлади. Қирғизлар сардори Атантай унинг маслаҳатчиси бўлди. Қашқар ҳокимбеги – Син Хитойининг одами бўлган ва ўлим жазосига ҳукм этилган Муҳаммад Саййиддан ташқари Қашқарнинг барча беклари ўз мансабларида қолдирилди.

Жаҳонгирнинг муваффақияти бошқа шаҳарлар — Янгиҳисор, Ёрканд ва Хўтанда ҳам Син сулоласига қарши қўзғолонларнинг бошланишига туртки бўлди. Бу шаҳарлар аҳолиси манжур-хитой гарнизонларини йўқ қилиб, Жаҳонгирга қўшилди.

Жаҳонгир қўзғолонини Қўқон хони Муҳаммад Али (1822–1842) ҳам қўллаб-қувватлади. У Жаҳонгирнинг даъватига биноан 10 минг кишилик қўшин билан Қашқар деворлари остига етиб келди. Бироқ Гулбоғни ҳужум билан эгаллашга бўлган уринишлар муваффақиятсизликка учради. Қўқон хони Жаҳонгир билан келишолмай, Қўқонга қайтиб кетди. Лекин Муҳаммад Алининг кўплаб беклари ва жангчилари (3 минг киши) ўз хонига эргашишдан бош тортиб, қашқарлик қўзғолончилар томонига ўтди. Бу ҳолат Син империясидан мустақиллик учун курашаётган Шарқий Туркистон аҳолиси орасида қўқонликларнинг обрўси ва нуфузи ортишига хизмат қилди.

Баъзи хитой тарихчилари Қўқон хонининг Қашқардан кетишини “ҳарбий муваффақиятсизликлар билан эмас, кўпроқ Жаҳонгирнинг хиёнати” билан изоҳлашга уринган. Уларнинг ёзишича, гўёки Жаҳонгир аввалги келишувга кўра хонга Қашқарни беришга ваъда қилган, аммо кейинчалик бу ваъдасидан воз кечган.

Қўқон манбасида Қўқон хонининг Қашқар юриши хусусида шундай дейилади: «Аввалига Муҳаммад Али (Мадалихон) Жаҳонгирнинг илтимосига қулоқ солиб, унга ёрдамга бориш ниятида эмас эди, бироқ хоннинг яқинлари Жаҳонгирнинг сўровини бажаришни маслаҳат бера бошладилар. Улар, айниқса, бу уруш – ғазовот эканини, бу эса хонга улуғ “ғозий” унвонини беришини қаттиқ таъкидладилар. Бундан ташқари, миш-мишларга кўра, Гулбоғда деярли бир омбор қуйма кумуш бор эмиш. Кумуш ҳақида эшитган Муҳаммад Али чидай олмай, дарҳол ғазовот учун қўшин йиғишга буйруқ берди».

Жаҳонгир Шарқий Туркистонда ҳокимиятни эгаллаган бўлса-да, уни мустаҳкамлаш учун етарлича самарали чоралар кўрмади ва шу тариқа душманга ўзини ўнглаб олиши учун вақт берди. 1827 йил сентябрга келиб манжур-хитой ҳукумати Қашқарга юриш қилиш учун Оқсув ҳудудида 70 минг кишилик қўшин тўплади ва бу қўшин 1828 йил январда Жаҳонгирга қарши юриш бошлади. Жаҳонгир уларга қарши укаси Маҳмудхон Тўра бошчилигида кўп минг кишилик қўшин юборди, бироқ бу қўшин Син аскарлари билан бўлган бир неча тўқнашувдаёқ мағлубиятга учради. Шундай қилиб, Қашқарга йўл очилди. Туман дарёси бўйида бўлиб ўтган жанг ҳам Жаҳонгир қўшинларининг мағлубияти билан якунланди. Син қўшинлари Қашқар шаҳрига бостириб кириб, кўплаб мусулмонларни қириб ташлади; Жаҳонгир эса бир неча яқин кишилари билан Олойга қочиб, қирғиз кўчманчилари орасига яширинди. Бу сўнгги воқеалар 1828 йил 29 январда содир бўлди.

