Жазоирнинг босиб олиниши ёхуд “Елпиғич воқеаси”
• 161
1827 йил 29 апрелда Жазоирда XIX аср халқаро муносабатлари тарихига энг ғайриоддий дипломатик жанжаллардан бири сифатида кирган воқеа юз берди. Жазоир ҳукмдори – дейи[1] – Ҳусайн III француз консули Пьер Девални рамзий маросим елпиғичи билан уради. Бир қараганда арзимасдек туюлган ушбу воқеа 1830 йилда Франциянинг Жазоирга бостириб кириши ва минтақада 132 йиллик мустамлакачилик даврининг бошланиши учун расмий баҳона бўлди. Бироқ мазкур сиёсий тўқнашув ортида анча чуқур иқтисодий ва геосиёсий омиллар яширин эди.
Тарихий замин: Уруш давридаги молиявий мажбуриятлар
XVIII аср охири, Франция инқилоби ва Наполеон урушлари даврида Париж озиқ-овқат танқислигига дуч келади ва армияни таъминлаш учун донга эҳтиёж сезади. Айниқса, Наполеон Бонапартнинг 1798-1799 йиллардаги Миср экспедицияси пайтида француз қўшинларини ғалла билан таъминлашда Жазоир асосий рол ўйнайди. Дон етказиб бериш ишлари Жазоир дейи билан яқин алоқада бўлган йирик маҳаллий тадбиркорлар – яҳудий Бакри ва Буснах оилалари орқали амалга оширилади.
Франция бу маҳсулотларни кредит эвазига қабул қилган эди. Дастлабки молиявий мажбурият бир неча миллион франкни ташкил этган бўлса-да, Кейинги сиёсий беқарорликлар туфайли Париж тўлиқ ҳисоб-китобни тизимли равишда ортга суриб келади. 1820 йилларга келиб, фоизлар билан бирга бу қарз миқдори турли ҳисоб-китобларга кўра 7 миллиондан 28 миллион франкгача кўтарилади. Жазоир ҳукмдори ушбу маблағни фаол талаб қила бошлайди, чунки Бакри ва Буснах уйларининг ўзи ҳам маҳаллий хазинадан қарздор эди.
Франция ҳукумати ушбу қарзни тўламаслик орқали жазоирлик йирик савдогарларни ўз таъсири остида ушлаб туриш ва уларнинг Ўрта денгиздаги асосий рақиб – Буюк Британия билан яқинлашишига йўл қўймасликни кўзлаган.
1827 йил 29 апрель: «Coup d’éventail» жанжали
Дей саройидаги расмий қабул вақтида Ҳусайн III консул Пьер Девалдан Франция ҳукуматининг қарзга нисбатан якуний позицияси ҳақида сўрайди. Француз дипломатининг жавоби ниҳоятда кибрли бўлиб, айрим манбаларга кўра у Жазоир давлатчилигига нисбатан ҳақоратомуз ибораларни қўллайди. Ғазабланган Ҳусайн III ўз ҳокимияти ва мартабаси рамзи бўлган елпиғич билан консулга уч бор зарба бериб, уни саройдан чиқариб юборади.
Маҳаллий дипломатик маданият нуқтаи назаридан бу ҳаракат оғир ҳақоратга нисбатан мос жавоб реакцияси бўлса-да, Париж бу воқеани “миллий ор-номусга тажовуз” сифатида талқин қилди.
Франциянинг ҳарбий ҳаракатлари замиридаги реал омиллар
Парижнинг қарзни тўлашдан бош тортиши ва уруш бошлашига қуйидаги стратегик манфаатлар сабаб бўлган:
- Ички сиёсий инқироз: Бурбонлар сулоласи вакили қирол Карл X мамлакат ичидаги инқилобий кайфиятни чалғитиш ва монархия обрўсини тиклаш учун “кичик ва ғалабали уруш”га муҳтож эди.
- Иқтисодий қийинчиликлар: Наполеон урушларидан кейин Франция хазинаси бўшаб қолган ва қарзни тўлаш оғир молиявий юк ҳисобланарди.
- Геосиёсий экспансия: Франция Шимолий Африкада мустаҳкам ўрнашиб олиш орқали Ўрта денгизда Буюк Британия устунлигига чек қўйишни мақсад қилганди.
Оқибатлар: Блокададан мустамлакачиликка ўтиш
Франциянинг расмий узр сўраш талаби Жазоир дейи томонидан рад этилгач, француз флоти Жазоир қирғоқларини уч йиллик қамалга олди. 1830 йил июнь ойида десант қўшинлари Жазоирга туширилди ва 5 июль куни шаҳар таслим бўлди. Ҳусайн III ҳокимиятдан воз кечиб, сургунга жўнаб кетди.
Француз ҳарбий экспансияси ниҳоятда шафқатсиз усуллар билан олиб борилди. Дастлабки ўн йилликлардаги ҳарбий ҳаракатлар, тизимли очлик ва юқумли касалликлар натижасида Жазоирнинг 3 миллионлик аҳолисидан 500 мингдан 1 миллионгача бўлган қисми ҳалок бўлди. Бу омил мазкур кампанияни XIX асрнинг энг қонли мустамлакачилик урушларидан бирига айлантирди.
“Елпиғич воқеаси” халқаро муносабатлар тарихида йирик давлатлар томонидан олдиндан режалаштирилган агрессияни бошлаш учун кичик бир сиёсий жанжалдан casus belli[2] (уруш баҳонаси) сифатида фойдаланишнинг классик намунаси ҳисобланади. Бу воқеа Жазоир халқи учун узоқ давом этган мустамлакачилик ва 1954-1962 йиллардаги қонли мустақиллик урушининг бошланиши, Франция учун эса Африка қитъасидаги улкан мустамлака империясини барпо этишнинг дебочаси бўлди.
[1] Дей – усмонли империяси даврида Тунис ва Жазоир маъмурий ҳудудларидаги олий ҳарбий ва фуқаролик ҳукмдорларига берилган унвон
[2] Casus belli – халқаро ҳуқуқда уруш бошлаш учун расмий баҳона ёки сиёсий сабаб бўлиб хизмат қилувчи воқеа ёки ҳаракат







Изоҳлар