Жаҳонгирни қувиш учун Син қўмондонлиги икки отряд жўнатди: бирини Олойга, иккинчисини Сарикўлга, бироқ Жаҳонгирни топиб бўлмади. Жаҳонгирнинг қочиб қутулгани Син императорининг ғазабини келтирди. “Мен ёвузликнинг илдизини қуритиш учун қўшин юбордим, — деб ёзганди у генерал Чан Лин ва бошқа син саркардаларига, — сизлар эса махлуқнинг инида туриб, уни қўлдан чиқардингиз; аввалги барча муваффақиятлар энди ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, зеро бўлғуси ғалаёнлар муртаги ҳали сақланиб қолди”. Император саркардаларни фахрий унвонларидан жудо қилиб, қўшни мулклар ҳукмдорларига Жаҳонгирни тутиб топшириш талаби билан яна мурожаат қилди. Қашқарлик муаллифларнинг ёзишича, Жаҳонгирнинг хоинларча қўлга олиниши Қашқарлик Ҳокимбек Исҳоқнинг иши бўлган. У бир неча қирғиз оқсоқолини сотиб олиб, уларнинг ёрдамида Жаҳонгирни тутган ва ҳукумат вакилларига топширган. Бу хизмати учун Син саройи Ҳокимбек Исҳоққа ва унинг барча авлодларига сзюнван князлик унвонини берди. Жаҳонгирни Пекинга олиб кетишди ва ўша ерда қатл этиб, танасини тўрт бўлакка бўлиб ташлашди. Унинг ҳукмронлиги атиги тўққиз ой давом этди.

Жаҳонгир қўзғолони бостирилгач, Син ҳукумати Қўқонга элчи юбориб, Жаҳонгирнинг Қўқонда яшаётган ўғли ва жиянларини топширишни талаб қилди. Бунинг эвазига Син ҳукумати Қўқон хонига ҳар йили 1000 ёмби кумуш мукофот ваъда қилди. Аммо Қўқон хони Синлар таклифини рад этди. Хитой тарихчиси Вей Юаннинг ёзишича, Қўқон хони ўз элчиси орқали Син саройига асирга олинган хитой аскарлари ва оддий фуқароларни қайтаришга тайёрлигини, бироқ мусулмон қонунларига кўра хўжаларнинг фарзандлари ва набираларини топшира олмаслигини маълум қилган.

Шунда Син ҳукумати Қўқон хонини қўзғолонда иштирок этганликда айблаб, Шарқий Туркистондаги барча қўқонлик савдогарларни исёнчи сифатида ҳибсга олишга ва Қўқон билан савдо алоқаларини узишга қарор қилди. Вей Юань ҳикоя қилади: «Император ҳукумати бундай чораларни кўриш орқали савдосизликдан ҳолдан тойган қўқонликлар Хитой билан савдо қилишга рухсат берилиши учун Жаҳонгирнинг қариндошларини ўзлари топширишларига умид қилганди». Лекин ундай бўлмади.

Қўқонликларнинг Шарқий Туркистондаги нуфузи асосан қўқонлик савдогарлар орқали мустаҳкамланиб борар, улар айни пайтда хитойликларнинг жиддий рақобатчилари ҳам эди. Шу сабабли Син ҳукуматининг қатағонлари бутун оғирлиги билан асосан Шарқий Туркистонда яшовчи қўқонлик савдогарлар зиммасига тушди. 1828 йилнинг кузида андижонлик савдогарларга нисбатан таъқиблар бошланди. Уларни катта гуруҳларга бўлиб мамлакатдан чиқариб юбордилар, бунга қаршилик кўрсатганларни эса ҳибсга олиб, мол-мулкларини мусодара қилдилар.

Қашқар чегарасида божхона постлари ва савдо расталарини ташкил этиб, қатъий назорат ўрнатган Син ҳукмрон доиралари Қўқон савдосига катта путур етказди. Унга янада кўпроқ зарар етказиш мақсадида Син элчилари Бухоро амири ва Қундуз бекига ўз молларини Қашқарга олиб келишни таклиф қилди. 1831–1833 йилларда Бухорода бўлган А. Борнснинг ёзишича, Хитой элчиси Бухорога келиб, амирдан Қўқон хонининг босқинларини тўхтатишда ёрдам сўраган. “Олий ҳазратлари ҳар қандай аралашувдан оқилона бош тортди”, – деб ёзади А. Борнс. Бироқ ҳужжатлардан маълум бўлишича, бухороликлар юзага келган вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишган. 1829 йил ноябрида Қашқарга Дарвоз–Қоратегин орқали Бухородан бир гуруҳ савдогарлар келган. Музокаралар давомида Бухоро вакиллари Қўқонни четлаб ўтиб, Бадахшон ва Қоратегин орқали Қашқарга келишга рухсат сўраганлар. Бухоро савдогарларининг бу илтимоси Син ҳукмрон доираларининг режасига тўла мос келган ва улар 1829 йил 10 январдаги фармон билан буни қаноатлантирган. Пекиннинг фикрича, қўзғолонда қатнашганликлари учун қирғизлар ҳам қўқонликлар қатори жазога лойиқ эди, бироқ Шарқий Туркистонда чорва моллари етишмаслиги сабабли Син ҳукумати уларга ён беришга мажбур бўлган. Қирғизларга аввалгидек ўз молларини Қашқарга ҳайдаб келишга рухсат берилган.

В.С. Кузнецов тўғри таъкидлаганидек, Син саройининг иқтисодий санкциялари Қўқоннинг хўжалик фаолиятида муайян қийинчиликларни келтириб чиқарди. Чой ва ровоч савдосидан олинадиган солиқлар Қўқон хонлиги даромадининг энг муҳим манбаларидан бирини ташкил этар эди. Бу маҳсулотларни олиб киришнинг деярли бутунлай тўхтаб қолиши мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказарди. Шунингдек, Хитой молларининг Қўқон ҳудуди орқали транзити учун ундириладиган божхона йиғимлари ҳам катта даромад келтирар, эндиликда эса чой Қўқонни четлаб ўтиб, Бадахшон ва Бухоро орқали Афғонистон ва Туркияга олиб кетиларди. Қашқар билан савдо-сотиқнинг тақиқланиши Қўқон хонлигини юқорида кўрсатилган барча даромад манбаларидан маҳрум қилди.

Муҳаммад Алихон Қўқон жамоатчилиги, айниқса, савдогарлар табақасининг тазйиқи остида, ўша вақтга келиб уйғур деҳқонларининг бир неча бор кўтарган қўзғолонларидан анча заифлашиб қолган Шарқий Туркистоннинг Син маъмуриятига қарши урушга фаол тайёргарлик кўра бошлади. Қўқон хони ҳатто рус подшосидан хитойликларга қарши фойдаланиш учун бир нечта тўп ва тажрибали офицерлар сўраш мақсадида Россияга ўз элчисини юборди.

Қўқонликларнинг Қашқарга юришга тайёргарлик кўришдан асосий мақсади Шарқий Туркистон билан савдони қайта тиклашдан иборат эди. Муҳаммад Алихон Қашқар аҳолисининг кўмагини олиш учун хўжа Жаҳонгирнинг акаси Мадюсуф (Муҳаммад Юсуф бўлса керак – Ғ.Ғ.)ни Бухородан яширинча чақиртириб, уни Қашқарга жўнатилаётган Қўқон қўшинига бошлиқ этиб тайинлади.

1830 йил сентябрь ойида Қўқон қўшинлари юриш бошлади. Манбаларда Қўқон қўшинларининг сони турлича, яъни 20–25 мингдан 40 минг нафаргача кўрсатилади.

Ушбу юриш қатнашчиларидан бири Мирзо Шамсининг ҳикоя қилишича, қўқонликларга қарши 3 минг аскардан иборат манжур-хитой отряди юборилган. Син-Қўқон чегараси яқинидаги Мингйўл дарасида Син қўшинлари қўқонликлар томонидан буткул тор-мор этилган, шундан сўнг қўқонликлар Қашқарга ҳеч бир тўсиқсиз яқинлашган. Қўқонликларнинг келиши билан шаҳар мусулмонлари ўз золимларига қарши бош кўтарган. Қашқар аҳолисининг кўмагида қўқонликлар шаҳарни эгаллаган. Хўжа Муҳаммад Юсуф ота-боболари тахтига ўтқазилган. Барча манжур ва хитой амалдорлари ҳамда уларнинг тарафдорлари бўлган қоратоғликлар Гулбоғ қалъасига қамалиб олганлар. Қўқон саркардаси Ҳаққули Гулбоғни қамал қилишда давом этаётган бир пайтда, Тошкент қушбегиси Лашкар қўмондонлигидаги Қўқон қўшинларининг яна бир қисми Янгиҳисор, Ёрканд ва Хўтан шаҳарларидаги манжур-хитой гарнизонларини тор-мор қилиб, бу шаҳарларни эгаллаган ва Оқсувга таҳдид сола бошлаган. Хитой деҳқонларининг навбатдаги қўзғолонини бостириш билан банд бўлган Син ҳукумати, ўзлари босиб олган шаҳарларни талон-торож қилиб, тез орада Қашқардан чиқиб кетган қўқонликларга қарши зарба бериш учун зарур кучларни дарҳол сафарбар эта олмаган.

Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлиги ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви ҳамда кўп сонли Син қўшинлари яқинлашиб келаётгани ҳақидаги хабарлар қўқонликларнинг Қашқарни тарк этишига сабаб бўлган омиллардан эди. Қўқонликлар Син империяси билан катта урушдан қочиб, ўз юртларига қайтишга қарор қилдилар. Улар билан бирга Хўжа Муҳаммад Юсуф ҳам қайтиб келди. Унинг Шарқий Туркистондаги ҳукмронлиги атиги уч ой давом этди. Мирзо Шамсининг гувоҳлик беришича, Қўқон қўшинлари билан бирга 60 мингдан ортиқ қашқарлик ҳам Қўқонга кўчиб ўтган. Улар Шаҳрихонга жойлаштирилган.

Шарқий Туркистондаги воқеалар муносабати билан Син ҳукумати у ерга генерал Чан Линни юборди. У жойдаги вазиятни ўрганиб, Қўқонга тинчлик ва дўстлик таклифи билан элчилик жўнатишга шошилди. Айнан шу далилнинг ўзи Қўқон хонлиги Хитойдан мустақил бўлганидан гувоҳлик беради. Қўқон хони Пекинга тошкентлик савдогар Олим пошо бошчилигида жавоб элчилигини юборди. Син томони Қўқон билан муносабатларни тиклашга тайёрлигини, бироқ айни вақтда Қўқон хони хўжа Муҳаммад Юсуф ва қўзғолоннинг бошқа йўлбошчиларини Хитойга топшириши, шунингдек, қўқонликлар томонидан асир олинган барча маҳбусларни озод қилиши керак деб ҳисоблашини билдирди. Қўқон элчиси маҳбусларни озод қилишга рози бўлди, лекин хўжаларни топширишдан қатъий бош тортди. У Қўқон фуқароларига Шарқий Туркистонда божсиз савдо қилиш ҳуқуқи берилишини қатъий талаб қилди ва Қашқардаги Син маъмурларидан андижонликларнинг аввал мусодара қилинган мол-мулки учун товон тўлашни сўради. 1831 йил баҳорида музокаралар давом этаётган бир пайтда, қирғизларнинг савдо карвонларига қайта-қайта қилган ҳужумларидан ғазабланган қўқонликлар уларга қарши юриш қилдилар. Ҳаққули мингбоши етти минг кишилик қўшин билан Нориннинг юқори оқимида қирғизларнинг саёқ қабиласини тор-мор келтириб, уларнинг сардорлари Отантой ва Тойлоқни асир олди ҳамда катта ўлжа ва асирлар билан Қўқонга қайтди. Бошқа бир қўқон лашкарбошиси Лашкар Чу ва Или дарёлари оралиғида кўчиб юрган қирғиз ва қозоқ қабилаларини мағлубиятга учратиб, Иссиқкўл водийсига бостириб кирди ва у ердаги буғуликларни бўйсундирди. Натижада Шарқий Туркистон Қўқон мулклари билан ўралиб қолди ва Қўқон хонлиги исталган пайтда бу ҳудуддаги манжур-хитой ҳукмронлигига жиддий хавф туғдириши мумкин эди. Қўқон хонлиги ва Шарқий Туркистон ўртасидаги чегара Қашқар тоғлари этагида жойлашган Син пикетлари чизиғи бўйлаб ўтарди. Бу ҳолат Син ҳукуматини Қўқонга ён беришга мажбур қилди. Музокаралар 1832 йил январь ойида тинчлик шартномасининг имзоланиши билан якунланди. Унга кўра, Қўқон савдосига қўйилган тақиқ бекор қилинди ва қўқонликлар Шарқий Туркистонда божсиз савдо қилиш ҳуқуқини олдилар. Шу билан бирга, айни шартномага биноан, Қўқонга Шарқий Туркистоннинг олтита шаҳрида (Оқсув, Учтурфон, Қашқар, Янгиҳисор, Ёркенд ва Хўтан) савдо қилувчи андижонликлардан савдо божларини (илгари маҳаллий Син маъмурияти томонидан йиғиб олинган) йиғиш ҳуқуқи берилди. Божларни йиғиш учун Қўқон саройи бу шаҳарларга махсус савдогар оқсоқолларни тайинлаш ҳуқуқини олди. Улар Қашқар савдо оқсоқолига бўйсунардилар; бу оқсоқол эса амалда Қўқон хонининг Қашқардаги консули ва сиёсий резиденти эди. Шарқий Туркистонга савдо қилиш учун келадиган барча чет элликлар (тибетликлар, бадахшонликлар ва кашмирликлардан ташқари) Қўқон оқсоқолларига итоат этишлари шарт эди.

Бундан ташқари, 1832-йилги шартномага кўра, Син ҳукумати андижонликлардан мусодара қилган мол-мулк учун Қўқонга 10 минг ляндан ортиқ кумуш товон тўланиши лозим эди. Қўқон хони эса ўз навбатида Қўқонда яшовчи Қашқарлик хўжаларни назорат қилиш, уларнинг хонликдан чиқиб кетишига йўл қўймаслик, қочган тақдирда эса қидириб топиб, зиндонга ташлаш мажбуриятини олган.

Бу шартнома 1832 йил 13 январда Син императорининг фармони билан тасдиқланди. Натижада Қўқон билан савдо алоқалари ўрнатилди. Қашқардаги биринчи Қўқон оқсоқоли этиб ушбу шартномани имзолаган Олим пошо тайинланди. У 1832 йил бошида юзлаб андижонлик ва Қашқарлик савдогарлар ҳамроҳлигида Қашқарга етиб келди.

Уйғур тарихчиси Мусо Сайрамийнинг гувоҳлик беришича, 1832-йилги шартноманинг аҳамияти шунда эдики, у имзолангач, Жаҳонгир қўзғолони бостирилгандан сўнг хитойликлар томонидан мамлакат ичкарисига олиб кетилган ва қулликка сотилган 10 мингга яқин қўзғолончининг аёли ва фарзандлари Хитойдан ўз ватани Қашқарга қайтарилган. Син Хитойи уларни Муҳаммад Алихоннинг илтимосига кўра қайтарган, хон ҳам ўз навбатида 1830-йилги Муҳаммад Юсуф қўзғолони пайтида қўқонликлар олиб кетган барча манжур ва хитой асирларни, шунингдек, Қашқарлик фуқароларни Син ҳукуматига топширган.

1832-йилги шартнома Қўқоннинг Шарқий Туркистондаги нуфузини анча кучайтирди. Син Хитойининг Шарқий Туркистондаги мавқейи заифлашганидан фойдаланган қўқонликлар аста-секин янгидан-янги имтиёзларни қўлга киритиб бордилар. Шартномага биноан қўқонликларга фақат ўз савдогарлари олиб келган товарлардан бож ундиришга рухсат берилган бўлса-да, улар Шарқий Туркистонга хорижий савдогарлар келтирган моллардан ҳам бож йиға бошладилар (фақат Тибет ва Кашмир савдогарларининг моллари бундан мустасно эди). Қўқон хонининг XIX аср 40 йилларида Қашқардан тушган савдо божларидан оладиган даромади йилига тахминан 128 минг рублни, “Таворихи хамсаи шарқий” асари муаллифининг маълумотига кўра эса йилига 500 ёмби кумушни ташкил этган.

Бироқ қўқонликлар бу билан кифояланиб қолмадилар. Улар Шарқий Туркистондаги Қўқон фуқароларининг ерларидан ҳам солиқ ундира бошладилар. Чўқон Валихоновнинг ҳисоб-китобларига кўра, қўқонликлар Шарқий Туркистон аҳолисининг чорак қисмидан солиқ йиғиб олган. Қашқар ва Ёркент округлари қирғизлари (Тошмолиқ атрофларида кўчиб юрган тўрайғир-қипчоқлар бундан мустасно) ҳам Қўқон оқсоқолига сотиш учун ҳайдаб келинган чорванинг қирқдан бир қисми миқдорида закот тўлаб турганлар.

Қўқон оқсоқоллари Шарқий Туркистонда алоҳида ҳуқуқларга эга бўлганлар. Ч. Валихоновнинг гувоҳлик беришича, аввал хўжаларга хизмат қилган барча қўқонликлар Қашқарда Қўқон оқсоқолларининг ҳимояси остида бемалол яшаган. Ч. Валихонов Қашқарда бўлган вақтда бош оқсоқол Насриддин эди, сўнгра унинг ўрнини Нурмуҳаммад додхоҳ (полковник) эгаллаган. Уларнинг ҳар иккиси рус сайёҳини ўз ҳомийлигига олган, акс ҳолда унинг бошига ҳам немис олими Шлагинвейт билан содир бўлган фожиа тушиши мумкин эди.

Қўқон оқсоқолларининг Шарқий Туркистонда алоҳида ҳуқуқлардан фойдаланганини қуйидаги далил ҳам тасдиқлайди: Хитой аскарлари ва полициячилари Қашқарнинг бозор кунлари кўчаларда ўзбошимчалик қилиб, йўл беришга улгурмаган ўткинчиларни қамчи билан жазоларди, бироқ Қўқон оқсоқоли аралашиши биланоқ бундай зўравонликлар тўхтарди. Қўқон оқсоқолининг талаби билан Қашқарда бир нечта фоҳишахона ёпилган. Буларнинг барчаси Қашқариянинг маҳаллий мусулмон аҳолиси наздида қўқонликларга ўз ҳимоячилари сифатида қарайдиган уларнинг обрўси ва нуфузини оширган. Қўқонликларга бўлган илиқ муносабат, шунингдек, Қўқонда Шарқий Туркистондаги ҳокимиятнинг қонуний даъвогарлари бўлмиш қашқарлик хўжаларнинг авлодлари яшаши билан ҳам изоҳланарди. Пекин Қўқоннинг ҳаракатларини алоҳида диққат билан кузатиб, иқтисодий ён беришлар орқали унинг садоқатига эришмоқчи бўлган…

М. Қутлуқов, “Син Хитойининг Қўқон хонлиги билан ўзаро муносабатлари” мақоласидан

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *